1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳга орзу қилаётган нарсаси учун ибодат қилинмайди (2-қисм)

19:10 / 11.02.2018 5058 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу билан бирга, мўмин банда Аллоҳ таолодан қўрқиб туриши ҳам лозим. Бу борада ҳам Қуръони Каримда оятлар келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ва Мендангина қўрқинг» (40-оят).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, ана ўша – шайтон ўз дўстларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар» (175-оят).

Яъни «Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганлар сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Худди улардан фойда ёки зарар етадигандек, улардан қўрқишингизни хоҳлайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдилар. Мендан қўрқинглар», дейди Аллоҳ таоло. Чунки ҳақиқий фойда ва зарар етказувчи фақат Ўзидир.

Банда билан банда орасидаги ўзаро муносабатларда бу ҳолатни учратмаймиз. Банда ўзидан бошқага муҳаббат қўядиган бўлса, ўша одамдан хавф қилиши мумкин эмас. Шунингдек, банда бошқа бандани ёмон кўрадиган бўлса, ўша одамни бир вақтнинг ўзида яхши ҳам кўра олмайди. Банда ўзига ўхшаган бошқа бандани севса, ундан ўзига етадиган манфаат юзасидан севади, яъни у бошқа бандани ўзини севгани учун севади. Шунингдек, банда ўзига ўхшаган бошқа бандани ёмон кўрса, ундан ўзига етадиган  ёмонлик юзасидан ёмон кўради. Бу эса мазкур бандани ўша ёмонлиги учун ёмон кўради, деганидир.

Айни шу сабабдан бир қалбда бир вақтнинг ўзида бир кишини ҳам севиб, ҳам ёмон кўриш имкони бўлмайди. Чунки севиш билан ёмон кўришнинг сабаблари бир-бирига зиддир.

Аммо одамларнинг ўзаро муносабатларидаги ушбу ҳолат Аллоҳ таоло билан бўладиган муносабатларга мутлақо тўғри келмайди. Чунки Аллоҳ таоло банданинг яратувчисидир, банданинг вужудидаги руҳ Аллоҳ таолодандир, банданинг Аллоҳ таолога нисбати мутлақ қулликдан иборатдир, банда ўзидаги табиий ҳис ила доимо Аллоҳ таолога интилади, Унга муҳаббат қилади ва Ундан хавфда бўлади.

Юқорида айтиб ўтилган банданинг Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббат ва қўрқув ҳолати бирдан бўлишини инсоний тушунчага яқинлаштириш учун ота-она билан фарзандлар орасидаги муносабатни олиб кўришимиз мумкин. Фарзанд ота-онани ота-она бўлгани учун яхши кўради, ҳаёти давомида улардан фақат яхшилик кўргани учун эмас. Шунинг учун ҳам ота-она кичик ёшдаги фарзандини урса ҳам, сўкса ҳам, барибир фарзанд уларга суйкалиб бораверади, уларни яхши кўраверади. Фарзанд ота-онасини бир вақтнинг ўзида ҳам яхши кўради, ҳам улардан қўрқади. Чунки уларнинг ўртасида ота-оналик ва фарзандлик сири бор.

Банданинг ўзининг дунёга келишига сабаб бўлган ота-онасига муносабати шунчалик бўлганидан кейин, уни ҳам, ота-онасини ҳам, барча махлуқотларни ҳам дунёга ҳақиқий келтирувчи, йўқдан бор қилувчи, тутиб турувчи, ризқ берувчи Зотга нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклигини ҳар ким ўзича тушуниб олаверса бўлади.

Бандаликнинг бундай олиймақом муносабатларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий мадрасаларининг битирувчилари, у зот алайҳиссаломнинг саҳобалари мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Имом ал-Ҳоким Зайд ибн Умайрадан ривоят қиладилар:

«Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида, аҳён-аҳёнда ўзидан кетиб, яна ўзига келиб турган эди. Бир марта ўзидан кетди. Биз уни қабз қилинди, деб ўйладик. Сўнгра ўзига келганида, унинг қаршисида йиғлаётган эдим, у:

«Нимага йиғлаяпсан?» деди.

«Сендан оладиганим дунё учун ҳам, сен билан менинг орамиздаги насаб учун ҳам йиғлаётганим йўқ. Сендан эшитиб турадиганим илм ва ҳукм (фиқҳ) учун йиғламоқдаман», дедим.

«Йиғлама! Илм ва иймон ўз жойида туради. Ким уларни изласа, Иброҳим алайҳиссалом излаган жойдан изласин. У зот илми йўқ пайтида Аллоҳ таолодан «Албатта, мен Роббимга борувчиман. У мени ҳидоятга солур», деган. Мендан кейин илмни тўрт кишидан изла: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Салом ва Абу Дардонинг Уваймири. Ҳакимнинг бузилишидан ҳазир бўл! Гоҳида шайтон бир одамнинг тилига залолат сўзини илқо қилса, ўйламасдан айтиб юбориши мумкин. Гоҳида мунофиқ ҳам ҳақни айтади. Сенга илм қаердан келса ҳам олавер. Чунки ҳақнинг нури бордир. Мушкул ишлардан ҳазир бўл», деди».

