1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (I-II)

08:10 / 10.10.2018 5156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

I

Хадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя «Фил воқеаси»дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши (бизнинг диёрларда Ҳадича деб аталса-да, асли исмлари Хадийжадир) Қурайшнинг олди қизларидан бўлган. Ўша вақтдаги урф бўйича, фозила қизни тарбиялаб, вояга етказиш учун нима зарур бўлса, Хадийжа бинти Хувайлид учун ҳам барчаси муҳайё қилинди.

Ўн беш ёшга тўлганида уни турмушга узатишди. Келинчак эри Абу Ҳола ибн Зурора ат-Тамимийнинг ўша вақтдаги эркаклар ичида энг юқори мақомлардан бирини олиши учун жон-жаҳди билан тиришиб, тиним билмай ҳаракат қилди. Хадийжа бинти Хувайлид ўз оиласининг ўша юртдаги энг обрўли оилалардан бири, ўзи аёлларнинг сараси, эри эса эркакларнинг пешвоси бўлишини жуда-жуда хоҳлар эди.

Аммо бу уринишларнинг барчаси пучга чиқди. Хадийжа бинти Хувайлид ҳар қанча уринмасин, ниятига етиша олмади. Шон-шарафли оила қилиш ниятида куйиб ёнаётган ёш келинчак эри Абу Ҳола қазо қилиб, бева қолди.

Хадийжа бинти Хувайлидга ўхшаган оқила, фозила аёллар кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди. Қурайшнинг ашрафидан бўлмиш Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ ал-Махзумий Хадийжа бинти Хувайлидга совчи қўйди. Иккинчи тараф рози бўлди.

Хадийжа бинти Хувайлид иккинчи эридан фарзанд ҳам кўрди. Аммо оилавий ишлари кўнгилдагидек бўлмай, оила бузилди.

Шунга қарамай, Хадийжа бинти Хувайлид эрсиз, ўзи ёлғиз ҳолида Қурайш аёллари ичида энг обрўли аёл бўлишга эришди. Йигирма беш ёшларида Қурайш аёлларининг саййидаси бўлди.

Хадийжа бинти Хувайлид олийҳимматли, ҳассос табиатли, дунёқараши кенг, диндор ва покиза аёл бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига яна кўплаб яхши сифатларни инъом қилган эди. Хадийжа бинти Хувайлид қурайш аёллари ичида Тоҳира (Покиза) деб ном олган эдилар.

II

Хадийжа бинти Хувайлиднинг Варақа ибн Навфал исмли амакиваччаси бор эди. У эски диний китоблардан хабардор бўлиб, жуда кўп нарсаларни билар ва одамларга айтиб берар эди. Хадийжа бинти Хувайлид ўша амакиваччаси билан суҳбатлашишни ёқтирар ва Варақадан дин ҳақида эшитганида қалбини ажойиб бир ҳислар қамраб олар эди.

У бир кеча туш кўрди. Тушида ҳовлисига катта бир қуёш тушиб, ўрнашган эмиш. У ҳовлининг ҳамма томонини зиё ва чиройга тўлдирибди. Ўша қуёш бу ҳовлидан туриб, ҳамма ёққа зиё сочаётган эмиш. Чўчиб уйғонса, туши экан. Ҳамма ёқ қоп-қоронғу тун бўлса-да, унинг қалби ҳалиги қуёш зиёси ила равшан ҳолида қолган эди.

Эрта билан Хадийжа бинти Хувайлид амакиваччаси Варақа ибн Навфалникига йўл олди. У амакиваччасига кўрган тушини бошдан-оёқ сўзлаб берди.

Варақа ибн Навфал амакисининг қизини диққат билан тинглади. У бу тушнинг таъбирини яхши билар ва аҳамиятини ундан ҳам яхши англар эди.

Хадийжа бинти Хувайлид тушини айтиб бўлиши билан Варақанинг вужудини қувонч қоплади. У виқор ва севинч билан:

«Эй амакимнинг қизи! Суюнчи бер! Агар Аллоҳ тушингни ўнгидан келтирадиган бўлса, ҳовлингга нубувват зиёси кирадиган бўлибди! У ердан набийлар хотамининг файзи жўш урадиган бўлибди!» деди.

