1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Хавфу ражо эшикларининг очилиши (2-қисм)

16:56 / 01.04.2018 2371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Ҳайвонот олами – қуруқликдагиси бўлсин, сувдагиси бўлсин, ваҳшийси бўлсин, хонакиси бўлсин, ҳамма-ҳаммаси ўзидан паст босқичдаги жамодот ва наботот оламларидан фойдаланган ҳолда ўзидан юқоридаги инсоният оламига беминнат хизмат қилади.

Ҳайвонот олами ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади ва Унга бўйсунади. Ўз зиммасига қўйилган вазифаларни оғишмай бажаради: инсонга улов, озуқа, кийим бўлади ва ҳоказо. 

Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг олий босқичи, гултожи Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси – Инсондир. У ўзидан аввалги босқичдаги махлуқотларнинг барчасидан ўз манфаати йўлида фойдаланади. Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсонга хизматкор қилиб қўйган. Шундай бўлганидан кейин, инсоният Аллоҳ таолога иймон келтириб, мусулмон бўлиши лозимдир. Акс ҳолда ўзидан пастда бўлган ва ўзига беминнат хизматкор қилинган жамодот, наботот ва ҳайвонот оламларидан ҳам пастга тушиб қолади.

Ҳа, Аллоҳ таолонинг одам боласига берган нарсалари – неъматларини санаб, саноғига етиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир» (34-оят).

Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларини замон ҳам, макон ҳам, саноқ ҳам қамраб ола билмайди. Хўш, маълум замонда, маълум маконда яшайдиган, маълум илмга эга одамлар қандай қилиб уларни санай олади? Шундай бўлгач, барча инсонлар бу беҳисоб неъматлар учун ҳар доим ҳисобсиз шукрлар айтишлари керак эди. 

Юқорида келтирилган, Аллоҳ таоло бандага ато қилган нарсалар ва улардан бошқа нарсалар ҳақида ҳам тафаккур қилган ҳар бир банданинг Роббига бўлган ражоси – умидворлиги чексиз бўлиши кераклигида ҳеч қандай шак бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун банда Аллоҳ таоло унинг учун ражо – умидворлик эшигини очишини истаса, У Зотдан ўзига келган нарсаларни яхшилаб эсласин.  

«Қачон У Зот сенга хавф эшигини очмоғини ирода қилсанг, сендан У Зотга бўлган нарсани мушоҳада қил».

Албатта, банданинг иши фақат ражо – умидворлик билангина битмайди. Балки бандада хавф ҳам бўлиши керак. Ўша хавфнинг бўлиб туришини, яъни Аллоҳ таоло бандага хавф эшигини очишини истаган банда ўзидан Аллоҳ таолога нисбатан нималар бўлганини гувоҳ қилиб келтириши – эслаши керак бўлади.

Мазкур эслашни қандай амалга оширишни узоқ ўйлаш, уни ахтариб, қийналишга ҳожат йўқ. Бу борадаги Қуръони Карим оятларига бир назар солишнинг ўзи кифоя.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» дедик. Бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди» (116-оят).

Аллоҳ таоло фаришталарга:

«Одамга сажда қилинглар!» деб амр қилганида, улар

«…сажда қилдилар».

Фаришталар Аллоҳнинг амрини дарҳол адо этиб, барчалари Одамга сажда қилдилар, фақат шайтон сажда қилмади.

«…фақат иблисгина бош тортди».

Фақат ўша ерда турган ва мазкур амрга бўйсуниши шарт бўлган иблисгина Одамга сажда қилишдан бош тортди.

Ўшанда

 «Бас, Биз дедик: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин» (117-оят).

Иблис Одамга сажда қилмаган вақтдаёқ Биз Одамга: «Эй Одам, мана бу иблис сенинг ҳам, жуфтинг Ҳаввонинг ҳам душманидир. Ундан эҳтиёт бўлинглар. Яна бепарволик қилиб, у икковингизни жаннатдан чиқариб, сен бадбахт бўлиб қолмагин», деб айтган эдик.

«Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан» (118-оят).

Яъни «Жаннатда доимо сенинг қорнинг тўқ, устинг бут бўлади».

«Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмассан, иссиқда ҳам қолмассан» (119-оят).

Чунки жаннат хурсандчилик, роҳат-фароғат масканидир. У ерда беҳузурлик, кўнгилғашлик, чарчаш, оч қолиш, ташна бўлиш, иссиқ ёки совуқдан озорланиш каби ҳолатлар бўлмайди.

«Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга мангулик дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди» (120-оят).

Лаънати шайтон Одамнинг нозик жойидан тутган эди. Инсон фитратида абадий яшаш истаги бор. Ҳеч-ҳеч ўлишни истамайди. Мол-мулки заволга кетишини ҳам хоҳламайди. Шайтон Одамда ушбу икки нозик ҳисни қўзғатиб, уни васваса қилди: «Роббинг манави дарахтнинг мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, бу сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди», деди.

«Бас, икковлари ундан едилар. Кейин авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди» (121-оят).

Одам ва Ҳавво шайтоннинг иғвосига учиб, ман қилинган дарахтнинг мевасидан едилар. Ўша мевани ейишлари билан авратлари ўзларига очилиб қолди. Ўзларидаги очиқ авратдан уялдилар ва жаннатдаги дарахтларнинг барги билан авратларини тўса бошладилар. Шундай қилиб,

«Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди».

Бор гап шу. Одамнинг болаларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар борлигини ҳеч ким инкор қила олмайди. Ана шунинг учун ҳам одам боласи доимо хавфда бўлиши керак.

