1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ўлганларга дуо қилиш ва уларга савоб аташ

18:21 / 02.12.2016 137720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир.

Шарҳ: Аҳли суннат ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилганидан икки йўл билан манфаат олишларига, иттифоқ қилганлар.
Биринчиси: Ўлган одам тириклигида қилган амалидан (Яъни, бандага у тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари, ўлгандан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади).
Иккинчиси: Мусулмонларнинг унинг ҳақига қилган дуолари ва айтган истиғфорлари. Унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари.
Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми?, деган масалада ихтилоф бўлган. Баданий ибодат, рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.
1-Абу Ҳанийфа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) баданий ибодат савоби ўлганга етади, деганлар.
2-Шофеъий мазҳабидан машҳур гап ва Молик етмайди, дейдилар.
Ўлганга ўзидан бошқанинг амалининг савоби етишига далил, Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:
1-Қуръондан далил: 
–»Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган би-родорларимизни мағфират қилгин»-дерлар». (Хашр сураси, 10)
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар-тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.
2-Суннатдан далил: 
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлгандан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки, у ҳозир сўроқ қилинади»-дер эдилар».
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўлганларга қабрларини зиёрат қилган вақтда дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол: «Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?»-деб сўрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларнию, кейин қолганларни раҳим қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз»-деган-деб жавоб берганлар.
3-Ижмоъдан далил: 
–Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Уларни ўз аҳли биландир.
4-Қиёсдан далил: 
Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат бергандан кейин рўза, намоз каби бошқа ба-даний иборатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки, орада фарқ йўқ. Бунинг устига бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

САДАҚАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ:

1-«Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри-савоб бўладими?»-деб сўраганда. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!»-деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
2-«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам у кишига манфаат берадими?»-деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа»-деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: «Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди. (Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган).
Рўзанинг савоби етишига далил:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этсаю зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади»-деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Ҳажнинг савоби етишига далил:
Саҳиҳ Бухорийда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Жуҳайна қабийласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номи-дан Ҳаж қилсам бўладими?»-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг номидан ҳаж қил. Айтчи, онагнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир»-дедилар.
Шунингдек, мусулмонлар, ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам, тўлаб қўйса унинг зиммасиданги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.
Бунинг далили - Абу Қатоданинг ҳадисидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди (ўлганнинг) териси совуди»-деганлар. (ал-Ҳоким ривоят қилган).
Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.
Агар: «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганларку!»-деган эътироз бўлса, жавоб шулки:
Агар, эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савобини етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор? Ўтганларнинг қилмагани савобни етмаслигига далил эмас, дейилади.
Агар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза, намоз, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар. Қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса.
Жавобимиз қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, ундоқ бўлмаган. Одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса, бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. (Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида изн берган бўлур эдилар).
Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак. Мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб, деганлар, баъзилари, бидъат, деганлар. Чунки, саҳобалар бундоқ қилмаганлар ва ўзи шундоқ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-салламга у кишининг умматларидан ҳар бирининг яхши амали савоби, қироати Қуръонми, бошқами етиб туради. Чунки, У зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.
Ўлган одам Қуръон қироатини эшитса манфаат олади, деган гап тўғри эмас. Бу гапни машҳур имомлардан бирортаси ҳам айтмаганлар. Ўлик қироатни эшитиши мумкин. Аммо, эшитиб, манфаат олиши собит эмас. Бу нарса ҳаёт вақтида бўлиши шарт. Чунки, бу ихтиёрий ишдир ва ўлими билан кесилгандир.
Балки, зарарланиши, алам чекиши мукин. Аллоҳнинг амрида юрмагани, қайтарганидан қайтмагани ва яхши амалларни кўпроқ қилмагани учун надомат қилиши мумкин.
Билингки, Қуръон қироати савобини бағишлаш учун маросим уюштириш, жузъларни бўлиб бериш, жамоат бўлиб, овоз чиқариб дуо қилиш каби одат бўлиб қолган нарсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъийнлар, таба тобеъийнлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасидан ҳам собит бўлмаган. Ўлганнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.
Аммо, бировни Қуръон тилвот қилиб савобини маййитга бағишлаш учун ёнлаб олишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Савобнинг етиши, амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёнланган одамнинг қироати эса, холисона эмас. Шунинг учун ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.
Шунинг учун ҳам, имомлардан бирорталари рўза тутиб, намоз ўқиб савобини маййитга бағишлаш учун бировни кирага олинади ҳам, демаганлар.

