1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (4-қисм)

14:26 / 15.03.2018 3456 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоят. Суфён ибн Ҳусайн айтади: «Иёс ибн Муовиянинг[1] ёнида ўтирган эдим, бир одам ўтиб қолди. Мен уни ғийбат қилдим. Шунда Иёс ибн Муовия менга: «Жим бўл», деди. Сўнг: «Эй Суфён, румликлар билан урушганмисан?» дея сўради. «Йўқ» дедим. У: «Фаранглар билан урушганмисан?» деди. «Йўқ», дедим. У: «(Афсус) Рум билан Фаранг сендан саломат қолибди-ку, лекин мусулмон биродаринг сендан омонда бўлмабди-да», деб танбеҳ берди. Шундан кейин бирор кишини ғийбат қилмадим».[2]

Насиҳат. Зайнул Обидин Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо бир кишининг ғийбат қилаётганини эшитиб, унга: «Ғийбатдан сақлан, чунки у итга ўхшаган одамларнинг идомидир», дедилар.[3]

Изоҳ. Идом деб шўрва, туз ва мураббо каби нонга қўшиб ейиладиган нарсага айтилади.

Зайнул Обидин раҳимаҳуллоҳ ғийбатчини итга ўхшатдилар. Бунинг сабаби шуки, Қуръон ва ҳадисларда ғийбат қилиш ўлимтик гўштини ейишга тенглаштирилган. Бундай гўштни ейиш эса итларнинг ишидир. Демак, киши ғийбат қилиш билан ўзини одамлар сафидан чиқариб, итлар қаторига қўшар экан. Зеро, у одам бўлганида, унда инсонлик хислати топилган бўлар эди, бошқаларни ғийбат қилиб, итлар каби уларнинг гўштини чайнамаган, уларнинг ортидан таъна қилиб гапиришни одат қилиб олмаган бўлар эди.

Насиҳат. Абу Имрон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ғийбат – фосиқларнинг зиёфати, аёлларнинг яйлови, итга ўхшайдиган одамларнинг идоми ва тақводорларнинг ахлатхонасидир».[4]

Изоҳ. Ғийбат қилиш фосиқларнинг зиёфат ўрнига бир-бирига берадиган, улашадиган севикли нарсасидир. Икки фосиқ учрашиб қолса, одамларни ғийбат қилиб, уларнинг айбларини очиш билан бир-бирини меҳмон қилади. Уларнинг кўнгли дин зикри билан хурсанд бўлмайди, аксинча, нафси малолланиб, зерикади. Ғийбат билан эса кўнгли шодланади. Фосиқ ва оми одамлар у ёқда турсин, бу замондаги хос кишилар ҳам дастурхон атрофига ўтириши билан «Бисмиллаҳ»ни айтгандан сўнг, Аллоҳ берган неъматлардан тановул қилишдан олдин одамларнинг гўштини ейишни бошлаб юборяптилар. Ваҳоланки, уларга таом ейиш вақтида гўзал қиссаларни, солиҳларнинг ҳикояларини айтиб ўтириш лозим эди. Мазкур насиҳатда ғийбат аёлларнинг яйлови экани айтилган. Маълумки, чорва ҳайвони ҳамиша ўт-ўлан хаёли билан яшайди, ўт-ўланни кўриб қолса, ниҳоятда хурсанд бўлиб, унга қараб югуради. Ям-яшил яйловни кўриб қолса, унга жонини беради. Худди шунингдек, ёмон аёллар ҳам ғийбат мажлисини кўриб ёки эшитиб қолишса, ҳамма ишини ташлаб, ўша ерга югуриб борадилар. Етиб боргач, одамларни ғийбат қилиб, одамлар гўштини чайнаб, яйловда ўт-ўлан еб яйраган тўрт оёқли жонивордек, ҳатто ундан ҳам кўпроқ роҳатланишади. Аввалги замон аёллари ишроқ ва таҳажжуд намозларини ўқир, беш вақт намоздан кейин тасбеҳлар айтар, одамларни айблашдан иложи борича тилларини сақлашар, сироти мустақимдан (тўғри йўлдан) чиқмасликка ҳаракат қилишар эди. У муборак аёллар ғийбат қилаётган ёки айбларни очаётган бирор кишини кўрсалар, унга насиҳат қилиб, уни бу ярамас ишдан қайтарар эдилар. Афсус ва надоматлар бўлсинки, замонамиз эркаклари эркак деган шарафли номга эга бўла туриб, ғийбат қилишда аёллардан ҳам олдинга ўтиб кетишяпти.

Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

 

Занонеки, тоат ба рағбат баранд,

Зи мардони нопорсо бигузаранд.

 

Туро шарм н-ояд зи мардиййи хеш,

Ки бошад занонро қабул аз ту беш.

 

Занонро ба узри муайянки, ҳаст,

Зи тоат бидоранд гоҳ-гоҳ даст.

 

Ту бе узр як сў нишини чу зан,

Шави кам зи зан лофи мардий мазан.

 

Назмий маъноси:

 

Аёллар рағбат-ла қилганда тоат,

Тақвосиз эрлардан ўтарлар, албат.

 

Аёлки гар сендан хислати зиёд,

Сенда эрлигингдан йўқми ҳеч уёт?!

 

Муайян узрким аёлларда бор,

Гоҳ-гоҳ ибодатдан тўхтайди ночор.

 

Узринг йўқ ҳолда сен бир четда жимсан,

Эрман деб лоф урма, аёлдан камсан.

 

Насрий баёни: Рағбат билан тоат қиладиган аёллар тақвосиз эркаклардан ўзиб кетадилар. Агар аёллар (Аллоҳ ҳузурида) сендан ортиқроқ мақбул бўлса, сен ўз эркаклигингдан уялмайсанми? Муайян узр сабабли аёллар гоҳида ибодатдан қўлларини тиядилар. Сен эса бирор узринг бўлмаган ҳолда аёлларга ўхшаб бир бурчакда ўтирибсан. Сен (даражада) аёлдан камсан, эркакман деб лоф урма.

Абу Имрон насиҳат давомида: «Ғийбат итга ўхшайдиган одамларнинг идоми ва тақводорларнинг ахлатхонасидир», дедилар. Ғийбат итга ўхшайдиган одамлар учун идом эканининг тафсилоти юқорида зикр этилди. «Тақводорларнинг ахлатхонаси» деган гапнинг маъноси шуки, ахлатхона ифлос бўлгани боис одамлар ундан ўзларини эҳтиёт қилганидек, тақволи кишилар ҳам тилларини ғийбат деб аталмиш жирканч нарсадан эҳтиёт қиладилар ва ўзларини у билан булғамайдилар.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Иёс ибн Муовия ибн Қурра Музаний (ҳ. 46–122 / м. 666–740) – Басра қозиси. Фаҳму заковатда замонасининг ажойиботларидан бўлган. У кишининг фаҳму фаросати зарбулмасал бўлиб, бирорта одамнинг заковати мақталмоқчи бўлса, у кишига ўхшатилган. Восит шаҳрида вафот этган (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[2] «Танбеҳул ғофилин».

[3] «Кимёи саодат».

[4] «Нузҳатул мажолис».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

3442 16:31 / 14.01.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар давоми...

3819 21:07 / 07.05.2018
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана.Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давоми...

3551 22:07 / 09.04.2018
Ўн еттинчи зарар мусулмонларга зулм қилиш.Насиҳат. Бир киши ҳакимга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди .Роббингга жафо қилма, халққа жафо давоми...

3811 11:19 / 25.04.2018