1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 187-оят

19:30 / 25.01.2018 3506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар.

Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда ифтордан кейин рўза тутган одам ухлаб қолса-ю, кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмай қолар эди. Ансорийлардан Қайс ибн Сарма исмли киши кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб, чарчаб, ифтор пайтида хотинининг ҳузурига келиб:

– Таоминг борми? – дебди. Хотини:

– Йўқ, ҳозир бориб, бирон нарса топиб келаман, – деб чиқиб кетибди. Кундузи ишлагани учун Қайс чарчаб, ухлаб қолибди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, «Шўринг қурисин», дебди-ю, уйғотмабди. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилибди. Бу ҳодиса Набий алайҳиссаломга етибди. Сўнгра Аллоҳ таоло:

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди» деб бошланувчи оятини нозил қилди. Шу билан рўза кечасида, яъни кун ботгандан кейин, то тонг отгунча муддат орасида таом ейиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Шу билан бирга, Аллоҳ Исломда эркак киши билан унинг хотинининг алоқаси фақат жинс масаласи эмас, балки ундан анча катта масала эканини англатиш учун

«Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз»,  деди.

Одатда либос баданни тўсиш, уни иссиқ-совуқдан, чанг-ғуборлардан сақлаш ҳамда зийнат учун ишлатилади. Шунингдек, Исломда эру хотин бир-бирларининг айбларини тўсадилар, бир-бирларини ёмонликдан сақлайдилар ва бир-бирларини зийнатлайдилар.

Кейин эса бандаларининг кўнглида нима кечаётганини ҳам билиб туришининг хабарини беради:

«Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди».

Ушбу жумлада зикр этилган «хиёнат» рўза кечасида кўнгилдан ўтган аёлга яқинлик қилиш ҳақидаги истакдан иборат. Айрим ривоятларда келишича, баъзилар бу ишни қилган эканлар. Нима бўлса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб, гуноҳларини афв этди. Шу билан бирга, кўнгилларидан ўтган истакка йўл очди, рухсат берди:

«Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг».

Яъни «Энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани – фарзандни талаб қилинг».

Аллоҳ таоло рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат бериш билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди:

«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг».

Имом Бухорий Адий ибн Хотимдан ривоят қиладиларки, у киши:

«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг» деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғимнинг остига қўйдим. Уларга қараб-қараб туриб, оқи қорасидан аён бўлганда, оғзимни беркитдим. Тонг отиб, кундузи бўлганда, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши:

«Ундай бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди», – дедилар».

Бу пайт фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради.

Келаси жумлада хотинига яқинлик истисно қилинган ҳолат зикр этилади:

«Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг».

«Эътикоф» сўзи «бир нарсани лозим тутиш» маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай, ибодат билан машғул бўлади. Бунда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.

«Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг».

Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегараларидир. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.

«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар».

Эътибор берадиган бўлсак, рўза ҳақидаги оятлар мажмуасининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди мана шу охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Ҳа, рўзанинг сон-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.

Энди рўза ҳақидаги оятлар тамом бўлиб, Аллоҳ таоло мўминларга молиявий алоқаларни ҳам ҳалол, пок равишда олиб бориш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беради. Тақво нафақат Аллоҳ таоло билан банда орасидаги муомалаларда, балки банда билан банда орасидага муомалаларда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзларини сотган нарса ndash Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига Ўз фазлидан нозил қилганига ҳасад қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага куфр келтиришлари қандай ҳам ёмон давоми...

3548 18:59 / 16.10.2017
Жолут ва унинг лашкарларига рўбарў келганларида .Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин,, ndash давоми...

3564 09:30 / 02.04.2018
Рибони ейдиганлар қабрларидан фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг .Тижорат ҳам рибога ўхшашда,, ndash деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ давоми...

10167 15:47 / 26.05.2018
Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир. Бақара 202. Яъни Роббларидан икки дунёнинг яхшилигини ва дўзах оловининг азобидан давоми...

6365 08:05 / 09.02.2018