1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нега биз Аллоҳни унутиб қўйганмиз?

15:55 / 05.03.2018 5271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Охирги марта Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яқинлигини қачон ҳис қилганингизни эслай оласизми? Аксарият одамлар Аллоҳ номи зикр қилинганда, ўз қобиғига ўралиб қолиб суҳбат мавзусини ўзгартириш пайига тушишади. Уларнинг бундай қилишлари Аллоҳ таолога иймон келтирмаганларидан ёки Яратганни яхши кўрмасликларидан эмас, албатта. Аксинча, улар ёлғиз қолган кезлари Аллоҳ таолога юзланиб узоқ дуо ва ибодат қилганларини ва У Зот туфайли ҳаётларида кўп нарсаларга эришганликларини яхши билишади. Бироқ айни дамда улар ўша кунларни эсламасликни афзал кўришади. Муҳтожларнинг ғам-ташвишлари билан бошларини қотирмасдан кўнгиллари тусаган ишларни хоҳлаганча қилишса бас.

Ошиғи олчи, пичоғи мой устида бўлган одам Аллоҳ таолони унутиши унинг фитрати ва табиатига хосдир. Ҳаётида кўплаб ютуқларни қўлга киритган инсон фақатгина ўз муваффақиятига ишонади. Фаровонлигимиз нозик ва ўткинчи бўлиши ҳақидаги ўй-фикрларни хаёлимиздан кетказишга уринамиз. Бордию қийинчиликлар турмушимизни бироз мушкуллаштирса, шу заҳоти Аллоҳ таолога илтижо қилиб У Зотга яқинлашиш йўлларини қидириб қоламиз. Бундай вазиятларда аҳли илмлар дуолари тезроқ мустажоб бўлиши учун қилаётган хайрли амалларининг сонини кўпайтиришади. Жоҳиллар эса Аллоҳнинг олдида уларнинг ёнини оладиган воситачиларни излашга тушишади. Айримлари Парвардигор ишларимни ўнгласа, бошимга тушган кулфатларни аритса, ночор ва фақирларга ёрдам бераман деб назр қилади. Агар улар Аллоҳ наздида бундай ваъдаларнинг нечоғлиқ муҳимлигини билишганда эди... Ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаси хулқимни ва юриш-туришимни яхшилайман деган аҳдига жавобан унга сон-саноқсиз неъматлар ато этиб, ундан бало-офат ва ёмонликларни даф қилади-ку! Наҳотки, Одам боласи шуни тушунмаса!? Сўзининг устидан чиқмаганларни Аллоҳ азза ва жалла жазолаб, уларнинг қалбларига мунофиқликни солиб қўяди.       

“Улардан: “Агар У Зот ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз”, деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор. У Зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар. Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди” (Тавба, 75-77).

Аллоҳнинг жазоси инсонлар бир-бирларига берадиган жазога ўхшаймайди! Йўқ, бу мутлақо бошқа нарса. Касаллик, муҳтожлик ва йўқотишлар бу ўткинчи дунёнинг синовлари, холос. Уларни тақводор ҳам, гуноҳкор ҳам бошидан ўтказади. Ҳақиқий жазо эса Аллоҳ таолонинг раҳматидан бебаҳра бўлишдир. Ва, албатта, мунофиқлик ҳам.

Нега айнан мунофиқлик дейсизми? Чунки мунофиқ Аллоҳга иймон келтирганман дейди. У ҳаттоки эзгу ишлар ҳам қилади. Аммо унинг иймони ўзгача, яъни у Ислом арконлари ва Шариат кўрсатмаларини ўзига мослаштириб олган бўлади. У ўзини ортиқча ташвишга солмасдан, елиб-югурмасдан кун кечиришни, ишлари беш ва дастурхони тўкин-сочин бўлишини, яқинлари соғ-саломат ва бахтли бўлишларини истайди.

Мўминлар ғам-ташвишсиз мол-кўлчиликда яшашани хоҳлашмайдими? Албатта, хоҳлашади. Ва Роббидан буни дуоларида сўрашади. Аммо фоний дунёдаги бойлик ва боқий дунёдаги нажотдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, улар узоқ ўйланиб ўтирмай, Дорул Бақони маъқул деб топишлари турган гап. Қолаверса, мўминлар мунофиқлардан фарқли ўлароқ, Аллоҳ таолонинг розилигини одамлар розилигидан устун қўйишади.         

