1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Фақат Аллоҳга суяниб талаб қилиш кераклиги

21:18 / 16.12.2017 3790 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон бўлмас.

Бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи бўлганингда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига суянган ҳолингда талаб қилувчи бўлсанг, талабинг амалга ошиши қийин бўлмайди. Қачон талабингни У Зотнинг Ўзига ҳавола қилсанг, энг кучли сабабни тутган бўласан ва мақсадга осонлик-ла эришасан. Зотан, ҳожатнинг раво бўлишида Аллоҳ таологагина суянилганда, У Зотга тўла ишонч бўлгандагина мақсадга эришилади. Мақсаднинг ҳосил бўлишида таваккул қилинган бўлади. Юзланишда тўғри иш қилинган бўлади. Ушбу уч нарса тугал бўлганда, мурод ҳосил бўлса ҳам, бўлмаса ҳам сўралган нарса осонлашади. Зотан, асл мақсад ҳожатмандлик куйикишини совутишдир. Ишни У Зотга тўла ишонч ила ошириш ила куйикиш сўнмайди. Чунки бунинг оқибати талаб ҳосил бўлса-бўлмаса, розиликдир.

Агар бир нарсани талаб қилувчи бўлганингда ўзингнинг куч-қувват ва имкониятингга суянадиган бўлсанг, талаб қилган нарсангга эришишинг қийинлашади, муродинг ҳосил бўлмайди. Чунки бу ҳолатда мақсадга эришиш У Зотга тўла ишонч ила амалга оширилмаган бўлади. Мақсаднинг ҳосил бўлишида таваккул қилинмаган бўлади. Юзланишда тўғри иш қилинмаган бўлади. Ушбу уч нарса мурод ҳосил бўлса ҳам, бўлмаса ҳам зарарлидир. Чунки бунда шукрни унутиш, Ҳақдан айрилиш ва Ҳақни қўйиб, халққа суяниш бордир.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (15-оят).

Оятда одамларнинг Аллоҳ таоло билан алоқаси йўсини баён қилинмоқда. Инсонлар айнан ушбу ҳақиқатни англаб етмаганларидан ўзларининг Аллоҳга банда эканликларини унутадилар. Оқибатда бошқа муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга хитоб қилиб:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз» деяпти.

Ҳа, инсон ҳар бир нарсада – дунёга келишида ҳам, нафас олиши ва нафас чиқаришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти тамом бўлади. Озиқ-овқат ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг чиқиндисини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Бошқа барча иш ва ҳолатларни ҳам шунга таққосласа бўлади.

Инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири – икки дунё саодатига эришишдир. Шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур – Қуръон нозил қилинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Билиб қўйиш лозимки, ҳар кимнинг ибодати ўзи учун, Аллоҳнинг бировга ҳам, унинг ибодатига ҳам ҳожати йўқдир. Чунки

«Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, ҳамма Унга муҳтождир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг мақтовига ҳам зор эмас, Аллоҳ Ўзи аслида мақталган Зотдир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи», дейишни кўпайтиринглар. Чунки у жаннат хазиналаридан биридир».

Аҳмад ривоят қилган. 

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи» – Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқдир. Яъни ҳеч ким Аллоҳнинг ёрдамисиз Аллоҳнинг маъсиятидан ҳийла билан ҳам, уриниш билан ҳам, ҳаракат билан ҳам четлаб қола олмайди. Аллоҳнинг тавфиқисиз Аллоҳнинг тоатини қилишга ва унда собит туришга ҳеч кимнинг қуввати етмайди.

Бу жумладаги биз «куч» деб таржима қилган «ҳавл» сўзи нарсаларда диқиқ тасарруф қилиш қуввати маъносини англатади.

Демак, барча қувват ва имконият Аллоҳ таолога хосдир. Банда эса барча нарсада У Зотга муҳтождир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқаётганларида:

«Бисмиллаҳ, Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдим, Аллоҳдан бошқада куч ва қувват йўқ», дер эдилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам банда ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлишига тўлиқ ишонган ҳолда, ҳар бир ишда фақат У Зотнинг Ўзигагина суянган ҳолда иш юритиши керак.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхши ва Аллоҳга маҳбуброқ. Барида ҳам яхшилик бор. Ўзингга наф берадиган нарсага ҳарис бўл. Аллоҳдан кўмак сўра, ожиз бўлма. Гар сенга бир мусибат етса, «Агарда ундоқ қилганимда, ундай, бундай бўларди», дема. Лекин «Аллоҳнинг қадари, У Зот нимани хоҳласа қилади», дегин. Чунки «агарда» шайтоннинг амалига (йўл) очур».

Муслим ривоят қилган. 

