1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Зайнабнинг муҳаббати (иккинчи мақола)

17:00 / 03.11.2020 2594 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Отамни кўриб келсам, майлими?

– Бу нима деганинг, албатта бор, Зайнабим. Аммо мени куттириб қўйма.

– Узоқ қолмайман. Руқайя ва Умму Кулсумни шундай иймонсиз, одамгарчиликдан йироқ оилага келин бўлиш офатидан қутулганликлари билан табриклаб келаман.

Абул Осга «Сиз қачон иймон келтирасиз?» дегандай боқди. У кўзларини олиб қочди.

Зайнаб кўчада кетаркан, бир томондан бундай оиладан қутулган сингиллари учун қувонар, иккинчи томондан ҳамон иймон келтирмаган хўжайини учун қайғурарди. Дили, тутумлари, гап-сўзлари Исломга шунчалар яқин бўлган эри қачон саодатли йўлга кирар экан? Қачон иймон келтириб, мусулмон бўлар экан? Хўжайини ҳаққига дуо қилиб кетиб борар экан, ортида нелар бўлаётганидан бехабар эди…

Макканинг кўзга кўринган одамлари Абул Осникига келишган эди. Улар орасида Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, ҳатто Умму Жамил ҳам бор эди. Абул Ос ҳовлидаги дарахт соясида ўтирарди. У келган меҳмонларни хушламаса ҳамки, ичкарига таклиф қилди. Абу Лаҳаб ва Умму Жамил сўз бошлашди:

– Менга қара, Абул Ос. Сен ақлли одамсан. Оталари динидан қайтмайдиган даражада диёнатлисан. Муҳаммадул Аминга сен ҳам бизлар каби ишонмадинг. Аммо хотининг динимизни тарк этиб, мусулмон бўлди. Сен эса ҳамон у билан никоҳдасан, ажрашганинг йўқ. Бу қанақаси? Отасини пайғамбар деган қиз билан қандай яшайсан? Унинг қизи билан ажраш, дарҳол!

– Йўқ, – деди Абул Ос. – У билан ажрашмайман. Ажраша олмайман.

– Нега?

– Сизга сабабини айтмайман, айтсам ҳам, тушунмайсиз. Зайнабдан ажрашмайман.

– Қўрқма, Зайнаб сенга зиён етказа олмайди.

– Мени бу қўрқитаётгани йўқ.

– Отасидан чўчияпсанми?

– Мени у ҳам қўрқитмайди.

– Бўлмаса нима, ахир?! Ажраш, вассалом.

– Йўқ! Мен Зайнаб билан ажрашмайман.

– Қариндошлигинг учунми? Зайнаб холангнинг қизи бўлгани учунми? Агар гап шунда бўлса, мен Муҳаммаднинг амакиси бўламан, бу эса янгаси. Аммо иш бошида биз турибмиз, айнан биз.

– Гапим шу – Зайнаб билан ажрашмайман!

– Бунақа кескин жавоб бермагин-да. Аввал ўйлаб кўр. Агар ажрашсанг, Макканинг энг гўзал қизларидан истаганингни олиб берамиз.

– Зайнабдан бошқаси керакмас!

– Бу қиз сени жодулаб олганми?

– Сизлар менга яхшилик қилмоқчимисиз ёки ёмонлик?

– Бошқа одам таклифимизни катта хурсандчилик билан аллақачон қабул қилган бўларди. Сен бўлсанг… Менга қара, агар ажрашсанг, истаган қизингни олиб бериш билан бирга ўзимизга бош этиб ҳам сайлаймиз.

– Йўқ!

– Бўпти, Макканинг энг бой одамидан ҳам бадавлатроқ бўласан.

– Буларнинг ҳеч бири менга керакмас!

– Бўлмаса нима керак?

– Зайнаб керак, мени ундан ажратманглар, ажрата олмайсизлар ҳам.

– Бу қиз сени жодулаб қўйибди. У ҳам отаси каби афсунгар экан-да.

– Йўқ, туҳмат қилманг! Ишонмасангиз ишонманг, аммо туҳмат қилишга ҳаққингиз йўқ. Зайнаб ҳам, унинг отаси ҳам афсунгар эмас. Улар фақат рост гапиришади.

– Унга ишонгандан гапиряпсан. Ажраш-ей шу қиздан! Нима десанг, қиламан, ажраш!

– Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман. Бекорга оғзингизни оғритманг.

– Шўринг қурсин сенинг. Бир қиз учун бизни хафа қиляпсан.

– Бир қиз деганингиз менинг умр йўлдошимдир.

– Бошқа олиб берамиз, дедик-ку сенга, хоҳлаганингча яна!

– Бошқа қиз топа оласиз. Аммо менга бошқа рафиқа, бошқа Зайнаб топа олмайсиз. Кўз очиб кўрганим Зайнаб билан кўз юмишни ҳам хоҳлайман. Энди мени ўз ҳолимга қўйинглар. Уйимдан кетинглар.

– Тушунарли, сен ё бутлар ғазабига учрагансан, ё Зайнаб сени иссиқ-совуқ қилган.

Қандай бостириб келишган бўлса, шундай такаллуфсиз чиқиб кетишди. Фақат ғазаблари янада ортган эди.

