1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амаллар ва ҳолларнинг гўзаллиги (2-қисм)

19:16 / 07.01.2018 3534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи мақом тақдир қилинган нарсага рози бўлишдан иборат бўлиб, у «зоҳидлар даражаси» дейилади.

Учинчи мақом Роббининг раво кўрган нарсасига муҳаббат қилишдан иборат бўлиб, у «сиддиқлар даражаси» дейилади.

Сабр ҳукм жиҳатидан ҳам бир неча қисмга бўлинади:

1. Фарз.

Шариатда ҳаром ва ман қилинган нарсаларга сабр қилиш фарздир.

2. Нафл.

Макруҳ – ёқимсиз нарсаларга сабр қилиш нафлдир.

3. Ҳаром.

Шариат ман қилган сабрни қилиш ҳаромдир.

Мисол учун, бир кишининг қўлини бошқаси зулм юзасидан кесса, унинг сабр қилиб туриши ҳаромдир. Балки ўзини ҳимоя қилиши фарздир.

Шунингдек, маҳрам аёлларига тажовуз қилганларга рашк қилмай, сабр қилиб туриш ҳам ҳаром.

4. Макруҳ.

Шариат макруҳ санаган томондан етган озорга сабр қилиб туриш макруҳдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сабрнинг ўлчови шариатга мувофиқ бўлиши керак.

Сабрнинг даражалари:

– Авомнинг даражаси: Қалбни тоатларни қилишга ва гуноҳлардан қайтишга тутиб туриш.

– Хосларнинг даражаси: Нафсни риёзот (нафсни чиниқтириш) ва мужаҳадотларда (нафсга қарши курашлар) ушлаш, ҳолларнинг йўлида қийинчиликларга солиш ва пардани кўтаришга ҳаракат қилиш.

– Хосларнинг хосининг даражаси: Руҳни мушоҳада ва муояна ҳузурида тутиш.

– Ушбу мақомларнинг учинчиси ризо мақомидир.

Бизнинг тилимизда «розилик», «рози бўлиш» шаклида ишлатиладиган маъно араб тилида «ризо» дейилади ва «сахат» – норозиликнинг тескарисини англатади.

Ризо ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар келган:

Муновий: «Ризо инсоннинг ўзига етган мусибат ёки етмай қолган яхшиликни ўзгармасдан, нафсоний яхшилик билан қабул қилишидир», деган.

Баъзилар: «Ризо қазонинг аччиғига нисбатан қалбнинг суруридир», деганлар.

Яна: «Ризо қайси ҳукмда бўлса ҳам, жазаъ, яъни бетоқатликнинг (норозиликнинг) бўлмаслигидир», дейилган.

Бошқалар: «Ризо ҳукмни хурсандлик билан кутиб олиш», дейишган.

Яна: «Ҳукмлар жараёни остида қалбнинг сокин бўлиши ризодир», дейилган.

Уламолар ризони икки турга тақсимлаганлар:

Биринчи тур:

Ўзига амр қилинган нарсани адо қилишга ҳамда наҳий қилинган нарсани тарк қилишга рози бўлиш. Бунинг ичига Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсаларни ҳаддан ошмаган ҳолатда бажариш ҳам киради.

Аллоҳ таоло ризо ҳақида бундай деб марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсалардан рози бўлганларида ва «Бизга Аллоҳ етарлидир. Бизга тезда Аллоҳ Ўз фазлидан беради ва Расули ҳам. Албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз», деганларида эди...» (Тавба сураси, 59-оят).

Бу юқори одоб намунасидир. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули нима берса, шунга чин қалбдан рози бўлиш иймоннинг талабидир. Мўмин-мусулмон дилидагина рози бўлиб қўявермай, уни тилига ҳам чиқариб айтади. Келажакда ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзигагина рағбат қилишини таъкидлаб айтади.

Бу турдаги ризо вожибдир. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу каби ишларда ризони тарк қилганлар қораланган.

Иккинчи тур:

Камбағаллик, беморлик ва хорлик каби мусибатлардан ризо бўлиш. Бу ризонинг ҳам вожиблигини уламолар таъкидлаганлар. Баъзилар уни «мус­таҳаб» деганлар.

Аммо кофирлик, фосиқлик ва осийликка рози бўлиш мумкин эмас.