У киши ўз ўлимларини хотиржамлик билан кутиб олдилар. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган ҳолларида қиблага қараб:

«Хуш келдинг, ўлим, хуш келдинг.

Ғойибликдан сўнг зиёратга келдинг.

Ҳабибимсан, шавқимга келдинг», дер эдилар.

Сўнгра у киши осмонга қараб:

«Аллоҳим! Сен Ўзинг билурсан. Мен дунёни ҳам, унда узоқ қолишни ҳам дарахтлар экилиши ва анҳорлар оқиши учун севмас эдим. Аммо иссиқнинг чанқоғи учун, вақтнинг қийноғи учун, зикр ҳалқаларида уламоларга қўшилиш учун севар эдим.

Аллоҳим! Менинг руҳимни – мўмин руҳни энг яхши қабул қилишинг ила қабул қилиб ол», дедилар.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 18 йили 38 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар.

Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади:

«Муъозни ҳалқумидаги яра тутди. Шунда у: «Бўғишинг ила мени бўғавер! Иззатинг ила қасамки, албатта, мен Сенга муҳаббат қиламан!» деди».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Имом Ғаззолий «Эҳёу улумиддин»да, Абу Толиб Маккий «Қуутул қулуб»да қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг қорни шишиб, ётиб қолган эди. У чалқанча тушганича ўттиз йил ётди. Тура олмайди ҳам, ўтира олмайди ҳам. Унга хурмонинг пўстлоғидан қилинган ётоғидан қазои ҳожати учун тешик қилиб берилган эди. Унинг ҳузурига Мутроф ва укаси Ало киришди. Унинг ҳолини кўриб, йиғлай бошлашди. Имрон ибн Ҳасойн розияллоҳу анҳу:

«Нимага йиғлайсан?» деди.

«Сени шундай оғир ҳолатда кўрганимдан йиғлайман», деди. 

«Йиғлама! Аллоҳга маҳбуб бўлгани мен учун ҳам маҳбубдир. Сенга бир гап айтаман. Шояд, Аллоҳ у ила сенга манфаат берса. Аммо мен ўлгунимча, уни ҳеч кимга айтмагин. Фаришталар мени зиёрат қилиб туришади. Мен улардан унс оламан. Менга салом беришади. Мен уларнинг саломини эшитаман», деди».

Бу билан у киши ушбу етган бало ўзи учун уқубат эмаслигини, балки неъматнинг сабаби эканини билдириб қўйди.

Муъоз ибн Жабал, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумо ва улар каби буюк зотларнинг даражасига етиш учун Аллоҳ таолони улар каби севиш керак бўлади. Аллоҳ таолони У Зотдан келадиган мукофот учун ва У Зот офатни даф қилгани учун севадиганлар мазкур даражага зинҳор эриша олмайдилар.

Айни ушбу олиймақом ҳолатни кўпчиликка англатиш учун Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу биз ўрганаётган ҳикматни айтган.

«Ким У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсаси учун ёки уқубат келишини тоати ила ўзидан даф қилиш учун ибодат қилса, У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қилмаган бўлади».

Уламоларимиз у киши бу ҳикматни Қуръони Каримнинг қуйидаги оятидан олган дейдилар.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир» (11-оят).

Баъзи кишилар Исломга фақат бир тарафни ўйлаб, ундан ўзларига яхшилик – фойда етишини кўзлаб кирадилар. Агар Исломга кирганидан кейин кўзланган фойда ҳосил бўлса, хотиржам юраверади. Аммо кўзланган фойда ҳосил бўлмаса, юз ўгириб, динни тарк этади. Улар бу қилмишлари билан икки дунёда ҳам зиён кўрадилар.

Ўшалар ўзларининг субутсизликлари туфайли аввало, бу дунёда катта зиён кўрадилар. Охиратда эса жаҳаннамнинг энг қаърига тушадилар. Бундан ортиқ зиёнкорлик бўлмаса керак.

Ислом тижорат эмаски, унга фойдани кўзлаб кирилса. Ислом – иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида ҳар хил бало-офатларга бардош бериш, демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда, мунофиқ кимса Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?

Аллоҳ таоло барчаларимизни У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсамиз учун ёки тоатимиз ила уқубат келишини ўзимиздан даф қилиш учун ибодат қилишдан асрасин! У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қиладиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Иброҳимдан ривоят қилинади .Тушимда Жунайдни кўриб, .Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди, деб сўрадим. У .Ишораларимизу ибораларимиз, ўқиган давоми...

2375 08:00 / 24.06.2020
Савол Қазо рўзаларни тутаётганлар қандай ният қилишадиЖавоб Қазо рўзаларни тутаётганлар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятда қандай рўзани, қайси давоми...

2769 10:40 / 16.05.2019
.Ихлос, луғатда .тозалаш, ва .тўғрилаш, деган маъноларни англатади. .Холис бўлди, дегани .мусаффо бўлди, маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, давоми...

7556 15:03 / 16.03.2018
Икки аёл сафарга чиқди. Икковининг ҳам ёш боласи бор эди. Йўлда уларга бўри ҳужум қилиб, болаларнинг бирини еб қўйди. Икки аёл омон қолган битта болани талашиб давоми...

1530 09:01 / 18.08.2019
Аудиолар

135329 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55579 14:35 / 11.08.2021