1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ижтиҳод ҳақида

16:42 / 14.12.2017 4914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мужтаҳид ижтиҳоднинг    аслини, шартларини, қоидаларини, берадиган нарсаларини Усулул фиқҳ илмида яхшилаб ўрганиши керак ва қуйидигиларга алоҳида эътибор бериши лозим. 

– Биринчидан, ижтиҳод фарздир ва бунга мужтаҳид ажр олади. 

Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида ижтиҳоднинг вожиблиги баён қилинган. Уламолар: Аллоҳ таолога ва У зотнинг Расулига итоат қилиш ҳақидаги оятларнинг барчаси ижтиҳоднинг фарзи кифоя эканига далилдир, дейдилар. Бу гапга далил сифатида қуйидаги ояти карималарни мисол келтириш мумкин:

 «Аллоҳга ва Расулга итоат қилинглар!» дегин» («Оли Имрон» сураси, 32-оят).

Ва яна ушбу оят:

 «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз ва эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз» («Анфол» сураси, 20-оят).

Мана шу икки оят ва уларга ўхшаш оятлар мўмин-мусулмонлар ижтиҳод қилишлари фарзи кифоя эканини кўрсатади. 

Аллоҳ таоло мазкур оятларда Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган амр ва наҳйларга итоат қилишни талаб қилмоқда. Уларга амал қилиш учун улардан кўзланган маъно ва ҳукмларни аниқ билиш керак. Бунинг учун эса, ижтиҳод қилиш лозим. 

«Фарзга элтувчи нарса ҳам фарздир» қоидасига биноан, Аллоҳ таолонинг каломига ва Расулининг суннатига амал қилиш учун улардан ҳукм чиқаришда хизмат қиладиган ижтиҳод ҳам фарзи кифоядир. Бунга Қуръони Каримда ҳам далиллар бор. Масалан, Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: 

 «Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар дийнни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» («Тавба» сураси, 122-оят).

Уруш ҳолатида ҳам мўминлардан бир гуруҳини фиқҳ билан машғул бўлишга тарғиб қилиш ижтиҳод фарзи кифоя эканига ёрқин далилдир. 

Яна бир мисол:

 «Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда унга қавмнинг қўйи кечаси тарқаб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик» («Анбиё» сураси, 78-, 79-оятлар).

Бу иқтибосда зикр қилинган Довуд ҳамда Сулаймон алайҳиссаломларнинг экинзор ҳақидаги ҳукмлари, муфассир уламоларимиз ривоят қилишларича, қуйидагича бўлган:

«Ўз даврининг Набийи ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Уларнинг бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан.

«Ўшанда унга қавмнинг қўйи кечаси тарқаб кетган эди.» 

Қўйлар кечаси экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб туриб, қўйларни экинзорлар эгасига беришга ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. 

Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймон алайҳиссаломни кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. 

Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг олдиларига кирдилар ва «Ё Аллоҳнинг набийи, бунда бошқача ҳукм, икки томонга ҳам рифқ қилинг», – дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандоқ қилиб?» – дедилар. 

Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйларни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб, асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келганидан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», – дедилар.

«Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик.» 

Шунинг учун ҳам, ўша адолатли ҳукмга қўшиб, бузилган нарсани ҳам ўз ичига олган ҳукм чиқарилди.

«Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик.»

Яъни, ҳам Довуд алайҳиссаломга, ҳам Сулаймон алайҳиссаломга ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд алайҳиссалом чиқарган ҳукм ҳам адолатли эди. Аммо Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳукмлари тўғрироқ, мукаммалроқ бўлди.

Ушбу оятни келтиришдан мақсад Аллоҳ таоло қадимдан Ўз Набийларини ижтиҳод ила ҳукм чиқаришга йўллаб келаётганини таъкидлашдир. Ижтиҳод ила чиқарилган ҳукмлар бир-биридан тўлиқроқ, мукаммалроқ бўлиши мумкинлиги, ижтиҳодда ёшга ёки мансабга эмас, илмга эътибор борлиги каби маъноларни эслатиш учундир.

