1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ҳақиқий мўминлар

14:06 / 07.03.2018 4600 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир.

Оятда мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Оят

«Албатта» деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган»лар мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда, қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни, масалан, бирон ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади. Гапни эшитиб туриб, Аллоҳ зикр қилинганидан кейин ҳам қўрқмай, у ишдан бўйин товлаган одам мўмин эмас.

Мисол учун, «Аллоҳ намоз ўқишни фарз қилган, Унинг амрини бажариш ҳар бир мусулмонга фарздир», дейилса, қалбини титроқ босиб, дарҳол намоз ўқишни бошлаган одам мўмин бўлади.

Шунингдек, «Ароқ ичишни Аллоҳ ҳаром қилган, ким уни ичса, гуноҳкор бўлади», дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ароқ ичмай қўйган одам мўминдир.

«...оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган»лар мўминлардир.

Яъни Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аммо Қуръони Карим оятлари қанчалик тиловат қилинса ҳам, иймони зиёда бўлмай тураверадиган инсон мўмин эмасдир.

«...ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир».

Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишини сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир. Бу дегани, дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини ахтармай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, ҳам демайди. Балки Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади. Шундай тушунчага эга бўлмаган одам мўмин эмас.

Мулоҳаза қилинса, Қуръонда одамлар мўминлар ва мўмин эмасларга ажратилган. Баъзилар айтаётганидек, ҳақиқий мўмин, оддий мўмин ва мўмин бўлмаганларга эмас. Мазкур сифатларга эга бўлганларгина мўминдир, бошқалари мўмин эмас. Учинчи тоифа йўқ. Агар бўлганида, Аллоҳ айтар эди.

Кейинги оятда мўминларнинг сифатларини зикр қилиш давом этади:

«Анфол» Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қиладиганлардир.

Аввалги оятдаги сифатлар қалбдаги ҳаракатга, амалга чорловчи ҳис-туйғулар бўлса, бу ояти каримадаги сифатлар бевосита амалнинг ўзи билан боғлиқ ибодатлардир. Ўша сифатлардан бири:

«…намозни тўкис адо этадиганлар»гина мўминлардир.

Эътибор қилинг, «Намоз ўқийдиганлар» эмас, «Намозни тўкис адо этадиганлар», дейилмоқда. Намоз иймоннинг борлигини тасдиқловчи амалдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Намоз биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқдир», – деганлар. Яъни мўминлар билан мўмин бўлмаганлар орасини ажратиб турувчи амалдир. Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан, дейдиганлар у зотга қарши гапирган бўлади.

«...ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қиладиганлардир».

Бу ҳам иймонни тасдиқловчи амаллардан. Шунинг учун молиявий ибодатлар «садақа» – «тасдиқловчи» дейилади. Унутмаслик керакки, қалбдаги мавжуд нарсани амал юзага чиқаради. Шунинг учун ҳам амал иймоннинг асосий қисми ҳисобланади. Оғизда турли даъволарни қилиш билан эмас, молу мулкининг закотини бериш, инфоқ-эҳсон этиш, Аллоҳнинг йўлида сарфлаш билан киши мўмин бўлади. Бу амалларни қилмаган одам мўмин эмас.

«Анфол» Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Робблари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.

Яъни мазкур сифатларга эга бўлганларгина ҳақиқатда мўмин ҳисобланади, бошқалар мўмин бўла олмайдилар. Ким мазкур сифатларга эга бўлса, Робби ҳузуридаги даражаларга, мағфиратга ва карамли ризққа эришади. Мўмин бўлса, ҳақиқий мўмин бўлади, бошқача мўмин бўлиши мумкин эмас. Яъни инсон иймон ҳақиқатини ҳис этгандагина ўзини мўмин ҳисоблай олади. Мўминлигининг белгиси асли мўмин бўлган қавмда туғилиши ёки исми мўминларнинг исмига ўхшаши ёхуд оғизда мўминликни даъво қилиш эмас, балки юқоридаги ва бошқа оятларда зикр қилинган сифатларга эга бўлишидир. Иймоннинг ҳақиқати ҳар бир кишида бўлмоғи зарурлигига уламоларимиз қуйидаги ҳадиси шарифни мисол қиладилар.

Имом Тобароний Ҳорис ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ҳорис розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан ўтиб кетаётган эдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Ҳорис, қандай тонг оттирдинг? – деб сўрадилар. Шунда Ҳорис розияллоҳу анҳу:

– Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим, – дедилар.

– Гапингга эътибор қил. Ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Сенинг иймонингнинг ҳақиқати нимада? – деб сўраганларида, у:

– Нафсимни дунёдан олиб қочдим. Кечаларимни бедор, кундузларимни чанқаб ўтказдим. Худди Роббимнинг Аршини аниқ кўраётгандекман. Худди аҳли жаннатнинг бир-бирларини зиёрат қилаётганларига назар солиб тургандекман. Худди аҳли дўзахнинг у ерда бир-бирларига қилаётган душманликларига қараб тургандекман, – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! – деб қайта-қайта тайинладилар».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. .Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар,. Духон сураси, 39оят.Илм ва маърифатга молик эмаслар.2. .Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра давоми...

1889 10:39 / 10.03.2022
Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар бузилиб кетар эди. Йўқ Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса давоми...

3565 22:23 / 13.02.2018
Жума ҳафта кунлари ичида энг яхшиси, Аллоҳ буни мусулмонлар учун хос кун қилди. Жума куни ҳар бир мусулмон учун ўзнинг байрами кириб келади, Аллоҳнинг раҳмат давоми...

7399 16:05 / 24.05.2018
y r . .4673. Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан давоми...

7902 12:07 / 31.10.2017