1446 йил 13 рабиъул аввал | 2024 йил 16 сентябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Вараъ

12:53 / 07.03.2018 4159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилар:

1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. 

Вараъ шубҳани даф қилишдир.

2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. 

Вараъ сабаби гумон нарсадир.

3. Тақво инсоннинг ўзи сақланаётган нарсадан ҳазир бўлишидан иборат бўлиб, у ила инсон ва унинг ёмон кўрган нарсаси орасида тўсиқ ҳосил бўлади. 

Вараъ эса оқибати нима бўлиши гумон бўлган нарсадан нафснинг жудо бўлишидир.

«Вараъ» сўзи араб тилида «бир нарсадан ўзини тийиш ва тортиниш», «хижолат бўлиш» маъносини билдиради.

Уламолар «вараъ»нинг истилоҳий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар.

Муновий: «Вараъ сени шубҳага солган нарсани тарк қилмоғинг, айб бўладиган нарсани рад қилмоғинг ҳамда энг ишончлисини олиб, нафсни машаққатга солмоғингдир», деган.

Баъзилар: «Таом ва либосга назар солиб, шубҳаси борини тарк қилмоқдир», дейишган.

Яна бир қавлга биноан: «У шубҳали нарсалардан четда бўлиб, хатарли нарсаларни муроқаба қилишдир».

Роғиб: «Вараъ дунё матоҳларини олишга шошилишни тарк қилишдир», деган. 

Вараъ ҳаром ва макруҳ нарсалардан бўлади, вожиб ва мустаҳаблардан эмас.

Вараъ ҳақида келган ҳадислардан намуналар:

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшидир. Динингизнинг яхшиси вараъдир», дедилар».

Табароний ва Баззор ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишининг ибодати ва ижтиҳоди зикр қилинди ва бошқа бир кишидаги вараъ зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вараъга ҳеч нарсани тенглаштириб бўлмайди», дедилар». 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу садақанинг хурмосидан бир дона олиб, оғзига солди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ!» деб ташлатмоқчи бўлдилар. Сўнгра:

«Биз садақа емаслигимизни сезмаганмидинг?» дедилар». 

Икки шайх ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида: 

«Бизга садақа ҳалол эмаслигини билмабмидинг?!» дедилар», дейилган.

Ибн Можа зайф санад ила Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда шундай дейилади:

«Тадбирга ўхшаш ақл йўқ. Ўзини тийишга ўхшаш парҳезкорлик йўқ. Ҳусни хулқчалик ҳасаб йўқ».

Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин унга:

«Буни Ибн Нуъмон олиб келган эди», дейилди.

«Менга Ибн Нуъмоннинг коҳинликдан топганини егиздингизми!?» деди-да, ўзини мажбурлаб қусиб юборди».

Абу Нуъайм «Ҳуля»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб, бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга:

«Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?» деди.

«Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?» деди у.

«Жоҳилият пайтида бир қавмнинг олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди», деди қул. 

Абу Бакр: «Мени ҳалок қилай дебсан-ку!» деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб, қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай туриб олди. Унга:

«Бу нарса фақат сув билан чиқади», дейилди. У бир жомда сув опкелтирди-да, ундан ичиб, қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга:

«Аллоҳ раҳмингни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!» дейилди. У эса:

«Агар бу жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганда ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир», деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим», деди. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насиҳат. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади .Одам боласи билан доим бирга бўладиган фаришталар бор. Бир инсон биродарини яхшилик билан эсласа, ўша фаришталар унга .Сенга давоми...

3932 19:41 / 31.03.2018
У Зот қачон сени махлуқотларидан узоқлаштирса, билки, сенга Ўзига яқинлашиш эшигини очишни ирода қилибди.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу давоми...

4112 19:41 / 13.05.2018
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

8303 22:14 / 11.11.2017
Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир. Шоядки, У давоми...

6521 19:16 / 08.08.2017
Аудиолар

129667 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

50318 14:35 / 11.08.2021