Набавий суннатда ҳам ижтиҳодга тарғиб қилиш очиқ-ойдин келган, мужтаҳиднинг ҳамма ҳолатда ажр олиши баён қилинган: агар мужтаҳид тўғри ижтиҳод қилса, иккита ажр – тўғри топганига бир ажр, ижтиҳод қилганига бир ажр; агар мужтаҳид хато қилса, бир ажр берилади – ижтиҳод қилгани учун. 

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон ҳоким ҳукм қилган чоғида ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бўлур. Қачон у ҳукм қилган чоғида ижтиҳод қилса-ю, хато қилса, унга бир ажр бўлур», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

 

 «Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб унга:

«Қандоқ ҳукм чиқарасан?» – деб сўрадилар.

«Аллоҳнинг китобидаги нарса ила», – деди у.

«Агар Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?» – дедилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатлари ила», – деди.

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатларида бўлмаса-чи?» – дедилар.

«Фикрим ила ижтиҳод қиламан», – деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг элчисини тавфиққа бошлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», – дедилар у зот».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатларида бўлмаган нарсаларни мусулмонлар ўз фикрлари ила ижтиҳод қилиб топишлари лозимлиги яққол кўриниб турибди. Бу маъно Набийимиз соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан қўллаб-қувватланганлигига ушбу ҳадиси шариф ёрқин далилдир. Ул зот соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг жавобларидан хурсанд бўлиб, Аллоҳ таолога ҳамд айтишлари шуни кўрсатади.

Ҳакийм сифати соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳар бир ишни фақат ҳикмат ила қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз ҳикмати ила Ўзининг сўнгги ва мукаммал дийни бўлмиш Исломнинг қиёмат кунигача ҳар замонга ва ҳар маконга салоҳияти бўлишини, инсониятнинг барча эҳтиёжларига тўлиқ ва тўғри жавоб берадиган тузум бўлишини ирода қилди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Набийи Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи васалламга Ўзининг охирги китоби Қуръони Каримни нозил қилди. 

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло ўша охирги Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам охирги илоҳий китобни ҳаётга тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатиб беришларига ҳам шароит яратиб берди.

Ҳакийму Хобийр бўлган Аллоҳ таоло Қуръони Карим ва Суннати Мутоҳҳара орқали инсон ақлига ва ижтиҳодига тааллуқи йўқ бўлган, Аллоҳ таолонинг Ўзи билан битадиган иш ва масалаларни асос сифатида баён қилиб берди. 

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло замон, макон ва шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни Қуръон ва Суннат асосида ечишни мусулмонларнинг ўзларига ҳавола қилди. Ҳам Қуръонда, ҳам Суннатда ушбу биз ўрганаётган нарсалар каби ижтиҳодга чорловчи чақириқлар келган бўлиб, улар мусулмонларни доимий равишда ақлни ишлатишга, ижтиҳод қилишга, ўз фикр ва тадбирларини ишга солиб, олдиларида кўндаланг бўладиган масалаларни Қуръон ва Суннат таълимотлари асосида ечишга чорлаб келганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан бу иш Набийимиз соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг ҳаётдалик чоғларидаёқ бошланганлигини кўриб турибмиз. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набийимиз соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатларида топмасанг-чи?» деган саволларига «Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг ўзларидан сўрайман», деб эмас, «Ўз фикрим ила ижтиҳод қиламан», деб жавоб бермоқдалар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам бу фикрни маъқулламоқдалар.

Албатта, Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам яқин бўлганларида, янги пайдо бўлган масалани у зотдан сўраларди. Аммо, у зотдан узоқда бўлинганда, хусусан, Яманга ўхшаш бошқа вилоятда бўлинганда, у зот соллаллоҳу  алайҳи васаллам тирик бўлсалар ҳам, ижтиҳодга рухсат бор эди. 