Зайнаб тиккага келган офтобнинг қайноқ нурлари остида уйга келиб-кетаётган эди. Иссиқдан ҳаво жимирлар, ҳатто баъзан эсаётган шамол ҳам юзини куйдирарди…

– Зайнаб, Зайнаб!

Бирор нарса эшитадиган аҳволда эмасди. Руқайя ва Умму Кулсумлар қутулганидан севинса-да, эрини куттириб қўймаслик учун тушки жазирамага ҳам қарамай йўлга чиққанди.

– Ҳой Зайнаб.

– Мени чақиряпсизми? – деб овоз чиққан ёққа қаради.

– Мунча хомушсан? Сени кўрган одам чўлда туясини йўқотган йўловчига ўхшатади. Бу иссиқда юриб нима зарур? Ундан кўра сояга кел, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирамиз.

– Онамникидан қайтаётгандим. Кечикиб қолдим, уйга шошяпман, бошқа сафар гаплашамиз, иншааллоҳ.

– Нега шошасан, эринг қочиб кетармиди?

– Куттиргим келмаяпти, узр.

– Тўхта, сенда гапимиз бор эди.

– Нима гап? – қизиқди Зайнаб.

– Эрингни нима қилдинг?

– Тушунмадим.

– Эрингни нима қилганингни сўрадик, бунинг нимаси тушунарсиз?

– Нима қилибман?

– Пайғамбарнинг қизи бўлсанг, нима қилганинг аниқмас. Ё эрингни сеҳрладингми?

– Нима демоқчисиз, очиқ гапиринг?!

– Сен кетганингдан кейин нималар бўлганини биласанми? Макканинг манаман деган одамлари уйингга келишди. Эрингга нималар дейишганини билсанг эди!

– «Билсанг эди» дегунча айтинг.

– Қизиқиб қолдинг-а?! Қўрқма, ёмонлик бўлмади. Эрингга сен билан ажраш деб зуғум қилишди. Бир дунё нарсалар таклиф қилишди, аммо у қулоқ солмади. Сен билан ажрашса, Макканинг энг гўзал қизларини олиб беришлари, бунинг устига ўзларига бош этиб сайлашлари, Макканинг энг бой кишисига айлантиришлари мумкин эди. Биласанми, эринг нима деди?

– Нима?!

– «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деди. Хўш, қандай қилиб эрингни бунчалик боғлаб олгансан ўзингга? Бизникиларга шу таклифнинг мингдан бири қилинса ҳам, бизни дарров кўчага ҳайдашади. Бир нарса қилгансанки, эринг сенга шунчалик боғланиб қолган. Бизга ҳам ўргатсанг-чи!

Зайнаб ортиқ уларни эшитмасди. «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деган жумла қулоғида жарангларкан, Яратганга шукурлар қилди… Уйига қушдай учиб келди.

У Абул Осдан ўта миннатдор, бутун қалби билан севарди. У томондан ҳам ҳурмат кўрар, севиларди.

Мусулмон бўлса эди эри, оҳ мусулмон бўлса эди!

Дуо елканида учди Зайнаб…

Жаҳон тупроғида бошоқ етиштирган гўзал!..

Кўнгил водийсига инжу ёмғири ёғдирган малак!..

Шарафли атиргулнинг ғунчаси…

Энг ёрқин нурнинг зиёси…

Нур бор ерда, қоронғилик ҳукм сура олмайди…

Бизларни ҳам нурлантир, нурингдан баҳраманд бўлишни истаймиз.

Бутун ҳаётинг билан «Севги талаб этилмайди, у қозонилади», дединг.

Қанчалар бахтлисан…

Сени севганлар қанчалар бахтли!..

Таҳририятдан: Абул Ос иккинчи дафъа асирликдан қутулгач, Маккага кетди. Омонатларини эгаларига бергандан сўнг мусулмонликка кирди. Мадинага ҳижрат қилди. Мусулмон бўлгани учун ҳазрати Зайнаб билан никоҳлари янгиланди. Абул Ос ҳазрати Зайнабга яхши муомалада бўларди. Шу сабабдан Расули акрамнинг таҳсинларига сазовор бўлди. Зайнаб завжи билан такрор топишгандан сўнг кўп яшай олмади. Вафот этганида Умму Айман билан ҳазрати Савда ювиб-кафанлашди. Жаноза намозларини Расули акрам ўқидилар. Қабрга Абул Ос қўйди.

(Тамом)

Биринчи мақола

Туркчадан таржима

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, саҳрода яшайдиган бир киши амакисининг қизига уйланди. Орадан йиллар ўтиб, аёли унга тўққиз ўғил фарзанд туғиб берди. Яна орадан йиллар ўтиб, аёл давоми...

8462 17:00 / 25.05.2022
Ислом ўзининг одилона ҳукмлари ила аёл кишига нисбатан қаттиқ таклифларни қўймаслик қоидасига биноан, уларни жангда қатнашиш масъулиятидан озод қилди.Шунга давоми...

2794 20:05 / 04.09.2019
Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга .Гапир, деди. Қара, узот нима дедилар.Икки қизни тарбиялаган киши қиёмат куни мен билан бармоқларини давоми...

3261 10:29 / 31.01.2022
Кун, ҳафта, ой ва йил биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан қиёслаганда бизнинг вақтимиз қандай белгиланади Ийсо алайҳиссалом давоми...

1831 11:00 / 16.11.2023