Қуръони Каримда ризо ҳам Аллоҳ таолога, ҳам бандага нисбат берилган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Баййина сураси, 8-оят).

Яъни Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда қилган иймон-­­эъти­қодлари ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.

Мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.

Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади.

1. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

«Ва одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга ўта шафқатлидир» (Бақара сураси, 207-оят).

Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди. Ушбу сифат эгаларидан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлган.

Имом Фахриддин Розий ривоят қиладилар:

«Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи уни қайтармоқчи бўлиб ортидан борди. Шунда у уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлига олди-да:

«Эй Қурайш аҳли! Менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча, биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз!» деди.

«Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», дейишди.

«Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, ўз йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб.

«Ҳа», дейишди.

У моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди. Мадинага келиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирди. Набий алайҳиссолату вассалом уни кўришлари билан:

«Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» дедилар.

Бир оз туриб, Аллоҳ «Ва одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлар бор», деган ояти каримани нозил қилди».

Мусулмонларнинг аввалги авлодида шу оят васф қилган сифатга эга бўлган инсонлар жуда кўп етишиб чиқди. Шу боисдан улар қисқа муддат ичида дунёни адолатга тўлдирдилар.

Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва бало-офатларга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.

Ризо эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган кимсанинг ўзига етган аламларни сезмаслиги ёки уларга парво қилмаслигидир.

Аламларни сезмасликка Мажнуннинг ҳолини мисол келтириш мумкин. Лайлининг ишқида девона бўлаёзган Мажнун эл-юртнинг маломатини ҳам, вужудига етган заҳматларни ҳам ҳеч сезмас эди. Зеро, маъшуқасини бутун вужуди ила севувчи ошиқ шундай ҳолга тушиши табиийдир.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати эса қалбни энг кўп ва қаттиқ машғул қилувчи омилдир. Бу муҳаббатга ғарқ бўлган одам ўзига етаётган ҳар турли аламни сезмаслиги ва розилик ила қабул қилиши турган гап.

Аламларга парво қилмаслик – аламни сезса ҳам ундан рози бўлишдан иборат. Бу ҳолат худди талаби ризқ учун сафарга чиққан одамнинг ҳолатига ўхшайди. У сафари давомида турли машаққатларга учрайди. Аммо сафаридан келадиган фойдаларни ўйлаб, мазкур машаққатларга парво қилмайди.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила қалби тўлган ҳамда У Зотнинг ажру савобидан, берадиган даражаларидан ва яхши ваъдаларидан умидвор бўлган банда ҳам мазкур нарсаларга эришиш йўлидаги аламларга парво қилмайди. Аксинча, уларга ўз ихтиёри билан боради.

Аслини олганда, иймоннинг асоси ҳам Аллоҳнинг қазосига, яъни ҳар қандай ҳукмига рози бўлишдан иборатдир. Яна ҳам аниқроғи, сабр иймондан бир бўлак бўлса, ризо айнан иймоннинг олий даражасидир.

Қуйида ўрганадиган ривоятларимиз бу ҳақиқатни тўлиқроқ англаб олишимизга ёрдам берар, деган умиддамиз.

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида:

«Аммо баъд: Албатта, яхшиликнинг барчаси ризодадир. Агар қурбинг етса, ризода бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сабр қил», деганлар.

– Маймун ибн Меҳрон: «Ким қазога рози бўлмаса, унинг аҳмоқлигига даво топилмас», деган.

– Робийъ ибн Анас: «Аллоҳга муҳаббатнинг аломати Уни кўп зикр қилишдир. Бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг зикрини кўп қилурсан. Диннинг аломати Аллоҳга махфий ва ошкора ихлос қилишдир. Шукрнинг аломати Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш ва қазосига таслим бўлишдир», деган.

– Абдулазиз ибн Абу Равод: «Гап арпа нонни сирка билан ейишда ёки жуну жанда кийишда эмас. Гап Аллоҳ азза ва жалладан рози бўлишда», деган.

– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бўлган нарсани «Бўлмасайди», деганимдан ёки бўлмаган нарсани «Бўлсайди», деганимдан кўра чўғни ютиб юборганим ва унинг нимани куйдирса куйдириб, нимани қолдирса, қолдиргани афзал», деганлар.

– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Манави ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деди. Муҳаммад ибн Восеъ:

«У чиққанидан буён кўзимга чиқмагани учун шукр қилмоқдаман», деди.

