1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (11-қисм)

15:10 / 23.03.2018 3793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.

Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар анжомларини тайёрлайди, ўзи билан сафар озуқасини олади. Худди шунингдек, тез кунда дунёдан охират томон сафар қилишини, ўлим фариштасига дуч келишини билган киши ўзи билан озуқасини олиши, ҳар доим ўлим учун тайёр туриши керак. Шунда кутилмаганда Азроил ўлимдан хабар бериб, жон олгани келиб қолса, «Нега сафар озуқасини тайёрламадим» деб надомат чекиб қолмайди. Фаридуддин Аттор раҳимаҳуллоҳ айтади:

Ба ғафлат мегузорий зиндагоний,

Дариғо гар чунин ғофил бимоний.

 

Назмий маъноси:

Умринг ўтар ғафлат билан, ҳолинг-ку танг,

Агар шундай ғофил қолсанг, сенга аттанг!

 

Насрий маъноси: Ҳаётингни ғафлат билан ўтказяпсан. Агар шундай ғофиллигингча қолсанг, сенга афсуслар бўлсин.

Бунга қуйидагича мисол келтирамиз. Айтайлик, ниҳоятда яхши ҳолатда, ҳар жиҳатдан хотиржамликда яшаб турган бир кишида қандайдир бир сабаб билан «Фалончи кутилмаганда келиб, мени кишанлаб, бир хонага қамаб қўйиб, қаттиқ азобласа, нима қиламан?» деган ташвиш пайдо бўлди. Бундай ташвишда турган одам лаззат ва маишатдан юз буради. Қўрққан одами келиб, кулфат етказмаслиги учун тайёргарлик кўради. Одамлар олдига бориб, илтимослар билан нажот сўраб, улар орасидан ўзига шафоатчи излайди. Худди шунга ўхшаб, ўлим фариштаси қўрқинчли суратда кутилмаганда келиб қолмасидан олдин, ҳар бир одам ўз ҳолига назар солиши, ҳар вақт ўлимга тайёр бўлиши, умрини Хожасига итоат этиш учун сарфлаши лозим. Азроил бошингга келиб турганда ҳамма шон-шавкатинг эсдан чиқиб кетади. Кейин минг азоб-уқубат билан жонинг тортиб олиниб, қоронғи қабрга қўйиласан. Қабрда ёлғиз ётганингда у ерда ҳам фаришталар намоён бўлади. Ҳар тарафдан турли азоблар қуршаб олади. Кишига на бир ҳимоячи, на бир дўст топилади. Бир ёқдан ер эзса, бошқа ёқдан ваҳшат ёпирилиб келади. Бир томонда чаён билан илон чақишга тайёр турса, иккинчи томонда фаришталар гурзи ушлаб туради.

5. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳни кўп зикр қил, шунда гуноҳлардан сақланасан.

Аллоҳ таолонинг зикри қалъага ўхшайди. Инсон ўз душманларидан қалъа туфайли ҳимоялангани каби, гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг зикри билан сақланади (Изоҳ тугади).

Насиҳат. Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Саҳобийлар бир-бирларини табассум билан қаршилар, йўқликларида ғийбат қилмасдилар, буни энг фазилатли амал деб, аксини эса мунофиқларнинг одати деб билар эдилар».[1]

Саҳобийлар йўлидан юрган киши жаннатга ҳақдор бўлади. Бу муборак йўлдан юз ўгирган киши эса дўзах йўлини танлаган бўлади.

