1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қиёматга иймон келтириш

15:51 / 05.03.2018 4721 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, усти­ларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У(дунё)да йўл қўйган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», – дерлар. Огоҳ бўлинг! Улар орқалаган нарса жуда ҳам ёмон!

Аллоҳга рўбарў келиш қиёматда рўй беради. Қиёматни ёлғон деганлар, унга ишонмаганлар Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарган бўладилар. Бу эса бу дунёю у дунёда уларнинг ўзига катта зиён етказади.

«Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар шубҳасиз, зиёнга учрадилар».

Оятнинг асосий мақсади охиратда етадиган зиённи васф қилишдир. Уларнинг ҳоли кишилар онгига кучли таъсир этадиган услубда, бадиий бўёқлар билан таъриф этилмоқда. Гўё гуноҳлар оғир бир жисм-у, гуноҳкор уни орқасида кўтариб юриши керак.

«Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, усти­ларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида...»

Қиёмат тўсатдан қоим бўлди. Унда бўлиши лозим бўлган ҳамма ҳодисалар юзага чиқди. Барча одамлар маҳшар майдонига тўпланмоқдалар. Ҳамма бу дунёда қилган амалига мувофиқ, турли ҳолатда. Қиёмат кунини ва Аллоҳга рўбарў келишни ёлғон деганлар гуноҳларини орқалаган ҳолларида келмоқдалар. Афтидан, улар бу ҳолга тушишларини кутмаганга ўхшайдилар. Бошларига тушган кўргилик боис у дунёда қилган амалларига афсус-надомат чекмоқдалар. Гуноҳларини орқалаган ҳолда жим кетмасдан:

«У(дунё)да йўл қўйган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», – деб сўзлаб бормоқдалар.

Улар бу даҳшатли Кунда орқалаб кетаётган нарса нима? Одатда жамоатлар тўпланадиган жойларга одамлар совға-саломлар, кўз ва дилни қувонтирадиган гўзал нарсалар олиб борар эдилар. Аммо бу осийлар фоний дунёда қилган гуноҳларини орқалаб кетмоқдалар:

«Огоҳ бўлинг! Улар орқалаган нарса жуда ҳам ёмон!»

Машҳур муфассирлардан Суддий бу ояти каримани қуйидагича тушунтирганлар:

«Ҳар бир золим қабрга кирганда, албатта, унинг олдига бадбашара, қора рангли, бадбўй ҳидли ва ифлос кийимли бир кимса келади. Қабрда икковлари ёлғиз қоладилар. Шунда золим:

– Бунча ҳам бадбашарасан? – деб сўрайди.

– Сенинг амалларинг ҳам бадбашара эди, – дейди бояги иркит одам.

– Бунча ҳам ҳидинг бадбўй? – дейди золим.

– Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш бадбўй эди, – дейди у.

– Кийимларинг бунча ифлос? – дейди золим.

– Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш ифлос эди, – дейди у.

– Сен кимсан? – деб сўрайди золим.

– Қилган амалингман, – деб жавоб беради у ва биргаликда қабрда қолади. Қиёмат куни золим қайта тирилтирилганда амали унга:

– Мен сени у дунёда лаззат ва шаҳватлар билан кўтариб юрган эдим. Энди бугун сен мени кўтарасан, – дейди ва ортига миниб олади. Сўнг уни дўзахга ҳайдаб олиб боради».

Ушбу оятдан ва унинг тафсирида айтилган ҳикматлардан «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» деган шиор ила ялло қилиб юрган кофиру мушриклар огоҳ бўлишлари керак.

Қиёмат кунини, Аллоҳга рўбарў бўлишни инкор этиш ҳам асосан юқоридагига ўхшаш бемаъни шиорларга муккасидан кетишдан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Қиёматга ишонмаслик икки дунё учун ҳам кони зиён бўлганидан, Ислом динида унга иймон келтириш ақийданинг асосий рукни деб тайин этилган. Қиёматга иймони йўқ одам, агар бошқа барча зарурий ақийдаларни ўрнига қўйса ҳам, мўмин-мусулмон бўла олмайди.

Инсонларда қиёматга нисбатан иймон, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога нисбатан ишонч туфайли ҳаёт, одоб-ахлоқ, яхшилик-ёмонлик ва бошқа ҳодисаларга муносабат шаклланади.

