1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Бир ҳадис олимининг илм йўлидаги сафари (4-қисм)

17:42 / 11.01.2018 3596 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбати)

Р. Шантурк: Докторлик ишингиз қандай мавзуда эди? Ушбу мавзуни танлашдан бирор аниқ мақсадингиз бормиди?

Аъзамий: Яхши савол бўлди. Покистонда “Покистон Исломий давлатми ёки дин ва давлат бир-бирининг ишига аралашмайдиган мамлакат бўладими?” мавзусида баҳс кетаётган эди. Ўша даврда тортишилаётган яна бир муҳим масала суннатнинг қимматига оид эди. Мавлоно Шайх Абул Аъло Мавдудий раҳматуллоҳи алайҳ ибодатларда суннатнинг муҳимлигини ифодалаган “Суннат айни Ҳайсиятдир” номли китобини ёзди. Айни вақтда суннат билан боғлиқ саволлар Мисрда баҳс мавзуси эди. Маҳмуд Абу Раййо ҳам Мисрда суннат ҳақида иккита китоб ёзди. Ушбу масала борасида китоб ёзган кишиларнинг суннат ҳақида на бирор яхши фикрлари, на билимлари, на бевосита боғлиқликлари бор эди. Улар суннатга эргашувчи инсонларнинг эскича фикрловчи эканликларини, дунёдан, ривожланишдан орқада қолганликларини, илмнинг қай даражада тараққий этганининг фарқига боролмасликларини ҳамда уни қандай эгаллашни ҳам билмасликларини иддао қилишар эди. Шу тахлит замонавий билимлар қандай қилиб тадқиқ қилиниши лозимлиги борасида дам уришарди. Ушбу тортишмалар сабаб зеҳнимда кутилмаган бир чақин чақнади ва ўз-ўзимдан: “Нима учун ғарбдаги университетдан туриб ҳадис ҳақида бирор нарса ёзмаяпман?” дея сўрадим. Ушбу орқали уларнинг: “Бу борада ёзадиганларнинг ҳаммаси мулла, улар замонавий фикрлашни билмайдилар!” деган ноҳақ иддаоларига ҳам нуқта қўйган бўлар эдим.

Р. Шантурк: Демак, айнан шу нарса сизнинг ушбу мавзуни танлашингизга кучли туртки бўлган?..  

Аъзамий: Ҳа. Ақлимга дастлаб келган фикр, Англия университетига бориш ва ушбу мавзуни ёритиш эди. Юз фоиз ушбу мавзуда ёза олишимга, фикрларимни исботлай олишимга ишончим комил эди. Бу эса айни вақтда ушбу мунозара майдонида ўртага чиққан: “Сен илм эгаси эмассан, бу мавзуларнинг замонавий воситалар билан қандай талқин қилинишини билмайсан!” сингари иддаоларга ҳам чек қўяр эди. Шундай қилиб у ерга бордим. Агар мана шу танқид бўлмаганида эди, докторлик ёқлаш хусусида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлардим. Докторлик иши, аммо суннатга хизмат қилувчи докторлик! Ҳа, асосий мақсад айнан шу эди. Аллоҳга ҳамд бўлсин, ниҳоят буни уддаладим. Агар Арберрийнинг сўзини ўқиганингизда эди...   

Р. Шантурк: Арберрий дессертациянгиз ҳайъати аъзосимиди?

Аъзамий: Ҳар иккиси. Яъни у дастлаб менинг докторлик ишимда устозим эди. Кейин Сержеант унга: “Аъзамийни менга бер?” деди. Сержеантга жуда қўпол бир мактуб ёздим. Мактубда бу алишувнинг баъзи кўнгилсизликлар ҳосил қилишига доир гаплар ёзилган эди. У эса: “Муаммоларни ўзим ҳал қила оламан”, деди. Чунки менинг у билан ишлашимни хоҳлар эди.

Р. Шантурк: Нега?

Аъзамий: Билмайман, негалигини ўзидан сўранг. Эҳтимол, у мени ҳадис муаммоси билан таъсирлантириб, шу йўл билан мағлуб қилишни ўйлагандир? Аммо ўзи: “Аъзамий ҳамма томонлама яхши, лекин ўта қайсар – битта фикрни ушлаб олса, тамом, ундан воз кечдиролмайсан”, деган эди.

РШантурк: Диссертациянгизда нимани исботлашга ва нимага эришишга уриндингиз?  

