1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тоатнинг фойдаси ва маъсиятнинг зарари (2-қисм)

00:20 / 20.11.2017 4310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг замонини, маконини, ҳажмини, шаклини ва бошқа жиҳатларини нозик-нозикликларигача ўлчаб қўйган.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло яратган нарсаларнинг барчаси мазкур Аллоҳ таоло берган ҳидоят ила инсон зоти фойдасига беминнат хизмат қилади.

Аллоҳ таоло Жосия сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва Унинг фазлидан исташингиз учун беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз» (12-оят).

Аллоҳ таоло бошқа нарсалар қатори, денгизни ҳам инсонга мусаххар қилди, яъни беминнат хизматкор каби бўйсундириб қўйди, умуман, денгизни инсон фойдаси учун яратди. Инсон уни ўрганиб, ўз фойдасига хизмат қилдиришга уриниши керак. Аниқки, денгиз ўзи келиб хизмат қилмайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятдаги

«...ва Унинг фазлидан исташингиз учун беминнат хизматкор қилиб қўйди» деган жумладан тушунамиз.

«Аллоҳнинг фазлидан бирор нарса келишини кутиб ўтиришингиз учун», демади, балки

«...Унинг фазлидан исташингиз учун…» деди.

Шунинг учун ҳам мусулмон инсон Аллоҳнинг фазлини тинимсиз исташи, ўша илоҳий фазлга эришиш учун ҳаракат қилмоғи керак.

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (13-оят).

Демак, осмонлардаги ҳамма нарса Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундириб қўйилган.

Ердаги барча нарсалар Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир. Ҳақиқатни фақат тафаккур қилганлар тушуниб етадилар. Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқали борлиқдаги ҳамма нарсанинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва улардан инсон учун фойда олинади. Ўз навбатида, ақл юритиш борлиқдаги барча нарсаларни инсонга бўйсундириб берган Зотга иймон келтириб, ибодат қилишга олиб келади. Акс ҳолда иймонсиз, қуруқ илм фойда эмас, зарар келтиради.

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиш билан бирга унга ўзидан бошқа барча махлуқотларини – жамодот олами ва ундаги барча нарсаларни, наботот олами ва ундаги барча нарсаларни, ҳайвонот олами ва ундаги барча нарсаларни беминнат хизматкор қилиш билан кифояланмади. Балки Ўзи яратган одам Ўзи яратган оламда бахтли ва саодатли бўлиши учун керакли бўлган таълимотлар тўпламини дин дея атаб юбориб қўйди. Ўша таълимотларнинг охирги ва мукаммалини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати кафолатини берадиганини «Ислом» деб номлади.

Бу эса одам боласига беминнат хизмат қилиши лозим бўлган борлиқ низомидан одам қандай фойдаланиши лозимлигини кўрсатиб берувчи «қўлланма» бўлган шариат низомини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи тақдим қилди, деганидир. Аллоҳ таоло томонидан яратилган инсон Ҳақ субҳанаҳу ва таоло яратган оламда У Зот юборган илоҳий таълимотлар асосида яшаса, икки дунёнинг бахти-саодати кафолатига эга бўладиган бўлди, деганидир.

Аллоҳ таоло Ўз динида бандаларига жорий қилган амрлари ва қайтариқларида ҳеч бир оғирлик ёки машаққат йўқдир. Уларнинг барчаси инсонга яхшиликни жалб қилиб, ундан ёмонликни даф қилишга, енгилликни жорий қилиб, оғирликни ман қилишга қаратилгандир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди» (185-оят).

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир машаққатли таклиф остида қолдирмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Набий алайҳиссалом саҳобалардан Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, «Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади» (78-оят).

Бу динда инсонга оғир келадиган, унинг тоқатидан ташқари ҳеч нарса йўқ. Бу дин башарият тарихида қадимдан Аллоҳ томонидан жорий қилиб келинаётган бир йўл.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (97-оят).

Исломда инсон жинсига қараб мукофотланмайди. Насабига, мансаби ёки терисининг рангига қараб ҳам мукофотланмайди. Балки мукофотлашнинг бирдан-бир ўлчови иймон ва яхши амалдир.

