1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Манманлик

05:00 / 28.02.2017 4951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда манманлик деб аталадиган салбий сифат арабларда «Ужуб» дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади. Манманлик уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади: «Ужуб - манманлик неъматни ўзининг фазлидан эканлигига ишониш ва неъмат берувчи Зотни унитишдир».
Муҳаққиқ – чуқур таҳлил қилувчи уламоларимиз манманлик билан кибрнинг орасида нозик фарқ борлигини таъкидлаганлар. Кибр ички хулқ бўлиб ундан амаллар содир бўлади. Мазкур хулқ ўзини устидан кибр қилинаётган шахсдан юқори қўйишдир. Манманлик эса тасаввурдан иборат бўлиб унда манмандан бошқа одам бўлиши шарт эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда манманликни қоралаб «Тавба» сурасида: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз манманликка олиб борган ва мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз», деган (25 – оят).
Ҳунайн уруши Маккаи Мукаррама фатҳидан кейин бевосита бошланганидан унга мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган аҳли Макка ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди.
Ҳамма янги ғалаба, Исломнинг зоҳир бўлиши нашидасини сурар эди. Кўпчилик, энди иш битди, мусулмонларга ҳеч ким бас кела олмайди, деган фикрда эди.
Биринчи марта мусулмон лашкари ўн икки минг кишилик катта лашкарга айланган эди. Кишиларни бу улкан адад ғурурга кетказиб қўйганди. Уларда озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманларнинг устидан ғолиб чиққанмизку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб ўзимиздан озсонли мушрикларни енга олмасмидик, деган манманлик пайдо бўлган эди.
Аммо Ҳунайн уруши қизиган пайтда аскарнинг ададининг кўплиги сизга ҳеч қандай фойда бермай қолди. Мушриклар қўйган пистирмадан тўсатдан қашқатқич зарбага учраган сиз мусулмонлар ўзларингизни дарҳол ўнглай олмай қолдингизлар. Душманнинг қучли босқиси туфайли сизларга ер юзи торлик қилиб қолди ва:
«Сўнгра ортга қараб қочдингиз».
Қочганда ҳам ҳеч нарсага қарамай қочдингиз. Ҳатто ўз Пайғамбарингизни ҳам ташлаб қочдингиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам манманликнинг оқибати ёмонлиги ҳақида бир қанча ҳадислар келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгинча пастга тушиб бораверади», дедилар».Икки шайх ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб кеккайгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб бериш ила сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашликдан қайтармоқдалар.
Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. У кунлардан бир кун,
«…ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди».
Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан.
Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек,
«Энди у қиёмат қоим бўлгинча пастга тушиб бораверади».
Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийланиб туради. Қиёмат куни эса, унинг абадий ҳоли қандоқ бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди.
Ким ана ўшандоқ ҳолга учирамай деса, зинҳор ба зинҳор кийими ила манманлик қилмасин.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
Шунда Умму Салама: «Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деди.
«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот.
«Ундоқ бўлса оёқлари очилиб қолади», деди у.
«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у зот».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган.

Манманликнинг зарарларидан:

1. Манманлик гуноҳларини унитишга ва тавбани кечиктиришга олиб боради.
2. Манманлик тоатларни озайтиришга ва уларда нуқсонга йўл қўйишга олиб боради.
3. Манман кишининг ҳаракатлари беҳудадир.
4. Манманлик ғурурга ва одамлардан ўзини юқори тутишга олиб боради ва уларнинг ёмон кўришларига сабаб бўлади.
5. Манманлик қилувчи ўзи ўзи ҳалок қилади.

Манманликнинг офатлари бири кибрга олиб боришидир. Кибрдан эса кўплаб офатлар туғилиши сир эмас. Агар манманлик ва кибр жам бўлиб қолсалар, иккиси барча фазилатларни йўққа чиқаради ва ҳамма разолатларни жалб қилади. Кимга мазкур икки нарса эга бўлса, насиҳатга қулоқ осмайди ва тарбияни қабул қилмайди.

