1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ҳожатни Аллоҳдан сўралади

20:38 / 03.10.2017 4352 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди.

Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У Зотнинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ўзининг ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.

«Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман».

«Менга дуо қилинг, қабул этаман, менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман», – дейди Аллоҳ таоло.

Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуони қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», – дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади. Аммо шу билан бирга,

«Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди».

Аммо, ўзини билмаганлар, Аллоҳга дуо қилишдан, ибодат этишдан кибр ила ўзларини юқори кўрганлар, қалб кўзи кўр бўлганлар жаҳаннамга кирадилар. Кирганда ҳам, хору зор бўлиб кирадилар.

Агар улар Аллоҳнинг неъматларига ибрат билан қараганларида, У Зотнинг нақадар буюклигини англаб етган бўлар эдилар. Аллоҳнинг ибодатидан зинҳор юз ўгирмасдилар, асло кибру ҳаво қилмасдилар. Ўйлаб кўринглар, эй одамлар!

Аллоҳ сизга сукунат топишингиз учун кечани, кўрсатувчи этиб кундузни қилиб берган Зотдир. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу марҳамат соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.

Эй одамлар, Аллоҳ таоло сизларга ато қилган сон-саноқсиз неъматлардан бири бўлган кечани олиб кўринг. Унинг сизга қанчалар фойдаси бор. Агар ўша фойдалар бўлмаса, сиз ҳозиргидай ҳаёт кечира олмасдингиз. Кечанинг биргина сукунат эканини олиб кўринг. Агар сизга ўша неъматни ато этиб, ҳамма нарсани кўра олишингизга имконият яратиб бермаганида, нима қилар эдингиз?

Аллоҳдан бошқа ким сизга кундузни кўрсатувчи қилиб берар эди?

«Аллоҳ сизга сукунат топишингиз учун кечани, кўрсатувчи этиб кундузни қилиб берган Зотдир».

Бу ишлар эса Аллоҳ таолонинг сизга кўрсатган фазлу карамидир.

«Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу марҳамат соҳибидир».

Одамлар инсоф билан қарасалар, ҳар бир нарсада, ҳар бир ўринда, ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таолонинг фазлу карамини кўрадилар.

«Лекин одамларнинг кўплари билмаслар».

Шунинг учун Аллоҳга куфр, ширк келтирадилар. Нифоқ қиладилар. Аллоҳнинг оятлари ҳақида ҳужжатсиз, далилсиз талашиб-тортишадилар. Аллоҳга ибодат қилмайдилар. Мутакаббирлик қиладилар.

Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир, ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!

Юқорида васфи олийи келтирилган Зот – Аллоҳ сизнинг Роббингиздир, эй одамлар. У сизни яратган Зотдир. Сизга ризқ берган ҳам У Зотдир. Барча ишларингизнинг тадбирини қилиб турувчи ҳам Ўша Зотдир. У нафақат сизнинг, балки

«Ҳар бир нарсанинг яратувчисидир».

Дунёдаги ҳамма нарсани У яратгандир. Дунёда Ундан ўзга яратувчи йўқдир. Бинобарин,

«Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Шунинг учун ҳам сиз фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилмоғингиз зарур.

«Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!»

Аллоҳга ибодат қилмай, қайси томонга бурилиб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг айтганини қилмай, қаён қараб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг оятларига амал қилмай, қаёққа кетмоқдасизлар?!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақво ва вараънинг фарқи ҳақида сўрабсан.Тақво қалбнинг виқояси, яъни ҳимоясидир. Вараъ эса Аллоҳ қайтарган барча нарсалардан тийилишдир.Тақво, луғатда .сақланиш, давоми...

5135 17:44 / 05.10.2017
Вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони бор. Вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқ. Зотан, ҳар бир ворид бўлган вақтда, албатта, Аллоҳнинг янги ҳаққи ва давоми...

3136 16:10 / 15.10.2017
.Бандаларни ҳисобкитоб қилишнинг сабаби нима Банда дунёда оз нарса учун ҳам ҳисоб қилинади, охиратда эса унга кўп нарса ҳисобсиз берилади,, деб сўрабсан.Билгинки, давоми...

4777 15:33 / 01.10.2017
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

4940 17:38 / 18.07.2017