1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (ўн биринчи мақола)

13:30 / 19.10.2021 1461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид маросимларидаги хатолар

Юқоридаги сатрларда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга қўшимча равишда яна айрим хатоларни алоҳида эсга олиб ўтиш даркор. Биз ҳозир ана шундай хатолардан ўз минтақамизга тегишли бўлганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1. Мавзуъ – тўқима маълумотларни айтиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўрнини олаверсин!» деганлар.

Мавлид маросимларидаги суҳбатларда тўқима, уйдирма гапларни айтиш ҳали ҳам учраб туради. Мисол учун, мавлиднинг фазилати ҳақида имом Шофеъий, Ҳасан Басрий ва яна бошқа мутақаддим уламоларга нисбат берилган гаплар. Баъзилар шу маънода ҳадислар ҳам айтиб юборишади. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Чунки у азизларимизнинг даврларида мавлид маросими қилиш деган гап ҳеч қаерда бўлмаган, бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламиннг сийратларига тегишли асоссиз, тўқима ривоятлар ҳам бор. Айниқса, аёллар ўртасида бу ҳолат янада кўпроқ урчиган. Мисол учун, «Туркий мавлид» номи билан танилган мавлид асаридаги кўп ҳикоялар мавзу гаплардир. Муаллиф, Аллоҳ мағфиратига олсин, эҳтимол бу гапларни қайсидир манбадан олиб, уни рост деб ўйлагандир, ёки бошқа бир сабаблар бордир. Аммо омонат юзасидан, илмий масъулият юзасидан айтиш керакки, асардаги кириш ва дуоларидан фойда олиш мумкин бўлса да, ундаги аксар маълумотлар, жумладан, «Лочин ва чумчуқ воқеаси» каби ҳикоялар умуман асоссиз гаплардир. Бу  гап муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ва яна бошқа айрим катталаримизга нисбатан беодоблик эмас, балки бу баён қилиниши, очиқ айтилиш лозим бўлган илмий омонатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилишдан оғир ва хатарли гуноҳ йўқ. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай бўлган бўлсалар, шундай танишимиз даркор. Қандайдир афсонавий шахсга айлантириб юбориш мутлақо ножоиз, диннинг офатидир. Тўғри, улуғларимиз бош устига, аммо динимиз ундан да қадрли. Уламоларимиз биз учун азиз, аммо Расулимиз ҳаммадан ҳам азиз. 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ муҳаддисларимиз ҳадисларни саралаш учун ровийларнинг айбу камчиликларини ҳам баён қилиб, китобларга туширганлар ва ўша ровийларнинг ҳадисларини қабул қилмаганлар. Бир куни буюк муҳаддислардан бири Яҳё ибн Саъидга Абу Бакр ибн Халлод: «Сен ҳадисларини олмаётган мана бу кишилар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида сенга даъвогар бўлиб қолишларидан қўрқмайсанми?» деди. Шунда у: «Уларнинг менга даъвогар бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Нега менинг ҳадисимдан ёлғонни аритмадинг?» дея даъво қилишларидан кўра мен учун яхшидир», деди. Абу Туроб Нахшабий Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга: «Олимларни ғийбат қилма!» деди. Шунда у киши: «Шўринг қургур! Бу холисликдир, ғийбат эмас», деди. Бир сўфи Ибн Муборакка: «Ғийбат қиласанми а?» деган эди, у: «Жим бўл! Агар мен баён қилиб бермасам, ҳақни ботилдан қандай ажаратасан?» деди.

Ислом уламоларининг тутган йўллари мана шудир. Улуғларимизнинг тариқатлари шу, динимизнинг талаби шу. Зотан, диннинг софлиги, яроқлилигини сақлаш учун шундай йўл тутиш лозиму лобуддир, бошқа илож йўқ. Ана шу эътибордан хусусан мавлид маросимларида етказиладиган маълумотларнинг саҳиҳ, асосли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Манбаси номаълум, далили аниқ бўлмаган гаплардан узоқ бўлиш лозим.

2. Мавлидга шариат жорий қилган амал тусини бериш. Мавлидни диний амр ёки шариат жорий қилган амал деб тушуниб қолинишига йўл қўйиш бугунги кундаги энг нозик хатолардан бири ҳисобланади. Айрим саҳобаи киромлар рўза тутиш фазилатли саналган кунларда баъзан атайлаб рўза тутишмас эди. Гоҳида мустаҳаб амалларни қасддан тарк қилишар эди. Бунинг сабаби сўралганда «Одамларга бунинг мустаҳаб амал эканини уқтириш учун шундай қилдим, токи буни вожиб деб ўйлаб қолишмасин», деб жавоб беришар эди. Шариатда асли кўрсатилган амалларда гап шу бўлгач, мавлид каби кейин жорий бўлган одатларда бунга янада хушёр бўлиш лозим. Бу хатонинг хатари даставвал билинмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан унинг зарари тепчиб чиқа бошлайди. Бунинг олдини олиш учун мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқариш, мавлид одобларига амал қилиш лозим. 

