1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нур, басийрат ва қалбнинг иши

17:48 / 29.07.2017 4278 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир.

– Нур – инсоннинг миясига урадиган, Аллоҳ таоло томонидан берилган ёруғлик бўлиб, у ила нарсаларни идрок қилиш ва англаб етиш содир бўлади.

– Басийрат – қалб кўзи – Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган қарор қабул қилиш қобилияти.

– Қалб – инсон вужудидаги ундовчи, қайтарувчи, улуғловчи каби ҳис-туйғулар маркази.

Ушбу уч нарса – нур, басийра ва қалб Аллоҳ таоло инсонга берган ва уни инсон қилиб турган улуғ неъматлардир.

– Кашф – равшанлаштириш, ноаниқликни кетказиш.

Ушбу маъноларнинг барчаси «ақл» сўзига бориб тақалади. Ақл инсоннинг илм ва маърифат ҳосил қилиш воситасидир. Ақл нима ўзи?

Табиий илмлар бўйича мутахассислар: «Ақл миянинг олиб борадиган вазифасидир. Мия эса инсон вужудидаги ўта мураккаб тизим бўлиб, ўта нозик ҳужайралар тўқималари асосида фаолият юритади», дейишади.

Аллоҳ таолога мўмин бўлган уламолар эса: «Ақл мияга йўналган сир бўлиб, уни ёритади ва натижада идрок қилиш фаолияти содир бўлади», дейишади. Ақлнинг вазифаси бўлмиш идрок миянинг ичидан ёки унинг ҳужайраларидан чиқмайди. Бу нарсани мусулмон уламолар сир деб атайдилар. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи эса буни «нур» деб атамоқда.

Демак, ушбу ҳикматда «нур» деб аталган нарсадан мурод ақлдир. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи айтганидек:

 «Нурнинг иши кашф қилишдир».

Яъни ақл илм ва маърифат ҳосил қилиш орқали ўз эгасига идрок қилинган нарсаларнинг моҳиятини кашф қилиб беради, ноаниқ нарсаларни аниқлаб беради. Ҳақнинг ҳақлигини, ботилнинг ботиллигини равшанлаштиради.

«Басийратнинг иши ҳукм қилишдир».

Яъни қалб кўзи – Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган қарор қабул қилиш қобилияти ақлдан олинган маълумотлар самараси бўлган ақийда, ишонч, ибрат, ҳужжат ва далиллар асосида қарор қабул қилади, ҳукм чиқаради.

Худди шу нарса – истаган нарсаси бўйича қарор қабул қилиш ихтиёри ва қабул қилинган қарорга юзланиш содир бўлиши инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган имтиёздир. Инсондан бошқа жонзотлар ҳар қанча заковатли бўлса ҳам, инстинкт – туғма ҳиссиёт ила ҳаракат қилади. Уларда ўзларидаги маълумот асосида қарор қабул қилиш қобилияти йўқ. Инсон эса юқорида айтилган воситалар ва услуб ила қарор қабул қилиш имконига Аллоҳ таоло томонидан сазовор қилингандир.

Аллоҳ таоло Шамс сурасида марҳамат қилади:

«Ва нафс билан ва унинг бекаму кўст қилиниши билан қасам» (7-оят).

Аллоҳ таоло инсон нафсини ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб яратган. Унда ақл, басийра ва қалб яратган.

«Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди» (8-оят).

Яъни Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нима-ю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди: яхши нима, ёмон нима; иймон нима, куфр нима; савоб нима, гуноҳ нима; ҳидоят нима, залолат нима – ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.

Аллоҳ таоло Инсон сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» (2-оят).

Бу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло инсонни беҳудадан-беҳудага яратган эмас. Балки синов учун яратган. Ислом шариати аҳкомларига амал қиладими, йўқми? Унинг бошига ўз Робби тарафидан турли мусибатлар етганида сабр қиладими, йўқми? Демак, бу дунёда инсоннинг ҳар бир қадами назоратда, ҳар бир куни синовдир, лекин бандаси буни тушунмайди.

