1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 143-оят

16:45 / 10.12.2017 4490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани орқасига қайтадиганлар ким-у, Расулга эргашувчилар ким эканини билишимиз учунгина қилганмиз. Бу, албатта, Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғирдир. Аллоҳ иймонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир. Бақара 143.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз араб тилида «васат» деб келган. Бу сўз «яхши», «ўрта», «марказ» ва «адолатли» деган маъноларни англатади. Кўпроқ «ўрта» маъносида ишлатилгани учун таржимага шу сўз ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. «Ўрта»га адолат маъноси берилишининг сабаби эса ўрта атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди.

Оятдан «Худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундай қилдик» деган маъно келиб чиқади.

Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда одамлар билмаган маълумотлар ҳозирда аён бўлди. Яъни Қуръони Каримнинг баъзи оятларидаги маъноларни мулоҳаза қилган мусулмон жуғрофия олимлари илмий изланишлар олиб бориб, мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Маккаи Мукаррама ер юзидаги қуруқликнинг маркази, ўртаси эканини аниқладилар. Орадан ўн тўрт аср ўтиб кашф этилган бу илмий ҳақиқат асосида қиблани аниқлайдиган асбоб ҳам яратилди. Демак, ояти карима «Сиз ўзингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблангизни ҳам ўрта қибла қилдик» деган маънони беради.

«Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик».

Демак, Ислом умматининг ўрта уммат бўлишининг яна бир сабаби одамлар устидан гувоҳ этиб танланганида экан. Ислом уммати ўрта, яхши, адолатли уммат бўлгани учун бошқа умматларнинг яхши амалларига ўртада туриб, адолат ила гувоҳлик беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса ўз умматларига гувоҳлик берадилар. Ушбу гувоҳлик қандай бўлишини тасаввур қилиш учун бир-икки ривоятлар билан танишамиз.

Абу Зуҳайр Сақафийдан Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Сизлар яхшиларингизни ва ёмонларингизни билиб олсангиз бўлади, – дедилар.

– Қандай қилиб, Аллоҳнинг Расули? – дейишди. У зот:

– Мақтов ёки ёмонлаш сўзлари билан. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз, – дедилар».

Демак, адолатли, ҳақиқий, тақводор мусулмонларнинг гувоҳлиги бежиз эмас. Ундай сифатларга эга бўлган мусулмонлар «яхши» деган одамлар яхши бўладилар, «ёмон» деган одамлар ёмон бўладилар.

Ҳофиз ибн Мурдавайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Қиёмат куни мен умматим билан тепаликдан халойиққа қараб турамиз. Ҳар бир кимса биздан бўлишни орзу қилади. Қайси пайғамбарнинг уммати уни ёлғончига чиқарса, биз Роббининг фармонини адо этганига гувоҳлик берамиз», – деганлар.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганлар:

«Қиёмат куни Нуҳ чақирилиб:

– Етказдингми? – деб сўралади. У:

– Ҳа, – дейди. Сўнг унинг қавми чақирилади ва уларга:

– Сизга етказдими? – дейилади. Улар:

– Бизга огоҳлантирувчи ҳам, бирор киши ҳам келгани йўқ, – дейишади. Шунда Нуҳга:

– Сенга ким гувоҳлик беради? – дейилади. У:

– Муҳаммад ва унинг уммати, – дейди. «...ва шунингдек, сизни ўрта уммат қилдик...» деганининг маъноси шу. Ўрта – адолатли деганидир. Сизлар чақириласизлар ва унга етказганлиги ҳақида гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизларга гувоҳлик бераман».

Уламоларимиз «ўрта уммат»нинг яна кўп ва улкан маънолар англатишини кенг ва батафсил баён қилганлар. Ислом уммати ҳақиқатда тўла маънода ўрта умматдир. «Ўрта» деганда «яхшилик ва афзаллик» деган маъно ҳам, «мўътадил ва адолатли» деган маъно ҳам ва, ниҳоят, ҳиссиётдаги ўрталик маъноси ҳам тушунилаверади.

Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга (масалан, ийсавийларга) ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга (масалан, мусавийларга) ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътимод қўймайди. Балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли ва энг афзал муносабатда бўлади.

Ислом уммати тафаккур ва ҳис-туйғу бобида ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Билиб олган нарсасинигина маҳкам тутиб, ундан бошқа маърифат ва тажрибаларни рад қилиб юборадиганлардан эмас. Ёки, аксинча, дуч келганнинг ортидан эргашиб, тақлид қилиб ҳам кетавермайди. Балки мўътадиллик билан, ўз қоидаларига тўғри келган илмий изланиш ва тажриба орқали, бошқалар эришган ютуқларни ҳам эътироф этиб, улардан фойдаланади.

