1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ кўпайтириб бергувчи зотдир

14:02 / 23.12.2018 3371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қасан айтади: "Имрон ибн Ҳусайн ва Абу Ҳурайрадан "покиза масканлар" (Тавба, 72) оятининг тафсири ҳақида сўрадим. Улар: "Энг билувчидан сўраймиз", дейишди ва сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадик. У зот: "Жаннатдаги дурдан бўлган қасрдир. У қасрда қизил ёқутлик етмишта бино бор, ҳар бир бинода тоза забаржаддан етмишта уй бор, ҳар бир уйда етмишта сўри бор, ҳар бир сўрида турли-туман етмишта кўрпа-тўшак бор, ҳар бир тўшакда ҳурлардан бўлган етмишта аёл бор ва ҳар бир уйда етмишта дастурхон, ҳар бир дастурхон устида турли-туман етмиш хил таом, ҳар бир уйда етмишта ёш ўғил ва қиз хизматчилар бор. Аллоҳ таборака ва таоло мўминга бир мартада буларнинг барчасига етадиган қувват ато этади", дедилар.

Ибн Зайд отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Албатта, бир кишига бир дурдан ясалган қаср берилади. Бу қасрда етмишта хона бор, ҳар бир хонада ҳурлардан бўлган бир аёл ва ҳар бир хонада етмишта эшик бор, ҳар бир эшикдан жаннат ҳидлари кириб туради. Бир эшикдан кирган ҳид бошқа эшикдан кирган ҳидга ўхшамайди", дедилар ва Аллоҳ таолонинг: "Улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас" (Сажда, 17), оятини ўқидилар" (Ибн Ваҳб ривояти).

Бурайда ибн Хосибдан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни тонгда турдилар ва Билолни чақириб: "Эй Билол! Нима сабабли жаннатга мендан олдин кирдинг. Жаннатга кирсам, олдимда оёғинг товушини эшитдим. Сўнг тўрт бурчакли, олтиндан тикланган қасрни кўрдим ва: "Бу қаср кимники?" деб сўрадим. "Бир арабники", дейишди. Мен: "Мен арабман, бу қаср кимники?" дедим. "Муҳаммаднинг соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан бўлган кишиники", дейишди. "Мен Муҳаммадман! Бу қаср кимники?" дедим. "Умар ибн Хаттобники", дейишди". Шунда Билол розийаллоҳу анҳу: "Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачон азон айтсам, дарҳол икки ракат намоз ўқийман ва қачон таҳоратим кетса, дарҳол таҳорат оламан, зиммамда Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз бор деб биламан" (яъни, икки ракат намоз ўқиб оламан), дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шу икки (хислатинг) сабабли экан", дедилар" (Термизий ривояти).

Табароний Анас розийаллоҳу анҳунинг ҳадисларидан мухтасар келтиради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннатга кирган эдим, олтиндан бўлган қасрни кўрдим ва: "Бу кимга?" деб сўрадим. "Умар ибн Хаттобга", дейишди".

Доримий ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ким "Қул ҳуваллоҳу аҳад"ни ўн марта ўқиса, унинг учун жаннатда бир қаср бино қилинади. Ким уни йигирма марта ўқиса, иккита қаср, ким ўттиз марта ўқиса, учта қаср бино қилинади", дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу: "Ундай бўлса, қасрларимизни кўпайтириб олайлик", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ янада кўпайтириб бергувчи зотдир", дедилар.

Ҳаммод ибн Зайд Абу Синондан ривоят қилади: "Ўғлим Синонни дафн қилдим, Абу Талҳа Хавалоний қабрнинг чеккасида туриб деди: "Менга Заҳҳок ибн Абдураҳмон Абу Мусодан ҳадис айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар Аллоҳ азза ва жалла бандасининг фарзандини олса, фаришталарига: "Бандам нима деди?" дейди. Фаришталар: "Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди", дейдилар. Аллоҳ таоло: "Унга жаннатда уй бино қилинглар ва у уйни "ҳамд уйи" деб атанглар", дейди", дедилар" (Абу Довуд Таёлисий).

Имом Қуртубийнинг “Тазкира”сидан

Мавзуга оид мақолалар
Ҳусайн муаллим раҳимаҳуллоҳ деди .Муҳаммад ибн Сийрин гаплашиб, куларди. Агар ҳадис келиб қолса айтиб қолинса, қўрқиб, хушуъ билан турарди,.Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ давоми...

1523 15:30 / 03.11.2020
Абу Яқзон Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман .Кишининг намози узун, давоми...

1936 14:58 / 27.01.2022
Подшоҳ вазиридан сўради .Нега анави ходимимни ўзимдан кўра бахтиёрроқ юрганини кўраман Ахир унинг ҳеч вақоси бўлмаса, менда бўлса бойлик, молмулк ва барча давоми...

2449 16:00 / 26.12.2022
САВОЛ Аллоҳ илмингизга янада барака берсин. Биз Украинада савдо билан шуғулланамиз, у ерда .Аҳбош, деган фирқа бор. Улар бозорларга кириб, ўзбекларни ўзини йўлига давоми...

4287 20:48 / 25.04.2016