Аъзамий: Иддаолардан бири ҳадиснинг анча кейин ёзилгани, инсон хотирасининг заифлиги туфайли ҳадисга ишониб бўлмаслиги, ишончли бўлмаган манбага эса таяниб бўлмаслиги иддаоси эди. Мен эса бошқа бир хусусни исботлашга ҳаракат қилдим: Ҳадис ёзиб бориш шахсан Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидан бошланган. Ва ҳеч қандай эътирозга учрамасдан мунтазам давом этган. Ҳеч бир даврда умуман узилиб, тўхтаб қолмаган. Шу нарса бор эди, у ҳам бўлса, одамлар қачон ҳадис айтадиган бўлсалар: “Ҳаддасана” ҳамда “Ахбарона” дейишар, уларнинг китобларидан сўзлашмасди. Чунки уларнинг услубларига кўра инсонлараро алоқа муҳим эди. Яъни ўзаро мулоқот бўлмасдан, тўғридан-тўғри китобдан ўрганолмайсиз. Йўқса бунга “Суҳуфий” дейишар, бу эса заиф деб қабул қилинарди. Ҳадис илмида энг аҳамиятли нарса китоб билан эмас, ўзаро мулоқот орқалидир. Илмни китобдан эмас, шахсан, ишонарли ва тўғри илм эгасидан олишингиз керак.    

Р. Шантурк: Бу балки модерн ва анъанавий маданият ўртасидаги тафовутдан келиб чиқади. Чунки замонавий маданиятда одамлар китобларни, инсонлараро мулоқотдан кўра кўпроқ аҳамиятли, таъсирли деб ҳисоблайдилар. Яъни модерн таълимда талабалар устоз билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнига кўпроқ китоблар билан ишлайдилар.

Аъзамий: Фақатгина бу эмас, янаям муҳимроқ сабаб бор. Китоб оддий қоғоз парчасидан иборатдир. Китобдан ўқиб-ўрганган вақтингизда муаллифнинг ким эканини ҳамда унинг қандай бир шахс эканини дастлаб билолмайсиз. Аммо тирик инсондан, шайхингиздан, устозингиздан илм олганингизда эса уни яқиндан танийсиз, ким эканини биласиз. Ровийнинг асосий жиҳати: “Ан йакуна муслиман оқилан, болиған, ҳоолиян, (солиман/салиман) мин асбобил фисқи ва ҳаворимил мурўа”.
Демак, ровийда бўлиши лозим бўлган асосий хусусиятлар:

1. Мусулмон бўлиши керак.

2. Болиғ бўлиши керак.

3. Ҳар қандай ёмон характердан холи бўлиши керак.

Бу масаланинг бир томонидир. Бошқа жиҳати эса: “ан йакуна забитан” яъни дуруст ҳамда хотираси соғлом, мустаҳкам бўлиши керак. Китоб ўқиган пайтингизда эса ушбу сифатларнинг ҳеч биридан воқиф бўлмайсиз.

Р. Шантурк: Шу сабаб китобдан ровий бўлмайди.

Аъзамий: Йўқ, китоб ровий бўлолмайди. Катта бир китобни ўқитган вақтида буни китобга эмас, шахсан устозга бўлган ишонч туфайли ўқиймиз. Шу боис унинг бу ишда жавобгарлиги, масъулияти бор.

Р. Шантурк: Тушунарли. Шу сабаб китоб ровий бўлолмайди. 

Аъзамий: Ҳа. Ҳадис ёдлаш йўли билан етказилар эди. Аммо бундан олдин бир ҳалқа (босқич) бордир, у ҳам бўлса ҳадисларни китобдан ёдлаш босқичидир.  

Р. Шантурк: Бу хусусда китоб ёрдамчи бир воситадир, шундайми?

Аъзамий: Бу худди таровеҳ намозида ёддан тиловат қилган ҳофизнинг намоздан олдин Қуръонни такрорлашига ўхшайди. Суфёндан бир ҳадис сўралганида китобга қараши кераклигини, чунки анча вақтдан буён китобни такрорламаганини айтиб, то китобни такрор ўқимай туриб, ҳадис айтмас эди.  

Р. Шантурк: Фикрларингизга ғарб ҳамда мусулмон олимлардан қандай жавоб олдингиз? Сиз кутган натижа бўлдими?

Аъзамий: Иқтибос олганим бир қанча илм аҳлининг ёзганлари бугунгача асосан заифдир. Шарқшунослар эса буни қабул қилишмайди. Чунки исботлаб беришолмайди! Агар қабул қиладиган бўлишса, ёзганларини ўзгартиришга мажбур қоладилар!

Р. Шантурк: Нега қабул қилишмайди? Нима учун ўзгартиришмайди?

