1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Орзу-ҳаваслар ортидаги гуноҳлар

17:20 / 15.08.2019 9228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат этади:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.  (Иброҳим сураси, 34-оят).

Шу неъматлар ичида оила аталмиш бир неъмат борки, унда икки жинс эгаси, яъни эркак ва аёлнинг эр-хотин бўлиб биргаликда яшашлари ирода этилган. Парвардигор эркакларни оила устуни, унинг раҳбари, таъминотчиси қилиб белгилаган, аёлларга эса рўзғор тасарруфи, бола тарбияси, оила ишларини юритиш вазифаларини юклаган. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат этади:

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир.(Нисо сураси, 34-оят).

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:

“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъроф сураси, 31-оят).

Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирким, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, муътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

"Қариндошга, мискин ва йўловчига(хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!" (Исро сураси, 26-оят).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ҳам ман этилган.

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:

(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”. (Исро сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари)бунинг ўртасида – мўътадилдир”. (Фурқон сураси, 67-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”. Яна бир ҳадиси шарифда: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган.

Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.

Тўйлар ва маросимлардаги исрофгарчиликларни қаранг. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак эмасми? Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлади, иншоаллоҳ!

«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлаши кузатилади. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқариш мақсадида бир кечада совуриб юбориши яхши амаллардан саналмайди.Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай таълим беради:

“...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”. (Исро сураси, 26-27-оятлари).

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган:

Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”.

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.

Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Сўз қадрига етмай, ҳар қадамда, ҳар соҳада сўз қотиш ҳам исроф қилинмоқда.

Орзумандлар орасида “қани энди бирон-бир иш топилса-ю” деганлар ҳам талайгина. Хуллас “орзуга айб йўқ” деганларидек фазога учолмаган орзуманд йигитлар ёшликдаги орзу-армонлари хом хаёл эканини, ўзлари эса унмайдиган нарсага умид боғлаган лақма, хомтама эканликларини англаб етиб, бугунги кунда “конкрет” нарсаларни орзу қилишга ўтдилар.
Йигит орзу қилади: “Қани энди икки хонали шинам уйим, узоқни яқин қиладиган шахсий машинам бўлса...Чет элники бўлиши шарт эмас, ўзимизники ҳам бўлаверади. Яхшироқ иш топсам, қўлим пул кўрса, тезроққина уйланиб олсам... Шинам уй, енгил машина, кўнгилдагидек хотин - шуда саодат, шуда бахт. Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?!”, деб ўйлайди йигит.

Йигитнинг иқболи кулиб, орзуси рўёбга чиқади. Икки хонали шинам уй, оппоқ машина, соҳибжамол хотин, рўзғорга етгули маош. Худди йигит орзу қилганидек, ҳеч кам-кўстсиз. Бахтнинг кулиб боққанини қарангки, йигит "тўйимга фалончи артистни олиб келсам, тўйни элникидан кам қилмасам" деган орзуда яшарди. Қарз ҳавола қилиб бўлсада, ўша баҳоси баланд хонандаларга етарли маблағни топди. Оғзидан чиққан катта пулни ўша заҳоти санаб берадиган судхўр ҳам тезда топила қолди. "Умрда бир марта бўладиган тўй", “ҳақиқатда тўйдек" ўтди. Одамларнинг дабдабали тўйини тамоша қилиб сўлаги оққан йигитнинг тўйи ҳам кўпларнинг сўлагини оқизиб юборди. Дастурхонни чумоли қадам босолмайдиган даражада зич тузашди. Дастурхон устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Пешнопдан қилинган сомса, манти, норин, юпқа, чучвара, суюқ-қуюқ, кабоб, хилма-хил пишириқлар, ранго-ранг ичимликлар, турли-туман мевалар, писта-бодом ва бундан бошқа ажабтовур мағизлар, номи ҳам, шаклию таъми ҳам бизга номаълум, диёрларимизда топилмас ғалати-ғалати егуликлар, қўйингки дунёдаги ҳамма хил таомлар, салатлар, ширинликлар, қанд-қурслар бир коса билан иши ҳал бўладиган митти қоринни нишонга олиб эшикдан автомат ўқидек ёғилиб турди. Лиммо-лим ликоплар бўшашига дарҳол аввалгидек қилиб янгилаб кетишади. Қайноқ чой истасангиз ўша заҳоти муҳайё қилишади. Муздек газли сув истасангиз у ҳам тайёр. Иссиқ билан совуқни галма галдан ўтказаётган томоққа ҳамда дошқозондан иссиқ-иссиқ келаётган овқатларга амаллаб жой топиб бераётган ошқозонга қойил қолмай илож йўқ. Қизиғи шундаки, ичкаридан пайдар-пай чиқаётган қовун-тарвуз пўчоқларини қўшниникидаги охурларга бўшатиб турилди. Аввалида емишни талашиб-тортишиб еган жониворлар кейинги келган емларга назар ҳам ташлаб қўймади. Тўйхонадагилар "боқ отингни арпа билан, боқар қази-қарта билан" деб ҳангомалашиб олдиларига қўйилган нарсани қайтаришмади.

