1446 йил 5 жумадул аввал | 2024 йил 07 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди

16:50 / 12.02.2018 4519 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла ўзининг тоатига бўлган буйруқни Расули саййидимиз соллаллоҳ алайҳи васалламга бўлган итоатга боғлади. Кейин уни такрор ва такарор таъкидлаб, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруғи Аллоҳ буйруғининг ажралмас бир бўлаги эканини баён қилди. Аллоҳнинг кўрсатмаси билан Расулининг кўрсатмаси ўртасида фарқ йўқлигини ҳамда Аллоҳ ва орасини ажратмоқчи бўлганларни Аллоҳга ва унинг бандаларига туширган динига туҳмат қилувчилар эканини аниқлаштириб берди.

Аллоҳ айтади:

«Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз» (Нисо, 64).

«Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо, 80).

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» (Нисо, 59).

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик» (Наҳл, 44).

Ушбу таъкид ва баёнотда Аллоҳ азза ва жалланинг ажойиб ҳикмати бор.

Аллоҳ таоло инсонлар орасида бир замонлар келиб бу динда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рухсат бермаган нарсаларни ҳам гапиришларини ҳамда динни бузиш, обрўсизлантириш ва нотўғри бидъат йўллар билан ҳукм чиқаришни режа қилишларини олдиндан билган.

Бу Аллоҳнинг китоби Қуръон билан Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати орасини фарқлашдир.

Биз ҳозирда атрофга қараб шундай гуруҳларнинг бу каби ишларини кўрамиз. Одамлар ичида Аллоҳнинг китобига бўлган буюк ҳурматни ёлғонга чиқараётган инсонларни учратамиз. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини ҳам ҳисобга олмай, орқаларига ташлаб юбораётган кишиларни ҳам кўряпмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзиларини рост айтган:

«Яқинда киши ўз ўриндиғига ўтириб менинг ҳадисимни гапиради. У:

 «Сиз билан бизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда бирор ҳалол нарсани топсак, ҳалол деб биламиз. Унда бирор ҳаром нарсани топсак, уни ҳаром деб биламиз» – дейди»

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтди.

«Огоҳ бўлинглар, Расулуллоҳ ҳаром деб айтган нарса Аллоҳ ҳаром деган нарса кабидир». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтди: «Билингки, менга Қуръон ва унинг ўзидек нарса берилди».

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ва қайтарган барча нарсаларга итоат қилиш зарур эканини Аллоҳнинг баёноти таъкидлаб келади. Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтади:   

«Сизлар менинг суннатим ва ҳидоятга йўлланган хулафои рошидинлар суннатини лозим тутингиз»! 

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиш зарурат эканини таъкидлайди. Хулафои рошидинлар ҳаёти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратини қандай ушлашнинг намунаси, ибратидир. Хулафои рошидинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати ва суннатини бажаришда барчага ибрат ва намуна бўлганлари учун уларга эргашиш зарурат экани таъкидланган.

Лекин Набий алайҳиссаломга эргашиш у кишига муҳаббат қилишга, сийратини ўрганишга тобедир ва у кишининг Пайғамбарлик белгиларини англатишга тобедир. Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалллам сийратларини ўрганишга эътибор бермаса ёки у кишининг ҳаётидаги пайғамбарлик белгиларидан юз бурса, у кишининг муҳаббатига йўл топа олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллламга бўлган муҳаббатнинг маъноси унинг қалбига ҳеч қачон сизиб кира олмайди. Шунинг учун бу ишга шунчаки бир манфаат деб қарайди. Келади ва даври ўтиб бўлган ислоҳотчилар билан унинг ҳам даври ўтиб бораверади.

Қаранглар, ер юзаси ўзларини мўмин мусулмонман деб билаётган одамлар билан тўлиб тошганини кўрасиз. Лекин улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллламга ана шундай манзара кўринишида қарайдилар.

Улар азоб чекаётган дард шуки, улар Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратини ўрганишдан юз бурдилар. Балки мен уларни Пайғамбаримиз фазилатларини ўрганишдан бош тортдилар деган бўлар эдим.

Бу умматнинг ўтган солиҳлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг имтиёзли тамонларини жамлашга аҳамият берганлар. Бу шамойил деб аталган тамон бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, уйи ва оиласидаги ўзига узоқ ёки яқин бўлган дўстлари билан боғлиқ шахсий хулқларини намоён қилиб беради. Бу биз кўришдан маҳрум бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиддийлиги, ҳазиллари ва еб-ичишлари, ҳатто ётиш-туришларигача бўлган бошқа ҳамма сифатларини ёритиб берадиган дарсликдир. Чунки биз бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдан маҳруммиз.

Ўтган солиҳлар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – ушбу шамойилларни ўрганиш билан қаттиқ шуғулланганлар. Бу борада жуда кўп китоблар ҳам ёзилган. Аммо бугунги кун мусулмонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларини ўрганишдан ўзларини четга олдилар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларидан иборат мавлид ёки нашида ўқиётган қориларни эшитган вақтларида, нафратланаётган жуда кўп одамларни кўрамиз. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шакли, бўйлари ва юришлари васф қилинганда, жирканаётган одамларни ҳам учратамиз. Ахир, биз бу сифатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан мерос қилиб олганмиз.

Саййидимиз Али розияллоҳу анҳу ушбу сифатларни ўрганишга аҳамият бериб ўзидан кейингиларга қолдиришда барчага намуна бўлган.

