1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Аллоҳ берган бахт

21:45 / 08.05.2018 6208 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фотимахон Исмоил махдум қизи Саттиева,

Шайхнинг рафиқалари.

 

Падари бузрукворим Исмоил махдум Саттиев машҳур олим эдилар. Бухоро мадрасаси ҳам у кишининг бошчиликларида очилган. Ўзлари ўша ерда бир муддат дарс берганлар, мудир ҳам бўлганлар. Қайнотам у кишига шогирд эканлар. Шунинг учун дадам ўз шогирдлари Муҳаммад Юсуф домлага фарзандларини ўқитиш ва тарбиялашда маслаҳат бериб турганлар. Ҳатто 1968 йили дадам ҳажга борганларида қайнотам ҳам бирга бориб, ўз одатларига кўра, бориб-келгунча устоз хизматида бўлган эканлар. Ҳазрат Бухородаги мадрасадан кейин Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳадида (институтида) ўқиганлар. У пайтда дадам муфтий ноиби бўлиш билан бирга институтда дарс ҳам берардилар. Ҳазрат институт барномасидан ташқари дадамнинг ўзларидан ҳам алоҳида илм олганлар, китоб ўқиганлар. Дадам: «Ҳамма талабалар ҳордиқ кунлари бозорга ёки кўчага чиқишади. Фақат Муҳаммад Содиқ шундай дамларни ҳам китоб мутолааси билан ўтказади», дер эдилар. Дадам Ҳазратнинг илмга бўлган иштиёқи ва иқтидорини сезиб, яхши кўриб қолганлар. Бир куни Муҳаммад Юсуф ҳожи дадамизга: «Ўғлингизни ўзим ўғил қиламан», деб айтганлар. Қайнотам бу таклифни катта қувонч билан қабул қилганлар. Дадам Ҳазратга жуда юқори баҳо берардилар. Ҳатто: «Бу йигит ҳали биз ёзмоқчи бўлган, лекин ёза олмаган китобларни ёзади», деганларини эшитганман. Ҳазрат билан унаштирилишимизда оиламизда кўпчилик истихора қилган. Деярли ҳамма тушида уюм-уюм китоб кўрган. 1974 йили, Ҳазрат институтда ўқиётган кезлари тўйимиз бўлди. Ўшанда ўн тўққиз ёшда эдим. Тўйимиз ўз уйимизда ўтказилиб, мен Намангандан Андижонга, Булоқбошига келин бўлиб тушганман.

 Булоқбошида мен икки меҳрибон ва тақволи инсонга фарзанд бўлдим. Қайнотам Муҳаммад Юсуф домла жуда тақволи, ибодатли, ихлосли, илмга ўта муҳаббатли киши бўлганлар. Шунинг учун ўғилларининг келажакда илмли, маърифатли бўлишига астойдил бел боғлаганлар. Хусусан, уларнинг шаръий илмларни эгаллашларига кўп эътибор қаратганлар. Фарзанд тарбиясида жиддий ва қатъиятли бўлганлар. Ҳатто шубҳали нарсалардан ҳам фарзандларини эҳтиёт қилганлар. У кишининг бор эътиборлари илм-маърифатга қаратилган эди. Фарзандларига насиҳат қилганларида доим: «Агар ­дунёнинг ортидан қувсанг, унга ета олмайсан. Аммо илм ортидан қувсанг, дунё сенинг ортингдан қувади», деб айтар эдилар. Бу у кишининг шиори эди.

Яна ибратли фазилатларидан бири шуки, у киши ҳаддан ташқари сахий одам бўлганлар. Ҳожи дадамизни Андижон вилоятидан ташқари атроф вилоятлардан, ҳатто Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан ҳам маросимларга олиб кетишар эди. Отамизнинг топган дунёларига уй-жой ёки машина каби нарсалардан бир нечасини қўлга киритса бўлар эди. Аммо умрларининг охиригача қўлларида пул турмади. Бир қўлларига келса, иккинчи қўллари билан эҳсон қилар эдилар. Ҳатто маросимдан олиб келган ҳайдовчига ҳам уйдан бир тўн бериб жўнатар эдилар. Уйларига келган меҳмонни қўлига бирор нарса бермай чиқармас эдилар. Рамазон ойида катта ифтор қилиб, тўпланиб қолган нарсаларнинг ҳаммасини битта қўймай улашиб юборар эдилар. Бир гал Ҳазрат билан укалари Тошкентда ўқишаётганда келиб, олиб келган совғалари ва қўлларидаги пулларининг ҳаммасини устозлар ва талабаларга улашиб юборибдилар. Ҳатто уйга кетиш учун йўлкирага пуллари ҳам қолмаган экан. Аллоҳнинг қудрати билан бир танишлари учраб қолиб, самолётга чипта олиб, жўнатиб юборган экан.