Самовий китобларни яхши биладиган мўътабар бир одамдан бу гапларни эшитиб, Хадийжа бинти Хувайлиднинг бутун вужудини ажойиб бир ҳис қамраб олди. У Варақадан набийларнинг Хотами ва унинг сифатлари ҳақида сўради. У ўз саволларига берилган жавобларнинг ҳар бир сўзини бутун вужудига сингдириб борар эди.

Ўша кундан бошлаб у ўзи кўрган туш таъсирида яшади. Набийларнинг хотами ва унинг сифатлари бир лаҳзага ҳам унинг хаёлидан кўтарилмас эди. У Аллоҳ таолодан ўша тушининг ўнгидан келишини сўрар, ўз ҳовлисидан нубувват зиёси таралиши ишқида куярди.

Шунинг учун бўлса керак, ўша тушни кўрган кунидан бошлаб, ўзига совчи қўйган эркакларнинг сифатларини сўраб-суриштириш одатини чиқарди. У ўзига совчи қўйган ҳар бир эркакнинг сифатларини ўзи Варақа ибн Навфалдан эшитган Набийлар хотамининг сифатларига таққослаб кўрар эди. Ҳеч бири мазкур сифатларга тўғри келмас, у совчиларга узр айтар эди. Шундай қилиб, кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтаверди.

Қурайш аёлларининг Каъба олдида тўпланиб ўтказадиган маросимлари бор эди. Ўша маросим кунларининг бирида Хадийжа бинти Хувайлид ҳарамга борди. Байтни тавоф қилди. Аллоҳ таолодан ўз тилакларига етказишини сўраб, ихлос ила узоқ дуо қилди. Сўнгра Каъбанинг яқинида гаплашиб ўтирган аёллар олдига бориб, ўтирди.

Шу пайт бир овоз гаплашаётган аёлларнинг гапини бўлди. Бир киши баланд овоз билан:

«Эй Қурайш аёллари!» деб бақирарди.

Аёллар гапдан тўхтаб, унга қарадилар. У гапида давом этиб:

«Эй Қурайш аёллари! Яқинда ичингиздан набий чиқажак! Сизлардан ким унга умр йўлдоши бўлай деса, фурсатни қўлдан қочирмасин!» дер эди.

Аёллар ҳалиги одамни жинни деб ўйлашди. Баъзилар уни тош отиб, қувдилар. Яна бирлари қарғадилар.

Аммо Хадийжа бинти Хувайлиднинг юраги хаприқиб кетди. У кишининг набийлар хотами ҳақидаги билганларига бу одамнинг гапи ҳам қўшилган эди. Хадийжа бинти Хувайлид ўзи кутаётган саодатли онлар яқинлашиб қолганини ҳис этгандек эди.

Ибн Саййидиннаас раҳматуллоҳи алайҳи «Уйунул асар фии фунунил мағозий ваш-шамоили вас-сийар» номли китобларида бундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшга етганларида, Маккада у зотни «Амин»дан бошқа ном ила атамайдиган вақтларида Абу Толиб у кишига:

«Эй жияним, мен мол-дунёси йўқ одамман. Замон биз учун қийинлашди. Бошимизга оғир йиллар келди. Бизнинг эса бирор нарсамиз ҳам, тижоратимиз ҳам йўқ. Қавмингнинг карвони Шомга борадиган вақт бўлиб қолди. Хадийжа бинти Хувайлид қавмнинг эркакларини ўз карвони ила юборади. Улар унинг тижоратини қилиб келадилар ва ўзларига манфаат оладилар. Сен бориб, унга ўз хизматингни тақдим қилсанг яхши бўлар эди. У ҳам жон деб рози бўларди. Сенинг поклигинг ҳақида унга ҳам хабар етган бўлса керак. Аслида-ку, мен сенинг Шомга боришингга қаршиман. Яҳудийлар сенга бирор нарса қилишларидан қўрқаман. Аммо бошқа иложимиз йўқ», деди.

Хадийжа бинти Хувайлид шарафли, бой-бадавлат ва тоҳира аёл эди. У ўз карвонини Шомга юборар эди. Унинг тижорати бир карвон бўлса, қолган қурайшликларнинг тижорати ҳам бир карвон бўларди. Хадийжа бинти Хувайлид ўз тижорати учун эркакларни ёллар ва уларга музораба ила мол берар эди. Қурайшликлар тожир одамлар эдилар. Кимнинг тижорати бўлмаса, ҳеч нарсаси бўлмас эди.