Ислом уммати тартиб-интизомда ҳам ўртача, адолатли ва афзал умматдир. Унда ҳаёт фақат ҳис-туйғу, виждон ва одоб-ахлоқ орқали тартиб-интизомга солинмайди. Балки инсоннинг маънавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалоллик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга, ҳукмни ҳам ишга солади. Чунки ҳамма ҳам фақат руҳий-виждоний йўл билан тузалиб қолмайди.

Ислом уммати алоқа ва боғланишларда ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Худосизлар тузумидаги каби эмас, яъни жамият шахснинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Капиталистик тузумлар каби эмас, яъни шахс жамиятнинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Балки алоҳида шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор, айни чоғда, жамиятнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор.

Ислом уммати макон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Унинг қибласи, бошқача айтганда, диний маркази ернинг киндигида жойлашган – шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ўртасида.

Ислом уммати замон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсоният униб-ўсиб, болалик, ўсмирлик ва ёшлик даврларини бошидан ўтказганидан сўнг, вояга етганда Исломни юборган. Энди қариб, қиёмат қоим бўлгунча бу уммат ўрталик ҳолида унга гувоҳ бўлиб туради.

Ислом уммати ўрта умматлиги учун барча одамларга гувоҳлик беради ва уларнинг ўртасида адолат ўрнатади, ҳақни ботилдан ажратади. Бу умматга барча ишларда унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом гувоҳлик берадилар.

Ояти каримадаги кейинги жумла қибланинг ўзгартирилиши ҳикматини баён қилади:

«Сен аввал юзланган қиблани орқасига қайтадиганлар ким-у, Расулга эргашувчилар ким эканини билишимиз учунгина қилганмиз».

Аллоҳ таолонинг илми чексиз, ҳамма нарсани бўлишидан аввал билади. Оятдаги «билиш» одамларга оиддир. Яъни бу гап «Сизлар ортга бурилиб, диндан чиқиб кетадиганлар ким, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиб-ажратиб олишларингиз учун қиблани аввал Байтул Мақдис томонга қилган эдик» деган умумий маънода айтиляпти.

Аввал эслатилганидек, намоз фарз бўлганидан кейин мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқир эдилар. Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан сўнг қибла Аллоҳ таолонинг хусусий амри ила Байтул Мақдис томон бурилди. Уламоларимиз ушбу бурилишда катта ҳикмат борлигини мулоҳаза қилганлар. Исломда ҳар бир нарса холис Аллоҳ учун бўлиши керак.

Араблар жоҳилият даврларида кўпгина нарсаларга ихлос қўйиб, ўша нарсалар билан фахрланиб юрар эдилар. Уларда фахр уйғотадиган нарсаларнинг гултожи Байтуллоҳ эди. Араблар Байтуллоҳ уларнинг ватанида жойлашгани, Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён атрофдан одамлар шу Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун келишлари билан керилиб юришар, «Каъбаи Муаззама бизнинг мулкимиз, шунинг учун биз бошқалардан юқори турамиз», – дейишарди. Бошқа халқлар ҳам шу қабилда ўйлашар эди. Натижада Байтуллоҳ «байтулараб»га – Аллоҳнинг уйи эмас, арабларнинг уйига айланиб қолган эди. Уни ақийда асосида эмас, балки таассуб, тарафкашлик асосида ҳурматлайдиган бўлиб кетган эдилар.

Ана шу тарафкашлик асосида «Бу Пайғамбар бизнинг Каъбага қараб намоз ўқимоқда, уни ҳурмат қилмоқда, шунинг учун унга эргашамиз», дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин эди. Кишиларни бундай хато тафаккурлардан, тарафкашликлардан ва бошқа нарсалардан халос этиб, Байтуллоҳни жоҳилият нопокликларидан пок бўлган ҳолда, фақат ақийда асосида эъзозлашга тайёрлаш учун қибла вақтинча Байтул Мақдисга бурилди. Шунда миллатчилик, тарафкашлик асосида Пайғамбарга эргашганлар ҳақиқий ақийда асосида Аллоҳга таслим бўлиб, У Зотга эргашганлардан ажралиб қолади. Ҳамда мусулмонларнинг қалблари, тафаккурлари, тасаввурлари нолойиқ нарсалардан покланади. Исломга бирор қизиққан нарсаси туфайли эмас, балки Аллоҳ учун кирганлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳатто қибла ўзгарганда ҳам, Набий алайҳиссаломга сўзсиз эргашадилар.

Албатта, ҳис-туйғуга, маънавий қадриятларга, урф-одатларга боғлиқ нарсани тарк этиш осон эмас. Аммо Аллоҳнинг ҳидояти билан Унга ишонган одамларгина қийналмайдилар. Шунинг учун ҳам оятда:

«Бу, албатта, Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғирдир», – дейилди.

