1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳдан қўрқиш (2-қисм)

12:35 / 20.10.2018 3387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган шундай бир ҳадис бор:

“Аллоҳ қўрқувидан кишининг вужуди ҳурпайган вақтда, дарахтдан япроқлар тўкилгандай, гуноҳлари тўкилади”.

Айтишларича, бир одам бир аёлни кўз остига олади. Бир кун шу хотин тижорат мақсади билан бир карвонга қўшилиб йўлга чиқади. Ҳалиги одам ҳам ўша карвонга қўшилиб, ортидан кетади. Оқшом чоғи карвон бир ерда қўноқлайди ва ҳамма ётади. Бу орада одам аёлнинг ёнига келади ва мақсадини унга айтади. Аёл:

– Бор, кузатиб кел, ҳамма ухлаганмикин, билайликчи, – дейди. Таклифи қабул бўлди деб ўйлаган эркак севиниб кетади, карвон атрофини айланиб келади ва: – Ҳамма ухлаган, – дейди. Бу сафар хотин: – Яхши, Аллоҳ-чи? Ажабо, шу соатда у ҳам ухлаганмикин, нима дейсан? – деб сўрайди. Бу оғир саволга эркак: – Йўқ, Аллоҳ ҳеч қачон ухламайди, мудрамайди хам, деб жавобини беришга мажбур бўлганда, хотин: – У ҳолда? – дейди, – одамлар кўрмаса ҳам, ухламаган ва мудрамайдиган Аллоҳ бизни кўради. Ҳаммадан ҳам кўра ундан қўрқайлик ва ҳаё қилайлик. Аёл у сўзларни айтаётганда эркакнинг кўнглида қўрқув уйғонади. У Аллоҳдан қўрқиб, дарҳол карвонни тарк этиб, уйига қайтади ва тавба қилади.

