1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (3-қисм)

18:46 / 15.02.2018 4480 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. Айбларни тузатиш учун ғийбат қилиш.

Насиҳат. Бу хабардан маййитга овоз чиқариб, бақир-чақир қилиб йиғлаш қаттиқ ман этилгани маълум бўлди. Ҳар қандай инсон ҳам бирор азиз кишиси вафот этса, қаттиқ ҳасрат-надомат қилиши табиийдир. Аммо бундай пайтда маййитга бироз бўлса ҳам фойдаси тегадиган бирор иш қилиш лозим. Ортиқча йиғлашдан фойда йўқ, чунки вафот қилган одам дунёга қайта тирилиб келмайди. Аксинча, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг наздларида тирикларнинг йиғлаши туфайли маййитга азоб ҳам бўлади. Ортиқча йиғлаш инсоннинг бесабрлигини, ақлсизлигини билдиради, холос. Хабарларда келишича, бирор одам вафот этиб, яқинлари дод-вой солиб йиғлашни бошласа, жон олувчи фаришта ўша уйнинг дарвозасида туриб: «Эй одамлар, нимага йиғлаяпсизлар? Биз унга ҳеч қандай зулм қилмадик, балки белгиланган вақти келгани учун жонини олдик, холос», дейди. Замондошларимиз йиғлаш масаласида ниҳоятда бепарволикка йўл қўйишади. Биров вафот этса, хўп чинқириб йиғлашади. Аёлларнинг аҳволини баён қилишга эса ҳожат ҳам йўқ. Ажабланарлиси, эркаклар аёлларни йиғлашдан қайтариш ўрнига ўзлари ҳам аёлларга қўшилиб бетоқатлик қилиб, сувсиз қолган балиқдек дод-войларга шерик бўлишади. Нега бу қадар йиғлайсизлар деб насиҳат қилган кишидан эса хафа бўлишади, «Ўзинг мусибатга учрамагансан-да, билмайсан. Мусибатнинг қанчалик оғирлигини унга дучор бўлган одам билади», деб эътироз қилишади. Йиғлаш шаръан дурустми ёки йўқми, бу билан ишлари ҳам йўқ. Хулоса шуки, бир одам вафот этса, фақат кўз ёши қилиб йиғлаш мумкин, аммо дод-вой солмаслик керак, аёлларни ҳам бундан қайтариш керак. Бунинг ўрнига ўша лаҳзаларда маййитга бироз бўлса ҳам савоб бағишласинлар, вақтни бекорга кетказмасинлар.

Ҳикоя. Али розияллоҳу анҳу одатда Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда аввал салом берар эдилар. Бир куни ҳазрат Али одатга хилоф тарзда биринчи салом бермадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу салом берганларидан сўнг у киши алик олдилар. Бир одам бу ҳолатни Пайғамбар алайҳиссаломга: «Али розияллоҳу анҳу доим Абу Бакр розияллоҳу анҳуга салом берар эдилар, бугун эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда салом бермадилар, балки Абу Бакр салом бергач, алик олдилар», деб етказди. Бу шикоятни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуни чақириб, нимага аввал салом бермаганини сўрадилар. У киши: «Мен ҳамиша ҳазрат Абу Бакрга салом берар эдим. Бу кеча тушимда бир боғ кўрдим. Одамлардан: «Бу боғ кимники?» деб сўрадим, улар: «Бу боғ дўстига биринчи бўлиб салом берган кишига насиб қилади», дейишди. Мен бугун Абу Бакр биринчи бўлиб салом бериб, ўша боққа ҳақдор бўлсинлар деб у кишига салом бермай турдим», деб жавоб бердилар.[1]

Ҳикоя. Муоз розияллоҳу анҳу намозни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқиб, сўнг ўз масжидига бориб, у ердагиларга имом бўлар эди. Бир кеча Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини кечроқ адо этдилар. Муоз розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқигач, қавмига имом бўлгани бориб, намозда Бақара сурасини ўқиди. Шунда бир киши жамоатдан ажраб чиқиб, ўзи ёлғиз намоз ўқиб олди. У кишига: «Эй фалончи, сен мунофиқ бўлдингми?» дейишди. У: «Мен мунофиқ бўлмадим», деди-да, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Муоз сиз билан намоз ўқиб бўлгандан кейин бизга имом бўлади. Бизлар деҳқонмиз, қўл кучимиз билан меҳнат қилиб, қаттиқ чарчаймиз. У ўтган кеча бизга имом бўлгани келиб, Бақара сурасини ўқиди», деб Муоз розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шикоятни эшитгач, Муозга насиҳат қилиб: «Эй Муоз, сен фитначимисан? Фитначимисан? (Имом бўлсанг,) «Саббиҳисма Роббикал аъла» билан «Вал-лайли иза йағшаа»ни ўқигин», деб марҳамат қилдилар.[2]

Эслатма. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг наздларида нафл ўқиб турган кишига фарз ўқиётган кишининг иқтидо қилиши мумкин эмас. У киши юқоридаги ҳадисни қуйидагича тушунтирадилар: Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилаётганда нафлга ният қилар, қавмларига бориб эса фарзга имом бўлар эдилар.

