1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қизингиз балоғат ёшида (иккинчи мақола)

09:10 / 17.09.2019 2405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ёшда қиз болалар баъзи нарсаларга эҳтиёж сезишади:

Биринчи: Ота‑онасидан, муаллимларидан, тарбиячиларидан гўзал ўрнак. Бу босқичда қизлар ҳар қандай салбий ҳолатни, атрофдагиларнинг сўз ва амаллари ўртасидаги зиддиятни дарҳол илғаб олишади.

Мисол учун, ўқитувчи ўзи раҳбарлик қилаётган қизларга ҳар хил енгил-елпи қўшиқлар эшитиш, клиплар кўриш яхши эмаслиги ҳақида гапириб, уларга ружу қўймаслик кераклигини уқтиради. Шу пайт уяли телефонининг қўнғироғи жиринглаб қолади. Қўнғироқ ўрнида ўзи қизларни эшитишдан қайтариб турган ҳалигиндай қўшиқлардан бири жаранглайди.

Иккинчи: Она билан дўстлик. Она бу босқичдаги қизига нисбатан аввалгидек муомала қилмаслиги, ҳамма нарса фақат ўзи истагандек бўлиши учун интилмаслиги керак. Оқила она бундай пайтда фарзандини қилиши лозим бўлган ишга йўллаб қўяди, унинг қалбида ушбу ишни амалга оширишга мойиллик, истак уйғотади. Ўқиш, кийиниш, режалаштирилган бирор иш, ўзгалар билан алоқа, ҳатто қиз бола ушбу босқичда йўл қўйиши мумкин бўлган хатолар устидаги тарбиявий ишларда у билан ёш болага қилинадиган муомала услубидан воз кечган маъқул. У билан ҳушёрлик ва ақл ила муомалада бўлишга, ҳар бир ишда унинг қалбида қаноат ҳиссини уйғотишга эришиш лозим. Унга ўз фикрини, зуғумини ўтказишга уриниш, «Сен ҳали кичкинасан», «Сен ҳали ёш боласан» деган гаплар билан унга танбеҳ бериш ҳаргиз ярамайди.

Учинчи: Қиз боланинг ютуқларини эътироф этиш. Шахсиятини, амалга оширган ишларини ва ундаги яхши хислатларни мақтаб туриш, яхши хусусиятларини ҳурмат қилиш ва уни мустақил шахс сифатида эҳтиром этиш.

Тўртинчи: Ниҳоятда эҳтиёткорлик ва зийраклик билан қизни кузатиш. Хусусан, она қизининг хулқида ўзгариш сезганида, дугоналари ўзгарганида, телефонга, интернетга муккасидан кетиш, паришонхотирлик ёки ўз дунёси билан бўлиб қолиш ҳолатларини кузатганида дарҳол керакли тадбирни кўриши лозим. Фарзанддаги бу ўзгаришларга эътиборсизлик кўпинча салбий оқибатларни келтириб чиқариши тажрибадан маълум.

Бешинчи: Қиз бола йўл қўйган хатони ҳикмат ва меҳр билан тузатиш, уни таҳқирламаслик, ҳадеб койийвермаслик, унга ҳаддан ташқари қўрслик қилмаслик.

Кўпгина мамлакатларда ўсмир қизлар орасида сигарета чекиш «урф»га айланиб бормоқда. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, қизларнинг кашандалик кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб боряпти. Таассуфки, бу иллатга мубтало ўзбек қизлари ҳам оз эмас.

Аслида ёшлардаги бу бебошлик бемақсад ўзбошимчаликнинг бир кўриниши ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, улар шу билан гўё оиладаги одатларга қарши исён қилмоқчи, шахсиятларини кўрсатмоқчи, катталарга тақлидан ўзларини уларга ўхшатмоқчи бўлишади.

Бир қиз ҳикоя қилади:

«Бебошликка рағбат, оила аъзоларим қўл-оёғимга боғлаб ташлаган кишанларни узишга бўлган хоҳиш мени тинимсиз таъқиб қиларди. Уйдан чиқаётиб, ота-онамдан изн сўрашни хоҳламасдим... Хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кундузи, дугоналарим билан ёки ёлғиз кўчага чиқсам, уйга қайтишим учун вақт тайинланишини истамасдим...

