1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Одобнинг манбаи

23:13 / 18.08.2017 6883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. «Ҳар бир нарсага одоб билан муомала қилиш керак бўлса, бунча одобни қандай қилиб ўрганиб бўлади», деган хаёлга бормаслик керак. Бу гапни бошқа диндагилар ёки миллатлар айтса бўлар, аммо биз, мусулмонлар зинҳор бундай дея олмаймиз. Чунки Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарада ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар кенг баён қилинган. Тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларимиз бу каби одоблар билан тўла. Ислом адабиётининг асосини ҳам одоб ташкил қилади.

Энг аввало Қуръони каримдаги одобга оид оятлардан намуналар келтиришга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!» (23-оят).

Бу ояти каримада ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр қилинганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Аллоҳга тоат, ибодатдан кейин келадиган яна бир муҳим иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейиноқ шу жумланинг давомида ота­онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бири ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».

Бу жумладаги «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъно бор. Бир маъноси – ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», дея озорланадилар, деганидир.

«...уларга зажр қилма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озор етказма, уларга бирор озорни раво кўрма!

Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга муносиб кўр, ёмон, қўпол сўзлар, жеркишлар билан дилларини оғритма!

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: 

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (27-оят).

Жоҳилият давридаги арабларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш, ҳурматлаш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига рухсат ҳам сўрамай, «Эрталабки салом», «Кечки салом», деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолатларда бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмас, бунга эътибор ҳам беришмас эди. Бу эса ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, шубҳа-гумонларга, гап-сўзларга сабаб бўларди. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима орқали ҳар бир кишининг шахсий ҳурмати, уйининг дахлсизлиги ҳаққига риоя қилиш жорий этилди. Исломда, ким бўлишидан қатъи назар, бир кишининг биров яшаб турган жойга эгасининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ. Бу эса ижтимоий одобларнинг гўзал намунасидир.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида марҳамат қилади:

 «Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни севмас» (18-оят).

Бу ояти каримада бир неча ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритилмоқда. Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш, такаббурлик қилиш жуда ёмон иллатлардандир. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.

«...ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».

Кибрга бориш, мутакаббирлик қилиш жуда ёмон иллатлардан. Бу жуда ёмон нарса. Кибру ҳаво бошқаларга оғир ботади, уларни камситади, мусулмонлар биродарлигига раҳна солади. Шу боис, «Албатта, Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни севмас».

Кибрнинг мазаммати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган. Шунингдек, Ибн Абу Лайло ривоят қилган ҳадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.

Яна Луқмон сурасида марҳамат этилади: 

«Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (19-оят).

Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи, сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам. «...ва овозингни пасайтир». Баланд овозда бақир-чақир қилиб, ҳамма ёқни бошингга кўтарма. Бақир-чақир қилиш, ҳаддан зиёд баланд овозда гапириш ёмон нарса, суҳбатдошингга малол келади. Билиб қўй: «...овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир».

Эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб, ҳамманинг тинчини бузади. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг нақадар хунуклиги ва ёқимсизлигини ифодалаш учун унинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу энг ёмон овоз экани ҳам таъкидланмоқда.

Юриш-туриш, одамлар билан муомала, муносабатлар ва одам ўзини жамиятда қандай тутиши кераклиги борасидаги олий ва ибратли мисол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидир. У зотнинг бутун ахлоқлари, фазилат ва хислатлари Қуръони каримга асосланган эди. У зот инсонларнинг энг одоблиси, энг гўзал хулқлиси эдилар. Барча билан муомалада ўта одобли, марҳаматли ва самимий бўлганлар, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаганлар, ўзганинг дилини оғритмаганлар, бировга ғазаб қилмаганлар. Шахдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар, кулганда қаҳ-қаҳ отмай, овозсиз табассум қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ҳақидаги ҳадисларидан баъзи намуналар:

 Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши фарзандини ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза бир гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, яхши, одобли бўлиб ўсади. Бунинг савобига эса ота-онаси ва устоз-мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон, бадхулқ бўлиб ўсади. Бунинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Боланинг тарбиясига мутасадди киши (ота-она, валий) уни турли ёмонликлардан, ахлоқсизликлардан сақлаши, унга муносиб таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатишсин, уни ёмон болалар таъсиридан сақлашсин, ўткинчи, ҳавойи лаззатларга қизиқишга одатлантиришмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтиришмасин. Токи, катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Мусулмон фақиҳлар «Шаръий одобларга оид китоблар» дея аталган алоҳида йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзишган. Бу йўналишдаги китобларда ҳар бир мўмин-мусулмон риоя қилиши лозим бўлган шаръий одоблар ҳақида атрофлича сўз юритилади. Ҳанафий олимлардан Абу Саъид Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мустафо Ходимий раҳматуллоҳи алайҳининг «Барийқаи маҳмудия фии шаръи торийқаи Муҳаммадия» китоби диёримизда авваллари кенг тарқалган эди. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг аксарияти ва кўпчилиги Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган, деган гапда заррача муболаға йўқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамловчи китобларнинг ҳар бирида алоҳида «Китобул адаб» номли ички «китоб»лар бор. Уларда одобга оид ҳадиси шарифлар келтирилади. Бундан ташқари, муҳаддисларимиз одобга бағишланган алоҳида китоблар ҳам таълиф қилишган. Бунга мисол қилиб буюк ватандошимиз, мўминларнинг ҳадис бўйича амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг «Адабул-муфрад» китобларини келтириш мумкин. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи шоҳ асарлари «Жомеъус-саҳиҳ»да «Китобул адаб»га ўрин берганларига қарамай, бу масалани ўта аҳамиятли билганларидан алоҳида китоб тузишга киришганлар. У киши «Адабул-муфрад» китобида турли одобларга оид бир минг уч юз йигирма иккита ҳадиси шарифни олти юз қирқ тўрт бобда келтирганлар.

