1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари аломатлари

13:17 / 07.12.2017 4628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нубувват муҳри

 

2719. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Холам мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг синглимнинг ўғлининг дарди бор», деди. Бас, у зот менинг бошимни силадилар ва менга барака тилаб, дуо қилдилар. Сўнгра таҳорат қилдилар. Мен у зотнинг таҳорат сувларидан ичдим. Кейин орқа томонларига ўтиб, икки кураклари орасидаги худди қора уйнинг (ўтовнинг) тугмаларига ўхшаш муҳрларига назар солдим».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

 

2720. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқа томонларида кабутарнинг тухумидек муҳрни кўрдим».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. 

Термизийнинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кураклари орасидаги муҳр кабутар тухумига ўхшаш қизил ўсимта эди», дейилган.

 

2721. Осимдан, у Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у зот билан бирга нон ва гўшт ёки сарийд едим». Осим:

«Мен унга «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга истиғфор айтдиларми?» дедим. 

«Ҳа. Сенга ҳам», деди ва «Гуноҳинг учун, мўминлару мўминалар учун мағфират сўра» оятини тиловат қилди. Сўнг: «Сўнгра айланиб, ортларига ўтдим. Кейин чап кураклари юқорисидаги муштдек нубувват муҳрларига назар солдим. Унинг устида қизил тошмалар каби холлари бор эди», деди». 

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятларда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги самовий китобларда зикри келган пайғамбарлик аломатларидан бири – нубувват муҳрлари ҳақида ҳар ким ўз кўрганини ривоят қилмоқда. 

Араб тилида «хотамун-нубуввати» дейиладиган бу аломат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган ўсимта эди. Унинг устида баданга тошадиган қизил рангдаги тошма бор эди. Кўпчилик, хусусан, аввалги самовий китоблардаги охир замон пайғамбари ҳақидаги маълумотлардан хабардор кишилар у зотнинг нубувват муҳрларини кўриб, иймонга келишган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

2840 02:10 / 20.09.2019
Имом ибн Жарир Тобарий муфассирлар, муҳаддислар ва муаррихларнинг шайхи ва улуғ мужтаҳид имомдир. Бу зот вақтдан унумли фойдаланишда ҳамда таълим олиш, таълим давоми...

2516 09:10 / 20.02.2019
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

3054 02:30 / 08.04.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Бир киши чўлда кетаётган эди. У жуда чанқаб кетди. Шу пайт қудуқни кўриб қолиб, дарров унга тушдида, давоми...

1884 03:00 / 02.09.2020
Аудиолар

232036 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150549 09:35 / 11.08.2021