1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Одоб молу дунёдан-да афзал

13:42 / 20.10.2018 2162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий манбалардан олинган исломий одобларнинг ғояси ҳам илоҳий таълимот, мақсад ва ғоялар билан чамбарчас боғлиқдир. Одобнинг асосий ғояси инсон зотининг икки дунё саодатига эришишини таъминлашдир. Мусулмон инсон ўзининг одоблари ила бу дунёда барча мавжудотлар билан уйғунликда, ҳамкорликда ва яхши муносабатлар билан яшайди. Охират дунёсида эса амал қилган одоблари савобидан баҳраманд бўлади. Бу ҳақиқатни англаб етиш учун Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан муроди ва иродаси ҳақидаги Қуръони карим оятлари мазмунини яхшилаб тушунишнинг ўзи кифоя.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен ер юзида халифа қилувчиман», деди» (30-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Ислом таълимоти бўйича, дунё ва охират саодатига эришишни хоҳлаган одам Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси бўлишдек улуғ мақомга муносиб бўлиши лозим. Ер юзидаги халифалик эса уни обод қилишни талаб этади. Бу иш ҳалоллик-поклик, адолат, ҳақиқат, тўлақонли ҳамда мукаммал одоб ва яхшилик ила амалга оширилади.

Исломда одоб ҳақида сўз кетар экан, бунда Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси бўлиш мақомига сазовор бўлган, олиймақом ғояларнинг ер юзида қарор топишида хизмат қилиши лозим бўлган зот тушунилади.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган. Мана шундай яратувчи Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало одамнинг шакли-шамойили, қиёфаси, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам, азиз қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли иш-тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг кўринишларидир.

Аллоҳ таоло яна инсонга ваҳийлар туширади, улар ичидан пайғамбарлар танлаб олади, пайғамбарларга эса илоҳий китоблар нозил этади, шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига далолатдир. Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони каримда: «Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам инсон учун катта шараф ва обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун туя, от, автомобиль, кема, самолёт каби турли уловларни яратиб, шунга яраша қонун-қоидаларни ҳам жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларини осонгина бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли жисмларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этган, яъни денгизларда сузиб юрадиган кема ва қайиқларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйган. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Одам боласи ушбу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, ҳаққини адо этган бўлади. Ана шу беҳисоб покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни, одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

Исломда инсон одоби ҳақида сўз кетар экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган ва уни қуруқлигу денгизда кўтарган ҳамда уни пок нарсалар ила ризқлантирган ва уни Ўзи яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйган зот ҳақида сўз кетади. Аллоҳ таоло томонидан азизу мукаррам қилиб қўйилган ўша одам боласини зийнатлаб турадиган одоб ҳақида сўз кетади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари бор.

Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Ҳеч бир) ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ота-она фарзанди учун ҳар нарсага ҳамиша тайёр туради. Дунёда ўзидан ўзганинг афзал бўлишини фақат ота ва онагина истайди. Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига дунёнинг бор бойлигинию, яхшиликларини ҳадя қилишга доимо шай туради.

Аммо ушбу ҳадисда ота-она фарзандига одобдан афзалроқ, одобдан қимматлироқ бошқа бирор нарсани ҳадя қила олмаслиги таъкидланмоқда. Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан ҳам афзалдир, деган хулоса чиқариш мумкин. Чунки ота-она боласига дунёнинг бор сарвати ва мол-мулкини бериб қўйса-ю, боланинг одоби бўлмаса, у ўша мулкни ўзи ва ота-онасининг бошига катта ташвиш, тузалмас балога айлантириши ҳеч гап эмас. Агар ота-она боласига чиройли одоб ҳадя қилса, фарзанди мазкур одоб ила ота-онасига ва ўзига керакли обрўни ҳам, бойлик ва мол-мулкни ҳам топиб келтиради.

Исломий одоб ҳақида сўз кетар экан, дунёдаги жамики мол-дунёдан-да афзал саналган одоб ҳақида, ота-она боласига ундан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайдиган гўзал, ибратли одоб ҳақида сўз юритилган бўлади.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хорижа ибн асСолт Тамимийдан, унинг амакисидан розияллоҳу анҳумо ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқиб, араб давоми...

2583 13:05 / 23.11.2019
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб хутба қиладиган бир устун бор эди. Минбар ўрнатилгач, ўша устуннинг ҳомиладор давоми...

2296 08:00 / 02.01.2021
Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади .Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр Оишанинг олдиларига кирдик. Ибн Умар .Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан давоми...

3008 14:30 / 07.12.2018
Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг акаукаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг давоми...

3520 16:02 / 03.12.2018