1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Рабиъул аввал ойи – башариятнинг нажоти

15:36 / 28.11.2017 5690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Хотамул Анбиё, Пайғамбарлар муҳри Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиул аввал ойида дунёга келганлар. У зотнинг умматлари бўлганимиздан ва бизларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муқаддас динини мукаммал қилиб ўргатиб етказганларидан беҳад бахтиёрмиз. Купчилигимиз ушбу ойни Мавлид ўқиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, кўринишлари, хислатлари ва фазилатларини ўрганиш билан қарши оламиз. Бу каби ишлар, албатта, мақтовга сазовордир. Набий алайҳиссаломни ҳар куни эслаб, у зотни хотиралаб туришимиз ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида фарзандларимизга гапириб беришимиз мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Қалбингни саботли қилиш учун сенга расуллар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди.» (Ҳуд, 120).

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда бошқа Пайғамбарлар алайҳимуссаломлар ва авлиё зотларни ёдга олганимизда, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло устиларимиздан баракотлар ёғдириб, иймонимизни зиёда қилади. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Набий алайҳисаллом бутун башариятга Пайғамбар қилиб юборилганлар. Набий алайҳисаллом бошидан оғир кунларни кечирган пайтларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Қалбинг қувватли бўлиши учун биз сенга анбиёлар қиссаларини айтиб бердик», – деб марҳамат қилади. У қиссаларни эшитган Набий алайҳисалломнинг ақидалари мустаҳкамланди. Хотамул анбиё, Пайғамбарлар муҳри бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, шаклу-шамойиллари, сийратлари ва фазилатлари тўғрисидаги қиссаларни эшитсак, бизнинг ҳолатимиз қандай бўларкан-а? У зот раҳмат сифатида нафақат мусулмонларга, балки мунофиқ ва кофирларга ҳам юборилганлар. Мавлид ва ҳикояларни тинглаш билан кифояланмасдан, Набий алайҳисалломнинг суннатларига эргашсак, шунда у зотнинг таваллуд топган кунларини нишонлашимиздан фойда оламиз.

Қуръони карим тафсирларида: «Пайғамбарлар ва аввалги умматларнинг қиссаларини тинглашда кўплаб фойдалар бор», – деб ёзилган.

Баъзи олимларнинг айтишича, Анбиёлар қиссалари бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг кўп сонли лашкаридир. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай яшаганлари тўғрисида ёки у зотга эргашган оддий одамлар ҳақида эшитсак, ҳар биримиз ғафлатда ўтаётган умримиз учун уялиб, Набий алайҳиссалом ва саҳобаларга ўхшашга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун ҳам, аҳли илмлар бу Аллоҳнинг сон-саноқсиз лашкарларидир деб таъкидланган. Олимлар: «Инсон қалби учун авлиё зотларни хотирлаб туришдан фойдалироқ нарса йўқдир», – дейишади. Шу тариқа, биз ҳаё қилиб дин борасида фаоллашамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида билишимиз динимизнинг бир бўлагидир. Шаҳодат калимаси икки қисмдан иборат бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришни англатади.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Ёки ўз расулларини танимасдан, улар унга инкор қилувчи бўлмоқдаларми?» (Муъминун, 69).

Бу каби одамлар тоифасидан бўлиб қолмоқликдан Аллоҳ асрасин! Зотан, бу ерда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Набий алайҳиссаломни ишончли одам деб билган, аммо у зот Пайғамбарман деб уларга мурожаат қилганларида юз ўгирган маккаликларга хитоб қилган эди. Шундайлардан бўлиб қолмаслигимиз учун Набий алайҳиссалом олиб келган динни, у зотнинг ҳаётлари ва фазилатларини ўрганиб билмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:

«Сен: «Мен сизга биргина нарсани ваъз қилурман: Аллоҳ учун холис, иккита-иккита ва битта-битта туриб, бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантирувчи, холос», – деб айт.» (Сабаъ, 46).

Набий алайҳиссалом ўзларига эргашмаганларни Қиёмат куни кутажак жазолар ҳақида огоҳлантирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, у зотнинг ақл-заковати ва оқиллиги ҳамда Ислом дини ҳақида сўз борадиган мажлисларда қатнашишимиз мақташга лойиқ амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарихини билмоғимиз лозим ва лобуддир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас.» (Анфол, 33).

