1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тоатнинг энг яхши мукофоти

10:14 / 04.12.2017 3813 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатинг мукофотига У Зот сени унга аҳл дея рози бўлишининг ўзи кифоядир.

Подшоҳ фақатгина Ўзи икром кўрсатишни истаган шахснигина қабулига чақиради ва улуғлашни истаган одамнигина ҳузурига киритади. Фақатгина фазлга аҳл бўлганларнинг ва карамга сазоворларнинггина Ўзига мансуб бўлишларига рози бўлади. 

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (21-оят).

Аллоҳ таоло бандани тоатга йўллаб қўйишининг ўзи банда учун катта саодат, мислсиз мукофотдир. Зотан, тоат банда учун уч нарсанинг юзага келишига сабаб бўлади:

Биринчиси – бирор йўл билан бўлса ҳам Роббига мансуб бўлиши.

Иккинчиси – қай бир сурат билан бўлса ҳам Унга юзланиш бўлиши. 

Учинчиси – бандалик расмиятининг қай тарзда бўлса ҳам юзага чиқиши.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда, озгинангиздан бош­қангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз» (83-оят).

Банда фақатгина Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати ила тоатга сазовор бўлади. Агар бандага Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати бўлмаса, шайтонга эргашиб кетиши аниқ. Шунинг учун банда доимо ўзини тоатга йўллаб қўйган Роббига шукр қилиши керак. Ожиз банданинг «Мен Аллоҳ таолонинг ибодатини қилиб қўйдим, У менга мукофот бериши керак», дейишга ҳеч қандай ҳаққи йўқдир. Иш ҳақини талаб қилиш банда билан банда орасида бўлади, холос. Аллоҳ таоло эса банданинг тоат қилишига рози бўлганининг ўзи катта неъматдир. Бунинг шукрини адо этиш  ниҳоятда қийин. Фақатгина фазли кенг ва чексиз Аллоҳ таоло тоат қилган бандаларига кўплаб мукофотлар ато қилишни Ўзига Ўзи вазифа қилиб олган ва бандага тушунарли бўлиши учун уни жазо  – мукофот деб айтиб қўйган, холос.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади: 

«Ва албатта, Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз» (185-оят).

Яна У Зот Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (97-оят).

Аллоҳ таолонинг бандага унинг тоати сабабли берадиган мукофотининг «ажр» деб аталишини араб тили қоидасида «мушокала» дейилади. Яъни «шаклда ўхшашлик» дегани. Бу услуб ­Қуръони Каримда кўп ишлатилган. Мисол учун, банданинг қилган солиҳ амалини Аллоҳ таолога берилган «қарз» ҳам дейилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса...» (245-оят).

Яхшилик йўлида, савоб касб қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк «Аллоҳ таолога қарз бериш» деб аталмоқда.

«Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки...»

Ким Аллоҳнинг дини йўлида пул сарфласа, Аллоҳга яхши қарз берган бўлар экан. Қарз берган одам фурсати келганда берган маблағини тўлиғича қайтариб олади. Ундан ҳеч нарса камаймайди. Шунингдек, Аллоҳнинг йўлида пул-мол сарфлаган одамнинг ҳам маблағи камаймайди. Балки

«…У унга бир неча мартага кўпайтириб берса…»

Яъни Аллоҳ таоло унинг яхшилик йўлида сарфлаган молини бир неча баробар кўпайтириб беради. Бу дунёда молига мол қўшади, барака беради, бахт-саодат ва роҳат-фароғатга эриштиради. У дунёда эса жаннатга киритиб, битмас-туганмас неъматлар ато қилиб, Ўзининг розилигини эълон қилади.

Аслида эса иш берувчи ва ишчи орасидаги муомала банда билан Робб таоло орасида бўлмаслиги керак. Банда билан Аллоҳ таоло орасидаги муносабат Хожа билан қул орасидаги муносабат бўлиши лозим.   

Исломга амал қилишнинг самараси фақатгина бандага бу дунё ва охиратда яхшилик етишидан иборатдир. Мазкур яхшиликларнинг барчасини Аллоҳ таоло бандага фазлу карами ила беради. Банданинг қилган тоати эвазини Роббидан сўраши эса ўта беодоблик бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Исломга кирганини миннат қилганларни қоралаган.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

«Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт» (17-оят).

Эй Пайғамбар! Кечагина Исломнинг баъзи амалларини адо этганлар келиб, ўзлари қилган баъзи ишларини сенга гапириб, мақтанадилар. Улар «Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар».

Аслида уларнинг бундай қилишлари тўғри эмас. Уларнинг мақтанишга ҳақлари йўқ. Сенга Исломларини миннат қилишга уларнинг ҳеч қандай ҳақлари йўқ. Ислом бировга миннат қилинадиган ёки у ила мақтаниладиган нарса эмас. Ислом ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир. Бурч эса адо этилади. Бурчни миннат қилинмайди. Шунинг учун уларга

«Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт».

Демак, иймон ва Исломни ҳеч кимга миннат қилиб бўлмайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандасига берадиган улуғ неъмати бўлиб, банда ўша неъматга шукр қилмоғи лозим. Шукр эса иймон ва Ислом тақозоси бўйича яшаш, неъмат берувчи Зот – Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилиш билан бўлади.

Ўзини билган мухлис бандалар амаллари кўп ва хўп бўлса ҳам, тақволари олий даражада бўлса ҳам, ҳеч қачон ўз тоатларини, ибодатларини миннат қилмайдилар, уларни қилиб қўйиб, ажр талаб қилмайдилар. Аксинча, амални ихлос ила адо этиб қўйиб, қабул бўлмай қолармикан, дея қўрқиб турадилар.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Улар устиларидаги Роббларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар» (50-оят). 

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлардир» (60-оят).

Бу оят тафсирида имом Аҳмад қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:

«Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, «Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар» ўғрилик қилиб, зино қилиб, ароқ ичиб, кейин Аллоҳдан қўрқадиганларми?» дедилар. 

«Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! У намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган ва шу билан бирга, Аллоҳдан қўрқадиган одам», дедилар у зот».

Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи банданинг тоатга сазовор бўлишининг уч йўналиши борлиги ҳақида сўз юритиб, айтади: «Биринчиси – тоат сен учун камолотдир. Унда сенга берилган неъмат – камолинг бор нарсага эришганингдир.

Иккинчиси – тоат сен учун бу дунё ва охиратда омонликдир. Унда сенга берилган неъмат омонлигинг кафолати ва омонлик сабабидан осонликка эришганингдир.

Учинчиси – тоат сен учун иззат ва икки дунёнинг бойлиги бўлиб, ундаги мавжуд хусусиятлар ва унга ваъда қилинган савоблар сабабидандир».

Аллоҳ таоло барчаларимизга тоатимиз мукофоти сифатида Ўзининг тоатига аҳл дея рози бўлишини насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг давоми...

5958 17:56 / 20.08.2017
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

3079 15:15 / 06.06.2018
9. Ҳасрат ва афсус маъносида ғийбат қилиш. Афсус тарзида ғийбат қилиш дурустдир. Масалан, .Фалончининг намоз ўқимаётганига ёки зинога мубтало эканига афсусдаман,, давоми...

4199 14:02 / 03.03.2018
Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади1. Биринчи хили ndash ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа давоми...

3353 22:22 / 09.03.2018