1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нусрат ва Фатҳ

13:30 / 26.05.2021 9226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...

Ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрсанг...

 Бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У тавбани кўплаб қабул қилувчидир.

Албатта, Аллоҳ таолонинг нусрати ва фатҳнинг келиши, одамларнинг жамоа-жамоа бўлиб Аллоҳнинг динига киришлари улуғ неъматдир. Унга муносиб равишда шукр қилиш лозим. Бу Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд этиш, У Зотга ҳамду санолар айтиш билан бўлади.

Аммо сураи каримадаги Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кирганларида истиғфор айтиш – гуноҳларни кечишни сўраш ўзига яраша ҳикматга эгадир. Аллоҳ таолонинг нусрати ва фатҳ келгунча ўтган кураш ва жиҳод даврида, қийналган пайтларида кишилар тушкунликка тушган, ноумид бўлган, хаёлига баъзи салбий фикрлар келган бўлиши мумкин. Ана шунинг учун ғалаба пайтида истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Шунингдек, нусрат ва ғалаба келгандан кейин банданинг қалбида бир оз ғурурланиш пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам оятда бундай ҳолатда истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Бу амрга итоат мисолини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий мисолларида аниқ кўрамиз. Ул зот соллал­лоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни шаҳарга тавозеъ қилиб, муборак пешоналари эгар қошига тегай деб, эгилган ҳолларида кирганлар.

Ушбу сураи каримада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора борлиги учун у «Видолашув» сураси деб ҳам васф қилинади. Ушбу сура нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: «Шуни менинг ажалим ҳозир бўлгани деб биламан», – деганлар.

Имом Қуртубий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Ушбу сура Видолашув ҳажида Минода нозил бўлди, сўнгра «Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти нозил бўлди. Икковларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саксон кун яшадилар», дейилган.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга:

– Нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?! – дедилар. У эса:

– У ўзингиз билган одам! – деди. Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим. Кейин Умар:

– Аллоҳ таолонинг «Изаа жааъа насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар? – деди. Улардан баъзилари:

– Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз, – дедилар. Баъзилари эса сукут сақлаб, бирор нарса демадилар. Шунда у менга:

– Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?! – деди.

– Йўқ, – дедим.

– Нима дейсан? – деди.

– Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...» (ояти) ўша ажалнинг аломатидир. «Бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У Таввобдир», – деди, – дедим. Шунда Умар:

– Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос, – деди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида «Субҳаналлоҳи ва би ҳамдиҳи, астағфируллоҳи ва атубу илайҳи»ни кўп такрорлайдиган бўлиб қолдилар ва: «Роббим келажакда умматимда бир аломат кўришимнинг хабарини берган эди ва шу аломатни кўрганимда тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюрган эди», – деб «Изаа жааъа»ни ўқирдилар!»

Шу мазмундаги бошқа ривоятларни ҳам ўрганган уламолар: «Аллоҳ таоло билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги аломат «Наср» сурасининг тушиши эди», – дейдилар.

Ривоят қилинганки, «Наср» сураси нозил бўлганда Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб йиғлаган эканлар. Набий алайҳиссалом у кишидан:

– Нимага йиғлаяпсан? – деб сўраганларида:

– Сизга вафотингизнинг хабари келгани учун йиғлаяпман, – дебдилар. Шунда у зот алайҳиссалом:

– Иш сен айтганингдек, – деган эканлар.

Имом Насаийнинг ривоятларида «Наср» сураси Қуръони Каримнинг тўртдан бирига тенглиги ҳақида хабар бор.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яхши амалларда жидду жаҳд қилганларнинг етишмаганини ва ўшанчалик жаҳд қилмаганларнинг етишганини кўрганинг ҳақида айтибсан.Анави ботини соғлом бўлгани учун давоми...

4978 15:35 / 01.10.2017
Ҳали, мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар.. Ўтган ҳафта мен сизларга кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром давоми...

5528 17:18 / 13.12.2017
1638. Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни давоми...

5121 20:06 / 15.09.2017
Ҳикоят. Суфён ибн Ҳусайн айтади .Иёс ибн Муовиянинг1 ёнида ўтирган эдим, бир одам ўтиб қолди. Мен уни ғийбат қилдим. Шунда Иёс ибн Муовия менга .Жим бўл,, деди. Сўнг .Эй давоми...

4330 14:26 / 15.03.2018
Аудиолар

211104 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130363 14:35 / 11.08.2021