1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (2-қисм)

18:44 / 15.02.2018 3956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. Айбларни тузатиш учун ғийбат қилиш.

(1)

 

Бир киши бирор айб ёки гуноҳ ишга одатланиб қолган бўлса, бу ҳақда унга насиҳат қиладиган, айбу гуноҳдан қайтара оладиган кишига етказиш дурустдир, чунки бу ғийбат сабабли у гуноҳдан қайтиши мумкин. Масалан, бир одамнинг ёмон иш қилиб юрганини унинг ота-онасига айтиш ёки қозининг пора олаётгани тўғрисидаги султонга хабар етказиш дуруст амал ҳисобланади. Токи ота-онаси ёки бошқа бирор киши бу одамни ёмон ишдан қайтарсин ёки султон қозини ишдан олиб ташласин, ёхуд танбеҳ берсин, шунда бутун жамиятга манфаат етади.

Ҳикоя. Куфа аҳли ўз ҳокими Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг устидан Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. Умар розияллоҳу анҳу у кишини ишдан бўшатиб, ўрнига Аммор ибн Ёсирни ҳоким этиб тайинладилар. Куфаликлар Саъд розияллоҳу анҳунинг бир неча ишларини айтиб, жумладан, намозни яхши ўқиб бермайди деб ҳам шикоят қилишган эди. Умар розияллоҳу анҳу у кишини чақиртириб, «Эй Абу Исҳоқ (бу Саъд розияллоҳу анҳунинг куняси), куфаликлар айтишига қараганда, сиз намозни чиройли ўқиб бермас экансиз?» дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен уларга намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари каби ўқиб берар, унда бирор нуқсонга йўл қўймас эдим. (Масалан), хуфтон намозида аввалги икки ракъатни узун, кейинги иккитасини қисқа ўқийман», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Абу Исҳоқ, сиз ҳақингизда бизнинг гумонимиз шу эди», дедилар. Сўнг у киши қолган шикоятларни ҳам текшириш учун Саъд розияллоҳу анҳу билан бирга бир-икки одамни Куфага юбордилар. Улар Куфага бориб, Саъд розияллоҳу анҳу ҳақида сўрамаган бирор масжид қолмади. Барча у кишини мақтади. Сўнг Бану Абс масжидига борсалар, Усома ибн Қатода (куняси Абу Саъда) номли киши ўрнидан туриб, «Аллоҳ номи ила сўраганингиз учун гапнинг ростини айтаман. Саъд бирор лашкар билан жангга бормас, ўлжани баробар тақсим қилмас, ҳукм чиқаришда адолат қилмас эди», деб айтди. Ҳазрат Саъд (мунофиқларча айтилган бу ёлғон гапларни эшитиб): «Аллоҳга қасамки, (бу учта ёлғон даъво эвазига) мен ҳам учта дуо қиламан. Аллоҳим! Агар шу банданг ёлғончи бўлиб, риё ва сумъа[1] учун ўрнидан турган бўлса, унинг умри ва фақирлигини узун қил, уни фитналарга нишон қил», дедилар. Орадан анча замонлар ўтиб, ўша одамнинг аҳволини сўрашса: «Менга Саъднинг дуоси теккан, қариб, фитнага қолган чолман», деб жавоб берарди. Абдулмалик: «Мен унинг қариб, қошлари кўзига тушиб қолганини кўрганман. Йўлдан ўтган чўриларга тегажоқлик қилиб юрар эди», деди.[2]

Мазкур ҳикоя бир кишининг айбини тузатиш мақсадида (уни тузата оладиган кишига айтиб) ғийбат қилиш мумкинлигини билдиради. Чунки шундай бўлмаса, Куфа аҳли Саъд розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилмас эди. Улар шикоят қилган тақдирда ҳам, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни эшитмас эдилар. Зеро, ғийбатни эшитиш ҳам ғийбат қилиш билан баробардир. Чунки бир ҳадисда: «Ғийбат қилувчи ва уни эшитувчи гуноҳда шерикдир», дейилади.[3]

