1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Бандаликда содиқ эмасликнинг далили

19:30 / 18.01.2018 3511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.

– Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва ҳис-туйғуларини қамраб олган хорлик ва зорликдан иборат бўлиб, у инсонни ўз Холиқини улуғлашга, Ундан ҳайиқишга, Унга илтижо қилишга, истиғфор айтишга, дуо қилишга ва Ундан умидвор бўлишга чорлайди.

Аллоҳ таоло бандага зоҳидлик, обидлик, тақводорлик, парҳезкорлик, ҳожатбарорлик ва шунга ўхшаш яхши хусусиятларни берган бўлса-ю, банда ўзидаги мазкур хусусиятларни одамлар билишига орзуманд бўлса, яъни ичидан шундай хаёл ўтса, шунинг ўзи у банданинг Аллоҳ таолога бандалигида содиқ эмаслигига далил бўлар экан. Чунки банда ўз Холиқи ила муомаласида содиқ бўлса, амалини У Зотдан ўзгалар кўришини истамайди.

Аҳмад ибн Абулҳаворий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ким бирор яхшилик ила танилмоқчи ёки зикр қилинмоқчи бўлса, шубҳасиз, ибодатида ширк келтирган бўлади. Чунки ким муҳаббат асосида хизмат қилган бўлса, хизматини кимга хизмат қилса, ўшандан бошқа кўришини истамайди».

Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ким одамлар унинг амалидан хабардор бўлишини истаса, ўша одам риёкордир. Ким одамлар унинг ҳолидан хабардор бўлишини истаса, ўша одам каззобдир».

Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Шуҳратни яхши кўрган одам Аллоҳ таолога содиқ бўлмас».

Бас, шундай экан, мухлис банда ўзининг Аллоҳ таолога бандалигида содиқ эканини ҳақиқий равишда юзага чиқариш учун ўз нафсини Аллоҳ таолонинг бандалиги тақозо қиладиган нарсаларга бўйсундириши лозимдир. У Зот таолога бўлган муҳаббати холис бўлиши, бунинг учун бандалар билишидан умидвор бўлишдек бекорчи нарсаларни хаёлидан бутунлай чиқариб ташлаши керак. Ана шундагина унинг Аллоҳ таолога бандалиги содиқ бўлади.

Шу билан бирга, баъзи вақтларда динга ва унга амал қилишга тарғиб юзасидан Аллоҳ таоло бандага берган хусусиятларни бошқаларга билдиришга рухсат берилади.

Тоатни махфий қилишда ихлос бор, риёдан сақланиш манфаати бор. Тоатни ошкора қилишда эса бировларнинг эргашиши ва одамларга яхшиликни тарғиб қилиш фойдаси бор.

Ҳажга ўхшаш ибодатларни эса махфий қилишнинг умуман иложи йўқ. Бас, шундай экан, амални ошкора қилган одам қалбини кузатиб бориши лозим. Токи унда махфий риёнинг муҳаббати пайдо бўлмасин. Ҳар доим одамларнинг ўзига эргашишини ният қилиб турсин.

Бас, кимнинг иродаси кучли бўлиб, ихлоси нафсига эгалик қилолса, унинг наздида одамларнинг мақтови ва қоралови ҳеч нарса бўлмай қолса, амалини ошкора қилавериши мумкин. Чунки яхшиликка тарғиб қилиш яхшиликдир.

Бунга шаръий далиллар ҳам мавжуд:

Имом Муслим Жарир ибн Аблуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Музар қабиласидан оч-яланғоч бир гуруҳ кишилар келган вақтда – пешин намозидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб, ваъз сўзладилар. Ўз сўзларида жумладан, «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» оятини ўқидилар. Сўнгра одамларни садақа қилишга чақирдилар. Шунда кимдир диноридан, кимдир дирҳамидан, кимдир буғдойидан ва яна кимдир хурмосидан садақа қилди. Шунда ансорлардан бир киши қўли кўтаришга ожиз бўлай деб турган, балки ожиз бўлган хамённи келтирди. Сўнгра одамлар кетма-кет турли нарсаларни олиб кела бошладилар. Таом ва кийимдан икки уюмни кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари тилла югуртирилгандек бўлиб ёришиб кетганини кўрдим…»

Ҳадиси шарифнинг давоми қуйидагича:

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қизиқтириш учун мазкур ансорий саҳобийнинг садақасини мақтадилар.

Саҳобаи киромлардан, тобеъинлардан ибрат учун ўзларининг қилган яхши ишлари ҳақида сўзлаганлари бўлган.

Қуйидаги ҳикоя «Сифатус софва», «Тарихи Димашқ» ва бошқа кўплаб китобларда турли иборалар билан келган:

«Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқлари қорасон касалига учради. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тар­қаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди.

Урва ибн Зубайр:

«Ундай бўлса, кесиб ташланглар», дедилар. Табиблар:

«Бунинг учун сизга банж (ўша даврнинг наркоз моддаси) беришимиз керак», дейишди. У киши:

«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар. Табиблар:

«Ундай бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди. Урва ибн Зубайр:

«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар.

У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби билан қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёққа солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида Урва ибн Зубайр намозни тугатиб, ҳушларидан кетдилар. Ҳушларига келгач, табибларнинг қўлидаги кесилган оёқларини кўриб, сўраб олдилар. Оёқни ўпиб туриб:

«Сенга мени юклаб қўйган Зот яхши биладики, мен сен билан ҳаромга бир қадам ҳам босмаганман», дедилар».

Шунингдек, ўтган солиҳларнинг бир жамоалари одамлар ўрнак олиши учун ўзларининг аҳволи шарифларидан баъзиларини ошкора қилар эдилар. Улардан бирлари жон таслим қилиш пайти келганда: «Менга йиғламанглар! Мен мусулмон бўлганимдан буён бирор оғиз хато гап гапирганим йўқ», деган.

Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ ўғлига: «Бу ҳужрада Аллоҳ таолога маъсият қилишдан ҳазир бўл! Мен унда ўн икки минг марта хатм қилганман», деган.

Аллоҳ таоло халқ бизнинг хусусиятимизни билмоғига орзуманд бўлишимиз ила бандалигимизда содиқ эмаслигимизнинг далили ошкор бўлишидан асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ниҳояда зафар топишнинг аломатларидан бири бошланишда Аллоҳ таолога қайтишдир.Ҳар бир нарсанинг аввалида Аллоҳ таолога қайтиш тавба қилиш ила, У Зотга суянган давоми...

3633 10:53 / 17.12.2017
Яхши амалларда жидду жаҳд қилганларнинг етишмаганини ва ўшанчалик жаҳд қилмаганларнинг етишганини кўрганинг ҳақида айтибсан.Анави ботини соғлом бўлгани учун давоми...

4216 15:35 / 01.10.2017
Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият ортидан иззатталаблик ва манманлик қолдирган тоатдан яхшидир.Ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдан пайдо давоми...

3944 19:27 / 13.05.2018
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади.Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг давоми...

3839 20:11 / 20.07.2017