Тўйдан деярли ҳамма мамнун бўлиб қайтди. Тўйни гапирмаган одам қолмади. "Фалон кило гуруч дамлатибди, қойил" деган олқишлар тўй эгасининг чарчоғини чиқариб юборди. Кимлардир бу тўйдан андаза олиб, кейинги тўйларни худди шундек ўтказишни дилига тугди. Кимлардир бундан ҳам ўтказиб юборишни орзу қилди. Камбағалгина йигитнинг бу даражада дабдабали тўйидан ғашланган айрим пулдорлар "қазисан-қартасан, асли наслиннга тортасан, тўй қандоқ бўлишини бизникида кўрасан" деб билинтирмай ғивир-шивир қилиб қўйишди. Риё, хўжакўрсин, исроф, мақтанчоқлик ва бу каби бемаъни рақобатдан Аллоҳнинг ғазаби келишига ҳеч ким парво қилмади. Теварак-атрофдаги саноқсиз очлар ҳақида ҳеч ким қайғурмади. Неъмат берган Худо, қайта тортиб олиб қўйишидан ҳеч ким чўчимади. Насиҳат қилиши лозим бўлган ота мастликдан оёқда зўрға турарди.

Халқимизда “Ҳаммани тўйга етказсин”, деган чиройли ибора бор. Халқимиз энг яхши кунларини тўю тантаналар билан боғлаши ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, кейинги пайтларда халқ орасида урф-одатлар ниқоби остида тўй-ҳашам ва маърака-маросимлар дабдабага айлантирилиб, шаҳару қишлоқларда бир-хил сценарийда бўлаётганини гувоҳи бўлиш мумкин. Баъзи оилалар томонидан кимўзарга “мен сендан камманми?”, қабилида иш кўришлар кўпайгани кўзга ташланади.

Ўзига тўқ, маблағи етарли оилаларнинг бу каби хатти-ҳаракатларини кўрган кўпчилик ота-оналар қийналса ҳам “қизимнинг сарпосини яхшилаб бераман, куёвиникига борганида гап эшитмасин”, деган мулоҳаза билан қарзга ботиб, ўзларини ва бошқа оиладагиларни қийнаб қўйишаётгани ҳам бор гап. Тўйдан кейин эса, олган қарзларидан вақтида қутулолмай, турли нохуш ҳолатларга дучор бўлаётганлар ҳам топилади.

Ҳозирги кунларда ўтказиладиган келин-куёв тўйлари учун сарф-харажатлар шу қадар кўпайиб бормоқда-ки, бу ортиқча чиқимлар пулининг ўзига яна битта кичик тўйни бемалол ўтказса бўлади. Масалан, бир кунлик автомобиль карвони учун “жип”, “лимузин” машиналарининг кунлик хизмат ҳақи 500 мингдан 2,5 миллион сўмгача нархланади. Йўллардаги тирбандлигу, одамларнинг кайфияти, асабига салбий таъсир қилишини айтмайсизми?

Келин-куёвга ажратилган хоналарни жиҳозлаш қиз томоннинг вазифасига киради.

Ёш оилага аталган икки-уч хонани безаш учун мебеллар, дарпардалар, гиламу қандиллар, идиш-товоқлар, шу билан бирга, дизайнерлик учун сарфланадиган маблағ каттагина суммани ташкил этади.

Сўнгги пайтларда тўйни ресторанда ўтказиш одат тусини олган. 500-550 одамни чорлаб, 35-38 миллион сўм сарфлаш, хонандаларга яна талайгина маблағ харжлаш, келадиган машҳурроқларига эса, оддий кишиларнинг тўйини ўтказиш учун қиладиган сарф-харажатдан ҳам кўпроқ, шу қадар зарурми?