Аъзамий: Чунки улар ўз режаларига ва кун тартибларига кўра ёзадилар. Агар тан олишса, у ҳолда ишнинг “рангги” ўзгариб кетади!

Р. Шантурк: Кейинроқ “Куттаби Набий” (“Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг котиблари”) устида ишладингиз? 

Аъзамий: “Куттаби Набий” дессертациямдан кейинги илк ишим бўлган.

Р. Шантурк: “Куттаби Набий” устида ишлаш... Шундай мавзуда китоб ёзишнинг маълум сабаби бормиди?

Аъзамий: Сабаблардан бири шуки, инсонларнинг кўпчилиги, ҳатто яхши мусулмонларнинг ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом қандай қилиб давлатни бошқарганликларини билмасликлари эди. Бу борада мутлақо фикрга эга эмасликлари сабаб эди. Гўё Муҳаммад алайҳиссаломни бир дарвиш деб биламиз. Худди маълум тизимга асосланган юксак савияга эга бўлмагандек!.. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таржимаи ҳоллари билан танишганимизда котибларидан бирига: “Менга учинчи куни бўлган ҳамма нарсани эслат!” деганлар. Бу билан балки қилиниши лозим бўлган ишларнинг бажарилишини ёки бошқа бирор ишни мақсад қилгандирлар. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳар ойнинг учинчи кунини ва бу кунда бажарилиши лозим бўлган ишларни эслатиш ўша котибнинг вазифаси эди.   

Р. Шантурк: Нечта котиб бўлганини ўргандингиз?

Аъзамий: Олтмиш (60)дан ортиқ котиб ёзиб боришганини ўргандим. Бундан келиб чиқиб, котиблари етмишга яқин бўлишган, деб ўйлайман.

Р. Шантурк: Бу илмий ишингиздан кейинги машҳур асарингиз – Жозеф Шахт (Schaht Joseph)га ёзган раддиянгиздир. Қайси сабаблар ушбу китобнинг ёзилишига туртки бўлди? 

Аъзамий: Йўқ, аслида бундан олдин арабча “Манҳажун-Нақд индал-муҳаддисин”ни ёздим.

Р. Шантурк: Ҳа, тўғри. Бу китобни нима мақсадда ёздингиз?

Аъзамий: Зеҳнимдаги энг муҳим савол шу эди: Ибн Моин ва Бухорий сингари муҳаддислар “бу ҳадис заиф” ёки “бу ҳадис саҳиҳ” деганларида, нимага асосланишган эди, ёинки бунинг ўзига хос белгилари бормиди? Ушбу тадқиқотим натижасида тафаккур уфқимни тамоман ёритган бир ҳақиқат билан юзлашдим. Бугун ҳалиям ундан афзали топилмаганининг ва то бугунга қадар қўлланилган услубларнинг энг фойдалиси эканининг гувоҳи бўлдим. Маккада магистр талабаларимга ушбу мавзу борасида бир неча конференция ўтказдим. Ва уларга: “Бир қанча Ислом олимларининг ҳажга боришлари жиҳатидан Макка ниҳоятда баракали ердир. Албатта, у ерга боринг ва Маккага келувчи олимлардан: “Ҳадисларни талқин этишда муҳаддислар қайси услубларни қўллашган?” деб сўранг, дер эдим. Натижа шу бўлдики, ҳеч бирларининг ушбу мавзу борасида тушунмаган саволлари қолмади!

 

(Давоми бор) 

Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
80 ёшимдаги илмга бўлган қизиқишим 20 ёшимдагидан кўра кучлироқ эди.Ҳофиз ибн Ражабнинг .Зайлу табақатул ҳанобила, китобидан буюк қори, фақиҳ, усул олими, воиз, давоми...

2467 17:00 / 14.02.2021
Муҳаммад Мустафо Аъзамий билан профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбатиДевбанд Ҳиндистон, Азҳар Миср, Кэмбридж Англия давлатларига илм талабида сафар қилган давоми...

4861 23:02 / 27.12.2017
Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳақида «Тарихи Бағдод» ва бошқа китобларда қуйидаги маълумотлар келтирилган«Рамазон ойининг биринчи кечаси имом Бухорийнинг давоми...

4550 16:49 / 01.06.2018
Шайх Абу Ғудда деярли барча мавзуда устози Кавсарий билан ҳамфикр бўлган. Лекин Ибн Таймия борасида бошқача муносабатда бўлгани маълум. Кавсарий Ибн Таймияни давоми...

7229 13:59 / 01.05.2018