Инсонни имтиҳон қилиб, синаб кўриш унга ато қилинган ақли ва идрокига асослангандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонга идрок қилсин, фикр юритсин, эшитсин ва англасин деб, эшитиш ва кўриш қобилиятини берди. Эшитиш ва кўриш қобилиятлари ўзини англаган ҳар бир инсон учун улкан неъматдир. Лекин фақат эшитиш, кўриш ёки идрок қилишнинг ўзи кифоя эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳидоят ва залолат йўлларини аниқлаб берган. Бу биз гуноҳкор бандаларнинг залолат ботқоғида ботиб ётавермаслигимиз, балки маърифат, ҳидоят ва илмга интилишимиз, шу йўл билангина Аллоҳ таолонинг ризолигини топишимиз учун тенги йўқ кўрсатмадир.

«Албатта, Биз унга йўл кўрсатдик. (У эса) ёки шукр қилувчи, ёки куфр келтирувчи бўлди» (3-оят).

Яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасидан пайғамбарлар етиштириш воситаси билан шариатлар юбориб, Ўзининг қонун-қоидаларида инсонларга яхшилик ва ёмонликни, тўғри ва нотўғри йўлни, савоб ва гуноҳни – ҳамма-ҳаммасини атрофлича баён этди. Сўнгра инсонга хоҳлаган кўйда юриш учун ихтиёр берди. Қудрати етса-да, уни жиловлаб қўймади.

Кейин эса навбат қалбга келади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг айтишича:

«Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир».

Мана шу жойда қалбнинг тарбия топгани ёки топмагани, покизалиги ёки кирлиги, Аллоҳ таолога юзлангани ёки юзланмагани, илоҳий таълимотлардан баҳра олгани ёки олмагани иш беради.

Қайси бир қалбнинг эгаси Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган бўлса, ҳавойи нафсини жиловлаб, унга қарши жидду жаҳд олиб борган бўлса, яхши оқибатга сазовор бўлади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчилар биландир» (69-оят).

Аллоҳнинг йўлида бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат қилганларни Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга бошлаб туради. Яхши амалларни қилганларни ёлғиз қўймай, Ўзи улар билан бирга бўлади.

Бу борада, айниқса, банда Аллоҳ таоло азза ва жалланинг зикрини кўп қилишда бардавом бўлиши улкан маъно касб этади.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши(қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур)ми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар» (22-оят).

Ушбу ояти каримада мўмин қалб билан кофир қалбнинг орасидаги фарқ очиқ-ойдин баён қилинади.

«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши(қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур)ми?!»

Албатта, Аллоҳ таоло кимнинг қалбини Исломга кенг очиб қўйса, ўша одамнинг қалби илоҳий нур ила тўлади, яъни унинг қалби тўла нур бўлади. Ўша нурли қалб ўз ҳаёт йўлини ҳам Ислом нури билан ёритади. Ҳар бир ишида, ҳар бир тасарруфида унга тўғри йўл кўрсатиб туради.

«Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин!»

Улар Аллоҳни зикр қила олмайдилар. Чунки қалблари тош бўлиб қотиб қолган. Қотган тош ичини нур ёритмайди. Уларнинг қалбига Ислом нури ҳам, иймон нури ҳам кирмайди. Аллоҳнинг зикри нури кирмайди. Ана ўшаларга вой бўлмай, кимнинг ҳолига вой бўлсин?!

«Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар».

Очиқ-ойдин адашувдадирлар. Уларнинг йўлини ёритадиган нурлари йўқ. Шунинг учун ҳам қоронғида адашиб, ҳалокат йўлига юриб кетадилар. Оқибатда ҳолларига вой бўлади.

Аллоҳ таолонинг зикридан мосуво бўлганларнинг ишлари ҳақиқатда ҳам оғир бўлади. Бу маънони Қуръони Карим қайта-қайта таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«...Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма» (28-оят).

Бизнинг зикримиздан ғофил юрганларга, агарки улар катта мансабдор, ҳасабию насаби юқори, бой-бадавлат, кучли-бақувват бўлсалар ҳам итоат қилма. Чунки Аллоҳнинг зикридан ғофил одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳга бўйсунмай, ҳавойи нафсининг йўлига юрганларга итоат қилма. Чунки Аллоҳнинг йўлини қўйиб, ҳавойи нафсига берилиб кетганлар яхшиликни билмайди.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида марҳамат қилади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (124-оят).

Қайси бир инсон Аллоҳни унутса, Уни эсламаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи қилади. Аввало, ундай одам бу дунёда танглик-торликда ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли, ўзи тўйса ҳам кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишидан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз».