Аллоҳ таолодан бўлган ҳар бир нарсага тўлалигича рози бўлиш борасида баъзи тушунмовчиликлар ҳам бор ва уни йўқотишимиз лозимдир.

Баъзи одамларда «Аллоҳ таолодан бўлган ҳар бир нарсага рози бўлишимиз доирасида бошқалардан содир бўладиган куфрга, исёнга, бетавфиқликка ва турли гуноҳларга ҳам рози бўлишимиз керакми?» деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга уламоларимиз, жумладан, Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари қуйидагича жавоб берадилар:

«Бу маънони яхши англаб етиш учун аввало «қазо» ва «мақзий» тушунчалари орасидаги фарқни ажратиб олиш керак. «Қазо» масдар бўлиб, маъноси Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир. «Мақзий» эса исми мафъул бўлиб, мазкур қазога боғлиқ борлиқдаги воқеалар ва инсоний тасарруфлардан иборатдир. «Мақзий» сўзини бизнинг тилимизга ўгирадиган бўлсак, «амалга ошиб бўлган иш» деган маъно келиб чиқади.

Аллоҳ таолонинг яхшилик ёки ёмонликни пайдо қилишга боғлиқ иродасини ўз ичига олган илми қазодир. Аммо инсоннинг яхшилик ва ёмонлик моддасини ўз касби ва ижодига бўйсундиришга уриниши мақзийдир – амалга ошиб бўлган ишдир.

Бас, шундай экан, банданинг Аллоҳ таолодан рози бўлиши У Зотнинг қазосидан рози бўлишидир, мақзийдан – амалга ошиб бўлган ишдан рози бўлиши эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг қазоси Унинг адолати ва ҳикматига тобедир. Бу иккиси орасида доимо бирлик бордир, бир-бирларидан ажралмаслар. Шунинг учун ҳам банданинг Аллоҳ таолонинг қазосидан розилиги, модомики, У Зот таоло Одил ва Ҳаким бўлар экан, зарурийдир. Ушбу ризо юқорида айтилган омиллар асосида мастаҳкамланиб боради.

Шу ўринда «Аллоҳ таолонинг қазосидан рози бўлиш мақзийдан – амалга ошиб бўлган ишдан рози бўлишни ўз ичига оладими?» деган савол пайдо бўлади. Яъни Аллоҳ таолонинг иймон ёки куфрни танлаш ихтиёрини бандаларнинг ўзларига бериш ҳақидаги қазоси мақзий – амалга ошиб бўлган ишдан – одамлардан кўплари куфрни ва исённи танлашидан ҳам рози бўлишни тақозо қиладими?

Албатта, бу икки иш орасида ҳеч қандай бир-бирига боғлиқлик йўқ. Чунки Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлиш одамларга ихтиёр эркинлиги ва қарор қабул қилиш қудрати берилганига розиликдир. Аммо мақзий – амалга ошиб бўлган ишдан рози бўлиш эса куфрни ихтиёр қилган шахсга қўшилиш ва унинг бу ишига рози бўлишдан иборатдир. Аллоҳ таоло мана шундан рози бўлмайди. У Зот Қуръони Каримда: «У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас», деган (Зумар сураси, 7-оят).

Аллоҳ таолонинг қазоси икки қисмга тақсимланади.

Қазои қадарнинг воқе бўлиши икки хил бўлади.

Қазонинг биринчиси – Аллоҳ таолонинг яратиши билан бўлиб, унда инсоннинг ҳеч қандай дахли бўлмайди. Бу турга кеча-кундузнинг алмашуви, замоннинг ўзгариши, ўсимликларнинг ўсиши ёки қуриши, ўлим, бало-офатлар, зилзила, тўфон ва сув тошқинларига ўхшаш нарсалар киради.

Иккинчи қисмдаги қазо инсоннинг дахли бор нарсаларда бўлади. Бу турдаги қазои қадарга одам боласи олиб борадиган барча фаолиятлар ва қиладиган ибодатлар, жумладан, яхшилик ёки ёмонлик қилишга ихтиёри борлиги ҳам киради.

Шу билан бирга, иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари дейилади. Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари дегани эса ҳар бир нарса У Зотнинг илми ва яратиши ила жорий бўлади, деганидир. Инсоннинг ихтиёри ва мажбурланишига бунинг ҳеч қандай алоқаси йўқдир.