Отамиз Муҳаммад Юсуф оиладаги аёлларга ҳам жуда меҳрибон бўлганлар. Ҳатто уйдаги келинларни бирор марта «келин» демай, доим «қизим» деб чақирар эдилар. Ҳайит-байрамларда ўзлари бозорга бориб, энг урф бўлган матолардан танлаб онамизга, овсинларга, менга ва қайнсинглимга ҳадя қилар эдилар. Набираларга ҳам ҳадя олиш керак бўлса, ҳеч кимга ишонмай елкаларига опичиб дўконга олиб борар, совғалар бериб хурсанд қилар эдилар. Айниқса Исмоилжон катта набира бўлгани учун ҳам ҳамма нарсаларини ўз қўллари билан олиб берар эдилар. Биз катта бўлиб қолганимизда ҳам борганимизда «Қизим, рўзғорда камчилигингиз йўқми?» деб сўрар эдилар. Ҳатто Ҳазрат муфтий бўлиб, ҳамма нарсамиз етарли бўлганида ҳам Булоқбошига борсак, уйларидаги нарсаларнинг барини бизга бериб юборар эдилар. Ўзимиз анча-мунча нарса билан бориб, «Дада бизнинг ҳамма нарсамиз етарли, қайтага сизларга олиб келдик», десак, «Қизим, бизники табаррук», дер эдилар.

Фарзандларга тарбия беришда, насиҳатда ҳеч эринмас эдилар ва соатлаб насиҳат қилар эдилар. Бизга ҳадя берганларида олмасам, «Қизим, мен сизларни елкамга эмас, бошимга қўяман. Чунки сизлар дин хизматидаги одамсизлар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, фарзандларим бошқа йўлга юришмади, танамда жоним бор экан, сизларни елкамда эмас, бошимда кўтариб юраман», дер эдилар. Гапларининг устидан чиқиб, то вафот этгунларича Ҳазратни елкаларида эмас, балки бошларида кўтариб ўтдилар. Қачон кечаси ҳовлига чиқсам, чироқлари ёниқ бўлар эди. Ҳар куни хуфтонни ўқиб, масжиддан қайтиб келгач ётиб ухлар, ҳамма ухлаганида эса туриб ибодат қилар эдилар. Кейин яна бомдоддан олдин бироз дам олардилар. Бўш вақт бўлди дегунча, уйдаги супа устида ўтириб Қуръон ёки бошқа китоб ўқир эдилар.

Менимча, Ҳожи дадамиз ҳақиқий саҳобалардек ҳаёт кечирганлар. Бирор дақиқа вақтларини бекорга кетказмаганлар, бирор марта кўзларини тик қилиб одамга қарамаганлар. Ҳатто биз билан гаплашганларида ҳам кўзларини пастга қаратиб олардилар. Жуда ҳаёли инсон эдилар, ҳар бир ишда шариатдан чиқмасликка ҳаракат қилардилар. Ҳаётларининг ҳар бир дақиқалари ибрат олишга арзигулик эди. Бир гал бетоб бўлиб қолганларида «ўтириб намоз ўқинг» дейилганда ҳам кўнмай, қийинчилик билан тик туриб намоз ўқиган эдилар.

Умрларининг охирги куни ҳам ўзларига хос ўтди, таом тайёр бўлгани учун «келинг, еб олинг» дейилганида «халқ кутиб қолади» деб чиқиб кетган эканлар. Ўша куни ҳам жума маърузасини қилиб, меҳробга намоз ўқиш учун ўтаётганларида дунёдан ўтдилар. Ҳожи дадамиз ўзлари дуоларида «Ибодатда жонимни олгин» деб сўрар эдилар.