Ушбу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳдан кўмак сўра, ожиз бўлма» жумласида аввал Аллоҳ таолодан кўмак сўраб туриб, кейин ожиз қолмай ҳаракат қилишга ундалмоқда. Бу амал қилиш борасидаги юксак исломий одоб эканини ҳамма яхши билиши керак.

Шу билан бирга, ушбу ҳикматдаги «Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас» деган жумладаги «тўхтаб қолмас» деган маъно иш моддий тарафдан тўхтаб қолади, деган маънода эмаслигини англаш керак. Бу ерда гап тавфиққа эришиш ва савоб олиш ҳақида кетмоқда. Аллоҳ таолога суяниб қилинган амал рўёбга чиқса ҳам, чиқмаса ҳам бажарувчига савоб бўлаверади.

Аллоҳ таолога суянмай иш қилганлар икки хил бўлади:

Биринчи турдагилар Аллоҳ таолога суянишни эсдан чиқариб қўйганлар бўлиб, улар бефарқ ва тақвосиз мусулмонлардир. Улар Аллоҳ таолога суянмай иш қилганлари учун ишлари юришмайди, юришса ҳам, ажру савоб олмайдилар. Натижада икки ҳолатда ҳам ютқазадилар. 

Иккинчи турдагилар Аллоҳ таолони ва У Зотга суяниб иш қилишни инкор қиладиган шахслардир. Уларнинг ҳоли қандайлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

У Зот Исро сурасида марҳамат қилади: 

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз. Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмас» (20-оят).

Аллоҳ таоло бу дунё неъматларини барчага бераверади. У ҳамманинг Розиқидир. Бергани билан неъмати камайиб қолмайди:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз».

Барча бандаларга, яъни охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз.

«Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмас».

Доимо барчага бериб келинган. Бу дунёнинг бутун матоҳи Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик эмас. Асл саодат бу дунё неъматларига эришишда эмас.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади: 

«Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. Озгина матоҳ. Сўнгра жойлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!» (196-197-оятлар).

Кофирларнинг кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезишлари мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин. Ушбу оят мўминларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали ана шундай алдовга берилиб қолмасликни тайинламоқда. Кейин эса бу юрт кезишлар вақтинчалик эканини тушунтириб:

«Озгина матоҳ», – демоқда. Эҳтимол, улар бу дунёдан шундай керилиб, фахр қилган ҳолларида ўтиб кетарлар. Лекин, барибир у дунёда

«Сўнгра жойлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!»

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Уларни тек қўй, еб-ичиб, ҳузурланиб, орзулар ила машғул бўлиб юраверсинлар. Бас, тезда билурлар» (3-оят).

Ҳозирча, бу дунёнинг беш кунлик ҳаётида кофирларни ўз ҳолига қўйиб қўявер. Ҳайвонга ўхшаб еб-ичиб, ҳузурланиб, мазза қилиб юраверсинлар. Уларнинг еб-ичишдан ва лаззат кетидан қувишдан ўзга ишлари ҳам бўлмасин. У кофирлар, осийлар турли

«...орзулар ила машғул бўлиб юраверсинлар».

Эртага уни, индинга буни қиламан, десин. Орзу кетидан орзу, умид кетидан умид қилаверсинлар. Охир-оқибат келиб, бутун машғулотлари, бутун ишлари шунга ўхшаш тирикчилик орзу-умидидан иборат бўлиб қолсин. Аммо фурсати келса,

«Бас, тезда билурлар».

Нимани биладилар? Асл иш, асл ҳақиқат қаёқда эканини англайдилар. Асл ҳузур-ҳаловат, асл орзу-умид нимада бўлиши кераклигини биладилар. Чунки улар ҳозирги ҳолатларида абадий қолмайдилар. Ҳамма нарсанинг ҳам вақти-соати бор.

Аллоҳ таоло барчамизни Роббимизга суяниб талаб қилган нарсамиз тўхтаб қолмаслигини ва ўзимизга суяниб талаб қилган нарсамиз осон бўлмаслигини англаб етишимизни ва шунга мувофиқ иш тутишимизни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зот сенга ўзинг сазовор бўлмаган мақтовни жорий қилса, сен У Зотни Ўзи сазовор бўлган нарса билан мақтагин.Ушбу ҳикматда одамларнинг мақтовига қандай давоми...

3623 16:57 / 06.05.2018
Васваса1 бандадан қачон кесилиши ҳақида сўрабсан.Мен сенга шунга ўхшаш бир нарсанинг хабарини берурман. Токи менинг бу ҳақдаги жавобим сенинг у ҳақдаги жавобинг давоми...

5381 17:00 / 21.09.2017
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

5383 19:41 / 24.07.2017
.Эй иймон келтирганлар Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва сизни мағфират қилади. Аллоҳ буюк фазл эгасидир, давоми...

5069 15:44 / 02.06.2018