Қиёматга иймони йўқ кофирлар, ҳаёт фақат бу дунё ҳаётидан иборат, қайта тирилиш йўқ, деган тасаввур асосида яшайдилар. Улар эслари кириб, то қариб, ҳеч бир нарсага ярамай қолгунларича кечган арзимаган вақтни ҳаёт деб тушунадилар. Уларнинг тасаввури ердаги ҳаётга мустаҳкам ёпишиб қолган. Тасаввурларидаги беш кунлик ҳаётда кўпроқ маза қилиб олишга ҳаракат қиладилар. Улар тафаккур доиралари жуда ҳам тор кишилардир. Уларнинг ҳаёти ҳам ўша тасаввурларига мос – ниҳоятда тор. Умрлари вақт нуқтаи назаридан, бир кишининг ҳаётига тенг келади ёхуд келмайди. Макон жиҳатидан ўзлари яшаган жамиятдан ташқарига чиқа олмайдилар. Муомала жиҳатидан эса қисқа муддатда, тор маънода кўрганлари билан бўлади, холос. Шунинг учун ҳам ўз мақсадларига эришиш – маза қилиб қолиш учун барча қабиҳликни киприк қоқмай қилаверадилар. Қиёматга, у дунёга, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ишонмаганларидан кейин улардан бошқача тасаввурни кутиб ҳам бўлмайди.

Қиёмат кунига, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога иймон келтирган мўмин-мусулмон тасаввурида эса ҳаёт тамоман бошқача бўлади. У ҳаётни фақат бу дунё ҳаёти деб эмас, балки ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳаётидан иборат деб тушунади. Унинг эътиқоди бўйича, ҳаёт беш кунлик эмас, бир кишининг умрига, бир қавмнинг умрига ёки бу дунёнинг муддатига тенг эмас, ушбу қисқа вақт билан чегараланиб қолмайди. Балки дунёвий ҳаёт муддати ухровий ҳаёт муддати олдида унинг назарида беш кунлик бўлиб қолади. У дунё ҳаётини замон чегаралай олмайди. Қиёматга, охиратга иймони борлиги учун унинг тафаккур уфқи доираси жуда кенг бўлади.

Мусулмон инсон тасаввурида ҳаёт макон жиҳатидан ҳам чексиздир.

Унинг ҳаёти фақат ер курраси доираси билан чегараланиб қолмайди. Балки бу коинотдан ўтиб, кенглиги осмонлару ерга тенг бўлган жаннатда ҳақиқий боқий ҳаёт кечиришига ишонади.

Мўмин инсоннинг ҳаётий муносабатлари ўз атрофидаги шахслар билангина чегараланиб қолмайди. У Аллоҳ таоло, фаришталар, барча ўтган мусулмон умматлар, келажак мўминлар ва жаннатдагилар билан алоқадор бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши ўз ҳаётини доимо яхшиликлар билан тўкис этишга ҳаракат қилади.

Исломда, бошқа ботил динлардаги каби, жаннат ҳаётини кўзлаб, бу дунёни азоб-уқубатда ўтказиш керак, деган тушунча ҳам йўқ. Балки у дунёда яхши ҳолатларга эришиш учун бу дунёни яхши ўтказиш мўминга шарт қилиб қўйилади. Қуръони Каримнинг аксар ояти карималарида «Бу дунёдаги насибангни унутма», – дейилади. Исломда бу дунё охиратнинг экинзорига ўхшатилиши бежиз эмас. Бу дунёдаги экинзорга ким эзгулик уруғини қадаса, яхшилаб парвариш қилса, у дунёда яхши ҳосил олади. Бинобарин, инсон бу дунёда фақат яхши амалларни қилмоғи, ер юзида иймон, Ислом, адолат ҳукм суриши учун зулм, истибдод ва ёмонликка қарши курашмоғи лозим. Ана шундагина охират ҳаётидан – жаннатдан умидвор бўлса бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: «Агар бирингизга қиёматнинг хабари келса, қўлида кўчат турган бўлса, уни экиб қўйсин», – деганлар. Исломда бу дунёнинг ободлигига шу даражада эътибор билан қаралади. Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи бир шахслар ёки авлодлар тасаввурига қараб, бутун бошли илоҳий динга нисбатан ҳукм чиқаравермаслик керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва улар ҳақида хотиржам бўла олмаймиз, жаннатга киришларига давоми...

5368 13:45 / 27.05.2019
Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етганидан кейин унда абадий қолади. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эътиқодича, бу икки давоми...

2873 19:00 / 28.08.2023
Биринчидан Руҳнинг баданга боғлиқлиги.Бу беш турлидир1. Руҳнинг инсон баданига у она қорнида ҳомила бўлган даврда боғланиши.2. Қориндан ер юзига чиққанидан кейин давоми...

4399 10:35 / 20.04.2020
Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

5114 19:00 / 04.04.2022