Яна ҳикоя қилишларича, бир одам бор эди, Аллоҳ йўлида эди. Бир куни бошига қийинчилик тушди, болалари оч қолди. У: «Бор, егулик ул-бул топиб кел», деб хотинини йўлга чиқарди. Хотин, бир бойнинг эшигини тақиллатиб, болалари очлигини айтди ва садақа сўради. Лекин бой беражак ёрдами эвазига ёмон истаклар билдирди. Хотин буни рад этди ва ҳеч нима олмай, уйига қайтди. Лекин болалари очлик азобига чидай олмай фарёд кўтара бошлагач, хотин яна ўша бой ҳузурига борди ва унинг шартини қабул қилганини айтди. Бой хотинга яқинлашаётганда бечоранинг вужудида мудҳиш бир титроқ турди. Ҳар бир аъзоси қалтирай бошлайди. “Мунча қалтирамасанг...” – деди бой. “Аллоҳдан қўрқяпман”, деди хотин. Шунда бой: “Сенки, мажбур бўлганинг ҳолда Аллоҳдан шунчалик қўрқаётган бўлсанг, мен қандоқ одам бўлдим энди? Аслида менинг ҳолим кўпроқ қўрққувлик-ку!” – деди ва хотиннинг эҳтиёжини таъминлаб, уйига жўнатди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган бир ҳадис шу мазмундадир: “Аллоҳ буюрадики: «Мен икки ҚЎРҚУВни ва икки ҚЎРҚУВСИЗЛИКни бандамнинг бошида тўплаб-йиғиб ўтирмайман. Ким дунёда қўрққан бўлса, охиратда мендан қўрқмагай. Ким дунёда қўрқмай юрган бўлса, охиратда албатта қўрқитаман». Аллоҳ буюради: “...инсонлардан қўрқманг, мендан қўрқинг” ( Моида сураси, 44-оятнинг бир қисми ) “...агар мўмин бўлсангизлар, улардан эмас, мендан қўрқингизлар” ( Оли Имрон сураси, 175-оятнинг бир қисми). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан кейинги иккинчи халифа Ҳз.Умар – Аллоҳ ундан рози бўлсин – Қуръондан оятларни тинглаганда ўзини йўқотар ва ҳушидан кетар эди. Бир куни қўлига сомон чўпини олиб, шундай деди: “Кошки сомон чўпи ё эсланмайдиган бир нарса бўлсайдим. Кошки онам мени туғмаган бўлсайди”. Яна Хз.Умар – Аллоҳ ундан рози бўлгай – шунчалик кўп йиғлардики, икки кўзидан оққан ёш ёноқларида икки қора чизиқ қолдирарди. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам буюради: “Кимки Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, кўкракдан чиққан сут кўкракка кирмагунча, у ҳам жаҳаннамга кирмайди (яъни кўкракдан чиққан сут кўкракка қайтиб кирмаганидек, тақводорлар ҳам жаҳаннамга кирмайди) «Рақоиқ ул-ахбор» (Нозик хабарлар) деган китобда шундай бир хабар бор: “Қиёмат куни бир кишини олиб келишади. Савоблари билан гуноҳлари қиёсланади, лекин гуноҳлари оғирроқ чиқади. Ва шунга яраша жазо тортиш амри берилганда, киприкларидан бир толаси тилга кириб дейдики: “Эй Раббим, сенинг Расулинг Ҳз.Муҳаммад, – унга саломинг ёғилсин – «Ким Аллоҳ қўрқувидан йиғласа, Аллоҳ у кўзни жаҳаннам оташига ҳаром қилади» деб буюрган эди. Мен дунёдалигимда сендан қўрқиб йиғлаган эдим-ку?! Шунда Аллоҳ ўша кишини афв этади, дунёда Раббидан қўрқиб йиғлаган бир киприк толасидаги нам туфайли уни азобдан қутқаради. Жаброил эса: “Фалон киши Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган бир киприк толаси ҳурмати жазодан озод қилинди” – деб эълон қилади. «Бидоят ул-ҳидоя»да (Тўғри йўлнинг бошланиши) эса мана бундай хабар бор: “Қиёмат бошланганда жаҳаннам шундай бир ўкирадики, бутун инсонлар даҳшатга тушиб тиз чўкадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ буюради: “Ва сен ҳамма умматни тиз чўккан ҳолда кўрурсан. Ҳар бир уммат ўз китоби тепасига чақирилур, сўнг уларга дейилур: «Бугун қилган амалларингизнинг эвазини олурсизлар» (Жосия сураси, 28-оят). Инсонлар жаҳаннамга яқинлашган вақтларида жаҳаннам ғазабдан ўкираётган бўлади. Ҳолбуки, бу ўкириш, бу жазава беш юз йиллик узоқ масофадан эшитилаётган бўлади. Шу пайт барча инсонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам «Вой жоним, вой жоним» деб ўз дардларига қовриладилар. Фақат пайғамбарларнинг энг сараси Ҳз.Муҳаммад – унга Аллоҳ нинг саломи бўлсин – ўз жонини унутади. «Вой умматим, вой умматим» дея нола қилади. Шунда жаҳаннамдан тоғдай маҳобатли олов парчаси чиқади, Ҳз.Муҳаммаднинг уммати бу олов парчасини даф қилмоқчи ва ўзларидан йироқлаштирмоқчи бўлиб: “Намоз ўқиганлар, рўза тутганлар, ҳақиқатдан юз ўгирмаганлар ва ихлосли кишилар ҳаққи, қайт орқага, кет!” –дейдилар. Лекин у кетмайди. Шу пайт Жаброилнинг овози ғулдурайди: “Олов парчасига Муҳаммаднинг уммати қасд қилаётир!” Сўнгра Жаброил бир бордоқ сув келтириб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга узатади. “Эй Аллоҳнинг Расули, ол буни, оловнинг устига сеп!” – дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни оладилар ва оловга сепадилар. Одамлар олов дарҳол сўнганини кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилдан сўрайдилар: “Эй Жаброил, бу сув нима эди? Жаброил жавоб беради: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу умматинг орасидаги осийларнинг ёлғиз Аллоҳдан қўрқиб оқизган кўз ёшлари. Ҳозиргина менга оловга сочиб ўчиришинг учун уни сенга беришим амр этилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, менга ўлмасимдан олдин, сендан қўрқиб йиғлайдиган икки кўз бер! Умр ўтди, кечиргайсан, Илоҳим! Кўзим ёшли: ахир, кўп-ку гуноҳим...”

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл этилган бир хабар шу мазмундадир: Иймонли киши ёлғиз Аллоҳдан қўрққани сабабли кўзидан пашша бошичалик ёш тўккан бўлса ва бу ёш иссиқ ёноғини ҳўллаган бўлса, у кимсага жаҳаннам олови ҳеч тегиши мумкин эмас!