Зотан, иймон тақозоси ила қилинадиган яхши амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминловчи воситадир. Албатта, мўмин кишининг яхши амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади. Охиратда

«...ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ мўминга зулм қилмайди. Унга ҳар бир яхши иши учун бу дунёда бир нарса ато этилади. Охиратда эса савоб берилади. Кофир ҳам яхшиликларига яраша таомланади. Охиратга борганда эса (дунёда қилган) савоб иши эвазига бериладиган бирор яхшилик бўлмайди», деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар ва саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсганлар, умрларида ҳеч нарса ўқимаганлар-ёзмаганлар, ўзга динлар, шариат ва маданиятлардан бехабар ҳолда вояга етганлар, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Қирқ ёшга тўлганларида эса Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошлаганлар. У зотга Қуръони Карим оятлари нозил бўлиб, ўтган ишлар, келажак воқеалар, ахлоқ ва одоб қоидалари, ибодатлар, иқтисод ва умуман, инсон ҳаётининг барча тарафларини ўз ичига қамраб олган, унга икки дунё саодатининг кафолатини берадиган ҳукмларнинг баёни келган.

Орада замонлар ўтиши ва илм-фан ривожланиши билан Қуръони Карим мўъжизалари тасдиқланиб бормоқда. Саҳрода ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган одамдан барча замонларнинг энг ҳақ таълимоти ўз-ўзидан чиқмаслигини, бу ишга фақат оламлар Парвардигоригина Ўз қудрати, илми ва ҳикмати билан қодир эканини тушуниш қийин эмас. Бунга дўст ҳам, душман ҳам тан бермасдан, иложи йўқ.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят).

Бу оят Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган оятларидан бири ҳисобланиб, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганида, барча саҳобалар динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди, деб чексиз қувондилар.

Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмонлар учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат эди. Бу улкан шодлик хабари инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижа берган эди. Инсониятнинг яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳамма авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Биринчи пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша вақт воқелигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олиб, шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат ўзидан аввалгисидан кўра мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният ўз камолига етган пайтда Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали бутун инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсониятга улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Бошланиши Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бўлган бўлса, давоми Мадинаи Мунаввара ва унинг атрофларида, мукаммал бўлиши эса видолашув ҳажида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши биландир. Ва ниҳоят, Оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига:

«Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди.

Ушбу хитоб ҳалол-ҳаром, баъзи ҳайвонларни шаръий йўл билан сўйиш, ҳалол гўштлар қай ҳолатда ҳаромга айланиши масалаларига оид ояти карима ичида келишининг ўзи эътиборга сазовордир. Бу ҳол дин деган тушунча кенг тушунча эканини, ҳозирги баъзи бир гумроҳларнинг фикрича, ҳар бир одамнинг қалбида сақлаши лозим бўлган ўйи, хаёли ва фикри эмас, балки инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил тузум низом эканини кўрсатади. Дин – ўзида эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, иқтисод, сиёсат, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа масалаларни ҳам ўз ичига олади.

Мазкур барча ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўладилар. Амал қилмаганлар эса Аллоҳнинг амрига исён қилган бўладилар. Чунки мукаммаллиги Аллоҳ таоло томонидан эълон этилган шариатдан бошқа томонга оғиш уни эътироф этмаслик бўлади. Бу эса ўз навбатида куфрга элтади. Кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни олган бўлади. Унинг ақийдаси баркамол бўлади. Маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, сиёсати, турли алоқалари, тузумлари баркамол бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати баркамол бўлади. Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқ халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Буюк яратувчи Аллоҳ мукаммал қилиб қўйган ушбу динга юрмай, бошқа динларни ахтарганлар эса мен Худодан ҳам яхши йўл топувчиман, деб даъво қилган бўлади.

«Сизга неъматимни батамом қилдим».