Ҳикоя. Обиллаҳм[4] розияллоҳу анҳу ўз қули Умайрга гўшт қуритишни буюрди. Умайр гўшт қуритаётганида бир мискин келган эди, хожасидан берухсат унга гўштдан озроқ бериб юборди. Обиллаҳм бундан хабар топгач, ғуломини урди. Ғулом бу воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (хожамнинг устидан шикоят қилсам, у зот унга насиҳат қиладилар деган ниятда) айтиб берди. Расулуллоҳ уни чақириб, «Сен нега Умайрни урдинг?» дедилар. Обиллаҳм: «Менинг розилигимсиз таомимни фақирга бериб юборибди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажр икковингизнинг орангизда бўлади», деб марҳамат қилдилар.[5]

Изоҳ. Гўшт хожаники бўлгани учун, унинг розилигисиз бериб юборилган бўлса ҳам, унга савоб берилар экан. Қулга ҳам алоҳида ажр бор экан, чунки у ўзининг гўшти бўлмаса ҳам, ўзича яхшилик қилмоқчи бўлган, хожасини ҳам бунга норизо бўлмайди деб ўйлаган.

Ҳикоя. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг замонларида ҳамиша гуноҳ қилиб юрадиган бир йигит бор эди. Онаси кўп бора қайтарса ҳам, унинг гапига кирмас эди. Онаси Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб, у киши ўғлимга насиҳат қиладилар, тўғри йўлга бошлайдилар деган ниятда ўғлидан шикоят қилар эди. Ўлими яқинлашиб қолганини билган ўша йигит бир куни онасига: «Ҳасанни бу ерга чақиринг, менга тавбани ўргатсин», деди. Онаси Ҳасан Басрийнинг ёнларига келиб, ўғлининг орзусини айтди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ эса йигитдан қаттиқ хафа бўлгани учун унинг олдига бормади. Йигит Ҳасан Басрийнинг келишидан ноумид бўлгач, онасига: «Менинг жоним чиққач, бўйнимга бир арқон боғлаб, юзимни ерга қаратиб, мени уй ичида судранг ва: «Бу Роббига осий бўлган банданинг жазоси», деб айтинг. Қабримни уйимдан кавланг, чунки мен жуда ёмон одамман. Ҳаётлигимда кўплаб одамга озор берганман, ўликлар ҳам мендан озор топмасин», деб васият қилди. Охири унинг жони узилди. Онаси васиятни бажариш мақсадида бўйнига арқон боғламоқчи бўлган эди, ғойибдан: «Аллоҳнинг валийси(дўсти)га мулойим бўл» деган овоз келди. Бу гапни эшитган она арқонни жасаднинг бўйнидан чиқариб, васиятга кўра уни уйга дафн қилди. Шунда эшик тақиллади. Она: «Эшикдаги ким?» дея сўради. Келган Ҳасан Басрий эди. У киши шундай деди: «Мен ҳозир тушимда Аллоҳ таолони кўрдим. Аллоҳ таоло: «Эй Ҳасан, сен бандамни Менинг раҳматимдан ноумид қиласанми? Бандамнинг юзига йўлни тўсасанми? Мен эса уни кечириб, жаннатимга киритдим», деди».[6]

Бу ҳикоядан Аллоҳ таолонинг раҳмат дарёси жўш урса, ҳар қандай гуноҳ ўчиб кетиши мумкин экани маълум бўлди. Мазкур одам ниҳоятда гуноҳкор бўлишига қарамай, ўлими олдидан хавфга тушиб, бадани даҳшатдан титрагани сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечирди. Бироқ инсон Аллоҳ таолонинг раҳмат-мағфиратига суяниб, гуноҳ қилавермаслиги, балки У Зотнинг қаҳҳорлиги ва ғазабини ҳам ёдда тутмоғи, дилида қўрқинч бўлмоғи лозим.

