1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаннатга шошилинг

09:30 / 22.04.2019 6370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.

Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннати тақводорлар учун экан.

Келаси оятда мазкур мағфират ва жаннатнинг ҳақдорлари бўлган тақводорларнинг сифатлари зикр қилинади:

Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир.

Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:

«...енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар…»

Яъни улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқу фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига оғир кунлар тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири:

«...аччиғини ютадиганлар...»

Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.

Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари, бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг, – деди. У зоти бобаракот:

– Ғазаб қилма, – дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди:

«Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:

«Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», – деганлар.

Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари:

«...ва одамларни афв қиладиганлардир». Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки иш чиройли ҳал бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олийжаноблик кўрсатиб, ғазабини ютган одам бу олийжаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак.

Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Кимки ўзи учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», – дейилади.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Қиёмат куни бир жарчи: «Одамларни афв қилганлар қани?! Ажрингизни олгани Роббингизнинг ҳузурига келинг!» – деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», – деганлар.

«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир».

Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан.

"Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир адолатли мусулмон биладиган нарса шуки, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган кишининг мужтаҳид имомга ndash уни ушлайдими ёки ушламайдими барибир, ndash давоми...

2657 10:32 / 29.07.2019
Барчамиз биламизки, Қуръони Карим Фотиҳа сурасидаги .Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн, ояти билан бошланади.Бу ўринда кўпчилигимизга маълум бўлмаган бир ҳолат бор. давоми...

2920 17:00 / 05.03.2022
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёллардан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, .Эй менинг давоми...

3198 08:00 / 17.06.2020
Ибн Муборак айтади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва .Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар давоми...

8757 14:00 / 12.01.2019
Аудиолар

230259 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148833 14:35 / 11.08.2021