Расулуллоҳни севган одам у кишининг сифатлари гапирилганда, нафратланиши мумкинми? Йўқ! Расулуллоҳга муҳаббат қўйган одам у кишининг шамойили тўғрисида айтилаётган сўзни эшитиш учун ғайратли, эшитаётганда сарҳуш бўлиши лозим.

Агар бу бирор нарсага ишора қилиши керак бўлганида, ўша одамларнинг қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан бўшаб қолганига ишора қилади.

Агар инсон қалби Расулуллоҳнинг муҳаббатидан бўшаса, ҳайҳот, ундай одам Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатидан бирор нарсани ҳис қила олмайди! Чунки бу икки муҳаббат ажралмас катта бир бўлакдир. Расулуллоҳни яхши кўрган кишигина Аллоҳ таолони яхши кўради. Аллоҳ таолони яхши кўрган кишигина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзлари ўргатган муҳаббат билан яхши кўради.

Саййидимиз Расулуллоҳ бу икки муҳаббатни қандай боғлаганига қаранглар: «Аллоҳни яхши кўриш учун мени яхши кўринглар». 

Холиқимиз муҳаббатини Расулулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан қандай ажратишимиз мумкин?

Кўпчилик мусулмонларнинг қалби ушбу муҳаббатдан бўшаб, унинг ўрнига беҳуда гаплар ўрнашгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талайгина суннатларидан юз бурдик. Бўлинган янглиш кўчаларда адашдик. Агар кўнглимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати бўлганида, бунинг белгилари кўринар эди.

Ушбу белгиларнинг бошида умматнинг бирлиги туради. Чунки бир қанча одамнинг муҳаббати бир кишида жамласа, улар улфат бўладилар. Агар ушбу жамланган улфат саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлиб, уларнинг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат тўлиб-тошса, у одамлар ўртасидаги дўстлик тўри кенгайиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бир танага айланади.

Лекин қалбимиз идишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан бўшаб қолса, у қалбга бошқа муҳаббат ўрнашишига мажбур бўлади. Натижада, қалбларимизда ўзимизга бўлган, одамлар ва истакларимизга бўлган муҳаббат тўлади. Кейин рақобатлар, хусуматлар ва нафратлар пайдо бўлади.

Бу ишлар қалб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан бўшаб қолгандан кейин келадиган муҳаббатнинг тутунидир. Қалбларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан бўшаб қолгач, Аллоҳга чақиришда Расулуллоҳнинг йўлларидан юз бурдик. Бугунга келиб Аллоҳга даъват қилишда, одамларга Аллоҳнинг динини ўргатишда Расулуллоҳнинг сийратларидан уяладиган даражада узоқлашганимизни ҳис қилдик. Биз мусулмонлар шу ҳолатга тушдик! Шу ҳолатга биз мусулмонлар тушдик!!

Расулуллоҳнинг буюк шижоатлари порлаб турарди. Бу Аллоҳнинг динига чақиришда Аллоҳнинг динини танитишда намоён бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётининг бошидан то охиригача у кишини ўраб олган чарчоқ ушбу даъватлари йўлида қилган шижоатлари сабабидан бўлган эди. Сизлардан Расулуллоҳни Тоифга бориб қайтиши орасида қилган даъватларининг буюк маъноси ҳақида тўхталиб кўрмаган ким бор? Лекин кўп одам буни ўқимаган, кўплар буни билмайди. Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жонлантирган даъват бўлиб, ўзларини чин маънода яхши кўрган саҳобаларига қимматбаҳо бойлик тарзида уни мерос қилиб кетдилар.

У зотдан кейин саҳобалар даъват ишларини олиб бордилар ва ўзларидан кейингиларга мерос қилиб кетдилар. Улар ҳам бу ишни олий даражада бажардилар.

Аллоҳга қасамки, ернинг шарқи ҳам, ғарби ҳам қилич билан фатҳ қилинган эмас. Лекин нутқ, сабру тоқат ва сабот ҳамда суҳбат билан Аллоҳга даъват қилиш орқали фатҳ қилинган. Урушлар ушбу даъватнинг ҳимояси учун бўлган.

Эй дўстларим, сизлар Расулуллоҳнинг аҳбоблари, дўстларисиз. Расулуллоҳ ҳаётлик чоғларида қилган даьват билан бизларнинг бугунги ҳаракатимизни қиёслаб кўринглар. Солиштиринглар...  

Хатарли бўлса-да, тўғри йўл кўрсатиш ва билдириб эслатиш учун адашган, гуноҳкор ва янглишган одамлар эшигини тақиллатаётган мусулмонлар қани? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилмаганмидилар? Тоиф ва Макка масофаси каби узоқ жойларга борадиган кишилар қани?

Биз мана шу даъватни ташлаб қўйдик. Чунки қалбимиз Расулуллоҳнинг муҳаббатидан бўшаб қолди. 

Яна қайтариб айтаман, биз бурчимизни йўқотдик. Бугунга келиб қалбимиз Аллоҳнинг муҳаббатидан бўшаб, Расулуллоҳнинг муҳаббатидан ҳам айрилиб қолди. 

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий хутбаси.

21 январ 1994 йил.

Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда давоми...

3299 14:08 / 29.03.2020
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва давоми...

2544 12:03 / 16.02.2020
498. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансориялардан бўлган Умму Синан исмли бир аёлга .Биз билан ҳаж давоми...

437 19:00 / 21 сентябрь
Ҳижратдан аввалги 51 йил, рабиъул аввал ойи мил. 573 йил март охири ёки апрель боши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлиб, кўкракдан сут эмишдан чиқарилдилар.

1954 16:00 / 08.10.2021