1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нур қалбнинг лашкаридир (1-қисм)

16:09 / 11.03.2018 3125 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Худди зулмат нафснинг лашкари бўлгани каби, нур ҳам қалбнинг лашкаридир. Қачон Аллоҳ бандасига нусрат беришни ирода қилса, унга нурлар лашкарлари ила мадад беради ва зулматлар ҳамда ағёрлар мададини ундан кесади. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда ундан олдинги ҳикматда келган нур тўғрисидаги маълумотларни тўлатмоқда. Ўтган ҳикматда нурни қалблар ва сирларнинг улови деган эди. Бу ҳикматда эса нурни қалбнинг лашкари демоқда. Нурга қарши зулматни келтирмоқда. Нурнинг лашкарига қарама-қарши ўлароқ зулматларнинг лашкарини келтирмоқда.  

«Қачон Аллоҳ бандасига нусрат беришни ирода қилса, унга нурлар лашкарлари ила мадад беради...»

Аллоҳ таоло нурни Ўзи хоҳлаган бандасига беради.

У Зот Нур сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур» (35-оят).

Аллоҳ таоло Ўз нурига ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди.

Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг ўзларига хос сифатлари бор. Аллоҳ таоло нурни кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. 

Қуръони Каримда Аллоҳ таолодан бўлган нурдан маҳрум бўлганларнинг ҳоли ҳам баён қилинган.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Кофир ва мунофиқлар ўз амаллари билан

«...худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар».

Яъни тубсиз денгиз остидаги қоронғи зулматда қолган одамга ўхшайди. У қоронғилик фақат денгизнинг тубсизлигидан эмас, балки яна

«Унинг устидан мавж қоплагандир».

Яъни денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг –

«…у(мавж)нинг ҳам устидан мавж…» қоплагандир.

Аммо ҳали ҳам зулмат битгани йўқ. Тўлқин устидаги тўлқинни –

«…уни эса булут (қоплагандир)».

Демак, ҳаммасининг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Шундай қилиб, булар

«Бир-бирининг устидаги зулматлардир».

Бу зулматлар остида қолган кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин?! Ҳолбуки,

«У қўлини чиқарса, кўра олмас».

Ўз қўлини кўра олмаган одам Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап.

«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас».

Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар. Банда Аллоҳ таолонинг лутфи-карамидан умидвор бўлса, У Зотнинг раҳмат эшигини қоқса, иноятидан умидвор бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандага нур лашкарлари ила мадад беради ва ундан зулматлар ҳамда ағёрлар мададини кесади. Шунда банда Аллоҳ таолонинг йўлида юради. У Зотга қурбат ҳосил қилиш имконига эга бўлади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади: 

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчилар биландир» (69-оят).

Аллоҳнинг йўлида бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат қилганларни Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга бошлаб туради. Яхши амалларни қилганларни ёлғиз қўймай, Ўзи улар билан бирга бўлади. Бу ҳақиқатни мўминлар бир лаҳза ҳам унутмасликлари керак.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Бу Аллоҳ бир қавмга Ўзи инъом этган неъматини, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ ўта эшитувчи ва ўта билувчи бўлганидандир» (53-оят).

Яъни банда бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун уриниши лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш ҳосил қилади. Шунингдек, банданинг ўзидан ўтмаса, Аллоҳ унга ёмонликни раво кўрмайди.

Ана шу илоҳий лутфга эришиш учун банда нима қилиши керак? 

Руҳий тарбия машойихлари бу саволга Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамда ўзларининг илмлари ва тажрибалари асосида жавоб берганлар ва амал қилганлар.

Бунинг учун банда энг аввало Аллоҳ таоло унга фарз қилган амалларни ихлос билан адо этмоғи ва ҳаром қилган нарсалардан четда бўлмоғи лозим.

Бу ишни ўрнига қўйганидан кейин банда нафл ибодатларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. Ана ўшанда у Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло: «Ким Менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. 

Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларимдан ҳам кўра Менга маҳбуброқ нарса ила яқинлашмаган. 

Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. 

Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. 

Агар Мендан сўраса, унга албатта берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни албатта Ўз паноҳимга олурман. 