Ҳикоя. Бир куни Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга салом берган эдилар, у киши жавоб қайтармадилар. Умар розияллоҳу анҳу буни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етказиб, «Усмонга насиҳат қилинг, саломга алик олиш кераклигини таъкидлаб қўйинг», дедилар. Ҳазрат Абу Бакр бу шикоятни эшитиб, Усмон розияллоҳу анҳуга насиҳат қилдилар.[7]

Демак, эшитиб туриб саломга алик олмаган кишининг бу иши ҳақида унга сўзи ўтадиган бирор кишига айтиб, насиҳат қилиб қўйишни сўраш ҳам ғийбат эмас экан. Шунингдек, бу ҳикоядан саломга жавоб қайтариш қай даража зарурлиги ҳам маълум бўлади. Акс ҳолда, Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилмас ва у кишининг жавоб қайтармагани учун хафа бўлмас эдилар. Фиқҳ китобларида салом бериш суннати муаккада, жавоб қайтариш эса фарзи кифоя дейилган. Агар мажлисда фақат бир киши саломга алик олса, қолган барчанинг зиммасидан фарз соқит бўлади.

Ҳикоя. Кимдир ҳазрати Умарга Шомдаги Абу Жандал исмли кишининг хамр ичишга берилиб кетгани ҳақида (у зот унга насиҳат қиладилар деган умидда) хабар етказди. Умар розияллоҳу анҳу бу шикоятни эшитгач, Абу Жандалга: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳаа. Мийм. Қуръон ниҳоятда забардаст ва ниҳоятда илмли, гуноҳни кечирувчи ва тавбани қабул қилувчи, қаттиқ азоб берувчи ва қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган» деган таҳдидли ояти каримани ёзиб, унга юбордилар. Абу Жандал бу хатни ўқигач, дилидан қаттиқ надомат қилиб, хамр ичишдан тавба қилди.

Эътибор беринг, ҳазрати Умар бу хабарни етказган кишини ғийбат қилди деб ҳисобламаганлар, чунки хабарни етказувчи киши ҳазрати Умар Абу Жандални мазкур ишдан қайтарадилар, бошқаларнинг насиҳати унга фойда қилмаса ҳам, ҳазрати Умарнинг насиҳати фойда қилади деган умидда бўлган.[8]

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳум ўлдирилгани ҳақида хабар келди. У зот масжидда ғамгин бўлиб ўтирган эдилар, бир киши келиб, (Пайғамбар алайҳиссалом қайтарадилар, аёлларни тўхтатадилар деган мақсадда) Жаъфар розияллоҳу анҳунинг аёллари йиғлашаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом (шикоятни эшитгач,) унга аёлларни йиғидан қайтаришни буюрдилар. У одам иккинчи маротаба келиб, аёллар унинг гапига қулоқ солмаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом яна: «Уларни қайтар», дедилар. Учинчи марта келиб: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, улар мендан ғолиб келишди, яъни уларни йиғидан тўхтата олмадим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Ундай бўлса,) уларнинг оғзига тупроқ соч», дедилар.[9]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Риё ва сумъа – амални бошқаларга кўрсатиш ва эшиттириш мақсадида қилиш.

[2] «Саҳиҳи Бухорий», 755-ҳадис.

[3] «Иҳёу улумид-дин»; «Хизонатур-ривоёт».

[4] «Обил-лаҳм»нинг сўзма-сўз таржимаси «гўштдан воз кечувчи»дир. Бу саҳобанинг асл исми ривоятларда турлича келган. Кимдир Абдуллоҳ, кимдир Ҳувайрис, яна баъзилар эса Халаф бўлган дейдилар. Лақаблари Обиллаҳм бўлиб қолишининг сабаби шуки, у киши жоҳилият даврида бутларнинг номига атаб сўйилган жонлиқларнинг гўштини ейишдан воз кечган эдилар. Ҳунайн ғазотида шаҳид бўлганлар («Тафҳимул Муслим»).

[5] «Саҳиҳи Муслим», 2366-ҳадис.

[6] Сафурий, «Нузҳатул мажолис».

[7] Мулло Али Қорий, «Шарҳу Айнил илм».

[8] «Иҳёу улумид-дин».

[9] «Саҳиҳи Бухорий», 1299-ҳадис.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

3914 22:05 / 09.04.2018
8. .У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, У сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зотку,Аллоҳ таоло бандасига ҳаммадан кўра яқин эканини У давоми...

4025 16:46 / 08.10.2017
У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва .Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади,, деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга давоми...

3327 20:41 / 10.06.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

3512 22:53 / 28.03.2018