САВОБНИ БАFИШЛАШ ҲАҚИДА АҲЛИ БИДЪАТНИНГ МАЗҲАБИ

Баъзи бир аҳли бидъатлар, ўтган одамга на дуонинг ва на бошқа нарсанинг савоби етмайди, деганлар. Уларнинг бу гаплари юқорида Қуръон ва суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.
Аҳли бидъатнинг далиллари: 
1-»Ва инсон учун фақат ўзи саъй-(ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ». (Нажм сураси, 39)
2-»Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз». (Ёсин сураси, 54)
3-У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси». (Бақара сураси, 286)
4-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!»-деганлар. (Муслим ривоят қилган).
Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб: 
1-Уларнинг «Ва инсон учун фақат ўзи саъй (ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм сураси, 39) ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шулки, аввало, инсон ўз саъйи-ҳаракати билан дўстлар ортдиради, фарзанд ортдиради, уйланиб хотинлик бўлади, яхшиликлар қилади, раҳмат сўраб дуо қилсалар, саъй-ҳаракатидан бўлмай нимадан бўлади?
Иккинчидан, Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмайди, дегани йўқ. Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйига эга бўлмайди демоқда. Бу икки иш орасида, яъни, инсоннинг ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмаслиги билан эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир. Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъйига эга эканлиги, бошқанинг саъйига, ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса, хоҳласа ўзига олиб қолади, хоҳласа бошқага беради.
Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки, одинги оятда: «Бир жон бошқасининг оғирлигини кўтармайди», дейилган. Бу эса, Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг айби туфайли иқоб қилмаслигини, бу дунёнинг подшоҳларига ўхшаб бировнинг маъсияти учун бошқни жазоламаслигини тақозо қилади. Иккинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо қилади. Шундоқ бўлгандагина инсоннинг ота - боболари, ўтганлари ва машойих-лари амали ила нажот топиш ҳақидаги хом хаёли кесилади.
2-Шунингдек «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси», (Бақара сураси, 286) оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, бировнинг касбининг эгаси эмасдир. Ҳар бир шахс ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқанинг маъсияти туфайли эмас.
3-Энди «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз» (Ўсин сураси, 54) ояти сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак: «Бугунги кунда бирор жонга ҳеч зулм қилинмас. Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз», (Ёсин сураси, 54) дейилган. Яъни, бир банданинг бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.
4-Одам боласи ўлса ундан амали кесилиш ҳақидаги ҳадисга келсак. Бу ҳадиснинг далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғридир. Чунки, унда «амал кесилади» дейилган, «манфаатла-ниши кесилади», дейилмаган. Ҳар бир амалга уни қилувчиси эгадир. Хоҳласа ўзига олади, хоҳласа ўзгага бағишлайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зинҳор бир нарсани Буни эртага албатта қилгувчиманrdquo, дема. Магар Аллоҳ хоҳласаrdquo, дегин. Қачонки бу сўзни айтишни унутсанг, ёдингга келиши билан Роббингни эсла давоми...

6580 17:10 / 28.02.2019
Суфён ибн Уяйна айтади .Бир куни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Абдуллоҳни кўриб, .Мендан ҳожатингизни сўранг,, деди. Солим .Мен давоми...

1732 08:00 / 23.07.2020
Ойим кумуш идишда дори ичадилар. Бундан ҳар куни икки ёки уч маҳал фойдаланадилар. Кумуш идишдан фойдаланса бўладими Шариатимиз бунга қандай қарайдиЖавоб давоми...

6554 17:40 / 20.12.2018
Аслида инсон нафсига ўзини беадабларча тутишлик хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс ndash давоми...

2930 21:00 / 13.07.2019