Тўйда 200 кило ош дамлаш, қариндош-уруғларга сарполар, санъаткорлар, видео ва фото хизмати учун харажатлар ва бошқа кўпдан-кўп чиқимлар ҳисоб-китоб қилинганда, тўй ўтказиш учун жами 70-80 миллион сўм атрофида маблағ сарфланиши аён бўлади.

Хўш, айтинг-чи, бир кунда ўтадиган тўй учун шу қадар катта маблағни кўкка совуриш шартми?!

Бу масалада муқаддас динимиз: “Ҳар-бир исроф ҳаромдир”, деб таълим беради. Кишиларга буюрилган, ҳамда ман қилинган нарсаларда яхшилик бор. Парвардигор бандаларига меҳрибонлиги, уларни ҳеч-ҳам дунё ва охиратда қийналишини хохламайди. Шунинг учун баъзи нарсаларни буюрди, яна баъзилардан ман қилди.

Маълумки, ҳозир бўлғуси келин-куёвлар тиббий текширувдан ўтиши шарт. Ота-оналари яхши емай-ичмай, топган пулларига сарпо йиғиш билан овора бўлган оила фарзандлари ҳам кўп ҳолда носоғломлиги аниқланмоқда. Организмда витамин етишмаслиги, камқонлик, буқоқ ва бунинг асоратида келиб чиқадиган бошқа турли касалликлар шулар жумласидан.

1998 йили давлатимиз раҳбарининг тўй-маросимларни миллий урф-одатларга мос равишда, кам чиқим қилиб ўтказиш хусусида алоҳида фармони эълон қилинди. Шундан сўнг Республика Вазирлар Маҳкамасининг тўй-маърака ва маросимларни тартибга солиш ҳақидаги қарори, сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий томонидан тўй-маросим ва маъракалар ўтказиш ҳақида фатво эълон қилинганди. Ундан кейинроқ эса Ўзбекистон оқсоқоллар кенгаши, “Маҳалла” жамғармаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси биргаликда тўй-маърака ва бошқа маросимларни тартибга солишга қаратилган тавсиялар ҳам ишлаб чиққан.

Бугунги кунда барча маросимлар камтарона, ортиқча дабдабасиз ўтказилиши лозимлигини ҳамма билади. Аммо, ажабланарлиси, мана шу “билиш”га амал қилиш қийин кечмоқда.

Мен шундай бир оилани биламан. Тўйни ўзлари хоҳлаганча, “шоҳона” қилиб ўтказишди. Нима ҳам дердим, тўй жуда зўр бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, тўй эгалари қариндош-уруғлар, таниш-билишлардан катта қарз кўтаришган экан. Озгина вақт ўтгандан сўнг куёв бўлмиш тўйнинг қарзларини қоплаш учун чет элга ишга жўнади. Бу ерда янги келин куёвини кузатганча қолаверди. Орадан икки йил ўтди ҳамки, куёвдан дарак йўқ. У фақат пул юбориб туради, холос. Ҳозир келиннинг ота-оналари қизларини ажратиб олиш пайига тушишган. Бу минг бир мисолдан бир мисол холос. Шу каби жуда кўп кўнгил хираликлар, нохуш хабарларни пайдо қиладиган исрофгарчиликдан сақланиш вақти келмадими?

Ёш оила қурувчиларнинг бахти-саодати – сарпо-ю қўша-қўша гиламлар ва қиммат мебелларда эмас, балки, уларнинг тинчлиги ва хотиржамлигидадир.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳлардан эканини доимо ҳис этайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлидан чекинмайдиган, неъматларини исроф қилмайдиган, шукр ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин!


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёмат кунида банда эришадиган нажот, ютуқлар орасидаги фарқ 1. Фавзул мубин Очиқойдин ютуқ. 2. Фавзул кабир Катта ютуқ. 3. Фавзул азим Буюк ютуқ. 1ndash Фавзул мубин давоми...

5876 09:00 / 14.03.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр давоми...

3023 18:15 / 27.01.2019
Исом ибн Юсуф бир куни Ҳотам алАсомнинг мажлисига кириб, Эй Ҳотам, намозни яхши адо қиласизмиrdquo деб сўради. Ҳаrdquo, деди Ҳотам. rdquoНамозни қандай ўқийсизrdquo сўради давоми...

4305 07:08 / 12.12.2018
Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Абдурраҳмон ибн Аббон аҳли байтдан бўлган қулларни сотиб олиб, уларга янги кийимкечак олиб берарди. Сўнга уларни озод қилиб давоми...

1273 08:05 / 12.04.2020
Аудиолар

135338 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55591 14:35 / 11.08.2021