 Бу оят Набий алайҳиссалом билан бирга бўлган одамлар ҳақида нозил қилинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган ва у зот билан бир замонда ҳамнафас бўлиб яшамаганларнинг ҳукми қандай бўларкан-а? Токи Набий алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилиб, уларни кундалик ҳаётимизга татбиқ этарканмиз, токи у зотнинг кўрсатмаларига мувофиқ никоҳ қуриб фарзандларимизни тарбиялар эканмиз, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳат қилганларидек ризқ излаб уни сарф қиларканмиз, токи қайғуда ҳам, шодликда ҳам Набий алайҳиссаломнинг изларидан борарканмиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жазосидан омонда бўламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севишимиз, эъзозлашимиз ва ҳар биримиз аҳли оилаларимизга у зот ҳақида сўзлаб беришимиз даркор. Бордию, одамларга азоб-уқубат келтириб, ёмонлик қилсак, қон тўкиб бегуноҳ инсонларни ўлдирсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ерларимизни босиб олиш максадида мусулмонларга зулм қиладиган ғайридин қўшинларини устимизга юбориши муқаррардир. Набий алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилмайдиганларнинг бу каби ҳолатга тушишлари аниқдир. Балки шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунда бир неча ғайридин давлатлар биргалашиб бир мусулмон давлатга ҳужум қилса, қолган мусулмонлар индамай туришни афзал билишади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилмаганимиз учун Аллоҳ таолонинг бу дунёда бизларга бераётган жазосидир. Набий алайҳиссаломга иззат-икром кўрсатиш яхши амалдир, аммо олим отаси бор оми ўғилга ўхшаб қолмаслигимиз керак. Яъни, ўғил отасини аҳли илм деб қанча кўкларга кўтармасин, ўзи ёзиш ва ўқишни уддалай олмаса, бундай мақтовлардан наф йўқдир, токи фарзанд илм олиш мақсадида саводини чиқариб отасига эргашмаса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиш, у зотни сийратларини ўрганиш фақатгина Мавлидни ойида эмас, балки йил давомида ҳар куни қилишимиз лозим. Мавлид ойни Набий алайҳиссалом ҳақларида кўпроқ билиш учун суҳбатлар қуриб қарши олишимиз мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда, ўз Пайғамбарини танимайдиганлардан бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Набий алайҳиссалом зикр этилган жойлар устидан Аллоҳ таолони баракоти ёғилиб туради. Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинмаган мажлислар эса инсон учун фойдасиз ва маъносиз бўлиб қолади. Шунинг учун, меҳмонга бораётганимизда ёки мезбонлик қилаётганимизда фақат яхши гапларни гапириб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр этмоқликка ҳаракат қилишимиз даркор. Набий алайҳиссалом ҳадисларида: «Мажлисини Аллоҳ таолони зикр қилмай тарк этаётган ҳар бир қавм эшакнинг ўлимтиги бор жойда мажлис қилган қавм кабидир. Улар мусибат, қайғу-аламга гирифтордирлар», – дейилган. Шу сабабдан ҳар бир мажлисни Аллоҳ таолонинг зикрида машғул бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиш билан ўтказиш лозим ва лобуддир. Бошқа бир ҳадисда: «Масжидда Аллоҳнинг каломини ўқиш ва ўрганмоқлик учун йиғилганлар Аллоҳнинг раҳматига ва мақтовига сазовор бўладилар ҳамда уларни фаришталар ўраб олган бўлиб қалблари сокин бўлади», – деб ривоят қилинади.

Аллоҳ таоло Азҳоб сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.» (Азҳоб, 21).

Яъни Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни бизлар учун ибрат ва намуна қилиб белгилаб берди.

Дунё кетидан қувганлар учун намуна ҳар ким бўлиши мумкин, аммо асло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмас. Улар ҳаёти давомида ҳеч қандай хайрли амал қилмаган кимсаларга эргашадилар ҳамда уларнинг соч турмаги, кийиниши ва юриш-туришига тақлид қиладилар. Бундай инсонлар Набий алайҳиссаломнинг изларидан юришга интилмайдилар ҳам. Дўстларим, ёдда тутинг: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бизларга намуна қилиб берди. Агар биз у зотни танимасак, билмасак, қандай қилиб Набий алайҳиссаломдан ўрнак оламиз, у зотнинг суннатларига амал қиламиз?

Аллоҳ таоло:

«Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар.», – деб марҳамат қилади (Ҳашр, 7).

Аллоҳ бизларга ато қилган улкан неъмат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларга олиб келган динидир. Ҳар биримиз ҳар кечада фарзандларимиздан Набий алайҳиссалом ва у зот даъват қилган дин ҳақида нима билишлари ёки қандай маълумотга эга эканликлари тўғрисида хабардор бўлиб туришимиз керак. Минг афсуслар бўлсинки, бундай одамлар ичимизда кам учрайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Дунё ҳаётини истайдиганлар: «Қани энди, Қорунга берилган нарсадан бизга ҳам бўлса эди. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир», – дедилар.» (Қасос, 79).

Яъни охиратни эсдан чиқариб фақат бу дунё учун яшайдиган одамлар Қорунда бор нарсаларни орзу қилишди. Ояти карима давомида:

«Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», – дедилар.» (Қасос, 80).