 Ойимлар (қайнонамлар) илмли бўлмасалар-да, ниҳоятда тақволи, эрга итоаткор, покиза, содда аёл бўлганлар. Менимча, Ҳазратдек буюк инсонлар шундай аёллардан дунёга келса керак! Чунки ойимлар ҳар бир ишда хокисорлик билан, Аллоҳга таваккул ва гўзал дуолар қиладиган қалби соф, жисми пок аёл бўлганлар. Ичларидаги гапларини шартта юзингизга айтмасдилар, ёмон гап эшитиб қолсалар, эшитмаганга олиб кетаверар эдилар. Сабрли, эрнинг амрини маҳкам тутадиган, ҳатто фарзандларига «сен» демаган солиҳа аёл эдилар. Ҳазратни ҳам ёшликларидан, илмга берилган пайтларидан «сен» демаган эканлар. Умрлари охиригача ўғилларига мен қандай хизмат қилган бўлсам, она бўлатуриб мендан ҳам зиёда хизмат қилиб ўтганлар. Ҳатто оёқ кийимларини ювиб, қуритиб қўярдилар.

Тўйимиздан кейин Тошкентда яшаб қолдик. Тез-тез онаизорни кўргани бориб турардик, шунда қаттиқ соғинганларидан юраклари ҳаприқиб кетарди. У киши китобларда ёзилганидай, ҳақиқий меҳрибон оналардан бўлганлар. Баъзан Ҳазрат ўқишдан ёки сафардан Булоқбошига келсалар, дадамлар билан кеч соат ўн икки ёки биргача суҳбатлашиб қолиб кетардилар, шунда онаизор соғинчдан болаларига юраклари эзилиб турса ҳам, «Кел, болам, мен билан ҳам гаплаш», демаганлар. Уларнинг ўғилларига бўлган меҳрлари ва эҳтиромлари ҳозир ҳам эсимда: қўллари билан Ҳазратнинг белларини силаб, эркалатиб, «отам» деб қўяр эдилар. Меҳрлари дунёларга сиғмас эди.

Барча ёш оилаларда бўлгани каби, турмушимиз бошда осонликча изга тушиб кетмаган. Биринчи фарзандим туғилиши билан Ҳазрат диний бошқарма тавсиясига кўра Ливияга ўқишга кетдилар. Рўзғор ташвишлари, фарзандни боқиш, тарбиялаб улғайтириш муаммоларининг бари зиммамга тушиб қолди. Ҳазрат ўқишга кетиш олдидан «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида ишлаган эдилар. Ўшанда 178 сўм маош олардилар, ўқишдалик пайтларида шу маошларини менга берадиган бўлишди. Ҳар ойда етмиш саккиз сўмини боламга ишлатиб, қолган юз сўмини асраб олиб қўярдим. Тўрт йил мобайнида шу пулларни тўплаб юриб, Ҳазрат келганларида беш мингга яқин маблағни у кишига берганман. У пайтларда чет элга оила билан борилмас эди, Ҳазрат камчиқим одам бўлганлари учун стипендияларини ишлатмай, йиғиб олиб келган эканлар. Ҳатто менга совға деб олиб келган кийимликларини ҳам соттириб, пулларни ўн тўрт мингга етказганмиз. Дадамиз ҳам уйдан саккиз минг сўм олиб келиб, жами йигирма икки минг сўмга ҳовли сотиб олганмиз. Ливияда яхши ўқиган талабаларга ҳар йили мукофот берилган, шуларни йиғиб, беш минг динор пул қилган эканлар. Бир динор бир чек бўларди, шу пулга «Волга» автомашинаси харид қилганмиз. Шундай қилиб, ҳаётимиз аста-секин изга туша бошлаган.

Аллоҳ таоло Ҳазратнинг қалбларига Ўзининг муҳаббатини солган, бошқача қилиб айтсак, Аллоҳ у кишига Ўзини яхши кўрдириб қўйган. Шунинг учун у киши бир умр Аллоҳнинг розилигини истаб, У Зотга талпиниб ҳаёт кечирдилар. Бир лаҳза ҳам бу мақсаддан оғмадилар, заррача ҳам бошқа тарафга тоймадилар. Ҳазратнинг юрган-турганлари, уйда ўтирганлари ва бошқа барча ҳолатларини кўз ўнгимга келтирар эканман, у кишининг нигоҳлари доим ўйчан, кўнгиллари нима биландир банд бўлганини эслайман. Энди билсам, у киши доим Аллоҳ билан машғул бўлган эканлар, қалблари ҳамиша Парвардигорнинг ёди билан банд бўлган экан. Ана шу муҳаббат асосида у кишига Аллоҳ таоло томонидан ҳидоят, тавфиқ жуда мукаммал қилиб берилган. Ёшликларидан фақат тақвода, ибодатда ўсганлар, иймонлари бут бўлган. Хаёлларида солиҳ амалдан бошқа нарса бўлмаган. Ножўя, гуноҳ ишга яқин ҳам келмаганлар. Қийинчиликка тушганларида ҳам, жоиз бўлмаган нарсани жоиз деб йўл топишга умуман уринмаганлар. Шунингдек, бирор марта ҳам «Бу ҳаёт-да», «Ҳамма қиляпти-ку» қабилида иш тутмаганлар. Эсларини таниганларидан бошлаб Қуръону Суннатга тўғри келмайдиган нарсани қабул қилмаганлар, бу йўлда асло муросасозликка ўтмаганлар. Ҳатто бу йўлда ўзларининг зарарларига ҳам юришга тайёр эдилар.