3. Араб тилидаги мавлид асарларини Қуръонга ўхшатилиши, тенгаштиришига сабаб бўлиш. Бу ҳам кўпчилик пайқамай, эътибор бермайдиган хатолик. Шу боис, мавлидни Қуръонга хос бўлган тажвид қоидаларига солмасдан ўқиш керак. Ҳарфларни махражидан чиқариш, арабий талаффуз этиш, арабча оҳангда ўқиш матлуб, маъноларни яхши сингишига хизмат қилади. Аммо мад, ғунна каби Қуръони Каримга хос бўлган қоидаларга қатъий риоя қилишга ўтмаслик лозим. Акс ҳолда илмсиз, жоҳил кишилар мавлидни ҳам ана шундай Қуръонга ўхшатиб ўқиш керак экан, деган тушунчага бориб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса дин қатъий огоҳлантирган хатолардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бунга алоҳида эътибор берганлар. Даставвал ҳадисларни ёзишдан қайтарганлари ҳам шу мақсадга қаратилган эди.

4. Мавлиддан кўзланган мақсадларни тамоман унутилиб қолиши. Бугунги кунимиздаги мавлид маросимларимиз қониқарли, мақтарли даражада эмас. Мавлиддан кўзланган мақсадлар тамом униталёзган, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, умуман араб тилидан бехабар одмаларга фақат арабча мавлид ўқиб бериб, унинг мазмун моҳияти ҳақида лом мим демай кетавериш мавлид мақсадларига тамоман зиддир. 

5. Мавлид маросимларининг зиёфатхўрликка айланиб қолиши. Ҳа, бу ҳам ҳозирда кенг ёйилган иллатлардан биридир. Мавлид қилаётган ҳам, унга кетётган ҳам асосий эътиборини об таомга, егуликларга, қандай насиба ўлашилишига, мажлис пировардига қаратади, мавлиддан кўзланган мақсадлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни ўстиришни, у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишни ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмайди, бу ҳақида ҳеч ким қайғурмайди ҳам. 

6. Мавлиднинг айримлар назидида даромад ёки шуҳрат топиш манбаига айланиб қолиши. Афсуски, бу ҳолат ҳам кам бўлса да, баъзи жойларда учраб туради. Ўзларининг мавлидхонлигини намойиш этадиган айрим кишилар мавлид маросимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга бўлган муҳаббатни қайраш, улашиш ўрни деб эмас, шунчаки одат, «томорқа» деб тушуниб олишган. Улар қайсидир мавлид асаридан бир икки бандни чала пича ёдлаб олиб, шу билан мавлид маросими битади деб ўйлашади. Улар гоҳо «Левага кетяпмиз», «Сезон келиб қолди» деганга ўхшаш беўхшов гаплар билан мақсадларини изҳор ҳам қилиб қўйишади. Гарчи бу гаплар ҳазилга йўйилса да, унинг тагида «зил»и ҳам бор.

Мавлидни йўлга қўйган уламолар уни бунинг учун жорий қилишмаган. Аксинча, улар мавлид маросимларида энг кўп хайру эҳсон қиладиган кишилар бўлишган. Мақсадлари халққа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитиш, у зотни севишни ўргатиш бўлган. Тўғри, бадавлат инсонлар мавлид маросимларида халққа хизмат қилиб, илм маърифат улашган кишиларга кўнгилдан чиқариб ҳадя улашса, совғалар берса, бу уларнинг иши, ҳиммати, иншоаллоҳ, ниятга яраша савоб олади. Аммо бу нарса мавлидхонларнинг мақсади бўлмаслиги керак. Улар мавлид маросими ҳақида ана шундай нотўғри тушунча келиб чиқишига йўл қўймасликлари лозим.

Аслида эса, мавлид маросимини ўтказиш катта масъулиятдир. Мавлид маросимидан кўзланган мақсадларга эришиш шу йиғинга келган кишиларнинг ҳаққидир. Ушбу ҳақдорларга ҳақларини бериш мавлидхонларнинг бурчидир. Бунинг учун мавлидхонларимиз ўзлари сийратни яхши билган бўлишлари керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини чуқур ўрганган бўлишлари керак, у зотга муҳаббатли, итоатли бўлишлари керак. Бу бурчларни адо этишга тоқати келмайдиган, имконияти йўқ кишилар одамларнинг вақтини, зеҳн хотирасини исроф қилиб, мавлид маросимиларига бош бўлмасликлари даркор.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталарМавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.1. давоми...

1457 14:00 / 18.10.2021
ТАҚРИЗ Ҳар бир олим зиммасидаги вазифаси ўлароқ, ўзидан кейин бошқалар ўқиб фойдаланишлари учун имкон қадар китоб ва рисолалар таълиф қилиши лозим. Шофеъий давоми...

18053 05:00 / 07.03.2017
Ҳар йили мавлид ойи кириши билан мавлид ҳақидаги хилофлар қайта қўзғалади. Ҳар ким ўз далилини келтириб, бошқани танқид қилади ва охир оқибат икки тараф ҳам ўз давоми...

3447 10:10 / 08.10.2021
162Абу Толиб Маккага, жуда шошиб қайтарди,Набирага бир сўзни , қайта қайта айтарди,Посбонингман санинг деб, кўнглин хушнуд этарди,Боболари бир сабаб, асли давоми...

3188 10:58 / 05.12.2017
Аудиолар

137633 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57698 14:35 / 11.08.2021