МАНМАНЛИКНИНГ ДАВОСИ

Банда яхши билиши лозимки, уни ҳам, унданги хислатлар, фазллар ва амалларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган. Бас, шундай бўлганидан кейин олимнинг илми ила, омилнинг амали ила, бойнинг бойлиги ила, қучлининг қуввати ила, чиройлининг чиройи ила манманлик қилишининг маъноси қолмайди. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир.
Агар биров амални ўз қудратим билан қилганман дейдиган бўлса, қудратни қаердан олдинг, дейилади. Амал бўлиши учун одамнинг ўзи, иродаси ва қудрати бўлиши лозим. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолодандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч қачон бирор киши ўз амали билан жаннатга кира олмас», - дедилар. Одамлар: «Сиз ҳамми? Эй Аллоҳнинг Расули?» - дейишди. У зот: «Мен ҳам. Магар Аллоҳ мени ¤з раҳмати ва фазли ила ўраб олгандагина (кира оламан)», - дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Манманликнинг сабаблари ҳам кибрнинг сабабларининг айни ўзидир. Уларни аввал кўриб ўтдик.
Мисол тарифасида насаб билан манманлик қилишни олиб кўрайлик. Шарафли насаб эгаси ота – боболарининг шарафи ила нажот топишни хаёл қилади.
Бунинг иложи қуйидагича: Агар у ўз боболарига зилоф қилса ҳам кейин бориб уларга қўшилишни орзу қилаётган бўлса хато қилади. У билиб қўйсинки, боболари тоат ибодат ва ижобий сифатлари ила шарафли бўлганлар. Насаблари билан эмас.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир», деган (13 – оят).
Саммак ибн Ҳузайфадан, у отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фотима, Расулуллоҳ қизи! Аллоҳ учун яхши амал қил! Мен қиёмат куни сенга Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтара олмайман», дедилар». Баззор ривоят қилган.
Баъзи кишилар шарафли насабга мансуб одам яқинларининг шафоатидан умидвор бўлиши мумкин дейдилар.
Барча мусулмонлар шафоатдан умидворлар. Гоҳида дўзахга тушган шахсни ҳам шафоат қилиниши мумкин. Аммо гуноҳ кучли бўлса, шафоатнинг кучи етмай қолишини ҳам унутмаслик керак.
Шафоатдан умид қилиб гуноҳларга ботган одам табибга ишониб дардга парво қилмаган одамга ўхшайди. Зотан, табиб баъзи дардларни даволаши мумкин, ҳаммасини эмас.
Катта саҳобалар охират хавфида бўлар эдилар. Уларнинг мартабасига етмаган қандай қилиб бепарво бўлиши мумкин?!
Хато фикрга суяниб манманлик қилиш ҳам жуда ёмон нарса. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?!» деган (8 – оят).
Бу манманликни даволаш бошқаларидан кўра мушкул. Ўз фикри ила манманлик қиладиган одам бировнинг насиҳатига қулоқ осмайди. У ўзи нажот деб эътиқод қиладиган нарсани қандай ҳам тарк этиши мумкин?!
Бунинг иложи ўз фикрини доимо танқид остига қўйиш ва у билан ғурурга кетмасликка одатланиш орқали бўлади. ўз фикрига Қуръони Каримдан, суннатдан ва шартлари тўлиқ бўлган ақлий даллилардан шоҳид келтириш билан бўлади. Бу эса Қуръони Карим ва Суннатни яхши билишни ва уламолар мажлисини лозим тутиш ила бўлади.
Умр бўйи илмга машғул бўлишини ўзига ихтиёр қилмаган киши учун яхшиси мазҳабларга ўзини урмасликдир. У уламолар баён қилган маънолар билан кифояланади. Тақвони лозим тутади ва тоатларни кўпайтиради.
Ким мазҳабларга ўзини урса ва қўлидан келмаган илмий баҳсларга кўмилса, ҳалокатга учрайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга саловоту саломлар давоми...

4358 05:00 / 01.03.2017
Барча нарса машийъатга суянади. У эса ҳеч нарсага суянмайди.Ушбу ҳикматдаги .машийъат,дан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидир. .Машийъат, ва .ирода, давоми...

5486 00:25 / 11.05.2017
Молик ибн Динор ҳикоя қиладиҲаётимнинг аввалини ичкиликка берилиб, Аллоҳга осийлик ила бошладим. Одамларга зулм қилардим, уларни ҳаққини ердим, судхўрлик давоми...

5587 05:00 / 01.03.2017
Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз синфдан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа борБиринчи одоб Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани йўқ давоми...

5226 15:30 / 04.04.2020