1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Зиёрат ҳақида

18:56 / 01.03.2018 5572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

345. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши биродарини беморлигида кўргани борса ёки зиёрат қилса, Аллоҳ унга: «Сен хушҳол бўлдинг, сенинг юришинг ҳам хушҳол бўлди ва жаннатдан бир манзилни эгалладинг» дейди», дедилар». 

Шарҳ: Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бемор бўлган биродарларини кўргани боришлари ёки холис Аллоҳ розилиги учун зиёрат қилишлари улуғ бир савобларга, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг эътиборига ва жаннатдан жой олишдек улуғ бир ишни қилишга сабаб бўлади.

Албатта, беморларнинг кўнглини кўтариш ёки бир биродарини холисанлиллаҳ зиёрат қилиш ижтимоий алоқаларнинг ривожланишига, кишилар ўртасида дўстлик, биродарлик руҳининг кенгайишига, мустаҳкамланишига сабаб бўладиган амаллардир.

Бу нарса нафақат ана шу зиёрат қилган ёки зиёрат қилинган киши, балки уларнинг оилалари, қавм-қариндошлари, шогирдлари ва бошқаларнинг, қолаверса, бутун жамиятнинг бир-бирига меҳрибон бўлишларига, ўзаро дўст, биродар бўлишларига, бир-бирининг ҳолидан хабар оладиган ҳолатга етишларига олиб боради.

Шунинг учун бу нарсага катта эътибор берилган, шунинг учун бу башоратлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг номидан бевосита айтилиб, жаннатдан жой ваъда қилинмоқда.

346. Умму Дардодан ривоят қилинади:

«Салмон Мадоиндан Шомга пиёда келиб, бизни зиёрат қилди. У почаси шимарилган шалвор кийиб олган эди.

Ибн Шавзаб айтади: «Салмонни шалвираган кийим кийган, боши тақир қилиб қирилган ҳолда кўришди. Шунда унга:

«Ўзингни бир аҳволга солибсан-ку!» дейишди.

«Албатта, яхшилик охират яхшилигидир», деди».

Шарҳ: Ушбу ҳадис машҳур саҳобия аёллардан, Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг хотинлари, Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган.

Бу оила инсоният тарихида зарбулмасал бўлиб қолган нодир шаклдаги тақводор оилалардан биридир.

Бир куни Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа ҳақида гапириб турганларида, Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Менинг боғим садақа», деб юборганлар.

Сўнг бориб, боғда юрган аёлларига: «Ҳой Умму Дардо, чиқ, чиқ! Энди бу сеники эмас», деганлар.

Аёллари бунинг сабабини сўраганларида, бўлган гапни айтганлар.

Шунда Умму Дардо розияллоҳу анҳо: «Жуда яхши қилибсиз-да», деб хурсанд бўлиб, қозон-товоғини кўтариб  чиқиб кетганлар. Умму Дардо баъзиларга ўхшаб, боғини садақа қилиб юборган эрларини қарғамаганлар, балки «Савоб иш қилибсиз», деб эрлари қилган ишни қўллаб-қувватлаганлар. Бу оила ана шундай солиҳ оила бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйганлар. Мадинада улар ўртасида жуда катта биродарлик алоқалари бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобалар турли диёрларга тарқалганларида Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс ерларидан Мадоинга волий бўлганлар, Мадоиннинг фатҳида ўзлари ҳам катта жонбозлик кўрсатганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг оилалари эса Шомда қарор топган.

Ушбу ҳадисда Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг Мадоиндан Шомга зиёрат қилиш учун пиёда келганлари ривоят қилинмоқда. Келганларида қарашса, кийимлари жуда хароб экан. У кишини шалворларининг почаси кўтариб олинган ҳолда кўришган. «Улуғ саҳоба ҳам шундай хароб кийим кийиб юрадими?» дейдиган даражага етиб қолган экан. Шунда кимдир:

«Ўзингизни жуда қийнаб юборибсиз-ку, шундай аҳволга ҳам тушасизми?» деган маънодаги гапни айтишибди.

Бунга жавобан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу:

«Албатта, яхшилик охират яхшилигидир», деган эканлар.

Бунинг маъноси шуки, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг биродари эдилар. Фақат биродарларини зиёрат қилиш ниятида у киши улкан бир машаққатни тортиб келганлар. Узоқ масофадан пиёда, ҳориб, чарчаб, кийимлари бир аҳволда бўлиб келганлар. Бунчалар ҳолга тушишга сабаб бўлган нарса эса охират яхшилигини исташ эди.

Бошқача қилиб айтганда, Салмон розияллоҳу анҳу охират савобидан умидвор бўлиб, биродарлари Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг оиласини зиёрат қилиш учун Мадоиндан Шомгача пиёда келганлар.

Саҳобаларнинг ўзаро эҳтиромлари, бир-бирларига бўлган дўстлик, муҳаббат, меҳр-оқибатлари ана шундай бўлган. Шунинг учун «Муҳаммаднинг умматиман» деган мўмин-мусулмон одам улардан ўрнак олиши, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаб бориши, вақти келиб, имконияти бўлганда, қийинчиликлардан, баъзи бир машаққатлардан қўрқмасдан, ёр-биродарларини зиёрат қилиб туришни ҳам йўлга қўйиши керак бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон давоми...

3223 19:01 / 16.10.2018
Инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуддир. У ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, давоми...

5443 17:05 / 16.02.2018
Таомланишнинг бир қисми бўлмиш ичимлик ичиш ҳам инсоннинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир. Ичимлик ичишда одам боласининг маданияти, одоби намоён давоми...

8101 06:02 / 03.09.2018
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади.Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози давоми...

15169 23:09 / 18.08.2017
Видеолар

2717 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

135091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55369 14:35 / 11.08.2021