Бу ҳам дунё ҳаётида қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганлигини тушуна олмайди.

«У: «Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!» деди» (125-оят).

Бу дунёда Аллоҳнинг зикридан юз ўгириб, У Зотни унутиб, У Зотнинг Робб эканини тан олмай юрган нобакор қиёматда кўр ҳолида тирилтирилганда, Аллоҳни зикр қилиб, У Зотнинг Робб эканини тан олиб:

«Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!» деди».

У ўзича, бу дунёда қандай ҳолда ўтган бўлса, у дунёда ҳам шундай ўтишини хаёл қилар эди. Шунинг учун у Аллоҳдан: «Нима учун кўр ҳолда тирилтирилдим?» – деб сўрамоқда.

Аллоҳ таоло унга қуйидаги жавобни берди.

«У Зот: «Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса уларни унутдинг. Шунингдек, сен ҳам бугун унутилурсан», деди» (126-оят).

Эй бандаи кофир, ишлар шундай. Сенга у дунёда, кўзинг очиқ пайтда иймонга далолат қилувчи оятларимиз келди. Аммо сен уларни кўриб, кўрмасликка олдинг. Сен уларни унутдинг. Иймонга келмай, кофирликда ўтдинг. Мана энди, бугун қиёмат кунида оятларимизни кўриб, кўрмасликка олганинг жазосига кўр этиб тирилтирилдинг. У дунёда Бизнинг оятларимизни унутганинг учун, бугун сен ҳам унутиласан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Ийқозул ҳимам фи шарҳил ҳикам» номли китобнинг муаллифи раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини сўзма-сўз такрорлашимиз керак бўлади:

«Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир».

Нурнинг қиладиган иши ишларни кашф қилишдир. Уларнинг яхшиси ва ёмонини равшанлаштиришдир. Очиқ қалб кўзининг иши эса яхшини яхши деб, ёмонни ёмон деб ҳукм чиқаришдир. Қалб эса яхшилиги собит бўлган нарса томон олға юриш ва ёмонлиги собит бўлган нарсадан чекинишдир. Бошқача қилиб айтганда, ўзига нафи бор нарса томон олға юради ва ўзига зарари бор нарсадан чекинади. Бунга ичида тилла ва кумуш ёмбилари ҳамда илон ва чаёнлар бор қоп-қоронғи уйга кирган одамни мисол келтириш мумкин. У нимани олишни ҳам, нимани қўйишни ҳам, нима фойда, нима зарарлигини ҳам билмайди. Агар у ерга чироқ олиб кирса, нима наф беришини, нима зарарли эканини ҳамда нимадан омонда бўлиш кераклигини ва нимадан эҳтиёт бўлиш лозимлигини билиб олади. Худди шунга ўхшаб, осий мўминнинг қалби маъсият аччиғи билан тоат ҳаловати орасидаги фарқни ажрата билмайди. Қачон у тақво нури ила зиёланса, ўзига нима фойдали, нима зарарли эканини билади, ҳақ ва ботилнинг фарқини англайди. Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради», деган (Анфол сураси, 29-оят).

Яъни ҳақ билан ботилни фарқловчи нур беради...

Аллоҳ таоло барчаларимизни зокир бандаларидан, қалби пок бандаларидан, икки дунёнинг саодатига сазовор бўладиган бандаларидан қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди. Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди.Кўзимизга кўриниб турган давоми...

4210 20:26 / 09.09.2017
Тоатинг У Зотга манфаат бермас. Маъсиятинг У Зотга зарар етказмас. Фақатгина ўзингга қайтадиган фойда учун У Зот сени унисига амр этди ва бунисидан қайтарди.Ибн давоми...

4436 00:10 / 20.11.2017
Агар яқийн нури сенга порласа, албатта, охиратни унга кўчиб ўтганингдан кўра ўзингга яқинроқ кўрасан. Шунингдек, албатта, дунёнинг гўзалликлари унинг устидаги давоми...

3693 20:31 / 18.03.2018
Тоатинг мукофотига У Зот сени унга аҳл дея рози бўлишининг ўзи кифоядир.Подшоҳ фақатгина Ўзи икром кўрсатишни истаган шахснигина қабулига чақиради ва улуғлашни давоми...

3813 10:14 / 04.12.2017