 Ҳазрат қишин-ёзин саҳардан олдин турардилар. Таҳажжуд намози ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдларига ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар, Ёсин тиловати ва ўзлари ихтиёр қилган муайян зикрлардан иборат эди. Воқеа сурасини ҳам ҳар куни ўқирдилар. Кўпинча эрталаб маросимга боришлари керак бўларди. Ҳазратни олиб кетиш учун келганлар айтилган вақтга келиб турар, Ҳазрат ҳам келишилган вақтга ташқарига чиқардилар. Маросимга олиб кетадиган машина олти яримга яқин келарди. Ҳазрат уч дақиқада кийимларини алмаштириб, кечикмай ташқарига чиқардилар. Вақтни тежаганларидан кийимнинг тугмасини ҳам йўл-йўлакай қадаб борардилар. Маросимдан келибоқ яна ишга киришардилар. Ҳатто сафарларда ҳам имкон топди дегунча илмий ишларини давом эттирардилар. Одатда пешиндан кейин ҳафтанинг баъзи кунлари дарс ҳалқалари бўлар, баъзи кунлари эса сузишга борар эдилар. Шунингдек, яна баъзи кунлари шомдан кейин дарс берсалар, бошқа кунлари шомдан кейин баскетболга борардилар. Ҳазратнинг вақтига Аллоҳ таоло барака бериб қўйган эди.

Ҳазратнинг одатларидан яна бири – ҳар доим таҳоратли юрар, ҳар бир таҳорат кетидан икки ракъат нафл намоз ўқирдилар. Кечқурун соат ўнда, кечикиб кетса, ўн ярим-ўн бирларда уйқуга ётардилар. Баъзан хуфтонни эртароқ ўқиб, кейин ётиш олдидан таҳоратни янгилаб, витрни ўқирдилар. Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони Каримни кўп ўқир ва эшитар, озгина фурсат бўш бўлиб қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар.

Атрофимдаги аёллар менга ҳавас қилиб: «Дунёга машҳур алломанинг аёлисиз», «Юртнинг машҳур олимларидан бирининг қизисиз», «Бир неча олим ва олималарнинг онасисиз», деб эҳтиром кўрсатишади. Аммо бу мақтовли сўзларнинг ортида қанчалар улкан меҳнат, машаққат ва азоблар, аламли изтироблар борлигини билишганида, балки менга раҳмлари келган бўлармиди?! Ҳазратнинг ҳар бир кунлари, соатлари диққат-эътиборимда бўларди, у кишининг кун тартибларини олдиндан белгилаб олардик. Бугун кимлар билан учрашадилар, дарсларига кимлар келади, ўзлари қаердаги амри маъруф мажлисига борадилар, ҳаммасини олдиндан ёзиб-чизиб қўяр эдик. Ҳазратнинг кийинишларию нима таом истеъмол қилишлари, соат нечада дам оладилару қаерда даволанадилар, ҳаммасини «ҳисоб»га олишимиз керак бўлар эди. Шайх ҳазратлари бирор юртга сафарга борадиган бўлсалар, самолёт чиптасини харид қилдиришга, меҳмонхонага жой банд қилишга, кўпинча ҳамроҳлик қилиб, сафар машаққатларини аритишга, эсларидан чиққан нарсани эслатишга, зарур ишларда маслаҳат беришга мен масъул эдим. Мен бутун ҳаётимни Ҳазратга бағишлаган эдим. Чунки биз оилада шундай тарбия топганмиз, волидамизнинг олим дадамиз Исмоил махдумга қилган эҳтиромлари, хизматлари, итоатлари руҳида ўсиб-улғайганмиз. Ҳазратнинг ўзлари ҳам аксари ҳолларда: «Сиз онангизнинг тарбияларини олгансиз-да», деб алқаб ҳам қўяр эдилар.

