1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (ўн иккинчи мақола)

14:00 / 20.10.2021 1218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид одоблари

Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш лозимлигини таъкдилаганлар. Айниқса, мавлид маросимлари ўтказиш кенг урф бўлиб, уларда турли тасарруфлар юзага келгач, айрим уламолар ушбу йиғинларни ўтказишга доир одоб-ахлоқларни баён қилишга жиддий ҳаракат қилишган ва бу ҳақда алоҳида рисолалар ҳам ёзишган. Биз ҳозир улардан ўз минтақамизга тегишли масалаларни эслаб ўтмоқчимиз. 

1. Мавлид қилишда ниятни тўғри қилиш керак. Шуҳратпарастлик, кўнгилхушилик ёки яна қандайдир манфаатлар бўлмаслиги лозим. 

Мавлидни уюштирувчи ҳам, ўтказувчи ҳам, унда қатнашувчи ҳам ниятни тўғри қилиши керак, мавлид мақсадларини қасд қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотнинг илоҳий туҳфа ўлароқ инсониятга берилган буюк неъмат эканларининг шукронасини ва шодлигини изҳор этиш лозим. Бу маънода айниқса мавлидчилар пешқадам бўлишлари, бош бўлишлари керак. Зеро, мажлисда улардаги руҳият ҳукм суради. Уларнинг ниятлари соф бўлса, мақсадлари юксак бўлса, қалблари турли ғилли ғашлардан пок бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиб турса, ана шунда мавлид маросимлари ниҳоятда гўзал ўтади, мақсадлар ҳосил бўлади.

2. Мавлиддан кўзланган мақсадни рўёбга чиқариш. Уларнинг асосийларини юқорида санаб ўтилди. Ҳар бир мажлиснинг шароити ўзига хос бўлади. Мавлидни ўтказувчилар ҳар бир мажлисда у ердаги вазиятдан, имкониятдан келиб чиқиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришлари лозим. Мисол учун, мавлид асарларидаги маъноларни йиғин қатнашчиларига етказиш каби.

3. Мажлисни Қуръон тиловати билан очиш ва мажлис асносида кўпроқ салавот айтишга интилиш. 

4.    Турли лағв ва бўлмағур одат, гап-сўзлардан сақланиш лозим. Имкон қадар мусиқа араштирмаслик, хусусан эркаклар йиғинларида.

5.    Ўқиладиган мавлид китоби ёки шеърлар масжлис қатнашчилари тушунмайдиган тилда бўлса, мавлидхонлар уларнинг таржимасини қилиб бериши керак. Чунки мавлид марсимларидан кўзланган мақсад ўзи шу. Зотан, Қуръондан бошқа ўқилишининг ўзига савоб бериладиган калом йўқ. Шу боис, мавлидни керакли савияда ўтказиш лозим. 

Аввалги даврларда ҳамма масжид мадрасларга қатнаб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни, араб тилини ва бошқа диний илмларни ўрганар эди. Шу боис, халқнинг катта қисми араб тилини жуда чуқур билмаса ҳам, озими  кўп бохабар бўлган. Қолаверса, мавлид маросимларида асосан билимли, саводли кишилар иштирок этганлар. Шунинг учун у пайтларда арабий мавлидни ўқишга одатланилган ва бу ўша даврда ўзини оқлаган. Аммо бугун шароит тамоман бошқача. Мавлид эшитаётганлар у ёқда турсин, уни ўтказаётганлар ҳам, ҳатто ўқиб бераётганлар ҳам араб тилини билишмайди. Улар учун арабча мавлид ўқишда ёқимли овозлардан, гўзал оҳанглардан баҳра олишдан бошқа фойда йўқ. Шу боис, бугун мавлид маросимларида арабча айтилган мавлид ва нашидаларнинг мазмунини таржима қилиб бериш, шу билан бирга, ўзбекча наътлардан эшиттиришни кенгроқ жорий қилиш лозим. Агар қалбларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати жўш урган шоир, адибларимиз ушбу мавзуда янги асарлар битсалар, яна ҳам гўзал иш бўлади.

