1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 228-оят

17:15 / 08.03.2018 5305 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутарлар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, бачадонларида Аллоҳ халқ қилган нарсани беркитишлари улар учун ҳалол бўлмас. Ўшанда эрлари, агар ислоҳни ирода қилсалар, уларни ўзларига қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Ва уларнинг бурчлари муқобилида маъруф ила ҳақлари ҳам бордир. Ва эркакларга улардан устун даража бордир. Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Бақара 228.

Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир. Никоҳдан сўнг қўшилиб, бирга яшамай туриб, талоқ қилинган аёлларнинг ҳукми Аҳзоб сурасида келади. Шунингдек, ҳайз кўрмайдиган аёлларнинг ҳукми Талоқ сурасида келади.

Таржимада «қуруъ» сўзини айнан олдик, чунки бу сўзни араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Биргина шу оятнинг ўзида у бир-бирига зид иккита маънони англатади. «Қуруъ» бир маънога кўра, ҳайзни англатса, иккинчи маънога кўра, унинг тескарисини – ҳайздан покланиш маъносини англатади. Тафсирчиларимиз ҳам, фиқҳий мазҳаблар бошлиқлари – имомларимиз ҳам бу масалада иккига бўлинганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуруъни ҳайз, деб тушунтирганлар. Шунга биноан, ояти каримадаги

«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутарлар» жумласидаги «уч қуруъ кутарлар» бирикмасининг маъноси «уч ҳайз кутадилар» демакдир. Бундан келиб чиқадики, эри билан бирга яшаган ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилса, у аёл ўзича идда санаб, кетма-кет уч ой ҳар ойнинг ҳайзини тўлиқ кўргунича ўтиради. Шу муддат ичида иддадаги аёл нима қилиши керак бўлса, шуни қилади.

Оятдаги «ўзларича» сўзининг маъноси – биров мажбур қилмаса ҳам, бошқа эрга тегиш рағбати бўлса ҳам, талоқ қилган эрдан ўч олиш имкони бўлса ҳам, ўзлари кутадилар, деганидир.

Шу билан бирга, талоқ қилинган аёллар

«Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, бачадонларида Аллоҳ халқ қилган нарсани беркитишлари улар учун ҳалол бўлмас».

Чунки бу иш иддани аниқ ҳисоблаш, ҳалол-ҳаромни белгилаш учун хизмат қилади. Уларнинг бачадонларида Аллоҳ халқ қилган ҳайз ёки ҳомилани ўзларидан бошқа одам билиши қийин, шунинг учун бу нарсани аёллар ўзлари беркитмасдан айтишлари лозим ва зарур. Бу ишга ниҳоятда аҳамият бериш керак бўлгани учун ва рағбатларини ошириш мақсадида ояти карима орага иймонларини қўшиб:

«Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар…» – демоқда.

Аёл киши ражъий талоқдан идда ўтирган пайтда эри уни қайтариб олишга ҳақлидир.

«Ўшанда эрлари, агар ислоҳни ирода қилсалар, уларни ўзларига қайтариб олишга ҳақлироқдирлар».

Яъни эрда орани ислоҳ қилиш – ярашиш истаги бўлса бўлди, хотинини қайтариб олаверади. Ҳаттоки хотини норози бўлса ҳам.

Талоқ қилиниб, идда ўтирган аёлларнинг ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари ҳам бор:

«Ва уларнинг бурчлари муқобилида маъруф ила ҳақлари ҳам бордир».

Талоқ қилинган аёлнинг бурчи идда ўтириш ва Аллоҳ унинг бачадонида халқ қилган нарсани беркитмасликдан иборатдир. Унинг ҳаққи эса эри унга зарар келтирмаслиги ва нафақа бериб туришидир.

«Ва эркакларга улардан устун даража бордир».

Яъни ушбу муолажа қилинаётган масалада эрнинг даражаси хотиндан кўра юқоридир. У талоқ қилганидан сўнг хоҳласа, қайтиб олади, хоҳламаса, олмайди. Хотин эса хоҳласа-хоҳламаса, эрнинг истагига бўйсуниши керак. Эркак «Қайтиб оламан», деса, аёл «Қайтмайман», дея олмайди, мабодо шундай деса ҳам, гапининг эътибори йўқ бўлади. Бу ҳам бўлса, оилани бузилишдан сақлаб қолишга бир омилдир.

«Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».

Ким Унинг айтганидан чиқса, жазосини беради. Ва У Зотнинг ҳар бир ҳукми ҳикматдан холи эмас.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларга ndash ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг ndash барчанинг лаънати бўлгай. Бақара 161.

2840 08:25 / 28.12.2017
Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бақара 276. Бандалар пулмоллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар давоми...

5791 11:48 / 13.06.2018
Сўнгра, ўшандан кейин ҳам юз ўгирдингиз. Сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, албатта, зиён кўрганлардан бўлар эдингиз. Бақара 64. Яъни .Ўтган оятда зикр давоми...

3020 09:25 / 15.09.2017
Бақара 187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат давоми...

3507 19:30 / 25.01.2018