Биринчи турдаги қазо ва мақзий – қазо қилинган нарса бир-бирига боғлиқдир. Аллоҳ таолонинг кеча ва кундузнинг алмашиб туриши ҳақидаги қазоси ушбу амалиётнинг ростдан ҳам бўлишига асосдир. Бу ерда қазо ҳам, мақзий ҳам Аллоҳ таоло тарафидандир. Биринчи турга кирадиган ушбу қазодан рози бўлиш мазкур қазо асосида содир бўлган ишдан, яъни мақзийдан ҳам рози бўлишни тақозо қилади.

Иккинчи турдаги қазода эса – инсонга яхшилик ёки ёмонликни танлаш эркинлиги ва ихтиёри берилиши қазодир, ўша ихтиёр асосида инсоннинг ўша икки нарсадан бирини танлаши мақзийдир. Инсон бу борада қазога рози бўлади, мақзийга эса рози бўлмасликка ҳаққи бордир.

Шундай қилиб, иккинчи турдаги қазо бўйича мўмин банданинг зиммасидаги нарса қуйидагича бўлади:

«Биринчидан, Аллоҳ таолонинг бандаларини ихтиёрли қилиб яратганига ва уларнинг ушбу имкониятни ишга солаётганларига рози бўлиш.

Иккинчидан, мўмин банданинг ўз ихтиёри билан яхшилик ва тоатни ихтиёр қилишига рози бўлиш. Мўмин банданинг ёмонлик ва маъсиятни ихтиёр қилишига рози бўлмаслик».

Бас, шундай экан, банда қиладиган амалларнинг гўзал бўлиши унинг ҳолларининг яхши бўлишига боғлиқдир. Ҳолларнинг гўзал бўлиши эса қалбларнинг машғул қилувчи нарсалардан ва Аллоҳ таолодан ўзгалардан холи бўлишига боғлиқдир. Ана шундагина Аллоҳ таолога бўлган юзланиш мусаффо бўлади. У Зотга бўлган муҳаббат, тақво, хавф ҳам мусаффо бўлади. Ўз навбатида ҳолларнинг гўзал бўлиши тушиладиган мақомлар даражаларидан муваффақият ила ўтиш билан бўлади.

Мазкур даражалар эса тавбадан бошланади, сабр ила давом этади ва ризо билан ниҳоясига етади. Ана ўшанда сабрнинг аччиғи ҳаловатга айланади ҳамда дунёнинг ташвиши йўқолади.

Албатта, бу мақомга етиш учун зарур бўлган омиллардан бири Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир. Қачон банданинг қалбидан ушбу муҳаббат жой олса, кўп яхшиликларга эришилади.

Мазкур мақомларга, муҳаббатга, сабрга, ризога ва бошқаларга эришиш учун элтадиган йўлни қандай топиш мумкин?

Бу саволга машойихлар: «Мазкур мақом ва даражаларга Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтириш билан эришилади», дея жавоб берадилар. Зикр соликларнинг қуролидир. Зикр чироғи билан йўл ёритилади. Зикрнинг сирлари ила тўсиқлар олиб ташланади.

Зикр, унинг одоблари, йўли ва мартабалари ҳақида келаси ҳикматларни ўрганиш асосида маълумот оламиз.

Аллоҳ таоло барчамизга амалларимизнинг гўзаллиги аҳволларимизнинг гўзаллиги натижаси бўлишини насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олимлар чумолилар дунёсини узоқ ўрганганларидан сўнг, уларнинг ҳаёти кўп сирларга тўлалигини таъкидламоқдалар. Ана шу сирлардан бири чумолиларда урушиш, давоми...

3382 11:06 / 05.11.2020
Ҳафс ибн Умар Жаъфарий айтади .Довуд Тоий бетоб бўлиб қолди. У жаҳаннам зикр қилинган бир ояти каримани кечаси билан такрортакрор ўқиб, эрталаб бетоб бўлиб давоми...

3053 07:30 / 21.02.2019
Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчи давоми...

2619 17:04 / 14.11.2018
Нуҳ ибн Иброҳим қизини турмушга бермоқчи бўлиб, мажусий қўшнисидан маслаҳат сўради. Қўшниси .Во ажабо Ҳамма сендан маслаҳат сўрайди, сен бўлса мендан маслаҳат давоми...

2364 07:10 / 19.07.2019