Шунда у зот:

«Эҳтимол, унинг ўзи менга одам юбориб қолар», дедилар. Бу гапни эшитган Абу Толиб:

«Мен сендан бошқаси илиб кетармикан, деб қўрқаман», деди.

Икковларининг орасида бўлиб ўтган бу гап Хадийжа бинти Хувайлидга етиб борди. Бундан олдин у зотнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва хушхулқлари ҳақидаги хабарлар ҳам унга етиб борган эди.

Мазкур гапни эшитган Хадийжа бинти Хувайлид:

«Мен унинг хоҳишидан бехабар эканман», деди-да, у зотнинг олдиларига одам юбориб:

«Менинг олдингга одам юборишимга ростгўйлигинг, омонатдорлигинг ва хушхулқлигинг сабаб бўлди. Мен сенга қавмингнинг одамларига берадиган иш ҳаққининг икки баробарини бераман», деди.

У зот рози бўлдилар ва Абу Толибнинг олдига бориб, хабар бердилар. Шунда у:

«Бу Аллоҳ сенга юборган ризқдир», деди.

Бас, у зот Хадийжа бинти Хувайлиднинг ғуломи Майсара билан йўлга чиқиб, Шомга бордилар. У кишининг амакилари карвондагиларга у зотга эҳтиёт бўлишларини тайинлаб қўйишган эди. Шомга етиб борилганда икковлари Нестуро исмли роҳибнинг ибодатхонаси яқинидаги дарахт тагидан жой олдилар. Роҳиб Майсара билан таниш эди. У ғуломга:

«Эй Майсара! Анави дарахт тагидаги одам ким?» деди.

«Қурайшлик, ҳарам аҳлидан бир одам», деди Майсара.

«Ушбу дарахт тагидаги набийдир. Унинг кўзида қизиллик борми?» деди роҳиб.

«Ҳа, ҳеч кетмайди», деди Майсара.

«Худди ўзи. У анбиёларнинг охиргиси. Қани энди, у чиқишга амр қилинганда у билан бўлсам...» деди роҳиб.

Майсара бу гапни эшитиб, ғоят ажабланди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусро бозорига бордилар. Ўзлари олиб келган нарсаларни сотдилар, кераклисини сотиб олдилар. У зот билан бир одам орасида бир савдо моли ҳақида гап чиқди. Ҳалиги одам:

«Лот ва Уззо ила қасам!» деди.

Шунда у зот:

«Мен ҳеч қачон бу иккиси ила қасам ичмаганман. Мен кетдим», дедилар-да, юз ўгириб, кетдилар.

«Сени гапинг гап», деди ҳалиги одам ва Майсарага қараб:

«Эй Майсара! Бу пайғамбар! Бизнинг роҳибларимиз унинг сифатларини ўз китобларидан топишган!» деди.

Майсара бу гапдан ҳам ғоят таъсирланди.

Сўнгра карвондагиларнинг барчаси ортга қайтдилар.

Майсара қуёш қиздирган пайтда туя устида кетаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки фариштанинг соя солиб турганини кўрди. Аллоҳ таоло Майсаранинг кўнглига у зотнинг муҳаббатларини солиб қўйган эди. У ўзини худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулларидек тутар эди. Улар ўз тижоратларини қилиб, одатдагидан кўра икки марта кўп фойда кўрдилар. Қайтаётиб, Марриз-заҳронга етганларида Майсара:

«Мен олдинроқ бориб, Аллоҳ сен туфайли Хадийжага берган нарсаларнинг хабарини етказай», деди».

“Ҳадис ва Ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ва унинг тафсирини ҳам яхши билар эдилар. У кишининг бу даражага етишларига биринчи устозлари давоми...

2668 12:00 / 30.03.2019
IXҚамал тамом бўлиши биланоқ Хадийжа онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай, қарар эдилар. Аммо давоми...

3822 14:05 / 29.10.2018
. . . ..Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики.Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, .Икковингизни эмизганман,, деди. Шунда давоми...

1725 18:00 / 22.04.2020
Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи давоми...

4054 15:10 / 12.05.2019
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021