Ҳозир эса тўлиқ эркинликни талаб қилиш телбаликнинг бир кўриниши эканига амин бўлиб турибман, чунки ушбу босқичдаги ёш қиз ўзи учун нима фойдаю нима зарар эканини билмай, оқибатда ҳаётнинг паст-баланд кўчаларида қоқилиши шубҳасиздир. Зотан, ёш қизнинг қалбида эндигина пайдо бўлган атроф-оламни кашф қилишга ундаган куч уни хилватларга бошловчи асов рағбат бўлиши ҳам мумкин».

Бу қиз ўспиринлик давридан саломат ўта олган. Унинг онаси эса бундай ҳикоя қилади:

«Оиламизда ҳеч қандай қаҳр-ғазаб, зуғум ва босим бўлмаган. Ҳатто арзимас бўлиб кўринадиган янгиликлар – фарзандларимиз учун мактаб танлаш, уларнинг ёзги таътилни қаерда ўтказиши, оилавий харажатлар ёки қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан қандай муомалада бўлиш борасида ҳам ўзаро кенгаш, маслаҳат оиламизда қабул қилинадиган қарорларнинг асоси эди… Бундай кенгашларда қизларимиз ҳам иштирок этишар, уларнинг фикрлари эътибордан четда қолмас эди…»

Албатта, бундай оилавий кенгашлар ўспирин қизга ижобий таъсир қилади: у оилада маълум бир мавқега, алоҳида ўринга эга эканини ҳис қилади, ақл билан иш юритишни, келажакдаги манфаатларни кўра билишни, зарурий нарсаларни бажаришни, маълум бир нарсалардан эса воз кечишни, ҳаётда ундан кўра яхшироқ ва афзалроқ нарсалар ҳам борлиги ҳақида фикр юритишни ўрганади.

Кенгаш, ўзаро маслаҳат ҳаётдаги муҳим мадрасадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Улар учун истиғфор айт ва ишларда улар билан машварат қил» (Оли Имрон сураси,159-оят).

Ҳар бир она ушбу ояти каримадан икки нарсани ўзлаштириб олиши лозим:

Биринчи: Қизлар билан муомала қилишда, хусусан, ўсмирлик босқичида уларга мулойим ва юмшоқ бўлиш, қаттиққўллик, зўравонлик, қўполлик қилмаслик.

Иккинчи: Турмушга чиқиш каби фақат шахсий масалами, оила аъзоларига тегишли умумий ишларми, қизлар билан ўзаро кенгашиб иш қилиш.

Шахсий тажрибам ва менга таниш бир қанча оилалар қиёсланганда, қуйидагилар аён бўлди:

● Ўғил-қизлари билан муносабатлари меҳр-мурувват, чиройли муомалага асосланган аксарият оилаларнинг фарзандлари тўғрисўз, ота-онасига итоат этувчи ҳамда тойилишдан йироқ бўлишади.

● Қўпол ва қаттиқ муносабатлар ҳукм сурган, тарбия фикр ва иродани бўйсундиришга асосланган оилаларнинг фарзандлари ўзларини оиладан узоққа олиб қочиб, махфий жой топишга интилишади, ота-онасининг кўзидан йироқда, яширин ишлар қилишга одатланишади.

(Тамом)

Одинахон Муҳаммад Содиқ

«Hilol» журнали, 2-сонидан олинди

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муҳаммад Маҳдий Роввас раҳимаҳуллоҳ дейди .Илмга мувофиқ бўладиган ақл билан тургин. Нассга мувофиқ бўладиган илм билан тургин. Ақлингга тўла устунликни давоми...

1641 15:00 / 20.12.2021
Валид ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Жобирдан ривоят қилади .Абу Абдурраб Дамашқнинг бойларидан эди. Бир куни у тижорат қилиш учун Озарбайжон томонга йўлга давоми...

1954 11:36 / 28.11.2020
Билгилки, фақат тортишув, мунозара ва жадал билан машғул бўлувчилар қилмишларини оқлаш учун .Бу мунозара ndash баҳсдан мақсадимиз ҳақиқатни одамларга билдириш. давоми...

1601 14:30 / 19.05.2019
.Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари недир Улар тиконсиз сидрзорлардадирлар. Сермева бананзорлардадирлар,. Воқиъа сураси, 27, 28, 29 оятлар. Жаннатда ўнг тараф давоми...

9135 16:00 / 02.05.2023