1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида

18:50 / 06.12.2017 3743 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2698. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хидридаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фоҳиш ҳам, мутафаҳҳиш ҳам эмас эдилар. У зот сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир», деганлар».

Иккисини Икки шайх ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар», де­йилган. 

Шарҳ: Ҳадисдаги «хидр» сўзи аслида уйнинг бирор тўсиқ, парда билан ажратилган бўлаги деган маънони билдиради. Бу ерда эса хидр деганда бўйи етиб қолган бокира қизларни бегона кўзлардан яшириш учун ажратилган алоҳида жой назарда тутилмоқда. «Фаҳш» сўзи қабиҳ гапни айтишга нисбатан ишлатилади. 

Шунингдек, матндаги «фоҳиш» ва «мутафаҳҳиш» сўзларини «фаҳшчи» ва «фаҳш қилувчи» деб таржима қилиш мумкин. «Фоҳиш» деб табиатида қабиҳ гапларни айтишга мойил, оғзи ёмон киши кўзда тутилади. «Мутафаҳҳиш» деганда эса табиатида бўлмаса ҳам, ўзини мажбур қилиб, қабиҳ сўзларни айтувчи одам кўзда тутилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида аслида қабиҳ сўз айтиш бўлмаган, шу билан бирга, у зот ўзларини мажбур қилиб ҳам қабиҳ сўзлар айтмаганлар.

 

2699. Бухорий ва Термизийнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, бўлмаса, тарк қилар эдилар», дейилган.

 

2700. Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Амрга:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларининг хабарини бер», дедим. 

«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар. 

Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийларга ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандам ва Расулимдирсан. Сени Мутаваккил деб номладим. Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур. Аллоҳ у зот ила қинғир миллатни «Лаа илааҳа иллаллоҳу» дейишлари билан тўғриламагунча ва бу билан кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очмагунча у зотни қабз қилмас».

Бухорий ривоят қилган.

 

2701. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда ҳеч қачон йўқ деган эмаслар».

 

2702. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўла қўй сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У қавмининг ҳузурига бориб:

«Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан», деди».

Анас: «Агар киши мусулмон бўлса, мол-дунё­дан бошқа нарсани кўзлаб мусулмон бўлмас эди, бироқ кейин Ислом унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлиб қолар эди», деди».

Шарҳ: Бу ривоятда ўз қавмини мусулмон бўлишга чорлаётган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўй олгани учун эмас, у зотнинг камбағалликдан қўрқмай, шунча қўйни бир одамга бериб юборганларини пайғамбарлик мўъжизаси деб билиб, мусулмон бўлган эди. 

 

2703. Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу айтади:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайнда менга атони берганларича бердилар. У зот мен учун одамларнинг энг ёмони эдилар, бироқ ато беравериб, мен учун одамларнинг энг маҳбуби бўлиб қолдилар».

Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.

 

2704. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадина қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтаётиб учратдилар. У зот овоз чиққан томонга улардан олдин борган эканлар. У зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. У зот «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дер эдилар». 

Икки шайх ривоят қилганлар.

 

2705. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, Анас жуда зийрак бола, сизга хизмат қилсин», деди. 

Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган бирор нарсамни «Нега буни бундай қилдинг?», қилмаган бирор нарсамни «Нега буни бундай қилмадинг?» демаганлар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

 

2706. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам­ларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен у зотга:

«Аллоҳга қасамки, бормайман», дедим. Ичимда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман», дедим-да, чиқдим. Ниҳоят бозорда ўйнаётган болалар олдидан ўтдим. Бир пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар-да! Мен у зотга қарадим. У зот:

«Эй Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?» дедилар. Мен:

«Ҳа! Бораман, эй Аллоҳнинг Расули», дедим ва юриб кетдим».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

 

2707. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра аҳли аёлига меҳрибонроқ бирортани кўрмадим. Иброҳим Мадинанинг чеккасида эмизилар эди. У зот ўша томон борардилар. Биз ҳам у зот билан эдик. У зот уйга кирганларида тутунга тўлган бўларди. Чунки унинг сут отаси темирчи эди. Бас, у зот уни олиб, ўпиб, яна қайтариб берар эдилар. Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Иброҳим менинг ўғлимдир. У кўкракдалигида ўлди. Албатта, жаннатда икки эмизувчи уни эмизишни камолига етказурлар», дедилар».

