1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг шахсий сифатлари

11:05 / 03.12.2019 14242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

София бинти Ҳуяй онамизда барча камолот сифатлари бор эди. У киши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ўлароқ, у зотдан кўп нарсаларни ўрганган, ўрнак олган эдилар. Биз у кишининг уламоларимиз томонидан ривоят қилинган баъзи бир алоҳида таъкидлаш лозим бўлган сифатлари ҳақида қисқагина сўз юритамиз.

София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳалимликлари ҳақида Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Софиянинг бир жорияси унинг шанбани яхши кўриши, яҳудийларга яхшилик қилиши ҳақида гап тарқатди. Умар одам юбориб, бу ҳақда сўради. София бинти Ҳуяй онамиз:

«Аммо шанбага келсак, Аллоҳ менга унинг ўрнига Жумъани берганидан буён уни яхши кўрганим йўқ. Яҳудийларга келсак, уларнинг ичида қариндошларим бор. Мен ўшаларга силаи раҳм қиламан», деди.

Сўнгра жорияга:

«Қилган ишингга сени нима мажбур қилди?» деди.

«Шайтон», деди жория.

София бинти Ҳуяй онамиз оҳисталик билан:

«Бор, кетавер. Сен озодсан», деди».

Бундан ортиқ ҳалимлик бўлиши мумкинми?

София бинти Ҳуяй онамиз ҳар қандай оғир пайтда ҳам бировга яхшилик қилишни тарк қилмас эдилар. Бунга у кишининг ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу фитначиларнинг қамалида сувсиз ва нонсиз қолганларидаги тасарруфотлари далил бўлади.

Ибн Саъд ва бошқалар София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳонинг озод қилган қуллари Кинонадан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Мен Софияни Усмонни ҳимоя қилиши учун етаклаб борганлардан эдим. Аштар уни тўсиб, хачирининг юзига урган эди, бурилиб кетди. У менга:

«Мени ортимга қайтар. Яна манави шарманда қилмасин», деди. Сўнгра у ўз манзили билан Усмоннинг манзили орасига ёғоч ўрнатиб, ўшанинг устидан сув ва таом ташиб турди».

Кўзларига қон тўлиб, халифани қатл қилишни ўзларига раво кўриб турган ва эркаклар ҳам қаршиларига бора олмай турган фитначиларнинг олдига боришнинг ўзи катта жасорат. Ўшандоқ ҳолда фитначилардан қўрқмай, девор ошиб, қамалда қолган халифага сув-нон ташиб туриш улуғ ишдир.

София бинти Ҳуяй онамиз ибодатни сидқидилдан адо этар эдилар ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилар эдилар.

Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Убайдадан ривоят қиладилар:

«Бир тўп одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари София бинти Ҳуяй онамизнинг ҳужрасида жамланишди. Улар Аллоҳни зикр қилдилар, Қуръон тиловат қилдилар ва сажда қилдилар. Шунда София бинти Ҳуяй онамиз уларга нидо қилиб:

«Бу сажда ва Қуръон тиловати, аммо йиғи қани?» деди».

София бинти Ҳуяй онамиз қўлларига тушган нарсани хайр-эҳсон қилишга шошиладиган кишилардан эдилар. У кишининг бир ҳовлилари бўлиб, уни тириклик чоғларидаёқ савоб умидида садақа қилиб юборганлар.

София бинти Ҳуяй онамиз илмга ҳарис зот эдилар. У киши Қуръони Каримни кўп ўқиб, ўрганар эдилар. София бинти Ҳуяй онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 10та ҳадис ривоят қилганлар.

Баъзи кишилар София бинти Ҳуяй онамизнинг афзалликлари рўйхатини ҳам тузишган:

1. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Исломни ўз қавмлари ва динларига қайтишдан устун кўрганлар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига оёқларини қўймай, юксак одоб намунасини кўрсатганлар.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етишидан қўрқиб, яҳудийларга яқин жойда тўйлари бўлишидан бош тортганлар. Бу билан у зотга ўз ихлосларини намоён қилганлар.

4. Фитначиларга қарши туриб, Усмон розияллоҳу анҳуга ёрдам берганлар.

5. Сахийлик қилиб, Фотима розияллоҳу анҳога ва бошқа аёлларга тиллаларини бўлиб берганлар.

6. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўзлари ҳақларида чақимчилик қилган жорияни озод қилганлар.

7. Маҳрлари Исломга киришлари бўлган.

София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳо ҳижрий эллигинчи санада Мадинаи Мунавварада вафот этдилар. У киши Бақийъ қабристонига, мўминларнинг бошқа оналари ёнига дафн қилиндилар.

София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳонинг вафотлари ҳақидаги хабар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга етганда Бомдод намозидан кейинги вақт бўлишига қарамай, у киши саждага йиқилдилар. У кишига:

«Шу вақтда ҳам сажда қиласанми?» дейилди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон бир оятни кўрсангиз, сажда қилинглар», деган эмасмилар? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг ўлимидан ортиқ оят борми?!» дедилар».

Аллоҳ таоло София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслима аёлларга тавсияларmdash Доим таҳоратли ҳолда таом пиширинг.mdash Тарбия борасида энг биринчи нарса шуки, қачонки таом пиширсангиз, таҳоратли ҳолда пиширишга давоми...

5573 16:30 / 23.09.2019
Бир куни қизим чуқур ўйга толган ҳолда менга Ислом дини ва унга тобелик даъвосидаги айрим кишилар ҳақида саволлар бера бошлади. Унинг саволлари, унинг тили билан давоми...

2817 11:40 / 23.08.2020
Қизлардан бири хоҳишистакларини бундай баён қилади .Душанба дам, сешанба ўқиш, чоршанба дам, пайшанба ўқиш, жума яна дам олиш куни бўлса эди... Шанба ва якшанба эса давоми...

2293 16:30 / 07.02.2020
Ислом менга узоқ кутилган тинчлик, сокинлик ва ички беғуборлик ҳиссини ҳадя қилди. Сора Германсон Сора, Исломни қабул қилгунингизга қадар ҳаётингиз қандай давоми...

1719 17:00 / 23.08.2022
Аудиолар

131127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51641 14:35 / 11.08.2021