Яна шундай бир тоифа одамлар борки, улар кибрлари сабаб Аллоҳни кам эслашади. Улар бир кунда бундай ҳолатга тушмаган, албатта. Ҳаром-ҳариш топилган пул, қўл остидаги халқи, яқинлари ва ходимларига қилинган зулм уларни бу ҳолга солган. Улар Аллоҳни эсдан чиқарганлар. Аллоҳ азза ва жалла эса улар дунёга келишдан аввал ким бўлганини ва нима учун яралганини мунофиқлар хотирасидан ўчириб ташлаган. Улар ҳаётларида барча нарсаларга ўз меҳнатлари туфайли эришганмиз деб ўйлашади. Мунофиқлар: “Қолганлар дам олганда, биз тиним билмай ишладик, бошқаларнинг юраги бетламаган ишларни таваккалига қилдик, ва албатта, кўп ва хўб ўқидик. Олган билимларимиз ва ўрганган кўникмаларимиз сабаб биз шу даражага етдик”, деб айтишади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Бас, қачонки инсонни зарар тутса, у бизга дуо қилур. Сўнгра унга Биз ўзимиздан неъмат берсак: “Албатта, бу менга илмим туфайли берилди”, дер. Йўқ! У синовдир. Лекин кўплари билмаслар” (Зумар, 49).

Улар якка-ю ягона Аллоҳ одамларнинг қадарини битиб, бандаларининг мақсад-муродларига етиши учун мададкор бўлишини билмайдилар. Мунофиқлар У Зотнинг улуғлигини англамайдилар ва Унгагина ибодат қилишга етакловчи чақириқларни эшитиб юз ўгиришади.    

“Қачонки, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга имон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки, ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар” (Зумар, 45).               

Мунофиқлар Аллоҳ таборака ва таолодан қўрқишмайди деб ўйлайсизми? Албатта, қўрқишади. Аллоҳ азза ва жалла уларнинг бойлиги ва қудратини бирдан тортиб олишидан ва шу тариқа одамлар олдида шарманда бўлишдан қўрқишади. Шу сабаб улар Аллоҳ таолога ёқиш учун муҳтожларга садақа ва эҳсонлар улашиб туришади. Айримлари бу амалларни сидқидилдан қилганлари боис Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб, шу аснода тўғри йўлга қайтишади. Қолганлари эса садақани ночор ва заифларга бериш ўрнига фолбин ва сеҳргарларга инфоқ этаётганлари сабаб Аллоҳнинг марҳаматидан мосуво бўлишади.

Хўш, мақолани шу еригача ўқиб бўлгач, ўзингизга савол бериб кўрдингизми? Аллоҳ таолонинг яқинлигини ҳис қилган дамларингиз қачон бўлган? Кечами? Ёки ўтган ҳафтами? Ахир Аллоҳ таборака ва таоло ҳар он бизларга ғамхўрлик қилиб ўз паноҳида асрамоқда. Ваҳоланки, У Зот бизларга муҳтож ҳам, қарам ҳам эмас. Шунга қарамай, Аллоҳга осийлик қилиб, буйруқларини бажармасак-да, У Зот дуога очган қўлларимизни қуруқ қайтармаяпти.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара, 152).

 Наҳотки, шундай меҳрибон Роббимиз бўла туриб биз Уни зикр қилмай ва Унга шукр келтирмай юраверсак? Ҳар биримиз Яратганнинг ҳузурига борамиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша кунда юзларимиз ёруғ бўлишини насиб этсин! Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки неъмат бор. Ҳар бир мавжуд иккисидан чиқмас ва ҳар бир бор қилинганга иккиси лозимдир йўқдан бор қилиш неъмати ва мадад бериш неъмати. У Зот сенга аввал йўқдан давоми...

5551 13:30 / 26.06.2018
Имом Абулқосим Абдулкарим ибн Ҳавозин алҚушайрий Аррисалатул Қушайрияrdquo Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар Шоядки, нажот топсангизларrdquo Нур, 31.Анас ибн давоми...

5851 10:02 / 11.10.2017
.Дунё нима Унда зуҳд қилиш қандай бўлади, Шунга ўхшаш масалаларни сўраб, саволни кўпайтирдинг. Булар ҳақда сенга қисқа жавоб бераман.Албатта, бу икки диёр ҳам давоми...

5592 17:40 / 05.10.2017
Нурлар қалблар ва сирларнинг уловларидир.ndash Нурлар воридлар орқали Аллоҳ таоло қалбга солган ёруғликлардир. Нурни шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи давоми...

3658 16:06 / 11.03.2018