1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илми калом ҳақида нималарни биламиз (биринчи мақола)

13:55 / 15.10.2019 4752 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Калом» лафзи араб тилида «сўз», «гап», «жумла» маъноларини англатади.

«Илми калом» ақоид илмининг энг машҳур исмидир. Бу исм, ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган. Зеро, у шу даврда илк бора имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида илми калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар. Бу исмнинг ишлатилишига сабаб шуки, эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани, ихтилофлар келтириб чиқаргани Аллоҳнинг «калом»и ҳақидаги масаладир. Қолаверса, бу илм соҳиблари ўз фаолиятлари давомида фақат каломни ишлатганлари учун ҳам, у «калом» номини олган.

«Бу илм билан шуғулланганлар ўз сўзларини «Калом шулки», деб бошлаганлари учун, улар машғул бўлган илм «Илми калом» деб аталган», деган фикрлар ҳам бор.

Илми каломнинг бу номни олиши ҳақидаги тахминларнинг бири Саъдуддин Тафтазонийга тегишли бўлиб, у киши: «Эҳтимол, «калом» исми жароҳат етказиш маъносидаги «калим» лафзидан олингандир. Чунки у ўзининг қатъий далиллари ва чақнаган ҳужжатлари ила қарши тараф қалбида жароҳат пайдо қилади ва унинг ичига ёриб киради», деган.

Уламолар илми каломнинг таърифида ҳам бир неча хил фикрлар айтганлар. Энг қадимги таъриф Абу Наср Фаробийга тегишли бўлиб, у: «Калом синоати ила миллатнинг асосчиси айтган чегараланган гап ва ишларга нусрат берилур ва унга хилоф қилган барча сўзларни беҳудага чиқарилур», деган.

Илми калом ҳақида имом Ғаззолий қуйидагиларни айтади: «У бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз Набийи тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, у ҳақда Қуръон ва хабарлар нутқ қилди.

Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.

Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».

Илми калом пайдо бўлган вақтга келиб ақийдага оид масалаларга, аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.

Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари: аҳли сунна вал жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шиалар ўртасида бўлган. Кейинчалик Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтилган.

Вақт ўтиб, турли халқ ва тоифаларнинг Исломни қабул қилишлари уларнинг ақийда ва фикрлари исломий фикр ва ақийдаларга аралашиб кетишига сабаб бўлди. Зеро, ота-боболари бидъат-хурофотда ўтган бу халқлар, элатлар Аллоҳ таолога ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирсалар ҳам, аждодларининг бир қарашда тўғри кўринган баъзи хурофий фикрларидан бутунлай воз кеча олмагандилар. Шу билан бирга, ғайримусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади. Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар. Бу ишда аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.

Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса бошқа илм ва соҳаларда бўлгани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган-бўлмаган турли-туман масалалар аралашиб кетди. Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб қолди. Натижада ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.

Мазкур баҳс ва тортишувлар жараёнида илми каломнинг кўзга кўринган шахслари ва намояндалари ҳам зоҳир бўла бошлади. Бу борада аҳли сунна вал жамоадан Абул Ҳасан ал Ашъарий ва Абу Мансур ал Мотуридий энг машҳур имомлар бўлганлар. Мўътазилийлардан Восил ибн Ато, Абу Ҳузайл Аллоф, Наззом, Жоҳиз ва бошқалар кўзга кўринганлар.

Машҳур мусулмон уламолар илми калом ҳақида ўз замонлари ва билимларига қараб турлича фикр билдирганлар.

Салбий фикрдагилардан бўлган имом Абу Ҳанифа илми каломга оид «Ал Фиқҳул Акбар» номли китоб ёзган ва: «Диндаги фиқҳ илмдаги фиқҳдан афзалдир. Чунки диндаги фиқҳ аслдир. Илмдаги фиқҳ фаръдир. Асл фаръдан афзаллиги маълумдир», деган.

Имом Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Жалолуддин Суютий ва Ибн Абдул Баррлар ҳам бу илм ҳақида салбий фикрда бўлганлар.

Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий илми каломни мадҳ этиб китоб ёзган.

Имом Ғаззолий ўртача йўл тутган ва илми каломда яхши тараф ҳам, салбий тараф ҳам борлигини таъкидлаб, у билан фақат мутахассис олимлар машғул бўлиши кераклигини уқтирган.

Бу фикрларни тадқиқ қилиб ўрганган олимлар: «Илми каломни танқид қилганлар ундаги адашувларни танқид қилганлар. Уни мадҳ қилганлар эса фойдали тарафларини эътиборга олганлар. Шунинг учун унинг ижобий тарафларидан кўп нарсани ўрганса бўлади», дейдилар.

Вақт ўтиши билан Ислом оламида фақат аҳли сунна вал жамоанинг илми калом бўйича таълимотлари ҳукм сурадиган бўлди. Фалсафа ва бошқа фикрий мазҳаблар чиққанидан кейин, илми калом истилоҳининг ўзи ҳам истеъмолдан чиқиб кетди.

«Самарқанднинг сара уламолари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳл ибн Муҳаммад Сижистоний айтади .Бир куни ҳузуримизга султоннинг кўфалик бир ходими келди. У салом бериб кирдида, .Басрада энг олим одам ким, деб сўради. Мен давоми...

1376 08:00 / 22.11.2020
Масъудий Авн ибн Абдуллоҳ фақиҳлардан бирига шундай деганини ривоят қилади .Кимки Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур ва ўзи давоми...

2028 08:06 / 17.01.2020
Арабча .эътикоф, сўзи .лозим тутиш, туриб қолиш, маъноларини билдиради. Эътикоф ndash банданинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ва ибодат нияти билан масжидда давоми...

2070 08:00 / 25.05.2019
Исломнинг Японияга қандай кириб боргани кўпчиликни қизиқтирса керак. Милодий 1878 йилда бошланган Япония Уйғониш даври мэйдзиrdquoнинг илк паллаларида Осиёда давоми...

4239 21:00 / 20.12.2018