Мен қилмоқчи бўлган ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман», деди»

Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда нозик масалалар нозик иборалар ила баён қилинган. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан, уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим. 

Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлар Аллоҳ таолога қай тарзда яқинлик ҳосил қилганларининг баёни ҳадиси шарифнинг давомида келади.

«Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларимдан ҳам кўра Менга маҳбуброқ нарса ила яқинлашмаган».

Демак, Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало ўзига фарз қилинган нарсаларни ўринлатиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган бандагина Аллоҳ таолога яқинлик касб қилган бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтириш мумкин эмас экан. 

Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар яна ҳам яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлишлари лозим.

«Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман»

Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб турса, маълум даражага етганида, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.

«Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман».

Бу жумлада келган Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан» дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак.

Шунингдек, «кўрадиган кўзи» деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган, «ушлайдиган қўли» деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган ва «юрадиган оёғи» деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишишини тушуниш лозим.

Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатларни кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз:

«Агар Мендан сўраса, унга албатта берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман».

Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундай.

Нафл ибодатлар эса намоз, рўза, Қуръони Карим тиловати, зикр, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот кабилардан иборат бўлади. Машойихлар муридларига ушбу нафл ибодатлардан вазифа – вирд топширадилар. Вирд аввал ўрганиб ўтганимиз вориднинг ташқи тури бўлиб хизмат қилади. Улуғ машойихлардан Абу Али Даққоқ: «Ворид вирддандир. Кимнинг ташида вирди бўлмаса, ичида вориди ҳам бўлмас», деганлар. 

Вирдлар ҳақида кейинчалик алоҳида тўхташ нияти ила ҳозир зикрнинг ўзи ҳақида баъзи маълумотларни эслаб ўтиш билан кифояланамиз.

Зикр деганда тил ва дил билан бўладиган зикр кўзда тутилади. Айниқса дил билан бўладиган зикрга алоҳида аҳамият берилади. 

Бу борада машойихлар Қуръони Карим тиловатини устун қўядилар. Қуръони Карим тиловати энг афзал зикр ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

«Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У ўта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир» (29-30-оятлар).

Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир. Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг Китоби тиловатини билмай туриб бандалик даъвосини қилади? Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Оддий кишилар учун уламоларимиз ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони Карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши лозим. Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам оятда мўминларнинг сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Ҳақиқий тиловат эса зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир. 

Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, намозни тўкис адо этиб, Аллоҳ йўлида нафақа-эҳсон қилган мўмин-мусулмонлар

«...ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар».

Чунки улар Аллоҳ таоло билан савдолашмоқдалар. Аллоҳ таоло билан тижорат қилганлар ҳеч қачон касодга учрамаганлар ва учрамайдилар ҳам.

«У Зот уларга ажр­ларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир».

Демак, бу тижорат нафақат касодга учрамайдиган, балки доимо фойда келтирадиган тижоратдир. Бу тижорат билан шуғулланганлар жуда ҳам бахтли инсонлардир.

«Албатта, У ўта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир».

Яъни Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, нафақа-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло учун ғийбaтни тaрк этган киши улуғ мaртaбaлaргa эришaди. Қуйида ғийбaтни тaрк этиш ва тилни oдaмлaр шикoятидaн тийишдаги фойдаларни санаб ўтамиз.Биринчи фoйдa давоми...

3459 22:34 / 01.05.2018
Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бирбирига чамбарчас боғлиқдир.1. Илм ndash гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига, банда билан унга маҳбуб давоми...

4659 16:28 / 28.10.2017
Аллоҳ таоло .Сабрлиларга хушхабар беринг,, деб марҳамат қилган Бақара сураси, 155оят.Бошига тушган мушкулотларга сабр қилган бандалар Аллоҳ таолога энг яқин давоми...

4165 12:20 / 12.03.2018
9. Ҳасрат ва афсус маъносида ғийбат қилиш. Афсус тарзида ғийбат қилиш дурустдир. Масалан, .Фалончининг намоз ўқимаётганига ёки зинога мубтало эканига афсусдаман,, давоми...

4199 14:02 / 03.03.2018