6. Мавлидни Қуръон тиловати билан бир хил ижро этмаслик керак, фарқли бўлиши лозим. Акс ҳолда вақт ўтиши билан саводсиз одамлар уни Қуръон билан бир хил нарса деб тушуниб қолишлари мумкин. Бу эса хатарли ҳолатдир. Бунга йўл қўйиш мумкин эмас.

7. Мавлид асарларининг айримларини: назм, шажъ – қофиядош сўзлар билан якунланган насрий жанрдагиларини гўзал оҳангда ижро этиш ҳам мавлиддаги маъноларнинг қалбларга кириб боришига, зеҳнга яхши сингишига, мавлид йиғинига ўзга руҳ бахш этишга хизмат қилади. Мисол учун, шунчаки бир гапни оддий сўзлашув услубида етказилгандан кўра оҳанг билан ижро қилинса, таъсирлироқ бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бу инсоний табиат, Аллоҳ яратган хилқатдир. Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишга тарғиб қилинишининг замирида шу ҳикмат ҳам бор.

8. Мавлид маросимини ранг баранг суратда ўтказиш. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган, у зотга бўлган шавқу завқнинг намунаси бўлган, иймону муҳаббатни чархлайдиган турли шеърлар, мақолалар, ваъзлар билан ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Хусусан, кишилар зерикмасликлари учун маросимни ҳар гал турлича ўтказиш керак. Шеър, мақола ҳамда ваъзлар мажлис қатнашчиларининг тилида янграса, янада манфаатли бўлади.

9. Мавлид йиғинида тиловат ҳам, суҳбат ҳам, қасида ва шеърлар ҳам сийратга оид бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳори бўлиши мақсадга мувофиқ. 

10. Ортиқча такаллуфлардан, сарфу харажатлардан сақланиш керак. Мавлид шарофатига ёзилган дастурхонлар ҳам бетакаллуф, ими жимида бўлиши, дабдабали бўлмаслиги лозим. Чунки ортиқча сарф харажат исроф ҳисобланади, мавлидни илмий мажлисликдан овқатхўрлик зиёфатига айлантириб юборади ва ўрта ҳол кишиларнинг мавлид маросимлари ўтказишларига халал беради. 

Хулоса қилиб айтганда, мавлид йиғинларида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим:

1. Мавлид маросимини ўтказишдан кўзланган мақсадларни унутмаслик.

2. Мавлид ойини сийратни ўрганиш ойи, суннатни тиклаш ойи қилиб олиш.

3. Мавлид маросимларини ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш.

4. Мавлид хурсандчилиги учун ҳадялар улашиш, бева-бечоаларнинг ҳолидан хабар олиш;

5. Мавлид маросимларида болаларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ўйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга ошириш. Масалан, уларга алоҳида совғалар ташкиллаштириш, сийратни ўргатадиган, суннатни таълим берадиган мултфилм, китоб ва бошқа воситаларни намойиш этиш, тарқатиш.

Аллоҳ талодан камчилик хатоларимизни афв этиб, ҳолимизни ислоҳ этишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишимизни насиб қилишини сўраймиз. 

(Давоми бор)

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу мавзудаги маълумотларни холис ўрганадиган бўлсак, бу ҳақда озми кўпми тушунча ҳосил бўлади ва бир қатор хулосалар келиб чиқади. Жумладан1. Маҳалли қиём давоми...

1374 15:01 / 25.10.2021
Сизга муштоқ бўлиб инграётган қалбларни силайдиган қўлингиз қани, эй Аллоҳнинг Расули Юзингизга бир назар солсак, сўнг дунё йўқ бўлиб кетса ҳам, майли давоми...

1919 09:03 / 15 сентябрь
Ер юзи аҳли Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик рисолати билан юборилишидан кўра буюкроқ неъматни ҳали кўрмаган.Умр карвони ўтиб бўлди дея ўйлай давоми...

2293 12:19 / 19.10.2021
Маҳалли қиёмда кузатиладиган хатолар1. Маҳалли қиёмда туришни таъаббудий, диний амр деган тушунчага олиб келиш. Бу энг хатарли иш, энг ёмон бидъатдир. Бунинг давоми...

1073 14:00 / 27.10.2021
Аудиолар

137651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021