1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Имом Табарий: Қирқ йил давомида кунига қирқ варақдан асар ёзган олим

16:01 / 16.12.2020 3634 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дея марҳамат қилганлар.

Ҳадиси шарифда таърифи келган ана шундай йўлчи юлдузлардан бири билан қисқача танишсак.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг тафсир китоблари ичида энг мўътабарларидан саналувчи «Тафсири Табарий» асари ва «Мусулмон тарихчилигининг отаси» унвонига сазовор этган «Тарихи Табарий» номи билан машҳур асарлари орқали танимаган илм толиблари кам топилади.

839 йилда ҳозирги Эроннинг тарихий вилояти Табаристон таваллуд топган Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёшлиги ҳақида сўзлаб: «Етти ёшимда Қуръони Каримни ёд олдим. Саккиз ёшга тўлганимда, таровеҳ намозларида инсонларга намоз ўқиб берар эдим. Тўққиз ёшга тўлганимда эса, ҳадис ёза бошладим» деган эканлар.

Бўлажак олим 12 ёшида илм йўлида сафар қилган. Кўплаб илм марказларида бўлиб, таниқли уламолардан дарс олган.

Бир неча йиллик илмий сафарлардан сўнг 870 йили Мисрдан Бағдодга келган олим кейинги 50 йиллик ҳаёти давомида ўта баракали ва сермазмун илмий фаолият олиб борган.

Ўзини бутунлай таълим ва илмга бағишлагани сабабидан замондошлари ва кейинги авлодларнинг юксак эътирофи ва таҳсинига сазовор бўлган.

Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида шундай ёзади: «Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари, ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди».

Имом Табарий юксак эътирофларга сабаб бўлган «Тафсир»ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган. Хатиб Бағдодий шундай дейди: «Али ибн Убайдуллоҳ Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан асар ёзган».

Табарий тарих, фиқҳ ва тафсир ва қироат илмларидан ташқари араб шеърияти, наҳв, математика ва тиббиёт илмларини ҳам яхши ўзлаштирган. У зот вақтини жуда ҳам тартибли равишда илм олиш ва таълим беришга тақсимлаб, шунга қатъий амал қилган.

Хатиб Бағдодий ривоят қилади: «Абу Жаъфар Табарий бир куни ўз шогирдларига айтди: «Тафсир ўқишни ҳохлайсизларми, ёзиб берайми?»-деди. Улар: «Қанча варақ бўлади?» –деб сўрашди. У киши: «Ўттиз минг саҳифа бўлса керак…» - деб, жавоб берди. Шунда шогирдлари: «Китобни охирига етмасдан умримиз тугаб қолади-ку!» -деб, жавоб бердилар. Сўнг Абу Жаъфар Табарий китобни уч минг саҳифага қисқартириб, таълиф қилди.

Сўнгра шогирдларидан: «Одам алайҳиссаломдан бизнинг вақтмизгача бўлган олам тарихини ёзиб берайми»-деб, сўради. Улар: «Неча саҳифа бўлади?»-деб, сўрашди. Абу Жаъфар тафсир китобининг ададича миқдорни айтган эди, шогирдлари ҳам худди ўшандай жавоб қайтаришди. Шунда Абу Жаъфар: «Инна лиллаҳи! Одамларда ҳиммат камайиб кетибди.» –деб, тафсирни қисқартирган миқдорда қисқартириб ёзди».

Муфассир, фақиҳ, муҳаддис ва тарихчи олим ибн Жарир Табарий 86 ёшида Бағдодда вафот этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос», (Имом Термизий ривояти) деган муборак сўзлари ҳаётининг сўнгигача ўзини илмга бағишлаган олимлар ҳақида айтилган бўлса керак, Валлоҳу аълам.

Манбалар асосида Бобур Аҳмад тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурраҳмон ибн Абу Ҳотим айтганлар .Муслим ndash ҳофиз, сиқа. Райда у кишидан ҳадис ёзиб олганман. Отамдан у киши ҳақларида сўралганда, .Садуқ,, ndash деганлар,. Ҳофиз давоми...

1222 15:20 / 12 февраль
Таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров Шоший 1939 йилнинг 15 май куни Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом даҳасида туғилди. Талабалик йиллариbull19571961 йиллар ndash Бухородаги Мир давоми...

1748 23:00 / 02 май
Имом, пешво, қорилар устози, шайхулислом Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон Асбаҳоний Найсобурий. .АлҒоя фил қироат, китобининг муаллифи.295 йилда таваллуд давоми...

1703 15:30 / 06.09.2020
Моликий мазҳаб асосчилари, Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий 93 ҳ.санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

9081 21:53 / 27.04.2017
Аудиолар

210827 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130090 14:35 / 11.08.2021