1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Роҳибнинг у зотнинг рисолатлари ҳақида башорат бергани

18:59 / 07.12.2017 4215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу ўринда тарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб бошлиқ тижорат карвони аъзолари орасидаги учрашув ҳақидаги қиссани келтирадилар.

Бу қиссанинг Имом Термизий келтирган матнини бошқа кучли ривоятлар қувватлаб келган. Шунинг учун Имом Термизийнинг ривоятини мухтасар ҳолда келтирамиз.

 

2722. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб(нинг маскани)га яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас, бурилиб қарамас ҳам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб, ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва:

«Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди. 

Қурайш шайхлари унга қараб:

«Буни сен қаердан биласан?» дедилар.

«Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай, барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у. 

Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларни ўтлатгани кетган эдилар. 

«Уни чақириб келинглар», деди у.

У зот келаётганларида устиларида бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида дарахтнинг сояси устиларига мойил бўлди. 

«Дарахт соясига қаранглар! Унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб.

У ўша ерда туриб, уларга «Уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб, ўлдиришади», деб ёлворар эди. 

Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва: 

«Йўл бўлсин?» деб сўради.

«Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай, ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди.

«Ортингиздан сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у.

«Яхшилигимиз учун бизларни сенинг йўлингга танлашди», дейишди.

«Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди.

«Йўқ», дедилар. Бас, улар у зотга байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга:

«Аллоҳнинг номи билан сўрайман. Кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар:

«Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлворишларидан кейин Абу Толиб у зотни қайтариб юборди. Роҳиб (йўл учун) нон ва ёғ берди».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳодиса у зот ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди. 

Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Карвондагилар Бусро номли жойга етганларида Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Буҳайро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўрди. Сўнгра Абу Толибга:

«Бу бола киминг бўлади?» деди.

«Ўғлим», деди у. Буҳайро унга:

«Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди. 

«У укамнинг ўғли», деди.

«Отасига нима бўлган?» деди Буҳайро.

«Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди.

«Тўғри айтдинг. Уни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта, ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингнинг шаъни улуғ бўлур», деди Буҳайро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди».

Худди шунга ўхшаш маълумотлар жуда ҳам кўп. Бунга Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг қиссалари ҳам мисол бўла олади. Лекин биз юқоридаги ривоят ила кифояланамиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини давоми...

2040 12:46 / 11.10.2023
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларини биламизмиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларидан давоми...

2638 11:55 / 01.11.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга давоми...

3837 14:30 / 29.10.2019
Ҳар йили рабиул аввал ойи келиши билан севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақидаги фикрмулоҳазалар муҳим мавзуга давоми...

232776 20:00 / 31.10.2019
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021