1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ёлғон ибодатларга футур етказади

19:02 / 22.03.2018 4704 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ислом дини ва таълимоти бўйича, мусулмон инсон доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар, шунингдек, Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир иш киришини таъкидлайдилар.

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолиб, чанқаганига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

Афсуски, ҳаётимизда бу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар, ҳатто мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар йўқ эмас. Мусулмон одам ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

Шу ўринда дин бўйича босим кўтарилиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан Исломга қайтаётган пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади. Олий ўқув юртларида узоқ вақт раҳбар лавозимларда ишлаб келган, илмий унвон соҳиби бўлмиш бир киши Рамазондан кейин ҳам рўза тутиш лозимлигини қайта-қайта такрорлар, уламолардан қайси кунларда қандай рўза тутилишини тушунтириб беришларини сўрар эди. У кишидан нима учун бу масалага қизиқиб қолгани сўралди.

«Очиғини айтсам, бу йил биринчи марта тўлиқ рўза тутдим, – деди у ва ўз гапида давом этиб, қуйидагиларни айтди: – Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси маълум. Рўзанинг одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун ёлғон-яшиқни гапираверардик. Рўза тутган одам эса ёлғон гапира олмай қолар экан. Ҳатто бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Роса ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам «Рўза оғзим билан ёлғон гапираманми» деб, ўзимни тўхтатиб қоляпман. Менимча, Рамазондан кейин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса, шу ҳолатни сақлаб қолишга ёрдам берса керак».

Ҳа, бу гапларда жон бор эди. Бу нарсага алоҳида ­эътибор бериш керак. Диний илмлардан узоқ, лекин дунёвий фанлар бўйича илмий унвони бор киши бир ой рўза тутиб, шунчалик ҳолатга келган бўлса, демак, мутахассис уламолар рўза борасида режали илмий изланишлар олиб борсалар, бундан ҳам самарали натижалар чиқиши турган гап.

Дарвоқе, Ислом шариатида нафл ибодатлар қаторида нафл рўза ҳам жорий қилинган. Албатта, бу бежиз эмас. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ҳар ойнинг уч ойдин кунлари, Ашуро куни, зулҳижжанинг биринчи-тўққизинчи кунлари, шаъбон ва шаввол ойларида рўза тутиш шулар жумласидандир. Исломда ушбу кунларда рўза тутиш фарз қилинмаган бўлса-да, шунга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунларда рўза тутишни суннат қилганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ёлғон китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4595. Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида.Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир,, дейилган.Шарҳ Чунки бундай дуо риёдан давоми...

5891 20:11 / 05.03.2018
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

5046 19:01 / 18.02.2018
Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Уларнинг бу суриштиришларидан танқид давоми...

4500 16:00 / 09.03.2018
1633. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдосотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот давоми...

5120 17:49 / 15.09.2017
Аудиолар

230211 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148789 14:35 / 11.08.2021