Ижтиҳод даражасида илми бор кишиларнинг Қуръон ва Суннат асосида мана шундай ижтиҳод қилишлари омили ҳар доим мусулмонларни олға чорлаб, керакли масалаларни вақтида ҳал қилиб, фикр эркинлиги ва ақлий илғорликни таъминлаб турган. Мусулмонлар Қуръон ва Суннат таълимотлари, кўрсатмалари асосида қиладиган ижтиҳодлари учун – тўғри бўлса, икки, нотўғри бўлса, бир – савоб олиш умидида тинмай ижтиҳодда, олға интилишда бўлганлар. 

Ижтиҳодга тарғиб қилувчи Исломий таълимотлар мусумонларни ҳаётнинг барча соҳаларида доимо олға интилишга чорлаб турган.

Кимда ижтиҳод ва назар солиш аҳлияти тўла-тўкис бўлса, ижтиҳод қилади ва ўзининг гумони ғолиб бўлган нарсага амал ҳам қилади. Чунки, рожиҳ зоннга амал қилиш вожибдир. 

Ким ижтиҳодга аҳл бўла олмаса, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлса, у мужтаҳидга тақлид қилади ва мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Чунки, шундай қилмоқ, шариат аҳкомларини мужтаҳиднинг воситаси билан билмоқ унинг учун ягона йўл ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

 «Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» («Наҳл» сураси, 43-оят). 

Ижтиҳод даражасига етмаган кишининг ижтиҳод қилиши ҳаромдир. Чунки, бундай кимсаларнинг илмлари етишмагани учун шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни истинбот қилишлари мумкин бўлмайди. Агар истинбот қилганликни даъво қилсалар, хато бўлади. Бас, ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар. 

Машҳур шаръий қоидалардан бирида: «Ҳаромга элтувчи нарса ҳам ҳаромдир», дейилган. Бас, билими етишмайдиган кишиларнинг ижтиҳод қилишга уринишлари ҳаромдир.

– Иккинчидан, ижтиҳоднинг бўлиниши, яъни ижтиҳод мутахассисликка айланиб, баъзи бир масалаларга хос бўлиб қолиши мумкинми ёки мумкин эмасми? 

Мисол учун, бир мужтаҳид фароиз масаласини ёки уқубатлар масаласини ёхуд маданий муомала масаласини яхши билади. Бошқа масалаларни ўзи мутахассис бўлган масалаларча яхши билмайди. Лекин ҳамма масалаларда ижтиҳод қилиш малакаси бор. Аммо, шу билан бирга, мутахассислиги маълум бир мавзуга бағишланган бўлиши мумкин. 

Кўпчилик уламолар: баъзи мавзуларга боғлиқ бўлган масалаларни билган одам, агар ўзига боғлиқ бўлмаган бошқа масалаларни яхши билмаса ҳам, жузъий ижтиҳод қилса бўлади, дейдилар. Чунки, ижтиҳод малакасини ҳамма масалаларда ишга солиш жуда ҳам қийин ишдир. 

Шу билан бирга, феълий ижтиҳодда «Мужтаҳид ҳамма нарсани билсин» деб талаб ҳам қилинмайди. Ўша, катта мужтаҳидлар бор вақтда ҳам мужтаҳиддан жуда кўп нарса сўралар эди. У баъзисига жавоб берар, баъзисига сукут сақлар эди. Демак, «Мужтаҳид ҳамма нарсани юз фоиз билсин» деган гап йўқ. 

«Ижтиҳод бўлинмайди, жузларга тақсимланмайди», деган уламолар, «ижтиҳод» деб аталмиш малакани ҳамма масалалар бўйича ижтиҳод қилишга қудрати етадиган инсондан бошқа тарафда тасаввур қилиб бўлмайди, дейишган. Чунки, ижтиҳод бир малака ва аҳлият бўлиб, мана шу малака ва аҳлият билан мужтаҳид матнларни, шаръий нассларни фаҳмлаш аҳлиятига эга бўлади ва у орқали шаръий ҳукмларни истинбот қилади. 

