1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ томон юзланинг!

12:00 / 25.06.2022 3168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Абу Товил Мамдуд деган киши келиб сўради:

- Бир киши гуноҳнинг барча турини қилган. Ундан ҳеч нарса қолдирмаган. Қанақанги гуноҳ бўлса барини қилган. Унинг тавбаси қабул бўладими?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Албатта! Аммо яхши ишлар қиласан, ёмонликлардан сақланасан. Ана шунда қилган ёмонликларингни Аллоҳ яхшиликка айлантиради.

У сўради:

- Хиёнат ва фисқу-фужурларимни ҳамми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Албатта, дедилар.

Шунда Абу Товил:

- Аллоҳу акбар, деди.

 Сўнгра токи кўринмай кетгунича «Аллоҳу акбар» деб кетди.

Буюк Роббимизни қаранг! Бандаси Унга қарши маъсиятлар билан курашди. Бирор бир гуноҳни қолдирмай қилди. Сўнгра ўзини ёлғиз ҳис қилди. Аллоҳдан ўзга меҳрибони йўқлигини билди. Ғарибликни ҳис қилди. Аллоҳдан ўзга паноҳи йўқлигини ҳис қилди. Тавба қилиб, надомат қилиб, синиқ ҳолда Аллоҳга қайтди. Қайтиб гуноҳ қилмасликка азм қилди. Сўнгра Роббиси уни худди йўқолиб кетган яқинини топган кишидек қабул қилди.

Энг ёмон ғурбат Аллоҳдан узоқликдир. Энг яхши яқинлик Аллоҳга яқинликдир!

Аллоҳнинг раҳмати олдида гуноҳларимизни катта санамаслигимиз лозим. Аллоҳнинг раҳмати барча гуноҳимиздан каттароқдир. Гуноҳларни кечириши билан бирга уларни яхшиликка айлантириши эса раҳмати устига раҳматидир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аммо яхши ишлар қиласан, ёмонликлардан сақланасан. Ана шунда қилган ёмонликларингни Аллоҳ яхшиликка айлантиради», деган гаплари Аллоҳ таолонинг: «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб солиҳ амал қилса бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга айлантирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир», оятининг тасдиғидир.

Шайтонни Роббингиз билан ўзингизнинг орангизга тушиб олишига йўқ қўйманг. У бадбахт энди тавба қилганингизда келиб сизга гуноҳларингизни катта кўрсатади. Сизни умидсиз қилишга уринади. Зино, ароқ ичиш, ўғирлик, ёлғончилик, порахўрлик, рибо, ота-онага оқ бўлиш, силаи-раҳмни узиш каби гуноҳлардан энди қайтиб бўлмайди деб, сизни ноумид қилмоқчи бўлади. Аллоҳнинг раҳматини сизга кичик қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Унга эътибор берманг. Танангиздаги бутун ҳужайрангиз билан Аллоҳ томон юзланинг. Унинг ҳузурида йиғланг, истиғфор айтинг. Қўлдан келганича солиҳ амал қилинг. Агар тавбангиз ҳақиқий бўлса эрта қиёматда қилган ёмонликларингизни мезонда яхшиликка айланганини кўрасиз.

Аллоҳдан карамлироқ ҳеч ким йўқ!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Фалон айтади .Иброҳим ибн Адҳам анжир кўтариб кетаётган бир боланинг олдидан ўтиб қолиб, .Бир тангага анжир берасанми, деди. Бола анжирни бир тангага давоми...

2859 03:00 / 28.04.2020
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1432 йил 29 зулҳижжа, мелодий 2011 йил 25 ноябрда қилган жумъа хутбаcида шундай деган.Агар давоми...

5691 11:03 / 26.06.2019
Фитначиларнинг иғвоси туфайли ҳазрати Али ва Оиша онамиз бошлиқ икки мусулмон тараф ўртасида улар ярашиб бўлганларидан кейин кечаси уруш чиқарилди. Одамлар давоми...

6499 00:00 / 06.01.2017
Шу кунларда обҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соясалқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.Маълумки, давоми...

4554 08:40 / 13.07.2019
Аудиолар

232023 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150536 09:35 / 11.08.2021