Ҳикоя қилишларича, Андалус амавийларидан бири Муҳаммад ибн Мунзир (милодий 886–888 йилларда халифалик қилган) йиғлаган пайтларида юзини ва соқолини кўз ёшлари юваркан ва шундай деркан: “Эшитишимча, кўз ёшлар теккан ерга жаҳаннам олови тегмасмиш...” Келтирилган бу нақлларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, ҳақиқий мусулмон Аллоҳдан, у беражак азоблардан қўрқиши ва нафсининг шаҳвоний истакларидан қочиши керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳ буюради:

“Ким нафсининг истаклари билан туғёнга тушган ва дунё ҳаётини охират ҳаётидан устун қўйган бўлса, фақат жаҳаннамгина унинг учун жой бўлур. Ким Раббининг қудратидан қўрққан ва нафсоний ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, фақат жаннатгина унинг учун жой бўлур” (Нозиот сураси, 37–41- оятлар ).

«Заҳар ур-риёз»да (Боғлардаги захиралар) бир хабар бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл этилади: “Жаннати кишилар жаннатга кирган вақтларида фаришталар уларни турли-туман таомлар, ранго-ранг мевалар, гўзал меҳмонхоналар ва ётоқлар, хуллас, ақлга келиши мумкин бўлмаган ҳар турли неъматлар билан кутиб оладилар. Шунинг билан бирга, бу жаннати кишиларнинг ҳолида бир хаёлчанлик, юзларида бир ҳайронлик аломатлари сезилади. Аллоҳ сўрайди: “Эй бандаларим, бу хаёлчанлик ва ҳайронлик нечун? Бу сўралгундай жоймидики? Жаннати бандалар: “Бизга бир ваъда бор эди. Унинг вақти келмадими? “ дейдилар. Аллоҳ фаришталарга амр беради: “Юзларидан пардаларни кўтаринг! Лекин фаришталар дейдиларки: “Эй Раббимиз, улар сенинг жамолингга қандай қарайдилар?! Улар дунёда сендан норози бўлишганди. Кўтаринг пардаларни! Улар дунёда мен кўрсатган ахлоқ асосларига риоя қилдилар, саждага бош қўйдилар, менга етишиш орзуси билан кўз ёшлар тўқдилар”, – деб буюради Аллоҳ. Амр шундай бўлгач, пардалар кўтарилади. Жаннати кишилар жамоли Илоҳийни кўрганда саждага тиз чўкадилар. “Эй бандаларим, бошингизни саждадан кўтаринг!” – деб буюради Аллоҳ. Бу ер ибодатгоҳ эмас, иззату икромхонадир. Сўнгра уларга юзланиб, жилва қилади ва: “Салом сизга, эй бандаларим! Мен сиздан розиман. Сиз ҳам мендан розимисиз? – деб сўрайди. “Эй Раббимиз, биз Сендан нега рози бўлмайлик, Сен бизга кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва ҳеч бир кимса хаёлига келтирмаган неъматларни бердинг!” – дейдилар улар ҳам. Мана, Аллоҳнинг икки ояти шу ҳақиқатдан далолат берада:

“Уларнинг Раббилари ҳузуридаги мукофотлари – этагида дарёлар оқадиган Адн Жаннатларидир. Улар ўша жойда абадул-абад қоладилар. Аллоҳ улардан рози. Улар ҳам Аллоҳдан розидирлар. Бу бахтиёрлик Раббидан қўрққан кишилар учундир”(Баййина сураси, 8-оят). “Бу эса кўп марҳаматли Раббиларидан бир саломдир” (Ёсин, 58-оят).

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Куфр тўрт хил бўлади 1. Инкор куфри. Бу хилдаги куфр эгаси ҳам қалби, ҳам тили билан куфр келтирган бўлади ва тавҳиддан ҳеч нарсани билмайди. Бундай кишилар ҳақида давоми...

5164 17:00 / 12.06.2021
Сумалак баҳона...Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.Дунёдаги давоми...

14870 23:36 / 14.03.2017
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, .нозик,, .ўта таъсирли, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқюмшоқ давоми...

4221 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. У Зот Ўз раҳматидан давоми...

1698 19:00 / 11.11.2023