Шайх ҳазратлари жуфти ҳалоллари тимсолида аёлни, онани, сафдошни кўрардилар. У киши менга бирор марта ёмон, дағал сўз айтмаганлар, дилимни оғритмаганлар. Аёллигимга бориб, онда-сонда Ҳазратнинг жаҳлларини чиқариб қўйганимда ҳам менга кўп озор бермаслик учун «гапирмай қўйиш» жазоси билан кифояланар эдилар. Тез-тез хорижга қилинадиган сафарларда мени ҳам кўпинча ҳамроҳ қилиб олар, чет эллардаги таниқли олимларга «Умму Исмоил»ни ҳам таништиришни унутмас, анжуман ва мулоқотлардан сал бўшадилар дегунча кўнглимга қараб, қизлар ва қариндошлар учун совға харид қилишда иштирок қилардилар.

Ҳазрат ўзлари суннатга мувофиқ ҳаёт кечирибгина қолмай, фарзандларининг ҳам ўзларига ўхшаган етук, ихлосли, илм-маърифат йўлида ҳамиша изланадиган, дин хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишишларига интилганлар. Ҳазратнинг фарзандларига, набираларига муносабатлари ҳам суннатга мувофиқ эди. Уларни ҳеч қачон урмаганлар, қаттиқ гапирмаганлар. Уларга нисбатан энг катта жазолари гапирмай қўйиш бўлган, холос. Ўғлимиз Исмоилжонни кичиклик пайтида «тойчоқ» деб эркалар эдилар. Қизларига нисбатан ҳам жуда латиф муомалада бўлардилар. Уларни эъзозлаб, алоҳида эътибор берардилар. Одинахон туғилганида Ливияда таҳсилда эдилар. Бу хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлибдилар ва ўша ердаги талабаларга дарров ақийқа қилиб берибдилар. Жажжи чақалоққа атаб мактуб ҳам йўллаганлар. Кенжа қизлари Оминахон туғилганида ҳам ниҳоятда хурсанд бўлганлар ва катта ақийқа қилиб берганлар.

Ҳазрат фарзандларининг таҳсил олишлари учун бор имкониятни ишга солардилар. Бирор ердан совға-салом билан қайтадиган бўлсалар, суннатга мувофиқ совға беришни қизларидан бошлардилар. Келинларини ҳам қизлари қаторида кўрардилар. Ҳозир у кишининг саккиз нафар набиралари бор. Шайх ҳазратлари ҳар гал набира кўрганларида дарров шукр саждасини қилардилар. У киши ҳамма набираларини баробар кўрар, барчасини кўз қувончим, деб билардилар. Кунда ҳаммаси билан кўришиб, ўқишлари ва ишларидан хабардор бўлиб турардилар. Қиз набираларига кўпроқ эҳтимом кўрсатардилар. Набираларига бўлган муносабатлари кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан, Ҳусайн ва Умомаларга бўлган муносабатларини ёдга солади.

 Оталари Муҳаммад Юсуф фарзандларининг таҳсили ва маънавий камолоти ҳақида қанчалар жон куйдирган, қайғурган бўлсалар, Ҳазрат ҳам ота изидан бориб, фарзандларини солиҳ, Аллоҳга ихлосли, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашувчи комил инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида саъй-ҳаракат қилганлар. Улар ҳам Ҳазрат орзу қилганидай дин фидойилари бўлиб етишишди. Ёлғиз ўғлимиз Исмоил талабаликдан сўнг ҳамиша Ҳазратнинг ёнларида, у кишига чин ихлос билан хизматда бўлди. Шайх ҳазратларига тегишли барча фаолиятлар – китоб нашри, медиа ва сайт хизмати, таълим марказлари ва бошқа ишлардаги асосий юк унинг зиммасига тушди. Исмоил 2004-2007 йиллари фаолият олиб борган «Маърифат медиа», кейинроқ «Семурғ-медиа» жамиятларини очиб, Ҳазратнинг китобларини нашр қилиш, аудио ва видео дискларини чиқариш ва халққа етказиш билан шуғулланди. 2008 йили унинг саъй-ҳаракатлари билан тил ўргатишга ихтисослашган «Гранд таълим» хусусий таълим маркази очилди. Бу билимгоҳда бугун юзлаб илм шайдолари таълим олмоқда. Исмоилнинг ташаббуси билан 2011 йили «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётига асос солинди ва у ҳозирда мамлакатдаги кўзга кўринган нашриётлардан бирига айланди. Нашриётда чоп этилган бир неча китоблар республика танловларида фахрли ўринларни олди. Унда асосан Шайх ҳазратларининг китоблари, бошқа илмий-маърифий ва оммабоп китоблар, дарсликлар босиб чиқарилмоқда. Исмоил ноширлик ва ташкилотчилик фаолиятларидан ташқари илмий изланишлар билан ҳам машғул. У оталаридан тинимсиз дарс олиш баробарида у зотдан «Тафсири Насафий» ва «Саҳиҳи Бухорий»дан ижоза ҳам олган, «Олтин силсила» таржимонларидан бири ҳамдир. Шайх ҳазратлари жуда кўп масалаларда ўғиллари билан маслаҳат қилардилар. Ҳар куни унга қилинажак ишларни топширар, кечқурун эса бунинг ҳисоботини сўрардилар. Исмоилжонга турли нуфузли хизматлар таклиф қилинганда ҳам: «Мен ўзимни Ҳазратга, у кишининг хизматларига бағишлаганман», деб кўнмаган. У ҳам ўзига хос истеъдод эгаси, аммо ўзини ошкор қилишни истамайдиган табиати бор. Мен уни «Ҳазратнинг соялари» дейман.