Тасаввуф шайхларининг ёзган барча китоблари одобнинг олий намуналарига оиддир десак, хато қилмаган бўламиз. Хусусан, имом Ғаззолийнинг «Иҳяу улумид-дин» китоблари, имом Ҳорис Муҳосибийнинг «Рисолатул-мустаршидийн» китоби, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Китобуз-зуҳд» асарлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Бу масала бўйича мусулмон адиблар ҳам кўплаб асарлар битишган. Уларнинг ичида машҳурларидан бири имом Мовардийнинг «Адабуд-дунё вад-дин» китобидир. Бу борадаги китобларнинг саноғига етишнинг ўзи мушкулдир.

  

Одобнинг ғояси

 

Илоҳий манбалардан олинган исломий одобларнинг ғояси ҳам илоҳий таълимот, мақсад ва ғоялар билан чамбарчас боғлиқдир. Одобнинг асосий ғояси инсон зотининг икки дунё саодатига эришишини таъминлашдир. Мусулмон инсон ўзининг одоблари ила бу дунёда барча мавжудотлар билан уйғунликда, ҳамкорликда ва яхши муносабатлар билан яшайди. Охират дунёсида эса амал қилган одоблари савобидан баҳраманд бўлади. Бу ҳақиқатни англаб етиш учун Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан муроди ва иродаси ҳақидаги Қуръони карим оятлари мазмунини яхшилаб тушунишнинг ўзи кифоя.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен ер юзида халифа қилувчиман», деди» (30-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўл­япти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Ислом таълимоти бўйича, дунё ва охират саодатига эришишни хоҳлаган одам Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси бўлишдек улуғ мақомга муносиб бўлиши лозим. Ер юзидаги халифалик эса уни обод қилишни талаб этади. Бу иш ҳалоллик-поклик, адолат, ҳақиқат, тўлақонли ҳамда мукаммал одоб ва яхшилик ила амалга оширилади.

Исломда одоб ҳақида сўз кетар экан, бунда Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси бўлиш мақомига сазовор бўлган, олиймақом ғояларнинг ер юзида қарор топишида хизмат қилиши лозим бўлган зот тушунилади.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган. Мана шундай яратувчи Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало одамнинг шакли-шамойили, қиёфаси, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам, азиз қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли иш-тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг кўринишларидир.

Аллоҳ таоло яна инсонга ваҳийлар туширади, улар ичидан пайғамбарлар танлаб олади, пайғамбарларга эса илоҳий китоблар нозил этади, шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига далолатдир. Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони каримда: «Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам инсон учун катта шараф ва обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун туя, от, автомобиль, кема, самолёт каби турли уловларни яратиб, шунга яраша қонун-қоидаларни ҳам жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларини осонгина бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли жисмларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этган, яъни денгизларда сузиб юрадиган кема ва қайиқларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйган. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Одам боласи ушбу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, ҳаққини адо этган бўлади. Ана шу беҳисоб покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни, одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

Исломда инсон одоби ҳақида сўз кетар экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган ва уни қуруқлигу денгизда кўтарган ҳамда уни пок нарсалар ила ризқлантирган ва уни Ўзи яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйган зот ҳақида сўз кетади. Аллоҳ таоло томонидан азизу мукаррам қилиб қўйилган ўша одам боласини зийнатлаб турадиган одоб ҳақида сўз кетади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари бор.

 Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Ҳеч бир) ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ота-она фарзанди учун ҳар нарсага ҳамиша тайёр туради. Дунёда ўзидан ўзганинг афзал бўлишини фақат ота ва онагина истайди. Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига дунёнинг бор бойлигинию, яхшиликларини ҳадя қилишга доимо шай туради.

Аммо ушбу ҳадисда ота-она фарзандига одобдан афзалроқ, одобдан қимматлироқ бошқа бирор нарсани ҳадя қила олмаслиги таъкидланмоқда. Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан ҳам афзалдир, деган хулоса чиқариш мумкин. Чунки ота-она боласига дунёнинг бор сарвати ва мол-мулкини бериб қўйса-ю, боланинг одоби бўлмаса, у ўша мулкни ўзи ва ота-онасининг бошига катта ташвиш, тузалмас балога айлантириши ҳеч гап эмас. Агар ота-она боласига чиройли одоб ҳадя қилса, фарзанди мазкур одоб ила ота-онасига ва ўзига керакли обрўни ҳам, бойлик ва мол-мулкни ҳам топиб келтиради.

Исломий одоб ҳақида сўз кетар экан, дунёдаги жамики мол-дунёданда афзал саналган одоб ҳақида, ота-она боласига ундан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайдиган гўзал, ибратли одоб ҳақида сўз юритилган бўлади.

  

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ижтимоий одоблар китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таомланишнинг бир қисми бўлмиш ичимлик ичиш ҳам инсоннинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир. Ичимлик ичишда одам боласининг маданияти, одоби намоён давоми...

8220 06:02 / 03.09.2018
Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у .барака, деб аталган.Салмон розияллоҳу давоми...

14038 11:48 / 02.09.2018
Мусулмон киши, эркак бўлсин, аёл бўлсин, кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматга шукр қилиб туриши лозим.Кийим кийишда давоми...

5953 10:50 / 22.07.2020
372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади.Умар шундай деди.Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.Ким бировни афв давоми...

4363 18:59 / 01.03.2018
Видеолар

2742 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

137660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57722 14:35 / 11.08.2021