Насиҳат. Бу ҳадисдан имом намозда қироатни жуда узун қилмаслиги лозим экани маълум бўлади. Чунки иқтидо қилганлар орасида беморлар ёки ўта заиф одамлар бўлиши мумкин. Узун қироат уларга машаққат туғдиради. Натижада намозда макруҳлик пайдо бўлиб қолади. Лекин иложи борича қироатни суннат миқдоридан камайтириб юбормаслик ҳам лозим. Тўғри, зарурат вақтида шундай қилса, яъни суннатдаги миқдордан камроқ ўқиса ҳам бўлаверади. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлари ривоят қилинган. Ҳозирги одамларнинг ғалати одатлари бор, ўзлари ёлғиз намоз ўқишса, рукуъ, сажда ва қироатга умуман аҳамият беришмайди. Бомдод ва пешин намозларида «Вас-самааи заатил бурууж» ва «Вас-самааи ват-ториқ» каби суралар билан кифояланишади. Ҳолбуки, бомдод ва пешин намозларида Ҳужурот сурасидан Буружгача бўлган суралардан қироат қилиш суннатдир. Имом бўлганда эса қироатни жуда узун қилиб юборишади. Ҳаттоки суннат миқдоридан ҳам ошиб кетиб, иқтидо қилувчилар озор топадилар. Офтобда қолган одамлар билан ишлари ҳам бўлмайди. Асосий мақсадлари узун қироат қилишдан иборат бўлади. Улар бу ишларидан қайтишлари лозим.

Ҳикоя. Язид ибн Абу Суфён Шом мамлакатига ҳоким бўлиб турган вақтида Шомдаги бир гуруҳ кишилар хамр ичиб, уни ўзларига ҳалол қилиб олишди. Бу ишга эса ушбу оятни (нотўғри таъвил қилиб) далил келтиришди: «Иймон келтирган ва солиҳ амал қилган кишиларга (ҳукм нозил бўлишидан илгари) еб-ичган нарсаларида ҳеч қандай гуноҳ йўқ».[3] Ҳоким бу одамлар устидан шикоят қилиб, ҳазрати Умарга мактуб юборди. Ҳазрати Умар: «Атрофингдаги бошқа кишиларни ҳам бузмасларидан олдин уларни менинг ёнимга жўнатиб юбор», деб жавоб ёздилар. Улар Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига келгач, саҳобийларни тўплаб, маслаҳатлашдилар. Саҳобийлар: «Эй амирул мўминин! Булар Аллоҳга туҳмат қилишди, У Зотнинг динида У Зот изн бермаган ишни жорий қилишди. Шунинг учун уларнинг бўйнига қилич уринг (яъни ўлдиринг)», дедилар. Саҳобийлар орасида Али розияллоҳу анҳу индамай ўтирган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишидан: «Сиз нима дейсиз?» деб сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: «Улардан тавбани талаб қилинг, агар тавба қилишмаса, кейин бўйинларига қилич уринг. Агар тавба қилишса, саксон дарра урдиринг», деб маслаҳат бердилар. Умар розияллоҳу анҳу улардан тавбани талаб қилган эдилар, ҳаммалари тавба қилишди. Сўнг уларга саксон дарра урдирдилар.[4]

Ҳикоя. Шом мамлакатида Умар розияллоҳу анҳунинг бир дўсти бор эди. Шомдан келган бир кишидан унинг аҳволини сўрадилар. У: «Дўстингиз гуноҳи кабираларга мубтало бўлиб, ҳатто доим шаробдан маст бўлиб юради», деди. Ҳазрати Умар бу гапни эшитгач, дўстларига хат ёздилар. Хатда «Ҳаа. Мийм. Танзил...» сурасини ёзгач, ортидан уни ниҳоятда қўрқитиб, танбеҳ бердилар. У одам ҳазрати Умарнинг хатларини ўқиб, йиғлади ва: «Аллоҳ рост айтди, Умар менга хайрихоҳлик қилди» деб, тавба қилиб, гуноҳидан қайтди.[5]

Эслатма. Шуни билиш муҳимки, айблардан қайтара олмайдиган кишининг ёнига бориб, бировнинг айбини баён қилиш ва уни ғийбат қилиш дуруст эмас, чунки бундай ғийбатдан ҳеч қандай фойда йўқ. Келтириб ўтилган ҳикоя ва хабарларга ҳам эътибор қилган бўлсангиз, гуноҳ ва хато иш қилган кишилар устидан қилинган шикоятлар (ғийбатлар) фақатгина уларни бу ишдан қайтара оладиган кишиларгагина айтилган ёки етказилган.

Ҳикоя. Бир киши Ибн Сийриннинг ҳузурида Ҳажжожни ёмонлади. Ибн Сийрин у одамдан хафа бўлиб, унинг ғийбатидан норизо бўлдилар, чунки Ибн Сийрин Ҳажжожга насиҳат қилишга қодир эмас эдилар. Шунинг учун у одамнинг Ҳажжожни ғийбат қилиши фойдасиз бўлди. Бу ҳикоя, иншааллоҳ, ўз ўрнида яна зикр қилинади.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Бу ҳикоя «Нузҳатул мажолис»нинг «Салом» бобида Ибн Абу Жамранинг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳидан нақл қилинган.

[2] «Сунани Абу Довуд», 789-ҳадис.

[3] Моида сураси, 9-оят.

[4] «Танбеҳул ғофилин»; «Мусаннафи Ибн Абу Шайба», 29000-ҳадис.

[5] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни давоми...

3818 21:57 / 09.04.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар.Аллоҳни зикр қилиш ndash қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг давоми...

6672 19:05 / 11.02.2018
Аллоҳ таоло .Аълаа, сурасида.Олий қадар Роббинг исмини поклаб ёд эт,, деган 1оят.Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у давоми...

6825 20:27 / 10.05.2018
Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.ndash Ворид ndash қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний давоми...

3665 22:00 / 20.05.2017