Биз асло дунёга муҳаббат қўйганлар ортидан юрмаслигимиз лозим. Набий алайҳиссаломнинг меросхўрлари олим ва аҳли илмларга эргашсаккина, Аллоҳ таоло бизларга сўраган нарсаларимизни беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кимдир бадавлат одамнинг фақат бойлиги учун хизматида бўлса, динининг учдан иккиси кетибди», – деганлар.

Баъзиларимиз «оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг боласи гапирсин» нақлига асосланиб инсоннинг ҳақ ёки ноҳақ эканлиги ҳақида хулоса чиқарамиз. Унинг иймонли ёки иймонсиз эканлиги билан ишимиз йўқ. Бундай қилиш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло дейди: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар!» (Тавба, 119).

Содиқларни излаб топиш имконсиз бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, у зотнинг суннатларига амал қилмоғимиз даркор.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атро­финг­дан тарқаб кетар эдилар.» (Оли Имрон, 159).

Зотан, Набий алайҳиссалом олиб келган барча нарсаларни бизларга мерос қилиб қолдирдилар ва биз у зотнинг суннатларига қаттиқ амал қилишимиз керак.

Шундай одамлар борки, уларнинг наздида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган кунни шоду-ҳуррамлик ила қарши олиш тўғри эмас. Гўёки, улар Набий алайҳиссалом келишларидан олдин инсоният разиллик ва тубанлик ботқоғига ботиб кетганидан хабарлари йўқдек.

Саҳобалардан бири исломни қабул қилишдан аввалги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди: «Аёлим қиз туққанида истар-истамас уни ўлдирмасликка ва яшашига рози бўлдим. У улғайиб кўзга кўриниб қолганда совчилар кела бошлади. Мен бундан дарғазаб бўлиб, уни рашк қила бошладим. Шунда аёлимга: «Қизингни чиройли кийинтириб бергин. У билан бирга қариндошларимни зиёрат қилиб келмоқчиман», – дедим. Аёлимнинг қистови билан қизимизга ҳеч қандай зарар етказмасликка ваъда бердим. Сафарга чиққанимизда, йўлимиздан қудуқ чиқиб қолди. Унинг ичига қараганимда, чуқур эканлигини кўрдим. Йиғлаб турган қизим онасига берган сўзимни эслатганида, унга раҳмим келди. Аммо ғазабим баланд келиб уни қудуққа улоқтириб юбордим. У мендан ёлвориб ёрдам сурай-сўрай жон таслим қилди», – деб ҳикоясини якунлади.

Жоҳилият даврида бир эркак қондош опа-сингилга уйланиши ёки отасининг ажрашган хотинини ўғли ўз никоҳига олиш каби ҳолатлар ҳам учраб турган. Хўш, шундай разил ва жирканч амалларга барҳам берилиб, инсонларни ҳидоятга чорлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларига нега хурсанд бўлмас эканмиз?

Набий алайҳиссаломдан нима сабабдан душанба куни нафл рўзасини тутишлари ҳақида сўрашганда у зот: «Чунки мен у куни туғилганман», деб жавоб бердилар. Шунинг учун бизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу суннатларига эргашмоғимиз керак. Баъзи одамлар мусулмонлар ўз Пайғамбарини ҳаддан зиёд юксакликка кўтаришади дейишади. Набий алайҳиссалом: «Насронийлар Марям ўғли Ийсони улуғлашгани каби менга шон-шарафлар келтирманглар», – деб айтганлар. Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадисни шарҳлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ийсо алайҳиссаломдек улуғлаш жоиз эмаслигини айтган. Улар Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳнинг ўғли деб тан олишади. Биз мусулмонлар бундай қилмаймиз-ку, ахир!

 Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ томонидан шундай дин олиб келганлари ва Аллоҳ бизни шу динга ҳидоят қилганидан хурсанд ҳолда бу муборак ойда Аллоҳга беадад шукрлар айтмоғимиз керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир роҳимМана Робиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшиги очган ойдир. Бу ой давоми...

8129 10:32 / 24.03.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимЎзининг сўнги Расулини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ талога ҳамду санолар бўлсинИнсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз давоми...

41695 05:00 / 14.03.2017
Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўтарилган мартабага ҳеч бир инсон ета олмайди. У зот мана шундай олий мақом давоми...

2977 12:09 / 02.11.2019
Ҳар йили мавлиди шариф маросими юртимиз масжидларида кенг миқёсда нишонлаб келинади. Бу йил ҳам ушбу анъанага мувофиқ, эртага, 22 сентябрь куни .Шайх Муҳаммад давоми...

1475 22:25 / 21.09.2023
Аудиолар

137615 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57681 14:35 / 11.08.2021