Ҳикоя. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бадбўй шамол эсди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шамол мунофиқлар баъзи мусулмонларни ғийбат қилгани сабабидандир», дедилар.[2]

Эслатма. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ғийбат жуда кам содир бўлгани учун унинг бадбўй ҳиди одамларга ҳам билинар эди. Бу замонларда эса хосу омм, жоҳилу олим, фозилу золим эртаю кеч одамларнинг гўштини еб, айбларини очаверганидан, унинг нажосатлиги ва сассиқ ҳиди уларга сезилмаяпти. Бу худди ахлат тозаловчи киши бадбўй ҳидларни билмаганига ўхшайди. Зеро, унинг кундалик касби ўша. Бадбўй маконда яшаган киши ҳам одат бўлиб қолгани сабабли сассиқ ҳидни сезмайди. Шунинг учун ҳозирги замонда олимга ҳам, жоҳилга ҳам ғийбатнинг бадбўйлиги билинмаяпти. Жоҳиллар бирор олимнинг ўйин-кулги қилганини кўрса ёки зино қилганини эшитса, уни фосиқ деб билишади ҳамда унга бўлган муҳаббатлари йўқолади. Ниҳоятда таажжубга тушиб, уни бадном қиладилар. Бироқ ҳамиша ғийбат қилаётган уламоларни билатуриб ҳеч ким уларни бадном қилмайди, бирор киши уларга танбеҳ бермайди.

Уламолар жоҳилларга ваъз-насиҳат қиладилар, намоз, ҳаж аҳкомларини ўргатадилар, зино, хамр ичиш, судхўрлик каби ишларнинг ёмонлигини гапирадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар тўғрисида айтган ҳадисларини баён қиладилар, лекин ғийбатга тегишли масалалар ҳақида, унинг ҳаромлиги ҳақида индамайдилар. Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси шуки, ғийбат уларнинг наздида унчалик катта гуноҳ эмас, ўзларининг ҳам доим ғийбат қилавериши шунга далолат қилади. Иккинчиси шуки, олим киши одамларга ғийбат қилмаслик тўғрисида насиҳат қилса ёки ғийбат қилувчиларни уялтирса, эшитувчилар унинг ўзини бадном қилиб: «Фалончи олим одамларга ғийбат қилмаслик тўғрисида насиҳат қилади, лекин ўзи масжидда одамларнинг айбини очиб, уларни ғийбат қилади-ку», дейишади. Ғийбат тўғрисида гапирмасликларининг сабаби шудир.

Ҳикоя. Холид ибн Боб Рабаий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Жомеъ масжидда ўтирсам, одамлар бир кишини ғийбат қилишди. Мен уларни қайтарган эдим, улар тийилишди. Бироз вақт бошқа гапга машғул бўлгач, яна ўша ғийбатга қайтишди. Бу гал мен ҳам улар билан ғийбатга шерик бўлдим. Ўша кечаси тушимда қўлида чўчқа гўшти солинган товоқ кўтариб олган бўйи узун, қора танли бир кишини кўрдим. У менга: «Буни егин», деди. Мен: «Чўчқа гўштини ейманми? Аллоҳга қасамки, мен буни емайман», дедим. Шунда у менга қаттиқ дўқ уриб, «Бундан ёмонроқ нарсани единг-ку», деди. Сўнг ҳалиги гўштни оғзимга мажбурлаб тиққанида уйқудан уйғониб кетдим. Аллоҳга қасамки, ўттиз ёки қирқ кунгача ҳар таомланганимда ўша гўштнинг таъми ва бадбўйлиги оғзимда билинаверди».[3]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Хизонатур-ривоёт».

[3] «Танбеҳул ғофилийн»; бироз фарқли лафзлар билан «Шуъабул иймон»да 6287-рақам остида келган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

3914 22:05 / 09.04.2018
Қачон У Зотсенга умидворлик эшигини очмоғини ирода қилсанг, УЗотдан сенга бўлган нарсани мушоҳада қил. Қачон У Зотсенга хавф эшигини очмоғини ирода қилсанг, давоми...

2735 16:50 / 01.04.2018
Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Уларнинг бу суриштиришларидан танқид давоми...

3917 16:00 / 09.03.2018
Ким бандаларнинг сирларидан хабардор бўлсаю, илоҳий раҳматлар ила хулқланмаган бўлса, унинг хабардорлиги ўзига қарши фитнага ва ҳалокатнинг у томон тортилишига давоми...

3379 14:21 / 04.03.2018