Одам боласи ўзи учун хавф эшиги очилишини ирода қилса, ўзининг Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига муносабатини ўйлаб кўрсин. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳаёт, ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:

«Мени зикр қилинг», демоқда.

Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, у беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб, эслашлари ила Аллоҳ таолонинг уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Имом Бухорий Набий алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

«Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган.

Одам боласи инсоф билан тафаккур қилсин. У ўз Роббининг ушбу оятдаги амрига тўлиқ амал қилмоқдами? Аллоҳ таолонинг зикрини етарли қилмоқдами? 

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани мушоҳада қилган бўлади.

«Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг».

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан «Шукр», деса‑ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳни зикр этиб, Унга шукр қилганидагина иши олға босади.

Ҳар бир одам боласи инсоф билан тафаккур қилсин. У Роббининг берган неъматларига шукрни ўрнига қўймоқдами?!

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани мушоҳада қилган бўлади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади: 

«Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри – ана ўша ҳақиқий ҳаётдир» (64-оят).

Агар одамлар охиратни унутиб, фақат бу дунё учун яшайдиган бўлсалар, ҳаёт бекорчи ўйин-кулгидан бошқа нарса бўлмай қолади. Аслида, бу дунё ўткинчи бўлса-да, охират учун тайёргарлик босқичини ўташи керак.

«Агар билсалар, охират диёри – ана ўша ҳақиқий ҳаётдир».

Чунки у ўткинчи эмас, абадийдир. У ҳаётга лиммо-лимдир. Лекин баъзилар бу ҳақиқатни англамай, охиратни қўйиб, дунё ҳаётига ўзларини урадилар. 

Ҳар бир одам боласи инсоф билан тафаккур қилсин, у ушбу ояти каримадаги маънони ҳаётига тўғри сингдирганми ёки йўқми?!

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани гувоҳ қилган бўлади.

Ҳар бир одам боласи инсоф билан тафаккур қилиб кўрсин, у Аллоҳ таолонинг барча амрларини тўлиқ бажармоқдами, барча қайтарганларидан тўлиқ қайтмоқдами?! Ўзининг бандалик бурчини бекаму кўст бажармоқдами?! Аллоҳ таолонинг ўзидаги ҳақларини тўлиқ адо этмоқдами?! Аллоҳ таолонинг неъматларига етарли даражада шукр қилмоқдами?!..

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани мушоҳада қилган бўлади.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (45-оят).

Ушбу оятда Аллоҳнинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, У Зот гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўриши шундан билиб олинади.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...» Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».

Шунга биноан, Ўзи билиб, тасарруф қилади.

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани гувоҳ қилган бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Сизларнинг хом хаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас» (123-оят).

Аҳли китобларнинг, яъни яҳудий ва насороларнинг хом хаёллари ҳаммага маълум, улар ҳақида бошқа оятларда ҳам келган. Улар «Биз Аллоҳнинг болаларимиз ва маҳбубларимиз», дер эдилар. Яъни «Биз дўзахга тушган тақдирда ҳам, саноқли кунлардагина тушамиз», деган эътиқодда эдилар. Яҳудийлар эса «Биз Аллоҳнинг танлаб олган бандаларимиз», деб ҳам ғурурланадилар.

Ояти каримада илк жумланинг:

«Сизларнинг хом хаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёлича ҳам эмас», деб келишидан шуни англаш мумкинки, баъзи мусулмонлар ҳам, биз бошқалардан кўра Аллоҳга яқинроқмиз, деб ҳисоблаб, (амал қилмасак ҳам) фақат мусулмон бўлганимизнинг ўзи бизни олий даражали қилиб қўяди, деган хаёлга борган бўлсалар керак. Аллоҳ таоло бундай хом хаёллар кимнинг хом хаёли бўлишидан қатъи назар, бекорчи эканини баён қилмоқда. Ким ёмонлик қилса, қайси динга, қайси халққа, қайси оилага, қайси насабга қарашли бўлишидан қатъи назар, умумий қоида асосида ўз жазосини олади. Яъни:

«Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас».

Бу борада инсоф билан тафаккур қилган банда хавф эшигининг очилишига ўзидан Роббига бўлган нарсани мушоҳада қилган бўлади.

Қачон У Зот бизга умидворлик эшигини очмоғини ирода қилсак, Аллоҳ таоло Ўзидан бизга бўлган нарсани мушоҳада қилишимизни насиб этсин! 

Қачон У Зот бизга хавф эшигини очмоғини ирода қилсак, Аллоҳ таоло биздан Ўзига бўлган нарсани мушоҳада қилишимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳақнинг сени бир нарсада муқим қилишининг аломати сени ўша нарсада натижалар ҳосили бирла бардавом қилишидир. Ҳақ таоло бандани бирор ҳолатда, ишда ёки амалда давоми...

3533 20:04 / 27.08.2017
Олдинги мақолаларимизда гуноҳи кабираларни ва улар учун тавба қилишнинг шартларини санаб ўтдик. Энди бу гуноҳлардан тавба қилмай вафот этган одамнинг қисмати давоми...

4110 20:10 / 02.04.2018
.Эй иймон келтирганлар Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва сизни мағфират қилади. Аллоҳ буюк фазл эгасидир, давоми...

5068 15:44 / 02.06.2018
Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир.ndash Нур ndash инсоннинг миясига урадиган, Аллоҳ таоло давоми...

4278 17:48 / 29.07.2017