1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (7-қисм)

20:42 / 21.04.2018 4058 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саккизинчи зарар: қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиш.

Чунончи, бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис юқорида зикр этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дунёда ўз биродарининг гўштини еган кишига қиёмат куни (ҳам унинг гўшти) яқинлаштирилади ва унга: «Буни тириклигида еганингдек, ўликлигида ҳам егин», дейилади. Бас, у юзи буришиб, қичқирган ҳолда уни ейди».[1]

Тўққизинчи зарар: қиёмат кунида ўз гўштини ейиш.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож воқеасини баён қила туриб, шундай дедилар: «Меърожга чиққанимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг ёнбошларидан гўштлари кесиб олиниб, оғизларига солинар ва: «Биродарларинг гўштидан еганингиз учун буни енглар», дейилар эди. «Эй Жаброил, булар кимлар?» десам, Жаброил: «Булар умматингизнинг ҳаммоз ва ламмозлари, яъни ғийбатчилари», дедилар».[2]

Ўнинчи зарар: қиёмат кунида ўз баданини тирноқлари билан тирнаш.

«Сунани Абу Довуд»да ривоят қилинган мана бу ҳадис юқорида ҳам ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Меърожга чиққанимда тирноқлари мисдан бўлган бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Улар юзлари ва кўксиларини (тирноқлари билан) тимдалашар эди. «Эй Жаброил, булар кимлар?» деб сўрадим. У: «Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг обрўсини тўкадиганлар», деб жавоб бердилар».[3]

Ўн биринчи зарар: жаҳаннамда қичимага дучор бўлиш.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинади: «Жаҳаннам аҳлининг баданини қичима қоплайди. Улар тинмай қашланишади, ҳатто баъзиларининг (қашланавериб) териси шилиниб тушиб, суяги кўриниб қолади. Унга: «Бу сенга азият беряптими?» деб нидо қилинса, у «Ҳа» деб жавоб беради. Нидо қилувчи: «Бу (жазо) мўминларга озор берганинг эвазига», дейди». Бу хабар ҳам юқорида ўтди.

Ўн иккинчи зарар: жаннатга ҳаммадан кейин, жаҳаннамга эса ҳаммадан илгари кириш.

Ғийбатчи одам ўзининг бу ярамас ишидан тавба қилиб вафот этса, жаннатга ҳаммадан кейин киради. Агар тавба қилмасдан вафот этса, жаҳаннамга ҳаммадан олдин киради. Чунончи, юқорида Каъбул Аҳбор раҳимаҳуллоҳдан мана шу мазмундаги хабар келтирилди.

Ҳикоя. «Равзатул воизин»да Мулло Мискин Ҳаравий шундай ёзади: «Ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифаларида: «Эй Одам боласи! Ғийбатни тарк эт. Шунда жаннат сенга муштоқ бўлади», деб ёзилган».

 

«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб», 4294-ҳадис.

[2] «Танбеҳул ғофилин», 206-ҳадис.

[3] «Сунани Абу Довуд», 4878-ҳадис.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

4886 13:51 / 02.03.2018
Олтинчи зарар ҳисобкитобнинг қаттиқ бўлиши.Ривоят. Али розияллоҳу анҳу айтдилар .Ҳашр куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўн иккита манзил бўлади. Ҳар бир манзилда давоми...

4229 21:14 / 18.04.2018
Аллоҳ таоло учун ғийбaтни тaрк этган киши улуғ мaртaбaлaргa эришaди. Қуйида ғийбaтни тaрк этиш ва тилни oдaмлaр шикoятидaн тийишдаги фойдаларни санаб ўтамиз.Биринчи фoйдa давоми...

4192 22:34 / 01.05.2018
.Мени ёд этингиз, мен ҳам сизларни ёд этаманhellip,Бақара сураси, 15 оят.Аллоҳ таолонинг дини шарафланган жой ва маконда осойишталик, хотиржамлик ҳукм суради. Муҳаббат давоми...

5313 14:34 / 12.08.2017