 

2708. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Батаҳқиқ, Иброҳимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жон таслим қилаётганида кўрдим. Шунда у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди ва:

«Кўз ёш тўкур. Қалб маҳзун бўлур. Роббимиз рози бўладиган нарсадан бошқани айтмасмиз. Эй Иброҳим! Аллоҳга қасамки, биз сенинг учун маҳзунмиз», дедилар».

Иккисини тўртовлари ривоят қилганлар.

 

2709. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анжаша исмли хушовоз сарбонлари бор эди. У завжаи мутоҳҳаралар бор туяларни етаклаб бораётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтдилар. Бас, у зот унга:

«Эй Анжаша! Оҳиста юр, биллурларни синдириб қўйма», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

2710. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқисалар Мадинанинг хизматкорлари сувли идишларини олиб келар эдилар. Қайси идиш келтирилса, у зот унга қўлларини солар эдилар. Баъзида совуқ тонгда ҳам келишар, у зот унга қўлларини солардилар».

Шарҳ: Одамлар табаррук деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан идишлардаги сувга қўлларини солиб беришларини сўрар эдилар.

 

2711. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Батаҳқиқ, сартарошнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч толаси тушса ҳам бир кишининг қўлига тушишини хоҳлар эдилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари улуғлигидан саҳобаи киромлар у зотнинг сочларини ҳам табаррук деб, эъзозлаб, ерга туширмай, бўлиб олишар эди.

 

2712. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ақлида бир нарсаси (ноқислиги) бор бир аёл: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизда ҳожатим бор», деди.

У зот: «Эй Умму Фулон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг ҳожатингни равон қилай», дедилар, сўнгра у ҳожатидан фориғ бўлгунча кўчаларнинг бирида у билан бирга кетдилар».

Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Хабарларда келишича, ўша аёлнинг исми Умму Зуфар бўлиб, Хадийжа онамизнинг сочларини тараб қўядиган аёл бўлган экан. Бир оз ақли заифроқ бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бир эҳтиёжи борлигини айтибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўнглига қараб, у юрадиган кўчага бурилиб, унинг арзини эшитиб кетаверибдилар.

 

2713. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ихтиёрларига бири иккинчисидан енгилроқ икки иш ташланса, гуноҳ бўлмаса, албатта енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳурмати поймол қилинса, мустасно».

Учовлари ривоят қилганлар.

 

2714. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани – аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидаги мустасно. У зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

 

2715. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилиб, унда енгилликка рухсат бердилар. Бу у зотнинг саҳобаларидан баъзи кишиларга етганда уларга ёқмади ва ундан ўзларини олиб қочдилар. Бу нарса у зотга етди. Шунда хутбага туриб:

«Кишиларга нима бўлдики, уларга мен енгилликка рухсат берган иш етганда уни ёқтирмай, ўзларини олиб қочурлар?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен уларнинг Аллоҳни энг кўп билувчироғиман ва У Зотдан қўрқуви кучлироғиман», дедилар».

Муслим ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2723. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, мен Маккада бир тошни билурман. У менга пайғамбар этиб давоми...

3566 19:10 / 07.12.2017
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайрбарака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага давоми...

4966 18:05 / 21.11.2017
Хабарингиз бор, бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак ойдир.Ўтмишда одамлар Пайғамбаримиз мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

5150 17:43 / 18.12.2017
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2801 19:05 / 05.11.2019
Аудиолар

137669 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57728 14:35 / 11.08.2021