Ҳа, албатта, Аллоҳга иймони йўқ, ҳидоятга тушмаган одамларга жуда ҳам қийин бўлади. Бундай одамлар одатлардан қўрқадилар. Мансабдорлардан ва бошқа нарсалардан қўрқадилар. Фақат мустаҳкам иймони борларгина Аллоҳнинг айтганини қилиб, бошқаларни ташлайдилар.

Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганининг бир ҳикмати шудир. Бу амрга итоат этган Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонлар сўзсиз ўша томонга юзланиб, намоз ўқидилар.

Одатдагидек, яҳудийлар иғво ва фитна гапларни тарқата бошладилар. «Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, ота-боболарининг муқаддас уйи – Каъбага қараб намоз ўқийвермасдан, нима учун бизнинг қибламиз – Байтул Мақдисга қараб намоз ўқийди, бу ҳам унинг динидан бизнинг динимиз афзал эканининг далили-ку», – дейишди.

Набий алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғини бажарадилар, яҳудийларнинг гапларига эътибор бермайдилар. Шу ҳолда ўн олти ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилди. Сўнгра биз ўрганаётган ва ундан кейинги оятлар нозил бўлиб, қибла Каъбаи Муаззамага қаратилди. Яҳудийлар яна «Буларнинг қибласи Каъба бўлса, унда Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозлари нима бўлди?» «Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиб туриб, қибла ўзгармасдан аввал ўлиб кетганларнинг ҳоли нима бўлади?» каби саволлар билан мусулмонларнинг бошларини айлантира бошладилар. Иғво ва фитна гаплар давом этаверса, ҳар қандай одамга таъсир қилади. Яҳудийларнинг висир-висирлари Мадинаи Мунавварада ҳар тарафдан тарқалавериб, баъзи мусулмонларга таъсир ўтказган бўлса керакки, мусулмонлар ҳам ўзаро, бир-бирларига шундай саволларни бера бошладилар. Ҳатто баъзилари Набий алайҳиссаломга ҳам шу маънодаги саволни бердилар.

Ушбу оятнинг «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас» деган қисми худди ўша саволга жавоб бўлиб келди. Модомики, иш Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлган экан, демак, У Зот Байтул Мақдисга қараб ўқилган намозларни ҳам қабул қилади.

Эътибор берилса, гап-сўз, иғво ва фитна намоз ҳақида, аммо уларга жавоб бўлиб келган оятда «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас», дейиляпти. Яъни намоз ўрнига иймон қўйиляпти. Чунки Аллоҳнинг ҳузурида намоз иймондан, иймон намоздан иборатдир. Ушбу оят бунинг ёрқин далилидир. Шуни яхши билиш керакки, Набий алайҳиссалом айтганларидек, мўмин билан кофирнинг ўртасида намоз бор. Яъни намози йўқ одам кофир бўлиб қолишидан қўрқсин.

Аллоҳ Ўзининг йўлида юрганларга доимо раҳм-шафқат қилади, иймонларини зое кетказмайди. Чунки

«Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир».

  Мусулмонлар Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилаётган даврда фитнаю таъналардан қанчалик озор чеккан бўлсалар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўнгиллари ундан-да хижил эди. Бошқа мусулмонлар қатори, Каъбаи Муаззаманинг қибла бўлишини у киши ҳам хоҳлар эдилар. Тез-тез самога юзланиб, шу ҳақда тасдиқловчи ояти карима тушиб қолишини кутардилар. Аммо юксак одоб соҳиби бўлганлари учун бевосита дуо қилиб ёки бошқа бирон йўл билан бу ишнинг ҳал этилишини Аллоҳдан очиқ-ойдин сўрамас эдилар. Ушбу масалани Аллоҳнинг Ўзи ечишини орзиқиб кутардилар. Кўплаб ривоятларда келишича, худди шундай пайтлари Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил этиб, Масжидул Ҳаромни, яъни Каъбаи Муаззамани қибла қилганини эълон қилади. Шу билан бирга, мусулмонларни яҳудийларнинг фитнасидан огоҳлантиради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзларини сотган нарса ndash Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига Ўз фазлидан нозил қилганига ҳасад қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага куфр келтиришлари қандай ҳам ёмон давоми...

3547 18:59 / 16.10.2017
Ва эргашганлар .Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик,, ndash дерлар. Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат давоми...

3116 08:00 / 03.01.2018
Сўнгра сизни ўлимингиздан кейин қайта тирилтирдик, шоядки, шукр қилсангиз. Бақара 56.Бу қисса ҳам ўрни келганда, батафсил ҳикоя қилинади. Ҳозир фақат қисқа эслатма давоми...

3446 09:45 / 04.09.2017
67. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас..Ўзинг неъмат берганлар,дан мурод пайғамбарлар, сиддиқлар, давоми...

3419 23:51 / 22.03.2017