Шу билан бирга, мужтаҳид шариат асосларини яхши фаҳмлайди ва шариатнинг умумий руҳини яхши тушуниб етган бўлади. Мана шундай хусусиятларга эга бўлган малака тақсимланмайди. Мана шу гап тўғридир ва уламолар гапига тескари ҳам эмас. 

– Учинчидан, ижтиҳод ўзгариши ёки бекор қилиниши мумкин.

Мужтаҳид назарий жиҳатдан ижтиҳодини ўзгартириши мумкин. У аввал айтган қавлидан қайтиши мумкин. Чунки, ижтиҳоднинг боғланган жойи далилдир. Мужтаҳид бир далилни топган пайтда унга амал қилиши вожиб бўлади, чунки у ҳаққа яқинроқ нарса бўлади. 

Бироқ, қоида бўйича, бир ижтиҳод ўзига ўхшаган ижтиҳод билан синмайди. Хусусан, қозилик ишларида шундай бўлади. 

Мисол учун, мужтаҳид бир масалада ижтиҳод қилди ва унинг ижтиҳоди тақозоси бўйича амал ҳам қилинди. Кейинроқ, худди аввалги воқеъага ўхшаш воқеъа содир бўлди.  Мужтаҳид яна ижтиҳод қилди ва аввалгидан бошқа ҳукмга эришди. Бас, унинг аввалги қилган ҳукми бекор қилинмайди. Мазкур ҳукм синди, деб қарор қилинмайди. 

Шунингдек, бошқа бир мужтаҳид ижтиҳод қилиб, аввалги мужтаҳиднинг ижтиҳодига тескари ҳукм чиқарган бўлса, у ҳам синмайди. Икки ижтиҳод бирга тураверади. Чунки, иккинчи ижтиҳодни биринчи ижтиҳоддан кучли дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки, иккаласи ҳам зонний маънода бўлган. 

Шунингдек, иккита мужтаҳиддан биттасиники «Яхши ўшанга эргашамиз» деган гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки, ижтиҳодни бузиш ишончсизликка, қозиларнинг ҳукмларига ишонмай қўйишга, ҳукмларнинг қарор топмаслигига олиб келадиган хавфли нарсадир. Бу нарса охири бориб тангликка, машаққатга олиб бориб қўйиши мумкин. 

Ижтиҳод синмайди, деган гапни қуйидаги ривоят қўллайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мерос масаласида бир ҳукм чиқардилар. Бир одам ўлган, унинг ортидан жуфти ҳалоли, онаси, она бир ака-укалари ва туғишган ака-укалари қолган. Шунда Умар розияллоҳу анҳу «Туғишган ака-ука мерос олмайди, чунки булар асабадир» деб ҳукм чиқардилар. 

Кейинроқ яна худди шунга ўхшаш мерос тақсимлаш иши бўлганида, «Она бир ака-укалар билан туғишган ака-укалар учдан бирини тақсимлаб олишади» деган ҳукмни чиқардилар ва: «Аввалгиси биз чиқарган ҳукм эди, мана буниси биз чиқараётган ҳукм», дедилар. Ўзларининг аввалги чиқарган ҳукмларининг бекор бўлгани ёки бўлмагани ҳақида ҳеч нарса демадилар. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Рукуъ, луғатда .эгилиш, деган маънони билдиради. Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга .рукуъ, дейилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг давоми...

3834 19:00 / 02.12.2021
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, биринкетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва давоми...

2194 18:39 / 06.10.2023
биринчи мақолаБизда таҳоратни бузувчи нарсаларни .Таҳоратни синдирувчилар, ҳам дейилади. .Мухтасар,нинг соҳиби қуйидаги нарсаларни .Таҳоратни бузувчи, деб атайди давоми...

5549 13:00 / 30.07.2020
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинадиБиринчи қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давоми...

4514 15:37 / 12.09.2019