Демак, динни мукаммал қилиб беришнинг ўзи улкан ва батамом неъматдир. Исломнинг улуғ неъмат эканини мусулмон бўлганлар билади. Айниқса, аввал турли жоҳилиятлар ва уларнинг тузумларини синаб кўриб, кейин мусулмонликка ўтганлар жуда яхши биладилар.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг батамом неъмат эканини яратган Холиқни инкор этиб юрган худосизларнинг фожиали оқибатларини кўрганда янада ёрқинроқ тушуниб етилади. Бу ҳақиқатни худосизлар дунё халқлари бошига олиб келган битмас-туганмас мусибатларни идрок этганлар яхши биладилар.

Аллоҳ таоло бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг улуғ неъмат экани молга, дарахтга, инсоннинг жинсий аъзосига сиғиниб, залолатда юрганларни кўрганда билинади.

Бу неъматнинг қадри инсон ақлига ор ҳисобланган турли бузуқ ақийдаларнинг ҳолини кўрганда тушунилади.

Мукаммал дин – Исломнинг бандалар учун улуғ илоҳий неъмат экани ахлоқ-одобдан бехабар, отасини ҳам танимайдиган, дунёдаги ҳеч бир разолатдан қайтмайдиган, безори ва жинояткор авлодлар етишиб чиққанда билинади.

Мукаммал дин – Исломнинг қадри оилалар бузилиб, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидан, жамиятдаги кишилар орасидан меҳру оқибат кўтарилиб, одамлар бир-бирларига душманлик руҳида, беҳурматлик руҳида, меҳр-шафқатсизлик руҳида шаклланиб, ижтимоий алоқалари бузилиб бўлган жамиятларнинг ҳолини кўрганда билинади.

Мукаммал дин – Исломнинг бандалар учун улуғ илоҳий неъмат эканини иқтисодий ҳолатлар оғирлашиб, кишилар ўз меҳнати самарасини кўра олмай, давлат ёки мулкдорлардан зулм кўриб, бола-чақасини боқиш у ёқда турсин, ҳатто қорнини ҳам тўйдира олмай юрганида тушуниб етилади.

Шу билан бирга, бир гуруҳ нобакорлар оддий инсонларнинг пешона тери билан топган маблағларини хоҳ давлат номи билан, хоҳ иш одами номи билан турли услублар ила тортиб олиб, айшу ишрат қилиб юрганларини англаб етганлар мукаммал дин – Исломнинг, айнан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларининг илоҳий неъмат эканини тушунадилар.

Мукаммал дин – Исломнинг ҳақиқий илоҳий неъмат эканини кучли кучсизни еб, ҳамма ёқда зулм урчиб, инсон ўз жонини, фарзандларини, молу мулкини ва обрў-номусини ҳимоя қила олмай қолган жамиятларни кўрганда тушуниб етилади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг Аллоҳ таоло томонидан бандаларга улуғ неъмат қилиб берилганини ҳавойи нафсига берилган сиёсатчилар халқларни бир-бирига уруштириб, қонини тўкканлари етмагандек, бутун дунёни вайрон қилиш хавфи остига олиб келиб қўйганларини ҳақиқий тушуниб етганлар англайдилар.

Агар инсоният бу неъматнинг қадрига етганида эди, уни қабул қилиб, ўрганган ва ҳаётига татбиқ этганида эди, дунёда ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлар эди.

«Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».

Аллоҳ таоло инсониятга амал қилиш учун фақат битта динни – Исломни юборган. Аллоҳ таолонинг бу хитоби мусулмон бандалари учун улкан шарафдир. Аллоҳ таолонинг катта иноятидир.

Аллоҳ таоло барчамизга тоатимиз У Зотга манфаат бермаслигини ва маъсиятимиз У Зотга зарар етказмаслигини англаб етишни насиб этсин! Фақатгина У Зот бизга қайтадиган фойда учун бизни тоатига амр қилишини ва маъсиятидан қайтаришини англаб етишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир. Шоядки, У давоми...

6764 19:16 / 08.08.2017
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат давоми...

7170 10:33 / 15.07.2019
ndash Ҳайвонот олами ndash қуруқликдагиси бўлсин, сувдагиси бўлсин, ваҳшийси бўлсин, хонакиси бўлсин, ҳаммаҳаммаси ўзидан паст босқичдаги жамодот ва наботот давоми...

2371 16:56 / 01.04.2018
Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб давоми...

8587 09:55 / 25.06.2018