 Катта қизимиз Одинахон ҳам ота изидан бориб, 2000 йили Ливиянинг Триполи шаҳридаги Исломий даъват куллиясининг бакалавр даражасини қўлга киритди. 2007 ва 2009 йилларда Мисрга бориб, қироат илмидан билимини такомиллаштирди. Имом Осим қироатидан Ҳафс ва Шуъба ривоятлари асосида, Варшнинг Имом Нофеъдан қилган ривояти бўйича ижоза олишга муваффақ бўлди. У 2007 йили Хадичаи Кубро хотин-қизлар мадрасасида мударриса этиб тайинланди ва ҳозирга қадар шу ерда устозлик қилиб келмоқда. Одинахон падари бузруквори Шайх ҳазратларидан ҳам таълим олган. «Саҳиҳи Бухорий»дан ижозаси бор. «Олтин силсила» туркумидаги ҳадис китобларининг таржимасида фаол иштирок этиб, қиблагоҳининг таҳсину дуоларига сазовор бўлган. «Ислом.уз» сайтига аёллар мавзуидаги турли мақолалар билан мунтазам қатнашган Одинахон кейинчалик ўзи мустақил «Муслимаат.уз» сайтини ташкил қилди. Ушбу сайтда аёлларнинг дин, ахлоқ ва ижтимоий ҳаётдаги фаолиятлари, уларни қизиқтирган саволлар мавзуида кўплаб мақола ва хабарлар эълон қилинмоқда. Одинахон ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида аёл-қизлар учун «Омина» интернет журнали чиқа бошлади ва у тез орада мухлислар эътиборини қозонди. Одинахон оталарига ўхшаб китоблар таълиф қилиш билан ҳам шуғулланмоқда. Унинг сал олдинроқ нашр қилинган Қуръони Карим қироатига оид «Муфассал тажвид китоби» мухлисларга ниҳоятда манзур бўлди. Ҳозир у аёллар фиқҳи, қизлар тарбиясига бағишланган янги китоблар устида иш олиб бормоқда. Кенжа қизимиз Оминахон ҳам илм талабида. Унинг орзу-мақсади ҳам шундай отанинг муносиб қизи сифатида аёл-қизларга маърифат тарқатишдир.

Хотира китобидан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суфён ибн Уяйнадан Муҳаммад ибн Маймун Маккий ривоят қилганлар .Иброҳим ибн Адҳамга .Уйлансангиз бўлмайдими, ndash дейилганда, у киши .Нафсим зўрлик қилмаганида, давоми...

956 11:48 / 15 декабрь
Усмонхон Алимов,Ўзбекистон мусулмонлариидораси раиси, муфтийШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ислом олий маъҳадида проректор ва ректор бўлган пайтлари бизга давоми...

5050 02:02 / 28.04.2018
Шайх Муҳаммад Аввома Шайх Имом Зоҳид алКавсарийга алоқадор ҳар қандай саволга жавоб беришим мумкинАҳли сунна ва жамоа мактабининг энг забардаст тамсилчиси давоми...

4946 21:05 / 13.04.2018
Шайх, имом, кўзга кўринган аллома, ҳофиз, дин юлдузи, қозилар қозиси Абул Аббос Аҳмад ибн имом Шаҳобиддин Муҳаммад ибн Халаф ибн Рожиҳ ибн Билол Мақдисий Солиҳий давоми...

1678 11:00 / 15.11.2020